Қайднома

Қидирув

Баҳрайннинг Қатар шайхларига жавоби...

Баҳрайннинг Қатар шайхларига жавоби...

  07.08.2020 01:26
  0
  494
Баҳрайннинг Қатар шайхларига жавоби...

Парижда яна бир янги топ-клуб шакллантирмоқчилар. Франция пойтахти бош жамоаси - «ПСЖ» соҳиблари бундан хавотирга тушишлари керакми ёки...? Наҳотки, янги лойиҳа Баҳрайннинг қатарлик шайхларга жавоби бўлса? Гап шундаки, Баҳрайн Қироллиги Лига 2 иштирокчиси «Париж» клубининг 20 фоиз акциясини сотиб олди. Янги сармоядорлар жамоани 3 йил ичида Лига 1га олиб чиқишни режалаштиришмоқда. Вақти келиб эса, «Париж» мамлакат футболининг чин етакчиси «ПСЖ» билан рақобатлашиши керак.

2011 йили Париж шарафини ҳимоя қилувчи асосий жамоа - «ПСЖ» Қатарнинг Qatar Sports Investments гуруҳи томонидан сотиб олинганди. «Жермен» шундан буён Франция миллий чемпионатида 7 марта ғолиблик гаштини сурди, кубок турнирлари (Франция кубоги ва Лига кубоги)да эса, жами 11 марта бош соврин соҳибига айланди. Лекин Париж футболида бир кемтик бор - шаҳарга дерби мақомидаги ўйинлар етишмайди. Мана, яқин келажакда франциялик мухлислар ҳам «Пойтахт дербиси»дан баҳра олиш имкониятига эга бўлишлари мумкин. Қолаверса, узоқ Франциядаги бу ўйин икки араб давлати - Қатар ва Баҳрайннинг футбол бобидаги рақобатига айланиши кутилмоқда.

Франциянинг етакчи газеталаридан бири - L~Equipe маълумотига қараганда, араблар клубнинг 20 фоиз акцияси учун 5 млн. евро тўлашди. Шартлашувга биноан, Баҳрайн қироллиги улуши ортиб боради, фақат бунинг учун «Париж» 3 йил ичида Лига 1га йўл олиши керак. Жамоа акцияларининг назорат пакети эса, ҳамон Пьер Ферраччига тегишли. Унинг улуши 77 фоизни ташкил қилмоқда. Баҳрайн ҳукумати сармоя жамғармаси навбатдаги мавсумдан эътиборан клубга пул ажрата бошлайди. Шунинг ҳисобига «Париж»­нинг йиллик бюджети бирданига 30 фоиз ошиши керак. Араблар бундан ташқари, «Париж» тизимидаги аёллар жамоасини ҳам ривожлантиришни режалаштирмоқдалар. «Янги стратегик ҳамкор «Париж» ло­йиҳаларини қўллаб-қувватлаш, клуб равнақига ҳисса қўшишга тайёр. Араблар клуб ўз олдига жиддий мақсадларни қўйиши тарафдорилар. «Париж» менежерлари ва акционерлари даврага янги соҳиб - Баҳрайн Қироллиги қўшилаётганидан хурсандлар», — дейилади клуб расмий сайти хабарида. Айтиш жоиз, Explore Bahrain («Баҳрайнни оч») жамғармаси клубнинг бош ҳомийси мақомини олади. Баҳрайн шу аснода нафақат Франция, балки бутун дунёда ўз обрўси ва имиджини кўтармоқчи.

Маълумот учун, вақтида «Париж» сафида Жереми Менез ва Юри Жоркаеффнинг отаси ўйнашган. Жумладан, Франция миллий жамоасида ҳам чакки тўп сурмаган Жереми яқин-яқингача пойтахт клуби сафида эди. Аниқроқ айтсак, у ўтган йилнинг сентябрида  «Париж» билан эркин агент мақомида шартнома тузди. Шу аснода Менез мавсум-2019|2020да Лига 2 доирасидаги 17та ўйинда иштирок этиб, 4тадан гол ва самарали узатмага муаллифлик қилди. Жамоа эса турнир жадвалида 17-ўринга жойлашди ва қуйи дивизионга тушиб кетмаслик вазифасини бажарди. Бироқ машҳур футболчи шу ёз «Париж» билан шарт­номасини бекор қилиб, июнь ойи бошидаёқ Италиялининг «Реджина» клуби сафига қўшилди. Бу жамоа келаси мавсум «В» серияда иштирок этади. Умуман олганда, «Париж» 1969 йили тузилган, лекин бир мавсумдан ке­йин Сен-Жермен шаҳарчасидаги ҳаваскорлар жамоасига қўшилган. Франциянинг амалдаги чемпиони - «ПСЖ» худди шундай тарзда дунё юзини кўрган. 1972 йили эса пойтахт ҳукумати жамоага аввалги номини қайтаришни хоҳлаб қолади. Натижада ўртада келишмовчилик юзага келиб, «ПСЖ» вақтинча профессионал клуб мақомини йўқотади. «Париж» ФК эса Франция футболи элитасида ўйнашда давом этади ва яна 2 мавсум Лига 1да қатнашади. Ўша вақт пойтахт дружинаси сафида франция­лик таниқли ҳужумчи Юри Жор­каефф­нинг отаси - Жан Жоркаефф ҳам тўп сурган. Жамоа 1974 йили юқори дивизиондан тушиб кетади ва шу-шу элитага қайтгани йўқ.

Ажабмас, «Париж» энди Баҳрайн томондан оқадиган катта пул ёрдами билан Лига 1га чиқса. Баҳрайнликларнинг бу борада зиқналик қилмасликлари тайин. Зеро, улар «ПСЖ»ни молиялаштираётган қатарлик шайхлардан ортда қолишни истамайдилар, албатта. Шундай экан, яқин йиллар ичида Франция футболи куча­йиш йўлида ўнг ёки чапга қарамай, пул сарфлайдиган яна бир клуб билан бойиса, ажабмас.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz