Қайднома

Қидирув

Сирож Ҳамроев: «Тожикистон футболи ҳам ёмон эмас»

Сирож Ҳамроев: «Тожикистон футболи ҳам ёмон эмас»

  07.08.2020 07:15
  0
  407
Сирож Ҳамроев: «Тожикистон футболи ҳам ёмон эмас»

Ўзбек ва тожик халқи азалдан дўст ва иноқ - бу тарихий қадрият. Икки халқ ўртасидаги илиқ муносабат футболда ҳам ўз аксини топган, албатта. Дейлик, ўтган асрнинг охирги йилларида миллий чемпионатимиз жамоалари сафида тожикистонлик бир қатор футболчилар тўп суришган. «Пахтакор»да Нуриддин Амриев, Василий Постнов, «Динамо»да Муҳсин Муҳаммадиев ва ҳоказо... Энг муҳими, икки қардош мамлакат ўртасидаги ришталар охирги йилларда қайта тикланди, янада мустаҳкамлашмоқда. Агар эътибор қаратсак, кўплаб футболчиларимизнинг Тожикистон жамоаларида ўйнашганини кўрамиз. Вусал Магерамов, Асилжон Бегимқулов, Жаҳонгир Абдумўминов, Жалил Кимсанов... Тожик футболига юриш ҳамон давом этмоқда. Мана, қишки трансферлар вақти биргина «Хўжанд» клуби ўзбекистонлик 5 нафар футболчини ўз сафига қўшиб олди. Булар - Санжар Рихсибоев, Маъмур Икромов, Андрей Сидоров, Сирож Ҳамроев, Асилжон Бегим­қулов. Шуни назарда тутиб, ўтган йили Самарқанд «Динамо»си сафида ўйнаган Сирож Ҳамроев билан алоҳида интервью ташкиллаштирдик. Хўш, ҳамюртларимизнинг тожик диёридаги ишлари қандай ривожланмоқда?

 

- Сирож, «Хўжанд» сафига қўшилишингиз қай тариқа юз берди?

- Аввало, ўзбекистонлик барча мухлисларга алангали салом йўлламоқчиман. Уларга биринчи навбатда, саломатлик ва тинчлик тилайман. Ўз ўрнида, карантин қоидаларини унутмаган ҳолда, яна озгина сабр қилишларини сўрайман. Саволингизга келсак, менга «Хўжанд» раҳбарияти Тожикистон миллий жамоасида ишлаётган мураббий Усмон Тошев орқали таклиф билан чиқди. Барчасини ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, якунда Тожикистон лигасида ўйнаб кўришга аҳд қилдим ва синовларда қатнашиб, якунда шартнома остига имзо чекдим. Бор гап шу. Бунда ўз салоҳиятимни хорижда синаб кўриш хоҳиши катта роль ўйнаганини алоҳида таъкидлашим жоиз.

- Охирги йилларда кўплаб футболчиларимиз Тожикистон лигасида ўйнашди, ўйнашмоқда. Шунингдек, ўз клубларимизда ҳам тожикис­тонлик футболчиларга қизиқиш паст эмас. Сизнингча, бу ҳолат нима билан боғлиқ?

- Менимча, барчасига мамлакатимиз Президенти ташаббуслари билан икки мамлакат ўртасидаги алоқалар тўлиқ тиклангани йўл очди. Хуллас, футбол масаласидаги ўзига хос уйғунлашув ҳам айнан Юртбошимизнинг Тожикистон билан дўстлик алоқалари тикланиши ва янада ривожланишига имконият яратганлари мевасидир. Мана, тожикистонлик футболчилар Ўзбекистонда эмин-эркин тўп суришмоқда, ўз навбатида, биз бу ердамиз. Энг муҳими, Тожикистонда футболимизга нисбатан қизиқиш кескин ортди. Фикримга легионерлар оқими кучайгани исботдир.

- Хўш, икки мамлакат футболи ўртасида қандай ўхшашлик ёки фарқ­ли жиҳатларни пайқадингиз?

- Ўзбекистонда тўп билан муомала қилиш, техник салоҳият анча ривожланган, футболчилар ҳам шунга асосланган услубни ёқтиришади. «Хў­жанд»­га келиб кўрдимки, маҳаллий чемпионатнинг аксарият клубларида асосий эътибор жисмоний тайёргарликка қаратилар экан. Яна бир томони, Тожикистон чемпионатида клублар савия бўйича бир-бирига нисбатан яқин. Ҳар ҳолда, курашувчан жамоалар кўп ва бу йил деярли барча иштирокчиларнинг юқори ўринлар учун интилишларини тахмин қилиш мумкин. Умуман, мамлакат футболи савияси унча паст эмас.

- Тушунарлики, футболчилар хориж чемпионатларига турлича мақсадлар билан йўл олишади - кимдир ўз ўйинини кучайтиришни ўйлайди, спорт формасини тиклаб, миллий жамоа назарига тушишни хоҳлайдиганлар ҳам бор. Футболчи яна шунчаки, моддий манфаат ортидан қувиши мумкин...

- Нима демоқчи эканлигингизни тушундим. Суҳбатимиз бошида айтганимдек, ўз салоҳиятимни легионер сифатида синаб кўришни хоҳладим. Шунинг баробарида кучли клублар назарига тушиш ва миллий жамоадан ҳам таклиф олишни хоҳлайман, албатта. «Хўжанд» бу йил ОФК кубогида қатнаша бошлади - халқаро турнир бошқа савияда, барибир. Ҳар ҳолда, бу мусобақада ҳам Осиёнинг баъзи номдор ва кучли клублари бор. Турнир тиклангач, жамоа билан иложи борича узоқроққа боришга ҳаракат қиламиз, албатта. Асосийси, «Хўжанд» муваффақиятига ўз ҳиссамни қўшсам, бас.

- Галдаги савол «Хўжанд»да яқинда иш бошлаган бош мураббий Ҳаким Фузайлов ҳақида. Клубни бунга қадар Микола Лазаревич бошқарганди ва футболчиларнинг маълум даражада унинг услубию, фалсафасига мослашишгани табиий ҳол. Энди чемпионат ўртасида янги мураббий тайинланди. Хуллас, бошқарувдаги ўзгаришга муносабатингиз қандай?

- Ҳа, жамоамизга янги мураббий тайинланди. Микола Лазаревич маълум сабабларга кўра, карантин даврида ўз юртига кетганди. Бироқ белгиланган муддатда ортга қайтолмади, шекилли. Ахир коронавирус ортидан барча авиақатновлар тўхтатилган. Қисқаси, раҳбарлар Лазаревич яқин ўртада келолмаслигини назарда тутиб, жамоага янги мураббий тайинлашди.

- Ҳаким Фузайловни ўзбекистонлик мухлислар ҳам жуда яхши танишади. Ички чемпионатимизда бир қатор жамоаларда ишлаган - «Бухоро», «Динамо», «Локомотив»... Лекин анчадан буён унинг бирор жамоада барқарор ишлаганини эшитмадик. «Хў­жанд»­нинг янги мураббий қўл остидаги натижалари қандай кўриниш олиши мумкин? Бинобарин, билишимизча, жамоа чемпионлик учун курашмоқда, қолаверса, ОФК кубогида ҳам узоқроққа боришни мўлжаллаган...

- Дарҳақиқат, Ҳаким Фузайлов ўзбекистонлик мухлисларга яхши таниш. Умуман, бу мураббий Ўзбекистондан ташқарида ҳам фаолият олиб борган. Дейлик, вақтида Москванинг «Локомотив» клубида бинойидек ўйнаган. Бош мураббий алмашгани билан жамоа олдидаги вазифа ва мақсадлар ўзгаргани йўқ. Ҳаммаси та­йин - ички чемпионатда ғолиб чиқишдан ташқари, ОФК кубогида муносиб қатнашишимиз керак. Агарда барчамиз ягона кучга айланиб, астойдил ишласак, Фузайлов раҳбарлигида вазифаларни уддалашимизга ишонаман. Айтишим керак, «Хўжанд» Тожикистонда ҳамиша ўз олдига юксак марраларни қўядиган клублардан бири ҳисобланади.

- Тожикистон чемпионати ҳам коронавирус туфайли маълум муддат тўхтаб қолганди. Эндиликда ўйинлар давом эттирилмоқда. Жамоангизнинг охирги ўйинлари ва натижалари борасида маълумот берсангиз...

- Ҳа, кўпчилик қатори маълум вақт карантин шароитида яшадик, машғулотлар узилиб қолди. Карантиндан кейин, яъни рестартдан олдин йиғилганимизда танаффусгача олдимизда 5та тур бор эди. Табиийки, уларнинг барчасида ғалаба қозонишни ўйлагандик. Бироқ бироз ўхшамади ва биринчи давра баҳсларини 2-ўринда якунладик. Энди мавсумнинг ҳал қилувчи босқичига янги мураббий қўл остида тайёргарлик кўрамиз. Ишлаш ва олдинга интилишда давом этсак, ҳаммаси яхши бўлади. Тўхтаб қолиш йўқ. Албатда, мавсумнинг иккинчи ярмида жамоамизни оғир учрашувлар кутиб турибди. Шунингдек, халқаро ўйинлар ҳам бор.

- Аввалги мураббий Микола Лазаревич жамоага нима берди? Зеро, ҳар бир мутахассис ўзидан нимадир қолдириб кетиши керак...

- Бемалол айта оламан, Лазаревичдан кўп нарса ўргандик, у жамоада ёрқин из қолдирди. Асосийси, аҳиллик ва бирдамликни шакллантирди, турли услуб ва тактикаларни амалда қўллаб кўрди. Машғулотларда ҳам хилма-хилликни таъминлади. Умуман олганда, Лазаревич жамоани яхши бошқараётганди. Лекин кўряпсиз, коронавирус пандемияси кўп жиҳатларга салбий таъсир қилди. Бундан нафақат мамлакатлар иқтисодиёти, балки спорт ҳам азият чекмоқда. Агарда шу вирус тарқалмаганида, Лазаревич ҳозир «Хўжанд»даги фаолиятини давом эттираётган бўларди. Нима ҳам дердим, вазият шуни тақозо қилди. Жамоа ҳам, футболчилар ҳам ундан миннатдор.

- Жамоа Лазаревич бошқарувида соврин ютишга ҳам яқин келди. Яъни Тожикистон суперкубоги учун баҳсда тетик футбол намойиш этди, бироқ якунда мағлубиятга учради...

- Шу куни айниқса, биринчи бўлимда ажойиб ўйин кўрсатдик. Бизга фақат мухлисларимиз далдалари етишмади. Билсангиз, «Хўжанд» бетакрор ва олижаноб мухлисларга эга. Хоҳ сафар, хоҳ ўз майдонимизда ўйнайлик - улар ҳамиша жамоа билан бирга бўлишади. Ҳозир бутун дунё битта касаллик билан курашмоқда. Бундай пайтда инсон саломатлиги биринчи ўринда туради. Қисқаси, суперкубок учун баҳсда 12-ўйинчимизнинг йўқлиги билинди, мухлисларнинг ҳайқириқлари камлик қилди. Шунда ҳам ижобий натижага эришардик, фақат сўнгги дақиқаларда диққатни бироз йўқотганимиз панд берди. Агар сўнгги дақиқаларда эътиборлироқ бўлганимизда, суперкубокни ютиш орқали тарихга кирардик. Зеро, клуб шу вақтга қадар ушбу совринга бирор марта эга чиқмаган экан.

- Ҳозирда Хўжанд шаҳрида эпидимиологик вазият оғир эмасми? Вирус тарқалмаслиги учун қандай чоралар қўлланилмоқда?

- Биз яшаб турган жойда ҳаммаси жойида. Коронавирус билан касалланиш ҳолати деярли учрамаяпти. Лекин буткул йўқ эмас. Барча-барча ниқобда юрибди, карантин қоидалари қатъий. Ҳукумат барча соҳалар бўйича енгиллик яратмоқда. Ресторан, кафе ва дўконлар ишлаб турибди. Албатта, санитар-гигиена қоидаларига риоя қилинган ҳолда.

- «Хўжанд» карантин даврида ижтимоий томондан ёрдам бердими? Озиқ-овқат ва бошқа харажатлар учун маблағ ажратдими?

- Ҳа, клуб озми-кўп ёрдам берди, албатта.

- Жаҳондаги энг йирик клублар ҳам карантин даври ўз ишчилари маошини қисақартиришга мажбур бўлди. Бу борада «Хўжанд»да аҳвол қандай?

- Тўғри, маош билан боғлиқ бир қатор муаммолар бор. Биласиз, ҳамма коронавирус билан курашмоқда. Клуб мутасаддилари умумий ҳолатни тўғри тушунтиришди.

- Ўзбекистон Суперлигасини ҳам кузатиб боряпсизми?

- Албатта. 14 йил давомида Ўзбекистон чемпионатида яхшими-ёмон тўп сурдим, мухлислар назарига тушдим. Ҳар бир тур учрашувларини имкон қадар кузатиб бораётгандим. Кутилганидек, «Пахтакор» анча кучли, лекин АГМК ҳам чакки эмас. Менимча, Олмалиқ клуби бу йил бемалол совриндорлар қаторидан жой олишга уриниб кўради. Умуман, Суперлигада рақобат анча ошгани сезилмоқда. Дейлик, «Металлург», «Бун­ёдкор» ва «Навбаҳор» жамоаларида ҳам ўйин сифати яхши. Менимча, чемпионлик учун бўлмасада, бош­қа медаллар учун кураш анча қизғин кечади. Шунингдек, «Пахтакор» ҳам бу сафар ўтган йилда бўлгани каби осонгина чемпионликка эришолмаса керак.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz