Қайднома

Қидирув

Олға қадам ташла, «Насаф»!

Олға қадам ташла, «Насаф»!

  23.08.2020 01:25
  0
  320
Олға қадам ташла, «Насаф»!

Юртимизда самарадорлиги ва ажойиб натижалари билан мақтанишга ҳақли икки футбол академиясидан бири «Насаф»га тегишлидир, шубҳасиз. Таркибга нисбатан ёш футболчиларни эрта кунда қўшиб, уларнинг ўсишларини таъминлаш бобида эса, Қарши клуби олдига тушадигани топилмаса керак. Фикримга «Насаф»да ҳар йили 2-3 нафар иқтидор порлаб чиқиши асосдир. Хуллас, клуб ёшлар билан ишлашда олдинга жуда катта қадам ташлаган. Бунда бош мураббий Рўзиқул Бердиевнинг хизмати алоҳида аҳамиятга эга, албатта.

Қарши клубида яна бир жиҳат борки, бу борада ҳам исталган жамоамиздан яққол ажралиб туради. Хориждан футболчи жалб этиш тажрибасини назарда тутяпман. Ҳа, «Насаф» аллақачон легионер танлаш ҳадисини олган клубга айланган. Бунда алоҳида 2та жиҳат бор. Биринчиси - клуб юртимизга келадиган хорижлик футболчини тўғри танлов асосида «чертиб-чертиб» олади. Иккинчиси - айнан «Насаф»га мос тушадиган футболчиларни топиб берадиган яхшигина савияли скаутинг хизмати бор. «Шуни оласан, ўйнаб кетади. Тамом», дейдигандек назаримда. Асосийси, легионерлар кетар чоғи олижанобликни унутишмайди. Маош, қарздорлик масаласида «ёзув-чизув» қилиб юришмайди юқори ташкилотларга. ОФАРИН, «НАСАФ»!!!

Аммо бир масала борки, клуб бунисида сезиларли даражада оқсамоқда. Агарда шу масалага ҳам қолган ишлар каби масъулият ва малакали кадрлар воситасида ёндашилса, «Насаф» эшиги олдида хорижлик скаутлар қўлларида қоп-қоп пул билан нав­батда туришади. ЎРГАН, «НАСАФ»!!!

Келинг, клубнинг ёшлар билан ишлаш сиёсатини қадамлар мисолида таҳлил қилиб кўрамиз.

1-қадам. Бутун вилоят, гоҳида Республика бўйлаб ёш, иқтидорли болакайларни қидириб, топиб келади. Академияда яхши шароитлар яратилган. Яъни болаларни тўғри тарбиялаш имконияти бор.

2-қадам. Тарбияланувчиларни тегишли ёш тоифасидаги мусобақаларда тоблаб, шакллантириб боради.

3-қадам. Ўринбосарлар билан ишлаш. Ёш футболчилар академиядаги таҳсилни тугатиб-тугатмасдан ўринбосарлар жамоасига ўтишади. Кейин уларни асосий жамоага жалб қилиш пайсалга солинмайди.

4-қадам. Бош мураббий мунтазам ўринбосарлар жамоаси вакиллари билан алоқада. Йигитлар 17 ёшга тўлар-тўлмасдан асосий жамоага қўшиладилар ва мураббий уларни вазиятга қараб майдонга туширишни чўзиб ўтирмайди.

5-қадам. Шунча шароитларни кўриб улғайган академия тарбияланувчиси ўз навбатида, имкониятдан фойдаланиб, жамоада бемалол ўйнаб кетади.

«Насаф» шунинг эвазига фақат ёшлар билан ҳам юлдузли таркибга эга пойтахт жамоаларига муносиб қаршилик кўрсатади, қўрқмасдан, тенгма-тенг ўйнайверади. Шунинг учун ҳам Суперлиганинг исталган иштирокчиси «Насаф»га қарши баҳсда ҳайиқиб ўйнайди. Чунки клуб тарбия­ланувчилари тўғри тарбия олишган. Аммо шу жойга келганда, ёшлар билан ишлашда узилиш сезилмоқда. Бунинг оқибатида охирги пайтлар бир қатор футболчилар асосий рақиблар сафига йўл олишмоқда. Ҳа, бу футбол, ҳа, тўғри тушуниш керак. Лекин таъбни хира қиладиган томони бор - кўплаб футболчилар «Насаф»дан эркин агент мақомида кетишяпти. Майли, кетаверишсин, фақат шу даражага етишларига сабабчи бўлган жамоага моддий манфаатдорликни таъминлаш асносида мухлислар олқишига эришган ҳолда. Шунда ҳеч ким куюнмайди, кетган футболчига мақтовлар ёғилади. Агар «Насаф» ўз футболчиларини хориж клубларига трансфер қилишни ўрганса, нур устига аъло нур. Бунда жамоа икки масалада сезиларли тараққиётга эришади. Яъни биринчидан, ўз ғазнасини тўлдириб олади, иккинчидан, чемпионатдаги асосий рақибларига ўз футболчилари эвазига кучайиш имконини яратмайди. Тўғри, жамоага трансфер ортидан моддий фойда келтирган футболчилар ҳам бор. Дейлик, Азиз Ғаниев ва Одил Ҳамробеков. Айниқса, Азиз Ғаниев трансфери таъкидланган икки фойдали тамойилни ҳам ўз ичига олган - катта маблағ келтириш баробарида қайсидир асосий рақибни кучайтирмади. Ҳамробеков ҳолатида эса тамойилнинг биттаси бор, холос - моддий манфаатдорлик. Бироқ чемпионлик йўлидаги рақиб таркиби яққол кучайди.

Хўш, ушбу фойдали тамойиллар тўғри бўлиши учун нима қилиш керак? Бунинг учун аввало, малакали мутахассислар керак. Камида Остон Ўрунов трансферига йўл очган Юрий Белоус даражасидаги корчалон функ­ционер-агент. Агар «Насаф» келгусида (балки яқин орада) шундай юқори савияли хорижлик агент ёки агентлик компанияси билан профессионал даражада шартнома тузиб, ҳамкорлик бошласа, трансферлар оламида ҳам маълум ютуқларга эришади. Зеро, жамоада «маҳсулот» бор ва уни воситачилар (асосан пойтахт клублари) аралашувисиз тўғридан-тўғри хорижга етказиб бериш муҳим. Балки хорижнинг маълум жамоалари билан ҳам бу борада қандайдир ҳамкорликни йўлга қўйиш керакдир, албатта, профессионал шартнома асосида. Бунда энг муҳими, шартнома бандларининг мукаммал бўлиши ва шундай ишлашига эришиш. Оддий мисол, нега энди «Уфа» Остон Ўруновнинг кейинги трансферидан улуш оладию, бизникилар қуруқ қолаверади? Демоқчиманки, «Насаф» ҳам ҳар бир футболчисининг кейинги трансферларидан улуш олишни йўлга қўйиши керак. Бунинг учун юқори сифатли ҳамкорлик талаб қилинади, албатта. Тушунарлики, етарлича ёшларни катта футболга тортаётган Рўзиқул Бердиевда айтайлик, Юрий Белорус олдига ёки Жанубий Корея ва Россия­га бориб, футболчини кўрсатишга вақти йўқ. Бу агентлар зиммасидаги иш. Ана шунда узилиб қолган қадамлар тўхтамасдан давом этади.

Эҳтимол, мана шундай кўринишда давом этар:

6-қадам. Юқори нуфузли ва малакали футбол агентлиги билан замонавий шартнома тузилади.

7-қадам. Рeклама. Энди қадамни агентлик ташлайди. Эҳтимол, каттароқ қадам, вазиятга қараб, албатта. Мисол учун, ёши нисбатан катта футболчиларни ўртамиёна бўлсада, катта ҳақ тўловчи араб жамоаларига реклама қилиш мумкин. Яна Малайзия ва Таиланд клубларига ҳам.

8-қадам. 21-23 ёшли бир қатор йигитларни Россия қуйи дивизиони ва собиқ иттифоқ ҳудудидаги бошқа мамлакатлар чемпионатига йўналтириш.

9-қадам. 21-23 ёшли йигитларни  «К»-лига (Жанубий Корея), «J»-лига (Япония), ундан сўнг РПЛ (Россия) даражасидаги чемпионатларга йўналтириш мумкин.

10-қадам. Агентлик жамоа футболчиларини хорижда тинмай реклама қилади. Шу аснода «Насаф» тарбияланувчилари дастлаб Германия ва Франция қуйи дивизионлари, Россия, Бельгия, Португалия, Нидерландия каби мамлакатлар юқори лигаларига трансфер қилинади. Яъни улар иштирокидаги ўйинлардан махсус, сифатли видеороликлар тайёрланади, умуман, бор имкониятлар ишга солинади.

Эҳтимол, кейинги қадам Европанинг кучли 5та лигаси жамоалари томон ташланар. Хусусан, вақт ўтиб, топ-клубларга ҳам. Тўғри, бунга вақт ва ҳаракат керак. Муҳими, футболчилар ҳар йили декабрь ойида эркин агент мақомида кетишмаса, бас. Айниқса, академия тарбияланувчиси клубга бир сўм бўлсада, фойда келтириши шарт. Агар шу ишлар эртароқ бошланганида эди, Шерзод Аъзамов, Фаррух Сайфиев, Одил Ҳамробеков каби футболчиларимиз ҳозир легионер сифатида ўйнаётган бўлишармиди? Ҳа, майли, «Насаф»нинг янги юлдузчалари ҳам кўп. Асосийси, улар хорижда ўйнашни орзу қилишса керак. Футбол бизнесининг энг муҳим шарти - иқтидорни вақтида ўзига муносиб жамоага сотиш эканлигини унутмайлик. «Фалон ўйин­чи шу мавсум ўзимизга ҳам керак» қабилида ишни пайсалга солиш асло ярамайди. Зеро, яхши футболчилар вақтида кетишса, академиядан улар ўрнини босадиган янги иқтидорлар чиқиб келаверадилар. Ўз навбатида, академияга ҳам чекка-чекка ҳудудлардан истеъдодли болалар олиб келинаверади. Худди конвейер мисоли. Хуллас, дадил ҚАДАМ ТАШЛАЙВЕР, «НАСАФ»!

Орол НОРБОЕВ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри.
Foto championat.asia 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz