Қайднома

Қидирув

Александр Волошин: «Футболчиларга рад жавобини беришга ҳаққимиз йўқ»

Александр Волошин: «Футболчиларга рад жавобини беришга ҳаққимиз йўқ»

  03.09.2020 04:44
  0
  389
Александр Волошин: «Футболчиларга рад жавобини беришга ҳаққимиз йўқ»

Sports.ru сайтининг «Узбекская кухня» блоги нав­батдаги интервьюни ҳавола қилди. Муаллиф - Евдоким Раимовнинг бу галги суҳбатдоши - узоқ йиллардан буён Тошкентнинг «Локомотив» клубида массажчи вазифасини бажараётган Александр Волошин. Ўз ишининг мутахассиси мусоҳаба жараёнида массажнинг футболдаги ўрни, бир нечта қизиқарли воқеалар ва албатта, қадрдон клуби ҳақида гапирди.

- Биринчидан, карантин давридаги иш жараёнингиз ҳақида гапирсангиз. Сир эмаски, мураббийлар штаби футболчилар машғулотлари жараёнини масофадан туриб назорат қилишди. Бу пайт сиз нима билан шуғулландингиз?

- Асосан, уй ишларида рафиқамга ёрдамлашдим. Футболчилар билан ишимиз шунчаки, уларга сув бериб туриш эмас. Лекин карантин пайти қарорларга бўйсунувчи фуқаро сифатида уйда қолдик. Нари борса, дорихона ва дўконга чиқдик.

- Массажчининг спортдаги роли қандай?

- Спортда улкан ютуқлар биргина жамоавий интизомга боғлиқ эмас. Умуман, ҳар қандай спорт турида тиббиёт гуруҳлари бўлиши шарт. Биз ҳам шундай бригадалар қаторига кирамиз. Массажнинг роли жисмоний машғулотлардан сўнг юкламаларни ечишга асосланади. Майдонда шуғулланиш жараёнида юрак уриши сони дақиқасига 160тадан 180тагача ошади, организм қайта тикланади, бу пайт муайян кислоталар, шлаклар ишлаб чиқаради. Спортчининг яхши тайёрлаш учун тиббиёт гуруҳлари хизматига таянилади, массажчилар эса ортиқча токсинлар ва кераксиз маҳсулотларни чиқариб, организмнинг тезроқ қайта тиклашга ҳаракат қилишади. Хуллас, массажчининг жамоадаги роли катта. Футболда ҳар қандай воқеа рўй бериши мумкин. Кўпинча мураббийлар алмашади. Тиббиёт ходимлари эса мураббий ва таркиб сифатидан қатъий назар, ҳамиша ўз функцияларини бажаришга интиладилар.

- Футболчиларнинг асосан қайси тана аъзоси массаж қилинади?

- Оёқлар, шунингдек, бел қисми. Эсимда, марҳум шеригим Костя Тухачев билан тез-тез маслаҳатлашардик, муҳокама тўғри массаж қилиш, спортчи ҳолатини тиклаш мавзуида кечарди. Айнан оёқлар ва бел катта жисмоний зўриқишга учрайди. Зеро, бел қисмида асаб, қон томирлари ва мушак тўқималари бор. Жароҳатдан тикланиш жараёнида дренажлар, махсус суртмалар ва компресслардан фойдаланамиз. Ҳар хил ҳолат учрайди, товон қисмини даволаётганингизда, футболчи кейинроқ тиззасини шикастлаши мумкин. Дейлик, бир мавсум давомида 5 нафар ўйинчида мия чайқалиши кузатилганди.

- Массаж футболчининг амплуасига ҳам боғлиқми? Дейлик, Игнатий Нестеровга қўллаган услубни Диёр Туроповга ҳам ишлатиш мумкинми?

- Аввало, барчаси амплуа эмас, футболчининг ёшига боғлиқ. Айтайлик, навқирон ўйинчилар билан 10-15 дақиқа шуғулланиш кифоя. Бинобарин, ёш футболчилар тезроқ тикланишади. Ёши катталар эса кўпроқ машғулот ўтказишлари керак, шунга мос равишда, массаж жараёни ҳам фарқланади. Андрей Фёдоров футболчилик даврида миллий жамоада ўйнаганида, термада мен ҳам ишлагандим. Массажни машғулотлардан бир соат олдин бошлардим.

- «Локомотив»да сизнинг хизматингизга ким кўпроқ мурожаат этади?

- Эҳтиёжга қараб, ҳамма. Кимнидир кўп, кимнидир озроқ массаж қилмайман. Ўзига яраша масъулият бор. Футболчига қараб, массаж зарурати борлигини пайқасам, ишимни бажараман. Бир пайтлар таълим масканида жисмоний тарбиядан дарс берганман. У ерда иш бошлашимдан олдин директор ўринбосари алоҳида уқтирганди: «Ҳеч кимни дарсдан ҳайдаб чиқаришга ҳақли эмассиз, талаба-ўқувчиларнинг келгуси ҳаётида асқотадиган жисмоний тарбия бўйича барча кўникмаларни беришингиз керак». Клубда ҳам худди шундай. Масалан, футболчи сизга мурожаат этяптими, демак, унда муаммо бор. Рад этишга ҳаққимиз йўқ. Ўйинчилар орасида алоҳида ёқимтойларни ажратмайман, лекин улардан бири хорижнинг кучлироқ клубига ўтса, фақат хурсанд бўламан.

- Саволим ғалати туюлиши мумкин: массаж пайти қитиғи келадиган футболчилар ҳам борми?

- Авваллари бирор марта массаж олмаган ёшларда шунақаси учраб туради. Бундай пайт улар кўп қалтирашади ёки оёқларини тортишади. Аммо бу табиий ҳол. Жараён фойдали кечишини таъминлаш профессионал массажчининг вазифаси ҳисобланади. Агар ҳаракатларимдан кейин оғриқ сезилса, мушаклар қаттиқ эзилса, футболчи ўзини енгил ҳис қилмайди, кейинроқ уларни массаж қилиш янада қийин кечади. Тиббий амалиёт спортчига максимал фойда келтириши учун олтин ўртани топишимизга тўғри келади.

- Дейлик, футболчининг тикланиши шифокорлар эмас, айнан массажчига боғлиқ бўлиб қолди... Фаолиятингиз давомида шундай ҳолат учраганми?

- Шифокорсиз қарор чиқаришим мумкинми? Одатда шифокор жароҳат турини аниқлайди. Хулосага кўра, бизга зарур тавсияларни бергач, ишни бошлаймиз. Мисол сифатида Марат Бикмаевни келтиришим мумкин. Марат 2015 йили Қозоғистонда тўп сурганида, тизза бўғимларини шикастлаган, пайлари чўзилганди. У миллий терма футболчиси бўлгани сабаб, операциядан кейин бутун ёз фаслини  массаж жараёни билан ўтказганди. Бу каби жиддий жароҳатдан кейин тикланиш учун аслида ярим йил керак. Марат эса шу муддатни тўлиқ ўтказмади ва сентябрда Қозоғистон жамоасидаги фаолиятини давом эттирди.

- Гап-сўзларга қараганда, ўйиндан бир кун олдин массаж қилиш мумкин эмас экан. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?

- Ҳар кимнинг ўз дастури бор. Авваллари, масалан, бир кун аввал массаж қилардик, Андрей Фёдоров билан термада ҳам шундай бўлган. Замон ўзгармоқда, бу оддий ҳол. Ишлаш услуби ўзгараётганига қарамай, талаблар ўша-ўша. Натижа бўлиши керак. Барчасини тажрибага таянган ҳолда кўриб чиқсак, Европа ва Россиядаги аксарият клублар мутахассислари ўйин­дан икки кун аввал массаж қилишади. Ҳозир бу Ўзбекистонда ҳам қўлланилмоқда.

- Кўплаб хориж клублари, енгил атлетикачилар, Формула-1 пойгачилари фойдаланадиган замонавий криотерапия ҳақида фикрингиз қандай?

- Бунга фақат ижобий қарайман.

- Фаолиятингизда рўй берган бирор-бир қизиқ воқеа ҳақида гапириб берсангиз.

- Бутун фаолиятим - қизиқ воқеа (кулади). 1995 йили «Трактор»да илк марта иш бошлагандим. Борис Бакановни массаж қилдим, у ўшанда 41 ёшда эди, тиззасини уқалаб, узоқ гапирдим. У кутилмаганда, «Қулоғимнинг бу томони яхши эшитмайди, бунисига гапир», - деса бўладими. Шунда кийиниш хонасидаги ҳамма кулиб юборганди. «Трактор»да яна бир қизиқ ҳолат рўй берган. Йиғин ўтказиш учун Малайзияга боргандик, бизни меҳмонхонага жойлаштиришди: жамоа бир корпусда, айрим футболчилар бошқасида. Биз ўша футболчиларни унутиб, ўйин ўтказгани стадионга кетиб қолганмиз. «Локомотив»да эса Фарҳод Тожиев билан бир воқеа кузатилган. «Дўстлик» стадионида ўртоқлик ўйини ўтказаётгандик, дарвоза ортида туриб, жараённи кузатардим. Тўсатдан Тожиев йўллаган кучли зарбадан сўнг тўп менга тегди. Шунда у ёнимга келиб, кечирим сўради. Мен эса кулиб қўйдим: «Яхшиям тўп экан, ғишт эмас-ку». 1993 йили Азамат Абдураимовни массаж қилгандим. Жараён Республика диспансерида кечганди. Кейинги йили у Осиё ўйинларида қатнашган. Телевизор орқали Азамат гол урганини кўрдим, отамга қўнғироқ қилиб, уни мен массаж қилганимни айтдим. Қитъа мусобақасидаги муваффақиятга кичик бўлсада, ҳисса қўшгандим (кулади).

- Асосий таркиб футболчилари кўпинча сизнинг қувноқ эканлигингизни айтишади, улар билан тез-тез ҳазиллашар экансиз. Кийиниш хонасида жамоа кайфиятини кўтарадиган ўйинчилар борми?

- Бизда ҳазил-мутойибаларга бош мураббий жавобгар. Умуман олганда, майдон ташқарисида, ички муҳитда позитив кайфият ҳукм суради. Авваллари Олег Зотеев ҳазиллашишни хуш кўрарди, Темур Абдухолиқовнинг ҳам ўзига яраша юмори бор. Диёр Туроповда ҳам, унинг одатий гапи: «Ажо­йиб дўстим» (кулади). Пётр Петрович Гизимчук ҳам ҳазилкаш. Ўзига хос тарз­да гапирса, ҳамма кулади, уни яхши тушунишади (кулади). Эркаклар жамоасида ҳазилларсиз иложи йўқ. Бусиз яшаш қийин.

- Мураббийлар штаби аъзоларига қисқача таъриф беринг. Улар билан ишлаш қандай?

- Биринчи навбатда, жамоада ҳамма бир-бирини яхши тушунади. Бош мураббий - Андрей Витальевич Фёдоров (интервью олинаётган пайт шундай эди, кейин «Локомотив» раҳбарияти ушбу мутахассисни истеъфога чиқарди - «ИнтерФутбол»). Жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий - Александр Анатольевич Шацких, дарвозабонлар мураббийи - Пётр Петрович Гизимчук. Фаолиятим давомида турли мутахассислар гуруҳи билан ишлашга улгурдим. Мураббийлар штаби - клуб мияси, унинг ўзига яраша вазифалари бор.

- Андрей Фёдоровнинг иш услуби сири нима?

- Бунинг ҳеч қандай сири йўқ. У футболчилик даврида ҳам кучли эди. Аввал ҳам айтганимдек, Андрей терма жамоада ўйнаганида, бирга ишлаганмиз. Ўшандаёқ унинг ҳақиқий профессионал эканлиги яққол сезилиб турарди. Ўз навбатида, Фёдоровнинг меҳнатсеварлиги, билими ва футболга муҳаббатини ҳам эътироф этаман. Бу йилги иштирокимиз ҳақида гапирсам, ҳа, «Локомотив»га осон бўлмаяпти. Суперлига рестартидан сўнг кетма-кет мағлубиятлар кузатилди. Муҳими, «темирйўлчилар» кейинчалик ғалабаларга эришиб, курашга қайтишди.

- Жамоа ичидаги шахс сифатида айтинг-чи, ўша мағлубиятлардан сўнг нималар рўй берди?

- Даставвал, 2-3 йил ичида жамоа­ни 15 нафар футболчи тарк этганига тўхталсак. Таркибни шакл­лантириш - тезда амалга ошадиган иш эмас. «Пахтакор» ҳозирги таркибини шакллантириш учун 3 йил сарфлади, ҳозир унда ҳаммаси яхши кетмоқда. Қолаверса, коронавирус ҳам ўйинга таъсир ўтказганини унутмаслик керак. Ға­лабаларимиз ҳали олдинда. Биринчи навбатда, асосий таркибда тўп суришга муносиб янги иқтидорларни топиш керак.

- «Локомотив» ПФКга қисқача таъриф беринг.

- Фақат ғалаба!

- 20 ёшли Волошин, яъни ўзингизга нималар деган бўлардингиз?

- 1980 йили Москвада Олимпиада ўйинлари ташкиллаштирилган, ундан бир йил аввал собиқ иттифоқ халқлари Спартакиадаси бўлиб ўтган. Ўшанда енгил атлетика бўйича Ўзбекистон термасидан жой олгандим. Таркиб тузишаётган паллада эстафета ва 100 ёки 200 метр масофага мўлжалланган спринт баҳс­ларида қатнашишимни билгандим. Аммо Спартакиада якунида спортдан кетишим кераклигини тушундим. 20 ёшда ўзимга шундай дегандим: «Фахрий ёрлиқ ва спорт учун саломатлигимни бахшида этиш мен учун оғир. Спортдаги катта ютуқлар мен учун эмас». Пенсия­га чиқишимга 11 ой қолди. Бу интервью ҳаётимдаги даст­лабкиси, умид қиламанки, охиргиси ҳам эмас (кулади).

- «Локомотив» мухлисларига тилакларингиз...

- Барчаларига мустаҳкам соғлиқ ва муваффақият тилайман. Ижтимоий масофа ва гигиена қоидаларига риоя қилинглар...

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz