Қайднома

Қидирув

Почеттино ҳамун азобланяпти, нега?

Почеттино ҳамун азобланяпти, нега?

  04.09.2020 05:00
  0
  210
Почеттино ҳамун азобланяпти, нега?

Аргентиналик серғайрат мураббий Маурисио Почеттино деярли 1 йилдан буён ишсиз юрибди. Аммо у ҳамиша топ-клубларни бошқаришга  номзодлар қаторида. Дейлик, Почани яқин-яқингача «Ювентус» ва «Барселона»га «тайинлашаётганди», энди у «Рома»нинг диққат марказида турибди. Бу вақтда аргентиналик мутахассиснинг ўзи The High Performance Podcast нашри таҳририятига ташриф буюриб,  «Тоттенхэм»даги даврини эсга олди, айрим қизиқарли воқеаларни ҳикоя қилиб берди.

ЕЧЛ финали

- Гвардиоланинг иш услуби қандай? Клоппникичи? Ростини айтсам, билмайман. Киши доимо ўзлигини сақлаб қолиши керак. Мен ҳамиша Почеттино бўлиб қолдим, ўз фалсафамга қарши бормадим. Назаримда, иш услубим чакки эмасдек туюлганди. ЕЧЛ? Бу борада фикрларимни баён этиб бўлганман. Бунинг учун кўпчилик мени калака қилишини ҳам биламан. Майли, ҳеч қандай қаршилигим йўқ. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ўз фикримдан қайтмайман: жамоам «Ливерпул»дан яхшироқ ўйнади! Бу муболаға эмас, чиндан ҳам, якуний хулосам шу. Ўша машъум пенальтидан кейин ҳам устунликка эришдик. Ҳа, майдонда айнан «Тоттенхэм» ҳукм­ронлик қилди. Бироқ голни рақиб жамоа урди. Бунақаси футболда тез-тез кузатилади. Жамоанинг финал, умуман, ҳар қандай ўйиндаги мақсади - рақибга нисбатан кўпроқ гол уриш. Фақат ўша оқшом мақсадимиз амалга ошмади - «Ливерпуль» 2та гол урди, биз эса уролмадик. Бор гап шу. Пенальти хусусида гапиришни ҳам хоҳламайман. Лекин ўша даҳшатли мағлубиятни ҳеч қачон унутмайман. Ишонинг, ҳанузгача азобдаман, кучли азобда...

Футболдаги бахт

- Футболга дахлдор бахтиёрлик нималигини биласизми? Йўқ, совринлар эмас. Ажойиб инсонлар  билан бирга ишлаш. Шахсан мен «Тоттенхэм»да шундай кишилар қуршовида фаолият юритдим, мураббийлик даврининг энг лаззатли онларини бошдан кечирдим. Машғулотлар пайти шогирдларимга кўрсатмалар беришда қандай завқланганимни тасаввур ҳам қилолмайсиз: «Шундай ҳаракатлансанг - гол урасан, узатма берасан, рақибни тўпсиз қолдирасан». Муҳими, футболчилар айтганларимни майдонда имкон қадар амалга оширдилар. Ана шундай палладаги завқнинг гашти ўзгача. Ҳа, кўпчилик совринлар ҳақида гапиради. Мен учун эса, «Тоттенхэм»даги давр - чинакам бахт.

Жамоанинг ички муҳити

- Ишонинг, футбол жамоаси - мураккаб механизм. Автобусда англиялик, уэльслик, аргентиналик, бразилиялик, кореялик, бельгиялик, голландиялик йигитлар ҳамроҳ бўлишади. Хўш, нима? Уларга Come on guys қабилида юзланишим керакми? Албатта, йўқ. «Тоттенхэм»да аҳил оила муҳитини шакллантиргандик. Ишонинг, бир қарашда ҳаттоки, ошпаз, маъмур ёки фаррош кайфиятини ҳам билиб олардик. Сон Хюн Миннинг тушликда нима истеъмол қилиши ҳам барчамизга маълум эди. Бу жуда муҳим. Ҳар қандай жиҳат аҳамиятли. Чунки роботлар эмас, инсонлар билан ишлаймиз. Шундай экан, доимий мулоқотлар асносида уларнинг муаммоларидан хабардор бўлиш лозим.

Марадона билан муносабати

- Ҳа, вақтида Марадона билан бирга ўйнаганман. Бу бутун ҳаётимдаги бебаҳо тажриба. Диего - буюк футболчи. Ўта буюк! Аслида унда такаббурлик, манманлик хислатлари ҳамма айтадиган даражада кучли эмасди. Бирдан-бир истаги ғалаба эди. Тўғрироғи, доимо биз, жамоа билан бирга зафар қучишни ўйларди. Энг асосийси, Диего барчамизга ғамхўрлик қиларди. Чунки ғалаба қозонишни истарди, бундан бошқа ташвиши йўқ эди. Хуллас, буюк ўйинчи ва шундай инсон.

«Тоттенхэм» келажаги

- ЕЧЛ финалидан кейин мураббий сифатида малакам ошдими? Менимча, йўқ. Буни тасдиқлашим осон эмас. Чунки жамоам енгилди, ютқазишни эса ҳеч ким истамайди, айниқса, финалда. Ҳа, «Тоттенхэм»нинг нуфузли турнир финалига чиққанидан ғоят бахтиёрман. Аммо ўша ўйиндан ке­йинги кечинмалар... Бундай азобнинг такрорланишини асло истамайман. Ҳеч қачон! Ўйинчиларми? Ҳа, улар сабоқ олишди. Кейинги финалда ўйинни яхшироқ ҳис этишса, ажабмас. Умуман, «Тоттенхэм»нинг сов­ринлар ютишига тўлиқ ишонаман. Чунки жамоа йигитлари шунга муносиблар.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz