Қайднома

Қидирув

Лео қолди, сабаби нима ёхуд ЛИОНЕЛЬ МЕССИНИНГ ДИЛРОЗИ

Лео қолди, сабаби нима ёхуд ЛИОНЕЛЬ МЕССИНИНГ ДИЛРОЗИ

  12.09.2020 04:03
  0
  526
Лео қолди, сабаби нима ёхуд  ЛИОНЕЛЬ МЕССИНИНГ ДИЛРОЗИ

Ҳозиргача 33 йиллик умрининг катта қисми (20 йил)ни Каталонияда ўтказган Лионель Месси охир-оқибат, фаолиятини «Барселона» сафида давом эттирадиган бўлди. Аргентиналик ҳужумчи шу муносабат билан goal.com сайтига эксклюзив интервью бериб, кўнглидаги бор гапларни очиқ-ошкора айтди, айримлардан қаттиқ ранжиганини яширмади. Табиийки, Леонинг дилрози жаҳон ОАВда кенг ёритилди. Умуман, Мессининг «Барса»да қолиши ойдинлашгани ҳафта воқелигига айланди. Зеро, охирги кунларда бутун футбол жамоатчилиги диққат марказида турган долзарб мавзу ниҳоясига етди. Эслатма, 13 ёшидан Каталония тузини ичиб улғайган аргентиналик голеадор август ойи охирида «Барселона» мутасаддиларига мавсумлар оралиғида жамоадан эркин агент мақомида кетишини маълум қилганди. Месси ва «Барса» ўртасидаги охирги келишув 2017 йили «3 плюс 1» кўринишида тузилганди. Оддий айтганда, ҳужжатда ҳамкорлик муддати автоматик равишда 2021 йилнинг ёзига қадар узайтирилиши кўзда тутилган. Шу битимга қадар Мессига белгиланган товон пули миқдори 300 миллион евро эди. Бироқ «ПСЖ» Неймарни 222 млн. еврога сотиб олгач, каталонияликлар асосий юлдуз баҳосини кескин кўтаришни лозим топишди. Шу тариқа товон пули бирданига 700 «лимон»га оширилди. Маълум бўлишича, келишувга агар Мессининг ўзи кетишни хоҳласа, белгиланган товон пули ўз аҳамиятини йўқотиши хусисида алоҳида банд ҳам киритилган экан. Аммо «Барселона» буни тан олгани йўқ. Клуб иддаосига қарасак, бу банднинг амал қилиш муддати июнь ойида якунига етган. Хуллас, Мессининг ҳуқуқшунослари ва отаси Хорхе клуб президенти Хосеп Бартомеу билан музокара чоғи уни мазкур бандни тан олишга кўндиролмадилар. Айтиш жоиз, «ПСЖ», «Интер» ва «Манчестер Сити» клублари Мессини ўз сафига қўшиб олишга асосий даъвогар сифатида кўрсатилаётганди. Футболчи «Барса»нинг собиқ мураббийи Хосеп Гвардиола билан жуда яқинлиги боис, кўпчилик у «Сити» вариантини танлашини тахмин қилганди. Аммо 700 миллионга тенг харажат ҳаттоки, бадавлат «шаҳарликлар»ни ҳам чўчитиб юборди. Англия клуби ҳужумчига саховатпешалик кўрсатган ҳолда, «Барса» талабини қисман қондиришини билдирди, аммо...

 

Қисқаси, якунда Лео Каталонияда қоладиган бўлди ва ичидаги бор гапларни тўкиб солди. Унинг учун энг асосийси ҳамон оила ва «Барса»:

- Кетишни хоҳлашимни рафиқам ва болаларимга айтганимда, уйимизда чинакам фожиа юз берди - оиламнинг барча аъзолари йиғлашди. Болалар бошқа шаҳарга кўчиб ўтишни, бегона мактабда ўқишни истамадилар. Лекин ўзим олисроқ манзилларни кўзлагандим: юксак савияда ўйнашни давом эттириш, совринлар ютиш, жумладан, ЕЧЛда яна ғалаба шукуҳини туйишни. Бу ўта мураккаб турнир - ғалаба ёки мағлубият... Аммо футболчи ҳар қандай ҳолатда ҳам, рақобатга дош бериши шарт. Рим ва Ливерпулда кузатилган омадсизлигимиз Лиссабонда қайта такрорланмаслиги лозим эди. Амалда бошқача бўлди. Шу тариқа ўй-хаёллар мени «Барса»дан кетишга даъват этди. Аслида клуб билан хайрлашишимга қаршилик кўрсатмасликларига амин эдим. Чунки клуб президенти доимо ҳар  мавсум охирида кейинги тақдирим ўз қўлимда бўлиши ва муайян тўхтамга келишим мумкинлигини айтарди. Энди эса кетиш ниятимни 10 июнгача айтмаганимни рўкач қилиб, сўзидан қайтди. Ваҳоланки, бу санада коронавирус туфайли ҳамон Ла Лига ўйинларида қатнашаётган эдик - пандемия мавсумни чўзиб юборди. Начора, клубда қолишга мажбурман. Чунки Бартомеу кетишнинг ягона йўли товон пули - 700 млн. евро тўлаш эканлигини маълум қилди. Бунинг эса иложи йўқ. Тўғри, яна бир йўли бор эди - судга мурожаат қилиш. Лекин ҳеч қачон «Барселона» билан судлашишни хоҳламайман. Ахир гап энг севимли жамоам, ҳаётим мазмуни ҳақида кетмоқда. «Барса» мендан ҳеч нарсани аямади, ўз навбатида, мен ҳам бор куч-маҳоратимни унга бағишладим. Қисқаси, судлашиш хаёлимнинг бир четига ҳам келмади. Буни кўпчилик яхши билса керак. Умуман, клуб билан қандайдир можаро чиқаришга виждоним асло изн бермайди.

Ҳа, Лео ниҳоят, кўнглини очди: унинг ҳеч қаерга кетишни истамаган тўнғич фарзанди Тьяго билан суҳбати ҳар қандай бағри тош инсон қалбини ҳам эзиб юборади. Ҳужумчи рафиқаси Антонелла фикри билан ҳам қизиқди, албатта. Гарчи Леонинг режаси унга маъқул тушмаган бўлсада, аёл эрини тўла қўллаб-қувватлади. Ҳозирда жуфтлик 3 нафар ўғлонни меҳр билан тарбияламоқда: Тьяго 2012 йилнинг ноябрида, Матео 2015 йилнинг сентябрида, кенжатой Чиро эса 2018 йилнинг мартида дунёга келган:

- Матео ҳали ёш, қаёққадир кетиш ва бир неча йил яшаш нималигини билмайди. Аммо Тьяго эсини таниб қолди, ТВ орқали ниманидир эшитган бўлса керак, мени турли саволларга кўмиб ташлади. Ўғлимнинг мажбурий кўчиш, янги мактабга мослашиш, бошқа дўстлар топиш зарурати ҳақида бош қотиришини истамагандим. Якунда у ҳаттоки, ялинди: «Отажон, кетмай қўя қолайлик». Буни эшитиш, айниқса, илтимосини рад этиш жуда оғир. Тьягонинг ҳолатини яхши тушуниб турардим. Чунки бундай воқеа ўзим билан ҳам рўй берган. Умуман, қарорни ўзгартиришим жуда қийин бўлди...

Барселонани чин юракдан севаман, бу ердан афзалроқ гўшани топишим амри-маҳол. Шундай бўлсада, кескин қарор қабул қилишим талаб этиларди, шундай ҳуқуқим бор эди. Зеро, янги марралар, чорловлар излашга чоғлангандим. Лекин эртага қайтишим мумкинлигини ҳам тушунардим. Чунки менга ҳаммасини шу шаҳар берди, оиламни шу ерда топдим, фарзандларим шу ерда туғилиб, улғайишмоқда. Аслида кетиш ниятида қандайдир ёмон жиҳатни кўрмаяпман. Ҳам ўзим, ҳам клуб учун шу йўл энг мақбули эди, шунда ҳамма бирдек бахтиёр бўлармиди...? Рафиқам қалби эзилган бўлсада, мени қўллаб-қувватлади ва қўлидан келганича ёрдам берди.

Қизиқ, футболчининг «Барселона» президентига нисбатан муносабати қандай? Кўпчиликнинг фикрича, «Барселона» ЧЛ чорак финалида «Бавария»дан шармандали тарзда енгилгач (2:8), Мессининг сабр косаси тўлган. Бироқ футболчининг ўзи бу нотўғри тахмин эканлигини таъкидламоқда. Унинг айтишича, шов-шувли омадсизлик ва ҳафсалани пир қилган ўйин шунчаки, Хосеп Бартомеу даврида клуб фаолияти издан чиқиб кетганини кўрсатган, холос. Қисқаси, «Барселона»даги умумий вазият аргентиналик ҳужумчини кетиш ҳақида ўйлашга мажбур этганди:

- Клуб мутасаддилари, жумладан, президентга кетмоқчи эканлигимни бутун йил давомида айтиб келдим. Чунки четга чиқиш вақти келганига ишончим комил эди. «Жамоа навқирон ёшлар, янги футболчиларга муҳтож, менинг «Барселона»даги даврим ўтди», деб ҳисоблагандим. Бундай фикрга келиш жуда оғир бўлди, албатта. Чунки доимо фаолиятимни шу ерда якунлашни хоҳлашимни айтардим. Айниқса, охирги мавсум шахсан мен учун ўта оғир келди. Машғулотлар, ўйинлар ва кийиниш хонаси жонимга тегиб кетди ҳатто... Ноқулай ҳолатга кўниколмагач, янги чорлов излашга тушдим беихтиёр. Йўқ, кетиш ҳақидаги фикр «Бавария»га қарши кечган учрашув таъсирида пайдо бўлмади - қарор устида узоқ вақт мулоҳаза қилгандим. Кечинмаларимдан президент яхши хабардор эди ва мавсум охирида қандай қарорга келишни ўзимга қўйиб беришини айтганди. Лекин якунда сўзи устидан чиқмади. Оддий айтганда, у мени шунчаки, алдади...».

Бюрофакс. Месси кетиш ниятини клуб мутасаддиларига бюрофакс (кейинчалик судда далил сифатида фойдаланиш имконини берадиган испан почтаси махсус ҳужжати) ор­қали билдирди. 25 август санаси йўлланган бу хабар табиийки, клуб атрофида ва унинг ичида жиддий шов-шувлар келтириб чиқарди. Жумладан, «Барселона» вице-президенти Жоржи Местре ғазаб билан хитоб қилди: «Футбол оламининг энг яхши футболчиси бюрофакс билан кетмайди. Тамом». Леонинг бунга изоҳи:

- Такрор айтаман, йил бўйи президентга кетмоқчи эканлигимни айтиб келдим. У эса ҳар гал суҳбатни ортга сураверди: «Майли, ҳали гаплашамиз. Фақат ҳозир эмас, кейинроқ». Шундай бўлгач, унинг асл мақсадини тушунолмадим. Бюрофакс эса эркин эканлигим ва кетишга чоғланганим, шартнома муддатини узайтириш ниятим йўқлигини англатади. Йўқ, клубга қарши бориш, шов-шув кўтаришни ўйлаган эмасман, фақат хоҳишимни шу аснода расман эълон қилдим. Мутасаддиларнинг айтишларича, бу қароримни 10 июнга қадар маълум қилишим керак бўлган экан. Бироқ ўша паллада барча турнирлар давом этаётганди, кетиш масаласини ҳал қиладиган вақт эмасди. Бундан ташқари, президентнинг «Мавсум тугаса, кетиш ёки қолишни ўзинг ҳал қиласан» қабилида берган ваъдасига ишонгандим. У ҳеч қачон бирор санани белгилаган эмас. Бунда шунчаки, клубга қарши боришни истамадим».

Садоқат ва самара. ЕЧЛдаги самарасиз 5 мавсумдан кейин Месси нав­батдаги чемпионатни қайта ташкил этилган таркиб ва янги бош мураббий Рональд Куман билан ҳамкорликда бошлайди. Даҳонинг қолишга қарор қилгани табиий саволни юзага келтирди: яқинда жонажон клубидан кетишга аҳд қилган футболчи энди аввалгидек 100 фоиз фидойиликни кўрсата оладими? Ҳужумчи бунга бамайлихотир жавоб қайтарди:

- Кетиш истаги қанчалик кучли бўлишидан қатъий назар, «Барса»га муносабатим аввалгидек қолаверади. Вазифамни адо этиш учун бор куч-маҳоратимни сарфлайман. Чунки доимо ғолиб чиқишни истайман, жамоам, шерикларим ва ўзимга фақат муваффақият тилайман. Клуб бизга ЕЧЛда ғолиб чиқиш йўлида етарли кўмак бермаганини айтдим. Янги мавсумда қандай бўлади, очиғи, буни ўзим ҳам билмайман. Янги мураббий, янги лойиҳа бор. Бу яхши, албатта. Лекин жамоа қандай муносабат билдиради, топ-савияда рақобат қила оладими? Шахсан ўзим аввалгидек садоқат билан ўйнашни дилимга тугиб қўйганман. «Барселона» учун жонимни фидо қилишга ҳам тайёрман. Ҳа, охирги пайтлар ўзимни ёлғиз ҳис этдим. Бироқ ёлғиз эмасдим, ташвишларимга ҳамдард яқинларим ёнимда туришди. Шуниси менга қўшимча қувват бағишлайди. Аммо қаттиқ ранжишимга сабаб бўлган жиҳатлар ҳам йўқ эмас. «Барса»га садоқатимни шубҳа остида қолдирадиган ноҳақ даъволарни ҳам эшитдим. Бу ҳолат атрофдаги кишиларни яхшироқ билиб олишимда сабоқ бўлди. Футбол олами ўта мураккаб, унда сохталиклар кўп. Шундай нусхалар клубга нисбатан муҳаббатимга соя солишаётгани вужудимни азобламоқда. Умуман, «Барса»га муносабатим заррача ўзгармайди. Кетишим ёки қолишимнинг бунга умуман алоқаси йўқ.

Яна садоқат хусусида. Месси «Барселона»даги фаолияти давомида жуда кўп манфаатли таклифлар олди. Аммо ҳеч қаёққа кетмади. Энди эса ногаҳон ўзи ва жамоа ўртасидаги садоқатни заҳарлаётган ғанимларга дуч келганидан ғазабда:

- Менга дахлдор умумий вазият ҳақида очиқ-ойдин бўҳтон чоп этишлари қалбимни тилка-пора қилмоқда. Айниқса, ўз манфаатим учун «Барса» устидан судга мурожаат қилишим мумкинлиги ҳақидаги хабар ҳаммасидан ошиб тушди. Йўқ, ҳеч қачон бундай қилмайман. Кетиш истагини эса инкор этмайман, бу ҳуқуқимдир. Боз устига, шартномада шундай банд бор эди. Бироқ шунчаки, «Кетдим - тамом-вассалом» қабилида иш кўролмасдим. Агар клубга қарши чиққанимда, кетардим ҳам, аммо бундай хайрлашув жуда қимматга тушарди. Аввало, футболдаги сўнгги мавсумларни чинакамига бахтиёр ўтказиш ҳақида ўйладим, холос. Чунки охирги вақтларда «Барса»да бундай бахт­ни тополмай қолдим. Ҳамиша клуб шаънини ҳамма нарсадан устун қўйганман. Сердаромад таклифларни олган бўлсамда, уларни рад этганман. Бинобарин, уйим, оилам, борлиғим шу ерда. Лекин охирги пайт ўзгаришга, янги чорловга эҳтиёж сеза бошладим. Бу ёғига одатдагидек, бор имкониятимни ишга соламан, эътиборимни ўйинга қаратаман. Жамоадошларим билан ҳамкорликда олдимизга қўйилган вазифаларни уддалашга уриниб кўраман, албатта. Оғир дамларда атрофдагиларга кўмак бериш одати мен учун ёт эмас. Жорий йил фаолиятим учун жуда ёмон келди, лекин бу коронавирус туфайли оғир даврни бошдан кечираётган кишилар қайғуси олдида ҳеч нарса эмас. Шундай мураккаб паллада билдирилган ишончни оқлаш, одамларга озгина бўлсада хурсандчилик улашишга астойдил ҳаракат қиламан. Дунё ҳамжамияти хавфли хасталикни енгиб, одатий ҳаётга қайтишига ишонаман.

Нима дердик, футбол даҳосининг чин юракдан билдирган тилакларига қўшилиб, унга фақат ва фақат муваффақият тилаш керак...

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz