Қайднома

Қидирув

«Ҳолва!» деган билан оғиз чучимайди...

«Ҳолва!» деган билан оғиз чучимайди...

  18.09.2020 03:10
  0
  609
«Ҳолва!» деган билан  оғиз чучимайди...

Муҳтарам мухлис! Ушбу мулоҳазаларни ёзишдан аввал кўпчиликка яхши таниш мутахассис, фарғоналик футбол жонкуяри Муҳаммадмусо ака Усмонов билан узоқ суҳбатлашдик. У киши умрининг навқирон фаслини футболга бағишлаб, косаси оқармаган, оқармаётган бир тоифа маҳаллий ўйинчиларга юраклари ачишиб-ачишиб, манг­лайига мундиал марраси битилмаётган терма жа­моамизга жони ачиб-ачиб сўзлади. Нима ҳам дердик, футболда суяги қотган инсоннинг сўзлари вужуд-вужудимизни сирқиратди, лекин сир бой бермадик. Эҳ, нечанчи мартадир яна футболимиз келажаги ҳали олдинда эканлигини таъкидладик. Мантиқан олиб қаралса, ҳақиқатан ҳам, футболимиз келажаги олдинда эканлиги аниқ. Фақат бу келажак қайси давр ва нечанчи йилларга тўғри келишини билмаймиз. Энг аламлиси - билмаслигимизни билишимиз!

Шундай андуҳ, шундай ҳасрат оғушида ташқарига боқамиз. Ташқарида куз кезинади. Бу андуҳ, бу ҳасратларга юпанч бўладигандек япроқлар аста-аста шивирлайди, шохлар орасидан кузги шабнамлар яшнатган олмалар маъноли-маъноли мўралайди. Ўйлаймизки, айрим мухлисларимиз «Қайси маънони айтяпсиз?» - деб юборишмайди хуноблари ошиб. Энди хуноблари ошмаса ҳам керак. Негаки, еврофутболнинг янги мавсумига старт берилди, уларнинг кўчаларида байрам бошланди. Шундай бўлса-да, мухлислар учун Абдулла Ориповнинг «Куз манзаралари» шеърини ўқиймиз:

Яна далаларга бошлайди ҳавас,

Боғларда хазонлар ёнади лов-лов.

Дўстларим, бу кузнинг барглари эмас,

Менинг юрагимдан тўкилган олов.

 

Шохларда мезонлар ялтирар хира,

Пойида шивирлар менинг куйларим.

Дўстларим, булар ҳам мезонмас сира,

Бу менинг чувалган, сўнгсиз ўйларим.

 

Қуёш ҳам фалакда бамисли рўё,

У энди ёндирмас, ялтирар фақат.

Дўстлар, у ҳам энди қуёшмас асло,

У олис ёшликда қолган муҳаббат.

Келинг, «Куз манзалари»ни футболга алоқаси бор-йўқлиги хусусида тортишмайлик. Бир алоқаси борки, шу шеърни эсга олдик. Нима сабабдан болалар баҳорда «Бойчечак» айтишади? Бир гап бор бунда! Улар нима деб куйлашаётгани фарқига боришмайди, албатта. Буёғидан келсангиз, ҳаттоки, катталар ҳам «Бойчечак» қўшиғи замиридаги маъно, коса тагидаги нимкосани тушунишмайди. Майли, тушунмаганларни айбламайлик. Ҳар ким қўшиқнинг ўзи тушунган жиҳатидан завқланаверсин! «Куз манзаралари»да ҳам шундай маъно-мазмун яширин. Шоир хазонларни нима учун юракдан тўкилган оловга қиёсламоқда, нима сабабдан унинг ўйлари чувалган, муҳаббатнинг қайноқ ҳарорати қаёқда қолди? Биз нима учун ҳавасдан халос бўлолмаймиз, бизни нима сабабдан мудом ҳаваслар далаларга бошлайверади? Саволларга жавоб бермайлик-да, уларнинг футболга алоқаси хусусида ўйлайлик.

Ҳа, футболимизда бир маҳаллар қўлга киритилган ютуқлар олисда қолган муҳаббат каби элас-элас ёдга тушади. Ҳозирги авлод ўша шонли дамларнинг ҳароратини сезмайдиган ҳолатда. Вадим Абрамов аввалги интервьюларининг бирида «Мен сеҳргар эмасман!» - деди. «Бунёдкор» - «Сурхон» учрашувидан кейин эса, ҳеч бир хижолат тортмай, ўзини айблади: «Бугун жуда ёмон ишладим». Миржалол Қосимов аксинча, жамоаси ҳаракатидан уялмаслигини таъкидлади дангал. Равшан Ҳайдаров яна «Сурхон» ҳи­моясидаги болаларча хатолардан афсусланди. Мана, шоир нима учун «Дўстларим, бу кузнинг барглари эмас, менинг юрагимдан тўкилган олов», - деб ҳайқирган. Суперлигадаги кўзга кўринган мураббийларнинг сўзлари мухлислар юрагини олов мисоли ёндирмоқда. Ўзбекистон футбол муҳити бор умидини Вадим Абрамовга қаратсаю, у сеҳргар эмаслигини, ёмон ишлаётганини таъкидлаб турса?! Бу қанақаси? Қайси замонда яшаяпмиз ўзи? Ханс-Дитер Флик, Томас Тухель, Юлиан Нагельсман, Оле-Гуннар Сульшер, Микель Артета, Фрэнк Лэмпард каби футболни янгилаётган ёш мураббийларга ҳавас билан боқаётган ўзбе­кистонлик мухлисларга Вадим Абрамовнинг ажабтовур сўзлари қандай таъсир қилади? Мухлис аҳли шу сўзларни эшитиш учун Вадим Абрамовнинг терма жамоамизга бош мураббий сифатида қайтишини қўллаб-қувватладими?! Жиддий ўйласак, чуқурроқ ёндашсак, Вадим Карленовичнинг сўзларидан латта иси келмаяптими? У мухлисларни бўлажак нохушликларга руҳан тайёрламаяптими? Йўқ, бунақаси кетмайди, Вадим ака! Сиздан мухлислар янги-янги тактикалар, кутилмаган комбинация­лар, умидбахш сўзлар кутишмоқда! Сиз эса нималар деяпсиз?! Сўзнинг юки оғир. Айтилган сўз - отилган ўқ. Ёмон ишлаяпсизми, демак, бунинг сабабини мухлисларга батафсил тушунтиришингиз даркор. Раҳбарият билан учрашмаганингиз туфайли ёмон ишлаётганингизни замон кўтармайди. Бугуннинг талаби бошқача. Раҳбарият сиз билан учрашмаса, сиз улар билан учрашинг. Чунки зиммангизда юксак масъулият бор. Уни бажариш имкони бўлмаса, мухлисларни огоҳлантириб, истеъфо ҳақида оғиз очиш керак. Шунда балки раҳбарият ҳушёр тортар. Умуман олганда, мухлисларни қизиқтирган маълумотлар очиқланмагунича футболимизда жиддий ўзгаришлар кузатилиши қийин. Дейлик, мухлислар Вадим Абрамов терма жамоада қанча маош оладию, «Бунёдкор»даги фаолияти учун унга қанча ҳақ тўланишини билишмайди. Аксарият мухлисларнинг ойлик оилавий бюджети 3-4 миллионни ташкил этаётган бир пайтда бу масала кўпчилик учун қизиқ. Тўғри, бировнинг чўнтаги билан қизиқиш одобдан эмас. Аммо биров ёки ҳамманинг чўнтаги ҳақида эмас, балки бутун халқ орзу-умиди тикилган бош жамоа мутасаддисининг топиш-тутиши ҳақида мулоҳаза юритмоқдамиз. Эҳтимол, белгиланган маош миқдори Вадим Карленовични қониқтирмаётгандир ва бу ҳол унинг ёмон ишлашига сабаб бўлаётгандир. Ҳозирги ҳолатда буни аниқ билмаймиз. Агар мураббий «ёрилса», раҳбарият тушуниб, балки маош масаласини ҳал қилар. Гап фақат «Бунёдкор»га тааллуқли эмас. Ҳамма гап «Бунёдкор» туфайли Вадим Абрамовнинг кайфия­ти бузилаётгани ва бунинг таъсирида ишлари ёмонлашаётганида.

Ёмон иш, бузуқ кайфият терма жамоамиздаги умумий жараёнга салбий таъсир ўтказмайдими?! Ўтказмаслигини истаймиз, лекин ҳаёт бизнинг истакларимизга қараб ўтирмайди ва барибир, бу ҳолат бош жамоамиз ишига соя солади. Кези келганда, кўпчилик яхши биладиган бир ҳақиқатни яна такрорлаймиз: одатда вазиятдан келиб чиқиб мутасаддилар, мураббийлар ва футболчиларни айблаймиз ва айбловларимизни батафсил изоҳлаш биз учун мажбурий ҳисобланмайди. Мураббийлар эса ҳар бир хатти-ҳаракат ва айтган сўзларини изоҳлаб беришлари шарт. Миржалол Қосимов мағлубиятга учраган жамоасининг ҳаракатидан уялмаслигини қандай изоҳлайди? Ахир АГМК «Ал-Ҳилол» эмас, балки «Металлург»дан, ҳа, ҳа, Андрей Шипилов шогирдларидан енгилди. Миржалол Қосимовдек мураббий қандай қилиб, бундан уялмаслиги мумкин?! Уялиш керак, Миржалол Қўшоқович! АГМКнинг «Металлург» билан тенгма-тенг ўйнаганини кўрдик. Олмалиқ клуби футболчиларининг мағлубиятга учрамаслик учун астойдил интилишганини ҳеч ким инкор этмайди. Қолаверса, илк мағлубият қачондир юз бериши муқаррар эди. Буларнинг бари тушунарли ҳаммага. Мағлубиятдан уялмаслик эса тушунарсиз. Ана, «Лидс» чемпион - «Ливерпул»га ютқазгани учун Марсело Бьелса уялмаса бўлади. Чемпионшипдан энди чиққан клуб қаёқдаю, АПЛ ғолиби қаёқда? Савия ўртасидаги фарқ жуда катта. АГМК ва «Металлург»ни бу тахлит солиштириш мумкин эмас. Бор гап шуки, Миржалол Қосимов Суперлигадаги ҳамкасбларига нисбатан анчайин баланд мураббий ва унга уялмаслик билан боғлиқ сўзлар асло ярашмайди. «Лидс»ни 4:3 ҳисобида енгган Юрген Клопп ёмон ишлагани ҳақида сўзламади. Ҳолбуки, дебютант унинг жамоаси дарвозасига 3та гол урди. «Ливерпуль» учун ўз майдонида дебютантдан 3та гол қабул қилиш уятли ҳол. Лекин Юрген Клопп бундан уялмади. У уялмасликка ҳақли. Чунки Клопп - ЕЧЛ ва АПЛда ғолиб чиқиб, футбол дунё­сини қойил қолдирган мураббий. Миржалол Қосимов ва Вадим Абрамов ҳам шу каби ишларни амалга ошириб, кейин нима дейишса ҳам, бунга кўнаверардик. Мавжуд вазиятда эса кўнмаймиз. Кўнсак, футболимиз ҳам мағлубиятларга кўникади. Футбол эса мухлислар, демакки, халқни ортидан эргаштиради. Шундай экан, ҳар биримизнинг бугунги вазифамиз - футболимиздаги асл ҳақиқатларни баралла айтиш. Зеро, «ура-ура»чилик даври ўтди, «ҳолва» деган билан оғиз чучимайди...

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz