Қайднома

Қидирув

САМАРА: Футбол оламида юз берган 10та асосий футболчилар бартери

САМАРА: Футбол оламида юз берган 10та асосий футболчилар бартери

  18.09.2020 09:47
  0
  442
САМАРА: Футбол оламида юз берган 10та асосий футболчилар бартери

Охирги йилларда клублар ўзаро футболчи алмаштириш тажрибасига тез-тез мурожаат қилмоқда. Чунки муайян бир клубга мослашолмай, қийналаётган қайсидир футболчи янги жамоада бирдан яхши ўйнаб кетиши мумкин. Футбол оламида бунга мисоллар етарли. Дейлик, бразилиялик Роберто Карлос «Реал» сафига айнан алмашув келишуви туфайли қўшилиб, Мадридда чин афсонага айланган.

Бартер кўриниши: Иван Саморано - Роберто Карлос + 15 млн. евро

Клублар: «Реал» — «Интер»

«Интер» Саморанони сотиб олишни истаган ва нархни пасайтириш учун ўзининг ёш қанот ҳимоячисини келишувга қўшган. «Нерадзурралар» ҳалигача баъзан ўшанда «Реал»га бўлажак суперюлдузни қўш қўллаб топширишганидан афсусланишса керак.

 

Бартер кўриниши: Генрих Мхитарян - Алексис Санчес

Клублар: «Манчестер Юнайтед» — «Арсенал»

Ғалати келишув. «Арсенал»ни судраб юришдан чарчаган Санчес «МЮ»да катта маош (ҳафтасига 500 минг евро) олди, аммо шунга яраша самара келтиргани йўқ. Арманистонлик футболчи ҳам «Арсенал»да ўйнаб кетолмади.

 

Бартер кўриниши: Леонардо Бонуччи - Доменико Кришито, Серхио Альмирон + 12,5 млн. евро

Клублар: «Бари», «Женоа», «Ювентус»

Чалкаш схема, бунақаси фақат Италияда бўлиши мумкин. «Ювентус» 2010 йили «Бари»дан ҳимоячи Бонуччини харид қилишни истади, бироқ футболчининг трансфер ҳуқуқидан бир қисми «Женоа»га тегишли эди. Хуллас, туринликлар келишувга кўра, ҳимоячи Кришито ҳуқуқини тўлиқ «Женоа»га беришади, «Бари»га эса Альмиронни юборишдан ташқари, 12,5 млн. евро тўлашади.

 

Бартер кўриниши: Эшли Коул - Вильям Галлас + 7 млн. евро

Клублар: «Арсенал» — «Челси»

Эшли Коул фаолиятини «Арсенал»да давом эттиришга қарши эди, ваҳоланки, Арсен Венгер ихтиёридаги кучли жамоа 2004 йили ҳали ўз қудратини йўқотган эмасди. Галлас ҳам чакки ҳимоячи саналмасди, у «тўпчилар» сафида 4 йил ҳаракатланди. Коул эса «Челси» билан барча совринларни ютди, жумладан, ЧЛ кубогини ҳам.

 

Бартер кўриниши: Кларенс Зеедорф - Франческо Коко

Клублар: «Интер» — «Милан»

«Интер» ҳимоянинг чап қанотидаги камчиликларни тузатиш илинжида ҳаттоки, Зеедорфдан воз кечганди. Кларенс ўшанда 23 ёшда эди, лекин «Реал»да ЧЛ ғолиби бўлиш ва «Интер» клуби ҳамда Нидерландия миллий жамоаси асосий таркибидан жой олишга улгурганди. У кейинчалик «Милан»да 10 йил ўйнаб, афсона даражасига кўтарилди, Коко эса «Интер»да асосан захирада қолди (жароҳат туфайли) ва 5 мавсумдан кейин, 30 ёшида ўзини ток-шоу, сериалларга урди.

 

Бартер кўриниши: Андреа Пирло - Гули +5-13 млн. евро

Клублар: «Интер» — «Милан»

Ҳозир Андрес Гульельминпьетро, яъни Гулини ҳеч ким билмайди, Пирло эса ҳаммага таниш. Ёш Андреа «Интер» таркибига қўшилолмаётган, Гули эса «Милан»да ортиқча бўлиб қолганди. Аслида Пирло ўшандаёқ катта иқтидор сифатида кўзга ташланган эди. Шунга қарамай, «нерадзурралар» уни ашаддий рақибдан «қизғанмагандилар».

 

Бартер кўриниши: Давид Луиз - Неманья Матич } 20 млн. евро

Клублар: «Бенфика» — «Челси»

Португалия клублари трансферлар бобида тенгсиз. Қаранг, «Бенфика» 2010 йили ҳали ҳеч нарса юрмаган марказий ҳимоячи учун 20 «лимон» олишдан ташқари, 19 ёшли Матични ўзиники қилади. Яна 2 йилдан кейин уни «Челси»нинг ўзига 25 млн. еврога сотиш учун... Тўғри, Луиз ҳам, Матич ҳам «аристократлар»га етарлича наф келтирганини айтиш ўринли.

 

Бартер кўриниши: Деку - Куарежма + 15 млн. евро

Клублар: «Порту» — «Барселона»

20 ёшли иқтидор Куарежма «Барселона»да ўзини кўрсатолмагач, каталонияликлар 1 йилдан кейин вундеркиндни «Порту»га беришади, қўшимчасига каттагина сумма билан бирга. Эвазига ўша мавсум ЧЛда ғолиб чиққан Декуни олишади. Муҳими, бу алмашувдан ҳеч ким афсусланмайди: Деку Каталония клубига 4 йил хизмат қилиб, ЧЛда яна бир бора зафар қучган бўлса, «Порту» Куарежма учун «Интер»дан 25 млн. евро олади.

 

Бартер кўриниши: Фернандо Торрес - Луис Гарсия + 34 млн. евро

Клублар: «Атлетико» - «Ливерпуль»

Гарсия ЧЛ-2004|2005да ғалаба қозонган «Ливерпул»да муҳим ролга эга эди, бироқ 2006 йили таркибдаги ўрнини йўқота бошлайди. Алмашув натижасига келсак, Гарсия «Атлетико»да яна 2 мавсум чакки ўйнамайди, Торрес эса 3 йил давомида АПЛни гуллатади, 60 «лимон» эвазига «Челси»га ўтишига қадар...

 

Бартер кўриниши: Златан Ибрагимович - Самуэль Это~О + 40 млн. евро

Клублар: «Интер» — «Барселона»

Милан клуби бундай трансфер келишувларида кўпинча зарар кўрган. Пирлони Гульельминпьетро ва Зеедорф­ни Франческо Коко ўрнига бериш... Лекин «Интер» 2009 йилги битта алмашув билан барчасини ўрнига қўяди. Тўғри, Это~О «Сан Сиро»да Ибрадек кўп гол урмайди, лекин қўшимча 40 «лимон» ҳам бор эди. Хуллас, «нерадзурралар» ўша вақт имкони бор барча совринларга эга чиқишади, Златан эса «Барселона»дан Хосеп Гвардиола билан жан­­-жал­лашиб, ўзини кўрсатолмайди...

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz