Қайднома

Қидирув

Ислом Исоқжонов: «Шунчаки, омадимиз келмаяпти»

Ислом Исоқжонов: «Шунчаки, омадимиз келмаяпти»

  26.09.2020 04:13
  0
  280
Ислом Исоқжонов: «Шунчаки, омадимиз келмаяпти»

«Навбаҳор»нинг маҳоратли ярим ҳимоячиси Ислом Исоқжонов Coca Cola Суперлига 16-туридан ўрин олган «Навбаҳор» - «Андижон» ўйини (0:0)дан сўнг Наманган клуби матбуот хизматига интервью бериб, турли мавзулардаги саволларга жавоб қайтарди.

- Ислом, «Андижон» билан ўйинда ғалаба қозониш учун «Навбаҳор»га нима етишмади?

- «Водий дербиси» ўйинлари жамоалар турнир жадвалида қайси ўринда бўлишидан қатъи назар, доимо шиддатли, кескин курашлар остида ўтади. Якунланган баҳс ҳам бундан мустасно бўлмади, албатта. «Андижон» айни пайт турнир жадвалининг сўнгги поғонасида бораётганига қарамай, бизга муносиб қаршилик кўрсатишга интилди. Учрашувда ташаббус асосан жамоамиз тарафида бўлди, бироқ юзага келган вазиятлардан фойдалана олмадик. Қолаверса, омадимиз ҳам келмади. Натижада дуранг қайд этдик.

- «Навбаҳор» сўнгги 7 ўйиндан буён ғалаба қозона олмаяпти. Сизнингча, бунинг сабаби нимада?

- Аввал айтганимдек, омадимиз келмаяпти. Шунингдек, имкониятлардан фойдалана олмаслик, сўнгги дақиқаларда дарвозамиздан тўп ўтказиб юборишимиз ҳам панд бермоқда. Ваҳоланки, ўша учрашувларда майдонда барча имкониятимизни ишга солдик, бор кучимиз билан ҳаракат қилдик. Албатта, жамоадошларимнинг айримларида коронавирус аниқланди, касалликдан даволанишларига тўғри келди. Табиийки, бу ҳам ўйинларимизга ўз таъсирини ўтказмай қолмади.

- Айримлар «Навбаҳор»нинг сўнгги ўйинлардаги омадсизлигини ички муҳит билан боғлашмоқда, футболчиларнинг ўзаро муносабатлари яхши эмаслигини таъкидлашмоқда. Бу ҳақда нима дея оласиз?

- «Навбаҳор»да ички муҳит аъло даражада. Тўғри, жамоа ғалаба қозона олмаса, турли баҳоналар кўпаяди. Аммо мухлислар хавотирланишмасин, бизда ҳаммаси жойида. Насиб қилса, ушбу қийин вазиятдан чиқиб кетамиз. Биз бир оиламиз. Барча футболчилар ва мураббийларнинг бир-бирларига муносабатлари яхши. Худди ака-укадекмиз. Шунчаки, омад етишмаяпти. Қолаверса, таъкидлаганимдек, таркибимиздаги айрим футболчилар коронавирусдан даволанишгани боис, таркибда ҳам муаммолар юз берди. Энди кейинги ўйинларда жамоамизда ҳаммаси жойида эканлигини ижобий натижалар билан исботлаймиз.

- Жорий мавсум «Навбаҳор»нинг олдига Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилганди. Энди ушбу мақсадни жамоа Ўзбекистон кубоги соҳибига айланиш орқали амалга ошириши мумкин, шундайми?

- Суперлигада ҳали яна 10та ўйинимиз бор. Ўша баҳс­ларда майдонда бор маҳоратимизни ишга солган ҳолда, ғалаба қозонсак, совриндорлар сафидан жой олишимиз ҳам мумкин. Менимча, ҳали миллий чемпионатимиз ўйинларида юқори ўринлар учун курашиш имкониятимиз бор. Фақатгина қолган баҳсларда ижобий натижалар қайд этишимиз лозим. Шунингдек, сиз айтиб ўтганингиздек, Ўзбекистон кубогини қўлга киритган ҳолда ҳам, ОЧЛ йўлланмасига эга бўлиш мумкин. Бундан ташқари, мамлакат кубоги финалининг Намангандаги «Марказий» стадионда ўтказилиши ҳам бизга мотивация беради.

- Мухлисларга тилакларингиз...

- Фурсатдан фойдаланиб, ўзим ва жамоамиз номидан барча ишқибозлардан қайд этилаётган салбий натижалар учун узр сўрайман. Чунки мухлислар жорий мавсум биз - футболчилардан бундан кўпроғини кутишганди. Шундай бўлса-да, ҳали ҳеч нарса йўқотилмади, қолган ўйинларда зафар қучиб, уларни хурсанд қилиш, узоқ вақт давомида орзиқиб кутилган ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритишга ҳаракат қиламиз. Бахтимизга мухлислар доимо соғ-саломат бўлишсин.

 

МАЪЛУМОТ УЧУН

ИСЛОМ ИСОҚЖОНОВ

1993 йил 29 апрелда Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида туғилган.

Футбол билан 6 ёшидан шуғулланишни бошлаган.

Биринчи мураббийлари: Шуҳрат ва Холмат Каримовлар.

Тўрақўрғондаги футболга ихтисослашган мактаб-интернатни тамомлаган.

Амплуаси: ярим ҳимоячи.

Футболчилик фаолияти давомида «Хотира-79» (Уйчи), АГМК (Олмалиқ), «Сўғдиёна» (Жиззах), «Андижон» (Андижон), «Навбаҳор» (Наманган) ва «Металлург» (Бекобод) жамоаларида тўп сурган.

2020 йилдан яна «Навбаҳор»да.

Мухлислик қиладиган жамоаси: «Реал» (Мадрид).

Ҳавас қиладиган футболчилари: Эден Азар, Неймар ва Одил Аҳмедов.

Оилали, бир фарзанднинг отаси.

Улуғбек УМАРОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz