Қайднома

Қидирув

«Вилла»га содиқ Жек...

«Вилла»га содиқ Жек...

  26.09.2020 06:15
  0
  323
«Вилла»га содиқ Жек...

2016 йилда «Астон Вилла» мавсумни омадсиз ўтказиб, АПЛни тарк этганди. Ўша таркибнинг барча аъзолари жамоа ортидан Чемпионшипга йўл олмаган бўлишсада, 2 йилдан кейин «Вилла» «плей-офф» финалида элита йўлланмасини бой берди. Кейин эса инқироз даврини бошдан кечирганига қарамай, янгиланган, навқирон жамоа сифатида АПЛга қайтди. Жек Грилиш - ана шу 2 хил савия, 2 хил кайфиятдаги жамоанинг ягона вакили. Қизиғи, «Вилла»да юз берган ижобий ўзгаришларни унинг шу футболчисида ҳам кўриш мумкин.

4 йил аввалги Грилиш - ўзини кўрсатиш учун ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, иқтидорли, аммо ундан унумли фойдаланишга иштиёқи бўлмаган футболчи.

Бугунги Грилиш - «Вилла»нинг сардори, энг ёрқин ўйинчиси ва юзи.

Жекнинг бобокалони ўз вақтида шу жамоа билан чемпион бўлган, Англия кубогини қўлга киритганди. Болалигини тўқ қизил футболкада ўтказган Жек эса 4 ёшида илк бор стадионга ташриф буюрди. Ҳозир у 24га чиқди. Табиийки, жуда ўзгарган. Айниқса, Чемпионшипдаги 3 йил мобайнида ҳар томонлама ўсди, янги позицияга мослашди ва бемаъни қилиқларидан фориғ бўлди.

«Олд Траффорд»да ўтган «МЮ»га қарши учрашувда мезбонлар Грилишни 7 марта қўполлик билан тўхтатиб қолишди. «Назаримда, рақибимиз марказда унга ўйин бермасликни режалаштирган кўринади», - деганди «Вилла» бош мураббийи Дин Смит норози оҳангда. 3 кундан ке-йин «Стэмфорд Бриж»да ҳам шу ҳолат такрорланди - Жекка нисбатан 7 марта ўйин қоидаси бузилди.

Футболчининг ўзи учун бу одатий ҳол: жарима зарбаларини ишлаш борасида у АПЛ етакчиларидан бири. Мавсум 2018|2019 Чемпионшип вакиллари Грилишга нисбатан 161 марта ўйин қоидасини бузишга мажбур бўлишганди. «Касбдошларимнинг қўполликларидан хафа эмасман. Аксинча, бу менга ёқади», - дейди футболчи.

Грилишнинг оёқларидаги қалқончалар бошқаларникига нисбатан кичикроқ, болалар-ўсмирлар ўлчамида. Унинг таъкидлашича, стандарт ўлчамдаги мосламалар тўпиқнинг ҳаракатчанлигини чеклаб қўяди, гетралар уларни тўлиқ ёпа олмайди. Айтишларича, ихчам қалқончалардан фойдаланишни Жек афсонавий Жорж Бест ҳақидаги ҳужжатли фильмни кўрганидан кейин бошлаган экан. Бир сафар футболчи ювилган гетрани оёқларига таранг қилиб торта олмади. Лекин ўйин­ни рисоладагидек ўтказгач, ҳеч нарсани ўзгартирмасликка қарор қилди. Шунингдек, АПЛга ҳам у ўзининг омадли бутсаси билан йўл олди.

Тўпни олиб юришда Грилиш топ-клублар вакиллари билан беллашмоқда.

Жек дриблингдан фойдаланган ҳолда тўпни рақиб дарвозаси томон олиб ўтишни ёқтиради. Тўпни яхши назорат қилади, тезлашган пайтидан йўналишни осонликча ўзгартиради. Натижада ҳимоячилар ортда қолишади ёки очиқчасига қоидани бузишади. Акс ҳолда, Грилишни тўхтатишнинг иложи йўқ. АПЛнинг ўтган мавсумида Opta футболчилар тўпни 5 м. ва ундан узоқроқ масофага олиб юришларини аниқлайдиган мосламани қўллашга киришди. Дастлабки 13та тур натижаларига кўра, Грилиш 260 баллга эришди. Элитадаги ўрнини сақлаб қолиш учун курашаётган жамоа вакили учун ҳайратланарли натижа. Фақат «Манчестер Сити» юлдузлари (Фернандиньо, Бернарду Силва, Родри) ва «Челси» вакили Матео Ковачичнинг кўрсаткичлари юқорироқ эди.

«Вилла» вакили номдор клублардаги касбдошларидан сон жиҳатидан бироз ортда бўлсада, сифат борасида яққол етакчи. Унинг узатмалари кўпинча рақиб дарвозаси олдида хавф­ли вазиятларга сабаб бўлади. Ўтган мавсум 13та тур якунларига кўра, Грилиш энг яхши кўрсаткични қайд этди. Гарчи Жек чап қанотда тўп сурсада, уни вингер дейишларини ёқтирмайди. Унинг севимли позицияси - саккизлик.

2015 йилги Англия кубоги ярим финалида «Вилла» «Ливерпул»ни таслим этгач (2:1), Грилиш ҳақидаги гап-сўзлар авжига чиқди. Ўшанда Жек иккала голнинг амалга оширилишида бевосита иштирок этганди. Кейинчалик «МЮ» ва «Челси»га қарши баҳсларда ҳам у ҳужумкор учликнинг чап қанотида майдонга тушди.

АПЛга чиққан «Астон Вилла» мавсумни барқарор марказ билан бошлади. Ўнг оёқда самаралироқ ўйнайдиган Грилиш чап қанотда, чапақай Жон Макгинн эса ўнгроқда, таянч ярим ҳимоячилари олдидан жой олишди. Бу тактик услуб билан «Сити» услубида ўхшаш жиҳатлар бор. Пеп ўз жамоасида Давид Силва ҳамда де Брюйнедан «саккизлик» позициясида фойдаланган. Грилиш ҳам айнан шу нуқтадан тўп билан олға интилади. «Айримлар мени чап қанот вингери дейишади. Йўқ, раҳмат. Бу позицияга тоқат қилолмайман. Мен - «саккизлик» вакилиман. Керак бўлса, «ўнлик»да ўйнашим мумкин, аммо бу чизиқда 3 йилдан бери тўп сурмаяпман», - деганди Грилиш интервьюларининг бирида. Мазкур услубда жамоа 7та турни ўтказди. «Норвич»га қарши сафар беллашуви бурилиш нуқтаси бўлди. Смит Жекни олдинги чизиққа ўтказди, унинг ўрнини Конор Хурихэйнга топширди. Ўша ўйинда «Вилла» 5:1 ҳисобида зафар қучди, қаҳрамонимиз мавсумдаги дастлабки голини амалга оширди. Ўзгаришни мураббий шундай изоҳлади: «Шу тариқа Жек ҳужумларда кўпроқ иштирок этиш имконига эга бўлади, рақиб дарвозасига яқинроқ нуқталарда жарима зарбалари ишлаб беради. Бундан ташқари, унинг ёрдамида марказ хавфсизлигини таъминлаш осонроқ кечади».

Жекнинг янги позицияга ўтганидан кейинги кўрсаткичи - 5}2 (бунгача 0}2 эди). Жамоага келтираётган манфаати ҳам сезиларли эди: «Вилла» 3та ғалаба қайд этди ва «Олд Траффорд»дан очко билан қайтди. «Норвич»га қарши ўйиндан аввалги 7та турда атиги битта ғалаба ва 2та дурангга эришганди. Тўғри, кейинчалик мавсум давомида ўйин савияси яна тушиб кетди: қаторасига қабул қилинган 4 мағлубият туфайли, жамоа Рождествони аутсайдерлар сафида нишонлади. Хатоликлар асосан ҳимоя чизиғида юз берди.

«Ньюкасл»га қарши баҳс Жек учун муваффақиятли кечди. У ишлаган жарима зарбалари жамоага 2та гол тақдим этди - 2:0. Рақиб ҳимоячиларини ўз изнига бўйсундирган Грилиш шахсан Жейми Каррагернинг юксак эътирофига сазовор бўлди: «Ундаги ўзига бўлган ишонч аксарият футболчиларда йўқ. Жек тўпни қабул қилганда ўйин тўхтаб қолгандек туюлади. Ҳамма унинг нима қилишини кутаётгандек, гўё. Ҳимоячилар унга яқинлашишга қўрқишади, ундан ақлли узатма ёки гавда ҳаракатини кутишади. У «Ливерпуль» трио­сини эслатади, аммо «Ливерпуль» ва «Сити» ҳаракатлари юқори тезликка асосланган. Топ-клублардаги барча ўйинчилар бунчалик тезкор эмаслар. Грилишда эса шундай хислат бор».

Аввалига 16 ёшли иқтидор соҳибини «Тоттенхэм»га олиб кетишни мўлжаллаган, кейинчалик «Астон Вилла»да устозлик қилган Тим Шервуд Жекни Пол Гаскойнга қиёслаганди: «Мен таниган-билган футболчилар орасида Гаскойнга энг яқини - Жек. Ўзим АПЛнинг энг моҳир ярим ҳимоячилари - Кин, Виейра, Скоулзларга қарши тўп сурганман. Аммо уларнинг ҳеч қайсиси рақибларини шу даражада лақиллатиб кета олишмасди. Бироқ Газза - ҳа. У ўз таъқибчисини ўтқазиб қўймагунча тинчимасди. Жекда худди шундай жасурлик бор. Бу соғлом сурбетлик, топ-ўйинчига хос олий фазилат».

Грилиш - шак-шубҳасиз, «Астон Вилла»нинг бош ўйинчиси. Ўтган мавсум жароҳат туфайли айрим учрашувларда майдонга тушолмаган бўлсада, рақиб майдончасида тўпга эгалик қилишда жамоа етакчиси, хавф­ли вазиятларни содир этиш бобида лиганинг етакчи бешлигида борди. Энди Грилиш - сардор ва суперпрофи: кунига 2 мартадан машқ қилмоқда, хусусий пазанда ёллаган, мунтазам равишда футбол учрашувларини томоша қилади.

Март ойида сардорлик боғичи Жекка топширилди. «Дерби»га қарши учрашувда у илк марта сардор сифатида жамоани майдонга олиб тушди. Таъкидлаш жоизки, бунгача Грилиш 3 ой давомида жароҳатидан фориғ бўлиш учун муолажа олганди. «Вилла»нинг асосий сардорлари - Жеймс Честер ва Алан Хаттонлар ҳам даволаниш билан банд эдилар. Смит аввал Грилишни ёнига чорлаб, боғични кимга бериш лозимлиги хусусида сўради. Шогирдининг фикрини эшитганидан сўнг, янги сардор у бўлишини маълум қилди. «Жамоамизда сардорликка муносиб ўйинчилар етарли. Уларни яна бир марта эътироф этишдан наф йўқ. Жек эса боғични олганидан кейин янада кучлироқ ғайрат билан шуғулланади», - дейди мураббий.

Бундай мақомга эришишида Жекка ўз вазифасига профессионалларга хос тарзда ёндашгани ёрдам берди. Британиялик касбдошимиз футболчининг кун тартибини қуйидагича таърифлаганди: Грилиш эрталаб жамоа билан биргаликда шуғулланади, ке-йин дам олади ва тушликдан сўнг залда машқ қилади. «У ўзининг майдон ташқарисидаги хатти-ҳаракатларига катта эътибор беради, фойдали ва тў-йимли озуқаларни истеъмол қилади. Шу мақсадда хусусий пазанда ёллаган», - деганди Жон Терри.

«Айрим касбдошларим футбол томоша қилишни ёқтиришмайди, аммо мен кўраман. Уйда бўлганимда, қайси жамоа ўйнашидан қатъий назар, барибир, томоша қиламан. Истаган футболчи ҳақида сўранг, жавоб беришга тайёрман. Бўлажак рақибимнинг барча сифатларини синчиклаб ўрганаман», - дейди Жек.

Авваллари у дуч келган жойда ухлайверарди. Ҳозир фақат базада, икки машғулот оралиғида дам олади. Қатъий кун тартибига риоя қилиш унинг жадал тараққиётини таъминлади. Топ-харидорлар уни ўз таркибларига жалб этишга ошиқмоқдалар.

Жек Грилиш ўсмирлик даврида Ирландия термаси шарафини ҳимоя қилган, кейин анча вақтгача бир қарорга келолмай, ниҳоят, Англияни танлади. Инглизларда иқтидорли ёшлар етарли бўлгани боис, охирги 3 йилни Чемпионшипда ўтказган ўйинчида эътиборни ўзига қаратиш имконияти бўлмади. Ҳозир ундан 4-3-3 схемасида «саккизлик» позициясига муносиб эканлигини исботлаш талаб этилмоқда. Ўтган йили бу позицияда Деле Алли, Росс Баркли, Мэйсон Маунт ва Харри Уинкслар тўп суришди, Жеймс Мэддисон дебютини нишонлади.

Вингерларга баҳо беришда Саутгейт шиддаткор тезлик ва номларга эътибор беради: «Грилиш борасида мени қийнаётган масала шуки, у етарли даражада ҳукмронлик қилаётган жамоа сафида эмас. Қани, уни «Астон Вилла»ни тарк этишга кўндира оласизми? Жек бу клубни яхши кўради. «Вилла»нинг ажойиб жамоа эканлигини яхши биламиз. Бироқ у Грилишнинг салоҳиятини тўла-тўкис юзага чиқара оладими?».

«Жекда ҳозир «Ливерпул»га етишмаётган ноёб фазилат мавжуд. Озгина айёрлик. Бу жамоага ўйин суръатини назорат қиладиган ўйинчи етишмаяпти. Мен Жекни «Манчестер Сити»га ўхшаган жамоада ўзига мос позицияни эгаллаб, самарали тўп суришини тасаввур қиляпман» - бу Тим Шервуднинг нуқтаи-назари.

Бироқ Гвардиола Грилишнинг юксак савиясини эътироф этган ҳолда, «Сити» учун баҳоси қимматлик қилишини писанда қилди. Шунга қарамай, ушбу футболчини яқин йилларда топ-клуб таркибида кўриб қолсак, асло ажабланмаймиз.

Муҳаммад СодиҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz