Қайднома

Қидирув

«Аристократ» хоним – музокаралар устаси

«Аристократ» хоним – музокаралар устаси

  29.09.2020 06:11
  0
  287
«Аристократ» хоним – музокаралар устаси

«Челси» жорий трансфер ойнасини фантастик тарзда ўтказмоқда. Инқироз даврида клуб янги футболчилар хариди учун 223 млн. евро сарфлади, шунга қарамай, молиявий фэйр-плей қоидасини бузмайди. «Аристократлар» буни қай тариқа уддалашаётганини билишни истасангиз, қуйидаги мақола билан танишишни маслаҳат берамиз.

Бозордаги муваффақиятнинг бош асосчиларидан бири Роман Абрамовичнинг ўнг қўли - Марина Грановская. Айнан шу аёл «Челси»нинг йирик келишувларини юритади, у ижара тизимини қайта шакллантирган, Nike компанияси билан миллиард евролик шартнома имзоланишини таъминлаган, Абрамовични Жозе Моуриньо билан яраштирган.

Англия ОАВ Грановскаяни музокаралар устаси деб атайди, 2018 йилда эса Forbes журнали уни спорт оламидаги энг обрўли аёллар бешлигига киритди. У «Челси»да директорлик лавозимини 2013 йили эгаллаган, аммо клуб бошқарув тизимидаги фаолияти анча олдин бошланганди.

Шунга қарамай, Грановская омма олдида кўп кўриниш бермайди, ҳозирча бирорта интервьюси чиқмаган, «Челси»нинг янги трансферларидан кейин жараённи қисқача изоҳлайди, холос. Аммо барибир, у ҳақдаги маълумотлар топилади. Улар билан танишсангиз, ушбу аёлга бўлган ҳурматингиз янада ошиши турган гап.

Хаверц, Вернер ва Зиешнинг сотиб олиниши

Ушбу уч футболчи «Челси»нинг янги мавсум арафасидаги энг йирик харидлари бўлишди. Грановская ҳар учала келишувда ҳам энг фаол иштирокчига айланди. Даставвал «Челси» трансфер тизими қандай ишлашини тушуниб олишимиз керак. Барчаси халқаро скаутинг бўлими раиси Скотт Маклахландан бошланади. У клубга мос деб топилган футболчилар рўйхатини тузиб, сўнгра уни раҳбариятга жўнатади. Агар у берган номзодлар Грановская ва спорт директори Петр Чехга маъқул келса, музокаралар бошланади. Ҳал қилувчи сўз Фрэнк Лэмпардда қолади: ўша футболчи керакми, йўқми, бош мураббий қарор чиқаради.

Шундан сўнг Чех ишга киришди, Вернер ва Хаверц трансфери масаласида гаплашиш учун Германияга, Зиеш вакилларини кўндириш учун Нидерландияга борди. Кўпинча унга Лэмпард ҳамроҳлик қилади. Агар футболчи кўндирилса, қолгани Грановскаяга боғлиқ бўлади. Жараёнга юристлар ва трансфер хизматларини жалб этади, ўйинчининг шартномаси ва клубга тўланадиган компенсация масаласи келишилади. Айнан Грановскаянинг саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ, «Челси» трансферлар ойнаси очилмай туриб, Вернер ва Зиеш билан келишиб олди. Маринадаги қатъиятлилик таҳсинга сазовор: у келишувни тез ҳал қилади ёки вазият сериалга айланиб кетмасидан олдин, ўз вақтида музокараларни тўхтатади.

Вернер ва Хаверцни харид қилиш пайти Грановская Михаэль Баллакнинг собиқ юристи, адвокат Майкл Беккерга мурожаат қилди. Беккер ўз навбатида, Грановскаяга «Байер» спорт директори Руди Феллер ҳамда клуб ижрочи директори Фернандо Карруга тааллуқли ҳужжатларни тақдим этди. «Лейпциг» билан ҳам худди шундай ҳолат кузатилди. Марина музокараларга киришишдан аввал тўлиқ «қуролланади», рақибларининг заиф нуқталарини ўрганади, қайси томондан босим уюштиришни билади.

Азарни «Реал»га ўтказди

Эден Азарнинг «Реал»га сотилиши, қайсидир маънода, «Челси»нинг бу йилги трансферлар ойнасида кўпроқ маблағ сарфлашига сабаб бўлди. Футболчини тарбиялаган Бельгиянинг «Тюбиз» клуби томонидан фириб ишлатишга уриниш туфайли «Реал» «Челси»га 100 эмас, 160 млн. евро тўлаши кераклиги ойдинлашди. Бир йилдан сўнг шартномаси тугайдиган 28 ёшли футболчини шунча пулга сотиш - Грановскаянинг ютуғи. У ўз ишининг устаси. «Реал» Азарни 2018 йилнинг ёзида харид қилишга уринган, аммо Грановская фикрида қатъий қолганди: ё «Реал» битимда белгиланган 200 млн. евро товон пулини тўлайди ёки музокаралардан чиқади.

Грановская «Реал»нинг Азар вариантига қайтишини тушуниб турарди, шу боис, бир йилдан кейин «Челси» суммани 160 млн.гача пасайтиргач, Флорентино Перес учун бу катта имтиёздек кўринди. Фақат аёл раҳбардан Азарни муддатидан олдин кетмасликка кўндириш қолганди, холос. Грановская буни ҳам уддалади.

Диего Коста «Атлетико»га ўтаётганда, у билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилган, мадридликлар унинг учун 66 млн. евро тўлашга мажбур бўлишганди («Челси» ҳужумчини 38 млн.га олганди). Коста Бразилияга кетмоқчи эканлиги, уни қўйиб юборишларини сўраганда, Грановская ушбу мурожаатга эътибор қаратмаганди.

Алиссон ўрнига Кепа

Грановскаяни чув тушириш фақат Тибо Куртуага насиб қилди. 2018 йилнинг ёзида Марина «ва-банк»ка борди, чунки Куртуани амалдаги шарт­номасини яна бир йилга узайтиришга кўндиришига ишонганди. Шу боис «Челси» Алиссонни қўлдан чиқарди. Бразилиялик кипер лондонликлар «шорт-лист»ининг энг юқори қисмида қайд этилганди, бироқ Куртуанинг тақдири ҳал бўлавермагач, «Ливерпуль» илдамроқ ҳаракат қилди, «Челси» эса Кепа учун 80 млн. евро тўлашга мажбур бўлди. Тибо атиги 35 млн. эвазига «Реал»га йўл олди.

Куртуанинг мавсум якунланишига яқин кетмоқчи эканлигини айтгани «Челси» вакилларини ранжитди, кейинчалик у жаҳон чемпионатида қатнашиб, турнирнинг энг яхши дарвозабонига айланди. Тибо «кўклар»нинг мавсумолди йиғинида кўриниш бермади, кетмоқчилигини қайта-қайта таъкидлади. Грановская эса ушбу жараёнда фаолиятидаги энг аламли «тарсаки»лардан бирини қабул қилиб олди.

Дрогбанинг ёнини олди

Барибир, Маринанинг хизматлари беқиёс. Ҳозир буни кўпчилик эслолмаса керак, аммо 2009 йили Дидье Дрогба «Челси»ни тарк этишга жуда яқин турганди. Ўша мавсум «Йўлбошчи» АПЛда атиги 5та гол урган, боз устига, Чемпионлар Лигаси доирасидаги «Барселона»га қарши баҳсда ҳакам Том Эвребега қаршилик қилгани учун 6 ўйинлик дисквалификацияга йўлиққанди.

Дрогба ўша пайт 31 ёшда эди, «Челси» раҳбариятидагиларнинг аксарияти Дидьенинг даври ўтган, уни сотиш керак, деган фикрда эдилар. Грановская гарчи ўшанда клубда расмий лавозимда бўлмасада, форвард билан шартнома узайтирилиши кераклигини таъкидлаганди. У Дрогбанинг ёнини олиб, майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам жамоани бошқа уялтирмаслигига кафолат берганди. Дидье АПЛнинг кейинги мавсумида 29та гол билан энг яхши тўпурарга айланди. Ўша мавсум ивуарлик ҳужумчининг фаолиятидаги энг сермаҳсули бўлди, уч йилдан кейин эса финалда «Бавария»га қарши астойдил курашиб, Абрамовичга узоқ кутилган ЕЧЛ кубогини тақдим этди.

Моуриньони қайтарди

Жозе Моуриньонинг «Стэмфорд Бридж»га қайтиши ҳам тўлалигича Грановскаянинг уринишлари маҳсули. 2007 йили Абрамович португалиялик мутахассис билан уришиб қолиб, уни истеъфога чиқарганди. Шу сабабли, «Беназир»нинг яна бир бор россиялик ишбилармон билан ҳамкорлик қилиши мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди. Аммо Грановская Абрамовични кўндирди: Моуриньо - «Челси»га етишмаётган шахс. Функционер хоним музокараларга шахсан киришди, Испанияга борди ва директорлар кенгашига Жозе номзодини тақдим этди.

Жирунинг рафиқаси орқали иш битирди

2016 йили «Челси» «ПСЖ» билан «Лестер» ярим ҳимоячиси Н~Голо Канте учун кураш олиб борди. Марина дарҳол ишга киришиб, Франция қонунларига кўра, агентлар мижозларининг трансфер суммасидан 10 фоиз ортиқ ололмасликларини аниқлаштирди. Англияда бундай қоида йўқ, шу боис Грановская Кантенинг агенти билан кўтарма пули масаласида осонгина келишди. Натижада вакилга 13 млн. евро, «Лестер»га эса 38 млн. тўланди.

Football Leaks нашри ўша музокаралар ҳужжатларини ошкор этганди. Уларда Грановскаянинг Абрамовичга йўллаган мактуби нусхаси ҳам бор бўлиб, унда Марина Кантенинг агентларига тегадиган маблағ миқдорини айта туриб, шундай ёзган: «Фақат ҳушингни йўқотма, футболчи шунга арзийди». Грановская нафақат Абрамович кабилар билан, балки футболчилар билан ҳам тез тил топишади. Аввалги мавсумларнинг бирида, Европа Лигаси доирасидаги «Славия»га қарши баҳсдан сўнг Жиру Грановскаяга клубдан кетмоқчилиги, Сарри билан бош­қа ишлолмаслигини айтди. Марина ушбу вазиятдан ноодатий тарзда чиқди. У Жирунинг рафиқаси билан апоқ-чапоқ, айнан футболчининг турмуш ўртоғи орқали Оливьега босим уюштириб, янги шартнома имзолашга кўндирди.

Катта эҳтимолки, шунга ўхшаш ҳолат ўтган мавсумда ҳам такрорланган, ўшанда Жиру «Интер» билан шартнома шартларини келишиб улгурганди. Аммо якунда француз Лондонда қолди, мавсум охирида эса АПЛда 8та гол уриб, Тэмми Абрахамни асосий таркибдан сиқиб чиқарди. Оливьенинг мавсум бошида ҳатто «заявка»га ҳам киритилмаганини инобатга олганда, бу ноёб натижа.

Конте ва Саррининг «думини тугди»

Италиялик икки мураббийнинг амбициялари Грановскаянинг қатъиятлилиги олдида наф бермади. Конте «Челси» билан шартнома борасида музокара ўтказаётганда, Абрамовичдан Грановскаянинг трансфер сиёсатига таъсирини чеклашни сўраганди. Роман Аркадьевич эса кўнмади, бунинг ўрнига Антонионинг маошини оширди. Контенинг талабига кўра, Лукаку ва Наингголан сотиб олиниши керак эди, аммо Грановскаяга бу шубҳали туюлди, натижада, мураббий ва мутасадди ўртасида ҳақиқий жанг бошланди. Охир-оқибат Антонио иккинчи мавсумидаёқ истеъфога чиқди.

Шунга ўхшаш ҳолат Сарри билан ҳам кузатилди. У Грановская шаънига номақбул сўзларни гапирди, бу эса улар ўртасидан ола мушук ўтганидан далолат эди. Якун - Сарри ҳам клубда узоқ ушланиб қолмади. Мауриционинг «Челси»га мос эмаслиги сезилиб турарди, бироқ клуб яна бир бор шартнома бекор қилингани учун мураббийга катта товон пули тўлашни истамади. Грановская эса «Ювентус» билан келишиб олди ва туринликлар Саррининг трансфери учун «Челси»га 4 млн. евро тўлайдиган бўлишди. Муваффақият.

«Челси» билан хайрлашишига бир баҳя қолди

Шунча хизматларига қарамай, Грановская бир йил аввал истеъфога яқин келганди. «Челси»га трансферлар тақиқи қўйилди, клуб ўхшамаган харидларни амалга оширди, Маринанинг ўрнига эса «Лилль» директори Луис Кампос келиши ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Грановская олиб келган Сарри ҳеч нарсани эплолмагач, Абрамовичда ҳам унга ишонч йўқолаётгандек эди. Маринага тегишли тартибда айб қўйишарди: жамоанинг 78 фоиз футболчилари нархи ўтган мавсум билан солиштирганда арзонлашган, айримларини эса сотиш қийинлашган, уларнинг маоши эса клубга оғир келаётганди. Ўтган қишда «Челси»дан трансферлар тақиқи олиб ташланган бўлсада, жамоа ҳеч кимни сотиб олмади. Ижтимоий тармоқларда #MarinaOut хэштеги оммалашди, Лэмпардда эса Маунт, Абрахам ва ўша мавсумга қадар Чемпионшипда тўп сурган бошқа футболчиларга таянишдан ўзга илож қолмаганди.

Аммо Грановская раҳбарият ишончини оқлашга эришди. Ҳозир «Челси» Азар ва Моратанинг сотувидан катта пул олиб, уларни сифатли трансферларга сарфламоқда. Жорий трансфер ойнасида Европада энг шов-шувли келишувларни ҳам айнан «Челси» амалга оширди. Лэмпард ва Чех ҳамроҳлигида ишни тўғри йўлга қўйиб олган Марина трансфер бозорини «ёндириш»га тайёр. Навбатда ким? Ян Облакми? Ишга киришинг!

 

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz