Қайднома

Қидирув

Роналдунинг руминиялик устози

Роналдунинг руминиялик устози

  30.09.2020 01:43
  0
  198
Роналдунинг руминиялик устози

Руминиялик Ласло Болони - Криштиану Роналдунинг дастлабки мураббийи. Айнан шу мутахассис 16 ёшли бўлажак юлдузга «Спортинг» асосий таркибида машқ қилиш имкониятини берди, яширин салоҳиятини юзага чиқарди, ҳатто уни бошқа позицияда ўйнашга мажбур этди. Қисқаси, унгача чемпионат учрашувларида бирор марта майдонга тушмаган болакайни тўғри тарбиялаб, дебютга тайёрлади.

Болони ФИФА расмий сайтига берган интервьюсида Роналдунинг маҳоратига қойил қолганлиги ва унга ўртоқлик учрашувлари ҳамда машғулотларда қатнашишига изн берганлигини эслатиб ўтди. Мураббийнинг фикрича, у ёш шогирдига футболдаги асосий қоидалар - имкониятлардан унумли фойдаланиш ва вақтни бой бермаслик сирларини ўргатди. Яъни, дриблингга, мухлислар учун шоу кўрсатишга берилиб кетмай, тўпни тезроқ жарима майдончасига етказиш, дарвозани забт этиш муҳимлигини унутмасликка одатлантирди. Позиция хусусида қуйидагича фикр билдириди: «Аввалига у ҳужум чизиғи марказида ўйнарди. Мен уни қанотга ўтказдим. Чунки вазни 90 кг.дан кўпроқ бўлган 2 марказий ҳимоячидан устун келиш 16 ёшли болакай учун ўта оғир юмуш эди».

Катта футболдаги дебют мукаммал бўлиши учун Болони Криштиану учун махсус дастур ишлаб чиқди. Энди ҳужумчи кўпроқ вақтини спорт залида жисмоний қуввати ва мускулларини кучайтириш машқлари билан ўтказадиган бўлди. Шунингдек, руҳий тайёргарликка ҳам жиддий эътибор қаратилди: Роналду португалиялик машҳур футболчилар билан танишиб, улардан маслаҳатлар ола бошлади.

Айниқса, дриблинг сифатини талаб даражасига олиб чиқиш жараёни қийин кечди. Криштиану ҳар қандай вазиятда рақибни алдаб ўтишга уринар, 1-2 ортиқча ҳаракати эвазига тўпни йўқотиб қўярди. Болони алдамчи ҳаракатларни чекламади, фақат шогирдидан илдамроқ олға интилишни талаб қилди: «Ҳимоячидан ўзиб кетиш учун 2та трюк етарли, ундан кўпи беҳуда».

Мураббий илк машғулотлардаёқ шогирдининг буюк келажагини ҳис этганди. Роналдунинг ички қуввати ва теран ақли «Спортинг»даги даврида бўй кўрсатганди. Ана шу фазилати туфайли у мустақил ечим топа олар, кийиниш хонасида шунга яраша мавқега эга эди.

Ласло Болони раҳбарлигидаги 30 учрашувда ёш ҳужумчи 5та гол ва 1 ассистни амалга оширганди. Ўшанда унинг ёнида «Спортинг»нинг яна бир ноёб жавоҳири - Рикарду Куарежма тўп сурарди. Бу борада Болони шундай деди: «Улар менинг фарзандларим. Лиссабонда ажойиб дамларни бошдан кечирдик. Бу йигитлар мен билан сира зерикмасдилар».

Мураббий Роналду билан ҳамкорлигига оид воқеаларга тўхталаркан, «Спортинг»даги мавсумолди турнирини мисол келтиради. Ўшанда Криштиану ҳимояланишни истамаган, Болони эса унга бақиришга мажбур бўлганди. Бу унинг шогирдига нисбатан охирги дарғазаб муносабати бўлиб қолди - шогирд уни тезда тушунди ва талабни бажаришга киришди. Ўша турнирда мураббий Роналдуни пенальти тепиш имконияти билан рағбатлантирди. Ваҳоланки, Кришти жамоанинг энг кичик аъзоси эди.

Шунингдек, Болони Роналдудан икки марта миннатдорчилик қабул қилганини ҳам эътироф этди. Биринчиси Мадейрада, «Спортинг»даги фаолиятида юз берганди, иккинчи ва энг қувонч­лиси эса Парижда, Кришти «Олтин тўп»га сазовор бўлганида юз берди. Олдинги қаторларнинг бирида ўтирган мураббий шундай хитоб қилганди: «Йўқ, Роналдуни мен яратган эмасман. Шуни биламанки, керакли паллада унга тўғри маслаҳатлар бера олдим ва тўғри йўлни кўрсатдим».

Болонининг фаолияти ва ҳаёти шунчаки ишдан кўра, анча қизиқарлироқ.

Ласло Венгрияда туғилган. Венгр, румин, француз тилларида бемалол сўзлашади, инглиз тилида эса ўз фикрини билдира олади. Руминия терма жамоаси унинг раҳбарлигида Венгрия­га қарши майдонга тушганида, мухлислар унинг келиб чиқишига эътибор қаратишганди. Учрашув Руминиянинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан тугагач, мунозара ҳам ўз-ўзидан ғойиб бўлди.

Футболчи Болони ўз вақтида Руминия чемпионати ва Европа Чемпионлар кубогида ғолиб чиққан «Стяуа»нинг афсонавий таркиби аъзоларидан бири бўлган. У икки марта Руминияда йилнинг энг яхши футболчиси унвонига сазовор бўлган, терма жамоада эса биринчи бўлиб 100та гол маррасини забт этганди. Болони сиёсатдан четроқда юришга интилган, ҳатто ватанни тарк этган бўлсада, диктатор Николае Чаушеску уни доимо намуна сифатида кўрсатарди.

Мураббий Болони ўз фаолиятида иш жойини 14 марта (13та клуб) ўзгартирган. Асосий кўрсаткичларини эса «Спортинг»да қайд этган. Жамоа­га у 2000-йилларда, терма жамоадаги фаолиятидан кейин келганди. Лиссабонликлар жамоаси билан чемпионлик, Португалия кубоги ва Суперкубогини қўлга киритган. Бошқа бир муваффақиятли фаолияти Бельгияда қайд этилган: у ерда Болони «Стандард»ни шоҳсупага олиб чиққан ва йилнинг энг яхши мураббийи унвонига лойиқ кўрилган. Бироқ у Қатарнинг «Ал-Хор» клубини бош­қарган даврда йирик можаро сабабчиси бўлган. Учрашувларнинг бирида мураббий сув тўла идишни «болбой»га қарата улоқтирган. Идиш болакайга тегмаган бўлсада, ҳакамлар этиборидан четда қолмаганди. Рефери ундан ўриндиқни тарк этишни талаб қилганида бўйсунмаган ва уни ҳақорат қилган, майдондан олиб чиқиб кетгунларига қадар сўкинишда давом этган. Хайриятки, мутасаддилар жарима билан чекланишган.

«Монако»даги даврини эса мураббий фаолиятининг энг омадсиз қисми сифатида эътироф этади. Ҳозир 67 ёшли Ласло Болони Бельгиянинг «Гент» жамоасини бошқармоқда.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz