Қайднома

Қидирув

Зерикмаслик учун экзотик шаҳар

Зерикмаслик учун экзотик шаҳар

  02.10.2020 12:09
  0
  346
Зерикмаслик учун экзотик шаҳар

Жаҳонгашта мураббий Гус Хиддинк аввалги ой яна бир кутилмаган юришни бошлади - футболда кўпни кўрган нидерландиялик мутахассис Кюрасао миллий жамоаси бошқарувини қўлга олди. Кюрасао -кўпчилик учун нотаниш ўлка, бу ҳудуд терма жамоаси ҳақида-ку гапириш ҳам ортиқчадек. Лекин Гус бобони ЖЧ-2022да кўриб қолишимиз эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Воқеалар шундай ривожлансами, бу чинакам «сюрприз» бўлади. Тушунарлики, Хиддинк камтарин миллий жамоани бошқаришга бежиз розилик бермаган...

Россия ва Жанубий Корея миллий жамоаларининг 73 ёшли собиқ бош мураббийи балки нафақада зерикканидан шунчаки, нотаниш термада ўз салоҳиятини синаб кўришни хоҳлагандир. Ҳа, Кюрасао термасига «нотаниш» тамғасини босяпмиз, лекин битта фактдан кўз юммаслик керак - бу жамоа айни пайт ФИФА рейтингида у қадар пастда эмас - 80-ўрин. Дейлик, у рўйхатда Ўзбекистон, Беларусь, Замбия, Грузия, Исроил ва Кипр каби термалардан олдинда! Демак, Гус Хиддинк қандай ишга қўл ураётганини билиб, шу қадамни ташлаган. Ўз ўрнида маълумот сифатида айтиш керак, нидерландиялик мутахассис клуб миқёсидаги фаолиятини 2016 йили якунлаганди. Хиддинк ўшанда Жозе Моуриньони истеъфога чиқарган  «Челси»ни вақтинча бош мураббий сифатида бошқарди. У ке­йинчалик ижодий танаффус олди ва 2018 йилнинг сентябрида Хитой олимпия терма жамоасида иш бошлади. Бироқ Хиддинкнинг Чин юртидаги фаолияти узоққа чўзилмади. Яъни Хитой олимпиячилари кутилган натижани қайд этолмаганларидан ке­йин тажрибали мутахассисга жавоб берилди.

2019 йилнинг декабрига келиб, Хиддинк ПСВдан таклиф олди - жамоа мураббийлар штаби маслаҳатчиси ролига. Бироқ бу Гус кўниккан иш эмасди. Шунга қарамай, қария мутахассис чорловни қабул қилди. Кўринишидан, у ишсиз зерикиб қолганди. Мана, энди мутлақо кутилмаган йўналиш олиб, узоқ Кюрасаога йўл олди. «Балки бу кўпчилик учун кутилмаган қарордек туюлар, лекин таклифни рад этишим мушкул эди. Кюрасао футболи охирги йилларда катта тезлик олди. Тушунарлики, мақсадим - маҳаллий терма жамоа футболчилари ва ходимларига ёрдам бериб, оролликларни халқаро зинада янада юқорироққа кўтариш», - деди Хиддинк foxsports.nl порталига берган интервьюсида. 

Кюрасао - ўзини мустақил бошқарадиган автономия мақомидаги мамлакат. Ҳудуд ҳамон Нидерландия Қироллиги таркибига киради. Аҳолиси атиги 160 минг кишига тенг. Асосий даромад манбаи ва ривожланган йўналиши - сайёҳлик. Эътиборлиси, ушбу мўъжаз оролдан бир қатор таниқли футболчилар чиққан: Вурнон Анита («Аякс»да ўйнаган), Йетро Виллемс (ПСВ, «Айнтрахт» ва «Ньюкасл»), Юрген Локадия (ПСВ, «Брайтон энд Хоув» ва «Хоффенхайм»), Тахит Чонг («Манчестер Юнайтед»). Бироқ бу йигитлар халқаро майдонда Нидерландия терма жамоасини танлашган. Ака-ука Леандро ва Жуниньо Бакуналар эса ҳозирги Кюрасао миллий жамоасининг энг машҳур футболчилари саналишади. Улардан биринчиси «Кардифф Сити», иккинчиси эса «Хаддерсфилд» шарафини ҳимоя қилмоқда. Умуман, Кюрасао термаси ФИФА таркибига 2011 йили Нидерландия Антиль ороллари вориси сифатида қабул қилинган. Жамоа ЖЧ саралашини КОНКАКАФ ҳудудида ўтказади. Оролликлар жумладан, ЖЧ-2018 квалификациясида учинчи раундгача дадил одимлашди. Ўшанда Хиддинкнинг янги жамоаси Сальвадор термасига 2 марта 0:1 ҳисобида ютқазиб, асосий босқичга чиқолмаганди. Шунга қарамай, кюрасаоликлар 2017 йили ўз тарихларида биринчи салмоқли натижага эришишди - улар Кариб ҳавзаси кубоги финалида анча кучли саналган Ямайка термасидан устун келишди - 2:1. Энди Кюрасаода ЖЧ-2022 йўлланмасини ютиш ҳақида ўйлашмоқда. Ҳар ҳолда, оролликлар Гус Хиддинкни айни шу мақсадда ишга ёллашди.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz