Қайднома

Қидирув

"Лацио" нега чув тушди ?

"Лацио" нега чув тушди ?

  02.10.2020 16:00
  0
  372

Давид Сильва ёзги трансферлар бозори очилгач, аввалига «Лацио» билан келишиб олди, бироқ якунда ўз юрти - Испанияга қайтиб, «бургутлар»ни чув туширди. Ўз ўрнида айтиш керак, ярим ҳимоячи ёзда фаолиятининг «Манчестер Сити»даги даврига хотима ясади. Давид АПЛда жами 10 мавсум ўйнаб, бу оралиқда совринларга кўмилди: 4 марта Англия чемпиони бўлди, мамлакат кубогини 2 марта, суперкубогини эса 3 марта боши узра баланд кўтарди. Булар ёнига Сильванинг Англия Лига кубогида 5 бора ғолиб чиққанини қўшинг, чиндан ҳам, ўта самарали давр. Асосийси, «Манчестер Сити»да япониялик аёл ўғлини шу қадар ёқтириб қўйишдики, ҳаттоки, «Иттиҳод» стадиони ёнида унинг шарафига ҳайкал ўрнатишга қарор қилишди.

Давид Сильва ва «Манчестер Сити» ўртасидаги шартнома охирги мавсум якунида ўз кучини йўқотди. Аслида Хосеп Гвардиола фахрий ярим ҳимоя­чини таркибда олиб қолишни истади, «шаҳарликлар» раҳбарияти ҳам. Бироқ аниқ таклифга қарамай, футболчининг ўзи шартнома муддатини узайтиришни истамади ва янги жамоа қидиришга тушди. Бу орада матбуот ҳам ўзининг одатий ишига киришиб, Давид Сильва хизматига Италия, Испания, АҚШ ва БАА клублари томонидан катта қизиқиш борлиги ҳақида бирин-кетин хабарлар тарқатди. Энг охирида янграган яққол вариант - футболчининг «Лацио»га ўтиши. Бироқ...

Бироқ испаниялик ярим ҳимоячининг «бургутлар» сафини тўлдириши хусусидаги маълумотлар жуда тез ўзгариб турди:

28 июль. «Лацио» Сильва учун курашда фаворит клубга айланди. Унинг хизматига Рим жамоаси бош мураббийи Симоне Инзагининг шахсан ўзи жиддий қизиқаётгани маълум қилинди.

6 август. «Лацио» футболчига бирданига 3 йиллик шартнома таклиф қилди. Таниқли журналист Николо Скиранинг хабар беришича, римликлар Сильвага бир йил учун 3 млн. евро миқдорида маош беришга тайёр эдилар.

7 август. Давид Сильванинг отаси ўз чиқишида ўғлини римликлар сафида ўйнашидан фақат хурсанд бўлишини айтди: «Айни пайт олдимизда таклифлар жуда кўп. Лекин якуний қарорни Давиднинг ўзи чиқариши керак. Менга қолса, ўғлимнинг «Лацио» билан шартнома тузишини фақат олқишлардим. Бу аввало, унинг ўзи учун ажойиб имкониятдир. Ҳозирча билганим шуки, Давиднинг Испа­ния­га қайтиши эҳтимоли жуда паст».

9 август. Яна ўша Никола Скира томонлар ҳамкорлик масаласида келишиб олишгани, барчаси ҳал этилгани хусусида хабар тарқатди. У ҳаттоки, «Лацио» тез орада трансферни расман эълон қилишини ҳам таъкидлади.

16 август. Давид Сильва негадир шартнома остига имзо чекишни пайсалга сола бошлади. Табиийки, бу «Лацио»га ёқмади ва клубнинг испаниялик футболчидан воз кечиши мумкинлиги айтилди.

18 август. Давид Сильва «Реал Сосье­дад» сафига қўшилди. Томонлар 2022 йилгача мўлжалланган шарт­номани расмийлаштиришди. «Лацио» бу янгиликка дарҳол кескин муносабат билдирди. Клуб номидан спорт директори Игли Таре гапириб, Сильва жуда хунук иш қилганини таъкидлади: «Давиднинг «Реал Сосьедад» билан шартнома тузганини матбуот хабарларидан билдим. Уни футболчи сифатида қаттиқ ҳурмат қиламан, аммо инсонийлик хислатини мақтолмайман...».

«Реал Сосьедад» - Давид Сильва фаолиятида Баскониянинг иккинчи клуби. У бунга қадар «Эйбар»да тўп сурган (мавсум—2004|2005да ижара келишуви асосида). Ўша вақт «Валенсия»га тегишли бўлган футболчи Баскониядаги илк даврида эсда қоладиган даражада ўйнагани йўқ, лекин ўзи учун бир қатор қизиқарли ҳолатларга дуч келди:

***Давид Сильва Канар оролларида туғилган. Бу ҳудудда ҳаво ҳарорати қишда ҳам одатда 10 даража иссиқдан пастга тушмайди. Эйбар қиши эса анча совуқ. Сильва буни инобатга олмаган ва уйига иситкич қурилмаси сотиб олиш учун бир неча кун дўконма-дўкон юришига тўғри келган.

***Канар оролларида қор йўқ. Давид Эйбарда оппоқ қорни кўргач, онасига маслаҳат сўраб қўнғироқ қилган. Яъни автомобилини қордан қандай тозалаш ҳақида сўраган экан.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz