Қайднома

Қидирув

"Канн"дан Зидан, "Виченца"дан Баджо...

"Канн"дан Зидан, "Виченца"дан Баджо...

  03.10.2020 09:41
  0
  570

ФУТБОЛ ОЛАМИГА КАТТА ЮЛДУЗЛАРНИ ТОРТИҚ ЭТГАН ВА УНУТИЛГАН МИТТИ КЛУБЛАР. Айни пайт бу жамоалар элит клублар гуруҳидан ташқарида. Аммо уларнинг фахрига айланган  ёрқин юлдузларни ҳамма танийди. Демакки, кенг жамоатчилик орасида унутилган ушбу митти клубларнинг баъзи-баъзида эслаб турилиши табиий ҳол. Мазку мақолада эса, бироз ижодга берилиб, «нотаниш» жамоалардан чиққан юлдузлардан ўзига хос рамзий терма шакллантирди. Марҳамат, таркиб билан танишиб чиқинг - шунчаки, даҳшат!
Дарвозабон - Оливер КАН (Германия)

Биринчи клуби: «Карлсруэ»

«Горилла», «Даҳо», «Вулқон» - дунёнинг энг моҳир дарвозабонларидан бирига айланган афсона самарали фаолияти давомида қанчадан-қанча тахаллусларга лойиқ топилгани ҳеч кимга сир эмас. Кан «Бавария» либосида 14 йил ўйнади ва бу вақтда бутун жаҳонга танилди, худди жамоа­си каби. Лекин шиддатли парвознинг улкан сояси Оллининг «Карлсруэ»даги қувноқ болакайдан асосий таркибнинг биринчи дарвозабони даражасига олиб чиққан 20 йил залворига путур етказмаслиги керак. У жонажон клуби шарафини асосий голкипер сифатида 4 мавсум ҳимоя қилди. Кейин «Бавария» эътиборини қозонди ва 25 ёшида Мюнхенга йўл олиб, чинакам юлдуз мақомини олди.

 

Ҳимоячи - Маттиас ЗАММЕР (Германия)

Биринчи клуби: «Динамо» Др.

Оливер Каннинг «Карлсруэ»си янги мавсумни Бундеслига-2да бошлади, Заммернинг «Динамо»си эса айни пайт учинчи дивизионда. Маттиас жонажон шаҳри - Дрезден жамоа­сида ўйнаган давр у «митти» эмасди. Дейлик, «динамочилар» собиқ ГДР чемпионатида олтин медаль ютишга улгургандилар. Бироқ Берлин девори қулатилгач, мамлакат шарқидаги жамоалар мураккаб вазиятга тушиб қолди. Жумладан, молиявий муаммоларга дуч келган «Динамо» ҳаттоки, ҳудудий лигага тушиб кетди. Шунга қарамай, дрезденликлар ҳамон «Олтин тўп»дек нуфузли соврин лауреатига айланган кам сонли ҳимоячилардан бири уларнинг севимли клублари тарбияланувчиси эканлигидан чинакамига фахрланадилар.

 

Ҳимоячи - Даниэль

ПАССАРЕЛЛА (Аргентина)

Биринчи клуби: «Сармьенто»

«Ривер Плейт» мухлислари 2 карра жаҳон чемпиони ва Аргентина терма жамоасининг асл сардорини ўз йигитлари сифатида қаттиқ ҳурмат қиладилар. Аммо Буэнос-Айрес провинциясининг Хунин шаҳарчаси фуқаролари «Даниэль аслида бизнинг ҳамшаҳримиз», дея эътироз билдиришади. Дарҳақиқат, Пассарелла «миллионерлар» сафига қўшилишига қадар 2 йил давомида словакиялик муҳожирлар билан «Сармьенто» таркибида тўп сурганди. Бу жамоа ҳозир Аргентина чемпионати иккинчи дивизионида иштирок этмоқда ва элита йўлланмаларидан бирига асосий даъвогар бўлиб турибди.

Ҳимоячи - Виржиль ван ДЕЙК (Нидерландия)

Биринчи клуби: «Гронинген»

«Лолалар юрти»да ўзини ҳурмат қиладиган ҳар бир клуб лоақал бир жуфт таниқли футболчи тарбиялаган. Жумладан, «Шимол фахри» саналган - «Гронинген» катта футболга ака-ука Куманлар, Арьен Роббен ва Виржиль ван Дейкни туҳфа этгани билан мақтанишга ҳақли. Сайёрамизнинг етакчи ҳимоячилари сафига қўшилган «Ливерпуль» ҳимоячиси ўтган йили «Олтин тўп»ни ютишга жуда яқин келганди. У Британия футболига юзланишдан арафасида 2 мавсум айнан «Гронинген»да тўп сурган.

 

Ҳимоячи - Роберто КАРЛОС (Бразилия)

Биринчи клуби: «Унион Сан-Жуан»

Бразилияда буюк чемпионларни етказиб берадиган номдор жамоалар кўп. «Унион Сан-Жуан» улар олдига яқинлашолмасада, футбол оламига бўлажак жаҳон чемпиони ва Европа ЧЛнинг кўп карра ғолибини тортиқ этганидан фахрланишга ҳақли. Камтарин жамоа ўтган асрнинг 90-йиллари Бразилия «А» сериясида ҳам иштирок этган. Бироқ кейинчалик қуйи лигаларга тушиб кетди ва кўздан ғойиб бўлди. Аниқроқ айтсак, Роберто Карлоснинг жонажон клуби охирги расмий ўйинини 2014 йили ўтказди. Шундан кейин футбол харитасида кўринмай қолди...

 

Ярим ҳимоячи - Рууд ГУЛЛИТ (Нидерландия)

Биринчи клуби: «Харлем»

Франк Райкаард ва Марко ван Бастен - «Аякс» тарбияланувчилари, шунинг учунми, уларнинг сафдошлари - Рууд Гуллитни ҳам кўпинча «Аякс» вакили сифатида тилга олишади. Лекин у ҳеч қачон Амстердамда ўйнаган эмас. «Фейеноорд» ва ПСВда тўп сурган футболчи фаолиятини айнан «Харлем»да бошлаган. Бу жамоа ҳаттоки, қуйи лигага тушиб, кейин элитага қайтган. Мамлакатнинг энг қадимий клубларидан бири 120 йиллик фаолиятидан кейин мавсум-2009|2010да таназзулга учради ва тарқатиб юборилди.

 

Ярим ҳимоячи -

Андреа ПИРЛО (Италия)

Биринчи клуби: «Брешия»

Ломбардия клуби шарафини ҳимоя қилган машҳур футболчилар кўп - Роберто Баджо, Хосеп Гвардиола, Георги Хаджи ва Марек Гамшик... Лекин «қалдирғочлар»нинг асосий фахри - Андреа Пирло. У жамоа сафида «А» ва «В» серияларида ўйнаган ва шундан кейин машҳурлар сўқмоғига йўл олган. Эҳтимол, яна 15-20 йилдан кейин «Брешия» мухлислари Сандро Тонали билан ҳам фахрланишар. Ҳозирча уни «Янги Пирло» сифатида улуғламоқдалар. Ёш иқтидор соҳиби афсонавий ўтмишдоши каби ўзини «Интер»да синаб кўришни истамади ва бирданига «Милан»га ўтиб қўя қолди...

 

Ярим ҳимоячи - Зайниддин Зидан (Франция)

Биринчи клуби: «Канн»

Афсонавий Зизунинг «Ювентус» ва «Реал»да тўп сурганини ҳамма билади. Эҳтимол, унинг «Бордо»да ўйнаганини ҳали унутмаганлар ҳам бордир. Лекин Зайниддиннинг илк жамоаси «Канн» эканлигини айниқса, ёш мухлислар билишмаса керак. Бу жамоа бир неча йил аввал инқирозга юз тутгач, уни Франция чемпионати 7-дивизионига «сургун» қилишди. «Канн» ҳанузгача қуйи лигалардан кўтарилолмаяпти. Ҳозир  Зиданнинг 30 йил муқаддам шу жамоада икки ёрқин мавсумни ўтказганига ишониш қийин. Дарвоқе, Зизу «Бордо»га йўл олгач, унинг «Канн»даги ўрнини Патрик Виейра тўлдирган эди.

 

Ҳужумчи - Роберто Баджо (Италия)

Биринчи клуби: «Виченца»

Афсонавий ҳужумчи Виченца яқинидаги Кальдоньо ҳудудида дунёга келган ва шаҳар номи билан юритиладиган жамоа шарафини ҳимоя қилган. Ўшанда «Виченца» «С» серияда иштирок этарди. Роберто дебют мавсумидаёқ юксак савияда ўйнаб, «Фиорентина»дан таклиф олганди. Баджо яна 5 йилдан кейин можароли тарзда «Ювентус»га йўл олди, кейин «Милан» ва «Интер»да тўп сурди. «Виченца» шунингдек, Паоло Росси билан ҳам фахрланиши мумкин. Италияга жаҳон кубогини келтирган 1982 йилги мундиалнинг энг яхши футболчиси «бьянкороссилар» тарбияланувчиси эмас, аммо афсонавий ҳужумчи мақомига айнан «Ромео Менти»да сазовор бўлган.

 

Ҳужумчи - Алессандро Дель ПЬЕРО (Италия)

Биринчи клуби: «Падова»

Сандро «Мистер Ювентус» қабилидаги мурожаатларга бажонидил жавоб қайтаради ва бунга 100 фоизга ҳақли. Чунки у салкам 20 йил «кекса синьора» шарафини муносиб ҳимоя қилди. Аммо Дель Пьеронинг «Ювентус» тарбияланувчиси эмаслиги айрим мухлислар учун ўзига хос «сюрприз» бўлиши мумкин. 18 ёшли йигитча Туринга йўл олиши арафасида «Падова» сафида «В» серия ўйинларида 15 марта майдонга тушган.

 

Ҳужумчи - Давид ВИЛЬЯ (Испания)

Биринчи клуби: «Спортинг» Х.

Аксарият мухлислар бу ҳужумчини «Валенсия»даги сермаҳсул ўйинлари орқали танийдилар. Лекин Испания терма жамоасининг энг яхши тўпурари «кўршапалаклар» сафини тўлдиришидан аввал «Сарагоса» ва «Спортинг» жамоалари либосида ҳам майдонга тушган. Давид Вилья - Астурия ўғлони, у ўз юрти ва авлодлари билан фахрланади. Демак, Испания Вилья учун Астурия ва Хихоннинг «Спортинг» клубидан қарздор...

С.РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz