Қайднома

Қидирув

Ислом Қобилов “Паҳтакорга ҳам етарлича муаммо туғдирамиз...”

Ислом Қобилов “Паҳтакорга ҳам етарлича муаммо туғдирамиз...”

  04.10.2020 04:44
  0
  714
Ислом Қобилов “Паҳтакорга ҳам етарлича  муаммо туғдирамиз...”

Турдан-турга тобора қизғинлашиб бораётган Суперлига баҳсларида турнир жадвалининг етакчи гуруҳи аста-секин ортда қолаётган «эшелон»дан узоқлашмоқда. Тўғри, ОЧЛдаги иштирокини давом эттираётган пешқадам - «Пахтакор» таъқибчилардан сезиларли равишда олдинга ўтиб кетди. Лекин 2-3-ўринлар учун чинакамига кураш кетмоқда. Қолаверса, етакчини таъқиб этаётган жамоалар финишга қадар қўл силтамайди, барибир. Совринли ўринларга даъвогарлардан бири - «Бунёдкор» ҳимоячиси Ислом Қобилов ҳам биз билан суҳбатда буни алоҳида таъкидлади.


- Суҳбатимизни «Бунёдкор»нинг «Машъал» ва АГМКга қарши кечган охирги ўйинлари таассуротлари билан бошласак...

- Муборакда «Машъал» билан бўлган учрашувнинг дастлабки дақиқасидаёқ кутилмаган совға юзага келди - рақиб дарвозабонига кўрсатилган қизил карточка ишимизни анча енгиллаштирди. Шунинг таъсиридами, учрашувда осонгина ғалаба қозонишни ўйладик, шекилли. Қисқаси, бироз хотиржамликка берилдик. Оқибатда, айниқса, биринчи бўлимда кутилган даражада ўйин намойиш этолмадик. Ҳар ҳолда, ўз имкониятимиздан анча паст тўп сурдик. Рақиб эса айни шу ҳолатдан фойдаланиб, биринчи бўлимнинг ўзида ҳисобни тенглаштирди. Танаффусдан кейин эса, мураббий тактик ўзгаришга қўл уриб, ҳимоя­чилардан бири ўрнига ҳужумкор футболчини майдонга туширди. Бундан кўзланган мақсад 10 киши бўлиб қолган рақибга ҳужумда кўпроқ босим ўтказиш эди. Гарчи режамиз тўлиқ амалга ошмаган бўлсада, ғалаба голини уришдан ташқари, рақиб дарвозаси олдида кўплаб вазиятлар яратдик. АГМКга қарши ўйинга келсак, бунисида чинакам жанг бўлди. Фақат охирги лаҳзада эътиборни сал сусайтирганимиз панд бериб, аламли мағлубиятни тан олдик.

- Суперлигада асосан ўз академияси тарбияланувчилари билан иштирок этаётган «Машъал»нинг ўйини қандай таассурот қолдирди?

- Агарда ўйин бошида жамоа голкипери майдондан четлатилмаганида, рақиб бизга том маънода қаршилик кўрсатарди ва ортга 3 очко билан қайтишимиз жуда қийин бўларди. Ҳар ҳолда, муборакликлар майдонда бир киши кам бўлиб қолишларига қарамай, ҳар икки бўлимда ўзига хос иштиёқ ва интилиш билан тўп суришди. Тан олиш керак, «Машъал» футболчиларида шу куни хоҳиш ва иштиёқ жуда юқори эди. Тўғри, улар бир киши кам бўлиб ўйнашгани туфайлими, ўйин охирида бироз чарчаб қолишди.

- «Бунёдкор» айни пайт турнир жадвалининг етакчилар гуруҳида бормоқда. Айтингчи, жамоа финишда совринли ўринлардан бирини ўзиники қила оладими?

- Албатта, мақсадимиз - турнир якунига қадар нафақат совринли ўринлар учун курашаётган жамоалар, балки ҳамманинг наздида чемпион бўлишга улгурган «Пахтакор»га ҳам муносиб рақобат туғдириш. Агар орада кетма-кет ўйинларда дуранг натижа билан кифояланиб қолмаганимизда, ҳозир пешқадамни изма-из таъқиб этаётган бўлардик. Афсуски, «Андижон», «Бухоро» ва «Қизилқум» жамоаларига қарши кечган учрашувларда қимматли очколарни бой бердик. Яна нима дердим, қолган ўйинларда имкон қадар максимал даражада очко олиб, «Пахтакор»га ҳам муаммо туғдиришга ҳаракат қиламиз, албатта.

- Назаримизда, марказлашган тизимда ўтказилган турлар ва тиғиз тақвим футболчиларни бироз толиқтириб қўйгандек...

- Тўғри. Қисқа фурсатда кўплаб ўйинларда иштирок этиш жамоанинг жисмоний ҳолатига таъсир қилади, барибир. Қолаверса, пандемия ортидан чемпионат баҳслари икки марта тўхтаб қолди, бу ҳам футболчиларнинг функционал тайёргарлигига маълум даражада салбий таъсир кўрсатди. Менимча, жамоалар ҳали ўз имконияти даражасидаги муайян жисмоний ҳолатга чиқиб улгургани йўқ.

- «Бунёдкор» қарийб 3 йилдан буён молиявий муаммолар гирдобидан чиқиб кетолмаяпти. Раҳбарият алмашинувидан кейин бу масалада олдинга силжиш кузатилдими? Маош тўлаш масаласида вазият қандай?

- Афсуски, ҳали сезиларли ўзгариш кузатилгани йўқ. Охирги марта май ойида маош олгандик. Раҳбарият яқин кунларда муаммо ҳал этилишини айтяпти. Молиявий ишлар имкон қадар тезроқ йўлга солинса, яхши бўларди. Зеро, клуб имиджига путур етмаслиги керак. Ахир «Бунёдкор» юртимизда ўз ўрнига эга жамоа ҳисобланади. Обрў ва машҳурлик бобида ҳаттоки, Осиёда ҳам кўплаб клублардан юқорида туради. Қисқаси, клубнинг ҳозирги ишлари имиджига мутлақо тўғри келмайди.

- Айрим клубларда футболчиларга яратилган имконият ва шароитлар етарли, бироқ натижа йўқ. «Бунёдкор» эса мавжуд муаммоларга қарамай, совринли ўринлар учун курашмоқда...

- Очиғи, мураббийимиз ва мухлисларимиз ҳурмати, қолаверса, ўз келажагимиз учун  жон-жаҳдимиз билан ўйнаяпмиз. Агар ҳозир номига ўйнасак, бу аввало, кейинги фаолиятимизга салбий таъсир кўрсатади. Молиявий муаммолар ўз йўлига, бош мақсадимиз - мураббийимиз юзини ерга қаратмаслик ва келажакда миллий футболимизга фойдаси тегадиган чин профессионал сифатида шаклланиш.

- «Пахтакор»нинг ОЧЛдаги ўйинларини кузатяпсизми? Таассуротлар қандай?

- Ижобий. «Пахтакор» ОЧЛда чиндан ҳам, мазмунли футбол кўрсатмоқда. Жамоа айниқса, мусобақанинг амалдаги чемпиони - «Ал-Ҳилол»га қарши кечган биринчи ўйинда ёрқин таассурот уйғотди. Ўша ўйинда «шерлар»га майдонда бир киши кам бўлиб қолишгани ҳамда вазиятлардан самара чиқаролмаслик панд берди. Бу ўйин шахсан менга олимпия жамоамизнинг қишда ўтказилган Осиё чемпионати ярим финалида Саудия Арабистони термасига қарши учрашувини эслатиб юборди. Ўшанда ҳам худди «Пахтакор» каби кўплаб вазиятлардан фойдаланолмаган ва якунда «рикошет» орқали гол қўйиб юборгандик... Рақибга нисбатан бир киши кам бўлиб ўйнаш қанчалик қийинлиги майдонда тўп сураётган футболчиларга билинади. Менимча, «Пахтакор» биринчи ўйин­да айни шу масалада қийналди. Тўғри, иккинчи ўйин олдидан «Ал-Ҳилол»нинг бир қатор футболчилари коронавирусга чалинишганини инобатга олсак, «Пахтакор» бунисида бемалол ғалаба қозонса бўларди.

- Олимпия терма жамоамиз муваффақиятсизлигини эсладингиз. Барчаси ортда қолди, ортиқча муҳокамага ҳожат йўқ. Бироқ айтингчи, Любинко Друловичнинг Равшан Ҳайдаровдан устунлик томони нималарда сезилди?

- Ўйлаб қарасак, ҳар бир инсоннинг ўзига яраша устунлиги ва камчилиги бўлади. Кимдадир бўй борасида муаммоси бор, лекин ақлий салоҳияти яхши ривожланган. Кимдир жисмонан бақувват, аммо тезлиги талаб даражасида эмас. Мураббийларда ҳам шундай - уларнинг устун ва заиф жиҳатлари бўлиши мумкин. Равшан Ҳайдаров ва Друловичга келсак, уларнинг иш олиб бориш услублари турлича. Ҳайдаровнинг битта катта устун томони шуки, у ўзбек футболини Друловичдан яхши билади. Яъни таркибдаги футболчилар билан узоқ вақт бирга ишлаб, уларнинг имкониятларини ўрганган эди. Бинобарин, икки йил мобайнида айнан Равшан Акмалович қўл остида шуғуллангандик. Мисол учун, агар олимпия жамоасини Равшан аканинг ўзи бошқарганида, катта эҳтимолки, у Остон Ўруновни таркибга қўшарди. Демоқчиманки, Равшан Ҳайдаров номзод футболчиларнинг плюс томонларини барчадан яхшироқ биларди. Бундан ташқари, менталитет масаласи ҳам муҳимлигини унутмаслик керак.

- Демак, ўзимизники бўлиб қолган Вадим Абрамов бошқарувидаги миллий жамоамиздан ижобий натижа кутишга ҳақлимиз...

- Албатта. Қолаверса, Вадим Карленович миллий терма жамоа билан натижа қайд эта олган мураббий ҳисобланади. Шундай экан, у қайси пайт қандай йўл тутиш кераклигини яхши билади. Қолганини саралаш баҳсларида қайд этилажак натижалар орқали кузатамиз...

Хуршид ЮСУПОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz