Қайднома

Қидирув

Лицензия тақсимоти бўйича саволимиз бор...

Лицензия тақсимоти бўйича саволимиз бор...

  09.10.2020 01:20
  0
  273
Лицензия тақсимоти бўйича саволимиз бор...

Бугунги кунда Қатарда фаолият юритаётган Алишер Никимбаев хорижда бўлсада, ўзбек футболига бефарқ эмас. Буни «Телеграм»даги канали орқали бераётган маълумотларидан англаш мумкин. Ушбу мулоҳазалар сизни ҳам бефарқ қолдирмаса керак.

***

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси лицензиялаштиришдан ўтган клублар рўйхатини эълон қилди. Ҳақли савол туғилади: акциялари Давлат активларини назорат қилиш Агентлигига тегишли бўлган «Бунёдкор», АГМК ва «Локомотив» қай тариқа лицензия олишди? Табиийки, муайян тармоқнинг бир нечта клублар акцияларига эгалик қилиши лицензиялаштириш Регламенти талабларига хилофдир. ПФЛдагилар ҳам бундан яхши хабардор. Аммо лицензия барибир берилди.

***

Менга сўнгги пайтларда тез-тез берилаётган саволлардан бири - ПФЛ бошқарув тузилмаси қандай бўлиши керак? Жавобим оддий: ушбу ташкилотнинг ишлаш тизими 2008 йилги ПФЛ Низомида акс этган. Тақдир тақозоси билан ПФЛнинг тузилиши ва Низомнинг тайёрланишига алоқадор бўлганман. Низомнинг Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган биринчи таҳририга мувофиқ, ПФЛ қуйидагилардан иборат эди:

t ПФЛ аъзоларининг умумий йиғилишида сайланадиган раис;

t Ўзбекистон футбол федерацияси ва клублар вакилларидан ташкил топган ижроқўм;

t ижроқўм томонидан тайинланадиган бош директор.

2017 йилгача ПФЛ раиси сифатида Мираброр Усмонов ишлаган, бу ОФК тавсияларига тўлиқ мос эди. Унга кўра, Лига раҳбари лавозимида камида футбол федерацияси вице-президенти фаолият юритиши белгиланганди. Бизнинг ҳолатда ЎФФ президенти ПФЛ раислигини ҳам бажарган.

Аммо 2017 йили кўп нарсалар сингари бу тизим ҳам бузилиб кетди. Энди ўша бузилишлар сабабчилари ПФЛнинг янги Низомини тузаётганликларини айтиб, кўксиларига уришмоқда. Мазкур ҳолатда, албатта, улар ҳали ўйлаганларининг барчасини амалга ошириб улгурмаганликларини айтиб, бошқарув тизимида қолишмоқчи. Тўғрида, ҳали ҳамма логотипларни ўғирлаб улгуришмади-ку. Қолаверса, чемпионат формати бўйича барча тажрибаларни синаб кўришмади, ҳозирча.

***

2000 йили Ўзбекистон чемпионати Олий лигасида 20та жамоа иштирок этгани эсингиздами? Нега бундай бўлгани-чи, ёдингиздан кўтарилмаганми? 1999 йил охирида ўша пайтдаги Ўзбекистон Президентининг Нукусга ташрифи чоғида маҳаллий жамоатчилик вакиллари уларнинг жамоаси Олий лигада қатнашмаётганидан шикоят қилишди. Натижада 2000 йили «Орол» (кейинчалик номи «Турон»га алмаштирилди) элита қатнашчилари сафига қўшилди. Ваҳоланки, ўшанда нукусликлар Биринчи лигада 11-ўринни эгаллашганди. Шу билан бирга, «Қизилқум» ҳам (Биринчи лигада эгалланган 3-ўрин элитага чиқиш имконини бермасди) Олий лигада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бундан ташқари, «Сурхон» ва «Янгиер» қуйи дивизионга тушиб кетиш хавфидан қутулиб, элитадаги жойларини сақлаб қолишди. Охир-оқибат, 1999 йили Олий лигада 16та клуб иштирок этган бўлса, 2000 йилда улар сони 20тага етди. Бир йилдан кейин қатнашчилар яна 18тага туширилди, 2002 йилда эса Ўзбекистон чемпионати олий дивизиони баҳслари яна 16та жамоа иштирокида ўтказилди.

***

2020 йил - аёллар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида букмекерларнинг ғалати «котировкалари»га сабаб бўлган «шубҳали» ўйинлар ўтказилгани билан ўзбек футболи тарихидан жой олади.

***

2016 йилнинг ёзида Элдор Шомуродовда Европага кетиш учун имконият туғилганди. Аммо «А» Серияга эмас, Чехия ёки Швейцарияга. Аммо ўша пайтда (ажабтовур тасодиф туфайли термада бўлган) футболчи агентини алмаштиришга қарор қилди ва шундан сўнг унга нимани буюришса, ўшани бажаришга одатланди. Масалан, Шомуродов «Бунёдкор» билан шартномасини узайтирмасликка қатъий қарор қилди, 2017 йилнинг 1 июлида эса, яъни «қалдирғочлар» билан келишуви муддати тугашига 6 ой қолганда, «Ростов» билан битим тузди. Рос­товликлар «Бунёдкор» билан тўғридан-тўғри музокара ўтказишни истамай, бу ишни Шомуродовнинг агентига ишониб топширишди. Натижада, клублар ўртасида тузилажак трансфер шартномаси «Бунёдкор» манфаатларига мос келмади, агентларга (ҳатто қоғозда номи акс этмаганларга ҳам) эса аксинча, жуда маъқул эди.

***

Хитойнинг «Чанчунь Ятай» клуби бош мураббий Самвел Бабаянни ишдан бўшаганини маълум қилди. Тушунарсиз истеъфо. Жамоа 7 ўйинда 14 очко жамғарди, гуруҳида 2-ўринни эгаллаб турибди, етакчидан бир очкога ортда қолган ҳолда, асосий таъқибчисидан 2 очкога илгарилаган. Финал босқичига ҳар бир гуруҳдан иккитадан жамоа йўл олади.

Алишер НИКИМБАЕВ, «Футболиум» канали


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz