Қайднома

Қидирув

Кепага ўринбосар топилди

Кепага ўринбосар топилди

  09.10.2020 04:02
  0
  321
Кепага ўринбосар топилди

Сўнгги пайтларда «Челси» мутасаддилари моҳир дарвозабон излаш билан банд эдилар. Ниҳоят, улар мақсадга эришгандеклар - 23 ёшгача ишсиз юрган ва 26 ёшида Лига 1да дебютини нишонлаган дарвозабонни «кўклар» сафига қабул қилишди. The Telegraph наш­рида ёзилишича, Кепа Аррисабалага клуб раҳбариятини қониқтирмай қўйган.

Хабарларга дарров ишонавермаймиз, аммо 2та ишончли манбанинг гувоҳлик беришича, «Челси» 28 ёшли Эдуард Мендининг «Ренн»дан «кўклар» сафига ўтиши борасида келишувга эришган:

Фабрицио Романо (ўта ишончли италиялик журналист): - Келишув ниҳоясига етди. Менди тез орада тиббий кўрикдан ўтиш учун Лондонга йўл олади.

Муҳаммад Бухафси (RMCнинг Лига1 жамоаларига ихтисослашган франциялик журналист): - Менди «Челси» билан 5 йиллик шартномага имзо чекди.

Эдуард Менди ким ўзи?

Менди - «Ренн» таркибида атиги бир йилдан бери майдонга тушаётган дарвозабон. Ўтган мавсум жамоа­нинг кўпчилик учун кутилмаган ҳолатда ЕЧЛ ҳудудидан жой олишида айнан шу посбон муҳим роль ўйнади. У 2019|20 йиллар мавсумида 24 марта майдонга тушиб, дарвозасидан 18та тўп ўтказиб юборди.

Мендининг фазилатлари хусусида «Ренн»нинг ёш мураббийи Жюльен Стефан шундай ҳикоя қилади: «Эдуард - бу пантера. Лига 1да бор-йўғи бир йил ўйнаган бўлсада, ўзини улкан тажриба соҳибидек тутади. У жуда тезкор ва ақлли, ишонч­ли посбон. Аввалги мавсум натижалари фикримни тасдиқлайди. Тез орада Мендига топ-клублардан таклиф тушса, ажабланмайман».

Стефан бу гапларни августда айтганди. Икки ҳафтадан кейин «Челси» Мендига қизиқиб қолганлиги ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлди. Менди 26 ёшга чиққанида Лига 1да дебютини нишонлади. Бунгача 3 йил ишсиз юрганди. 13 ёшли пайтида Эдуард «Гавр» ўсмирлар жамоасида ўйнарди. Бироқ 2010 йилда клубда академияни янгилаш жараёни бошланди. Бу пайтда ёш дарвозабон ўринбосарлар жамоасига ўтадиган ёшда эди. Аммо рақобатдан ўтолмагач, у билан хайрлашишди.

Ярим йиллик изланишдан кейин Менди «Шербур» билан шартнома имзолади. 2011 йил. Менди 19 ёшда. У 1, 2-лигалар савиясидаги жамоадан ярим профессионал футболга тушиб кетди ва ўшанда шундай деганди: «Орзуларим барбод бўлаётганини кўргач, бир ҳафта йиғладим. Футболни тарк этишга ҳам қарор қилдим, лекин уддалай олмадим: у менинг ҳаётим эди. Қачондир профессионал мақомига эришиш истагидан воз кечолмадим».

«Шербур»даги 3 йил ичида Эдуард асосий дарвозабон мақомидан 3-пос­бонгача пасайди. 2014 йилда жамоа унинг шартномаси муддатини узайтиришни истамади ва 22 ёшли футболчи клубсиз қолди. Кейинги бир йилни янги клуб ахтариш билан ўтказди, 2 агент билан ҳамкорлик қилди. Уларнинг бири анча вақтгача футболчини қуруқ ваъдалар билан алдаб юрди, элита жамоаларининг бири билан музокара олиб бораётганлигини маълум қилди. Аслида у ёлғон гапирганди. Қисқаси, тўсатдан агент ҳам, таклиф ҳам ғойиб бўлди.

2015 йилда Менди «Марсель» эътиборини тортди.

Дарвозабоннинг кейинги фаолияти:

* 23 ёшда Менди «Марсель» билан шартнома имзолади. Уни бир йўла 4-дивизионда тўп сурадиган захира жамоасига жўнатишди.

* Бир йилдан кейин Эдуард «Реймс» таркибига ўтди ва фаолиятида биринчи марта 3-лигадан юқори бўлган мусобақа иштирокчисига айланди. Кейинги 2 мавсумда Лига 2да ўйнади.

* Ниҳоят, 26 ёшли посбон «Реймс» билан Лига 1 аъзосига айланди.

* 27 ёшда Менди «Ренн» таркибидан жой олди.

* 28 ёшда у илк бор еврокубоклар ҳудудига кўтарилди - «Ренн»даги деб­ют мавсум омадли чиқди.

- Менинг фаолиятим - ҳар қандай вазиятда ҳам таслим бўлмаслик кераклигини исботлайдиган намуна. Футболдан воз кечиш фикри бир марта хаёлимдан ўтди. Кейин ўзимни бир неча бор тарсакилаб, бу ўйни қувдим ва муваффақиятга ишона бошладим. Қуйи лигалар - руҳият синови учун ажойиб восита. У ерда бир куни синиш ва ҳеч қаерга кўтарилмаслик, шунингдек, ҳар куни меҳнат қилиш ва қачондир зафарга эришиш мумкин. Бахтимга, мен иккинчи тоифадан жой олдим. Менди ўлим тўшагида ётган отаси ҳурматидан Гвинея-Бисау таркибида ўйнади, кейин Сенегални танлади. Эдуарднинг онаси сенегаллик, отаси эса Гвинея-Бисау фуқароси. 2015 йилда отаси қаттиқ бетоб бўлиб қолди. 2016 йилда (Эдуард 4-лигада ўйнарди) уни ҳар икки мамлакат термалари ўз сафига чорлади. Футболчи Гвинея-Бисауни танлади: «Отам учун шундай қарорга келгандим, мен уни ҳеч бўлмаганда ўлими олдидан хурсанд қилмоқчи эдим. Аслида отам кўнглимга қараб иш тутишни маслаҳат берганди. Ўша паллада қалбим Гвинея-Бисауга мойил эди. Бу жамоа билан Португалия клубларига қарши 2та ўртоқлик учрашувида майдонга тушдим ва бу вариант маъқул келмаганлигини тушундим. Терма жамоа менга Африка кубоги саралаш беллашувларида қатнашишни таклиф этди. Мен рад этдим. Сенегал ўша заҳоти ўзига чорлади. Дўстларим ва яқинларим мени қўллашди, бунинг учун улардан миннатдорман».

Дарвоқе, Эдуард Менди - «Реал»даги Ферлан Мендининг яқин қариндоши. Клублар доирасида улар ўзаро дуч келишмаган. Шунингдек, мулоқотлари ҳам доимий эмас.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz