Қайднома

Қидирув

Икер Касильяс: «Мендан ҳам, «Реал»дан ҳам хатолик ўтди»

Икер Касильяс: «Мендан ҳам, «Реал»дан ҳам хатолик ўтди»

  12.10.2020 01:44
  0
  408
Икер Касильяс: «Мендан ҳам, «Реал»дан ҳам хатолик ўтди»

Замонамизнинг моҳир дарвозабонларидан бири бўлган Икер Касильяснинг жонажон клуби - «Реал»дан кетиши ихтиёрий ва самимий тарзда бўлмаганлиги ўшанда кўпчиликни ажаблантирган, кенг жамоатчилик унинг асл сабабларидан бехабар қолганди. Яқинда Мексикада TELMEX Telcel жамғармаси томонидан ҳар йили ташкил этиладиган тадбирда иштирок этган футболчи ана шу жумбоққа хотима берди.

«Мадрид» билан кўнгилсиз хайр­лашув

- Клуб ҳам, мен ҳам хатоликка йўл қўйдик, аммо вазиятдан тегишли сабоқ олдик. Ўша пайтдаги суратларга қарашни хуш кўрмайман - назаримда, ҳар икки томон ҳам ноқулай вазиятга тушиб қолганди. Ишончим комил, вақти келиб хатони тўғрилаймиз ва мухлисларни хушнуд этамиз.

Дель Боске ва Моуриньо билан муносабатлардаги тафовут

- Бу тамоман ўзгача 2 хил вазият: биринчисида мени спортга оид камчиликларим учун айблашди, иккинчисида - шахсий сабаблар. 1,5 йил давомида муносабатларимиз рисоладагидек эди, кейин келишмовчиликлар юзага кела бошлади. Аслида бу нормал ҳолат, жамоа сардори ва мураббийи турли масалаларда тез-тез мулоқотда бўлиб туришади. Аммо мен ҳеч қачон ўзимни мураббийдан устун қўйган эмасман. Кундалик суҳбатлар оқибатида қачондир зиддият вужудга келиши аниқ.

Моуриньо туфайли юзага келган муаммолар

- Жозе Моуриньо мени бошқа жамоадошларим билан бир хил мақомда эмас, деб ўйлаганди. Муносабатларимизнинг ёмонлашиши эса унга қандайдир енгиллик берди. Мухлислар жуда кўп нарсалардан бехабарлар. Шунга қарамай, кейинчалик мураббий билан бир неча марта суҳбатлашдик, миннатдорчилик билдирдик. Ғазабланишдан маъно йўқ, у ҳам, мен ҳам жамоа манфаатини кўзлаганмиз. Жуда иноқ бўлишимизни истамасдим. Чунки менга маълум бўлган айрим лавҳаларни ёқтирмасдим. Якунда Моуриньо бошқа дарвозабонга ишонч билдирди. Келишмовчилик юз берган паллада ёш бола эмасдим - ёшим 33га чиққанди. Фақат клуб манфаатини ўйлаганман, кескин баҳс-мунозарага йўл қўймадим. Агар воқеа ҳозир такрорланса, аввалгидек қарорга келардим. Ўйлашимча, хато қилмадим.

Шунақа вазиятдаги ўйинчиларга тавсия

- Ишлаш, ишлаш ва яна ишлашни тавсия этаман: Луис Арагонес менга мураббий ёки жамоадошларимга эмас, фақат ўзимга эътибор қаратиш бўйича сабоқ берган. Фақат шу йўл билан бунданда самаралироқ ўйнаш учун нималардан воз кечиш, нималарни ўзгартириш, нималарни ўрганиш кераклигини тушуна олишим мумкинлигини уқтирган. Ўз вазифасини рисоладагидек адо этиб, жамоасига манфаат келтиришга интилган футболчи албатта мукофотини олади.

Галактикос

- Ўша пайтдаги «Реал Мадрид» ҳар қандай футболчи учун энг буюк мукофот эканлигини сезгандим: Флорентино Переснинг фалсафаси - ўз даврининг энг ёрқин ўйинчиларини харид қилиш - биз учун ҳам қўшимча мотивация эди. Ўша даврдан фақат ёрқин хотиралар қолган: галактикоснинг сўнг­ги мавсумида совринлар бобида омадимиз чопмаган бўлсада, 2000-2003 йиллар оралиғида 2 марта Европа кубоги ва Испания чемпионлигини қўлга киритдик, бошқа кўплаб сов­ринларга эга чиқдик. Флорентино «Мадрид»ни чўққига олиб чиқди, уни энг муҳим клубга айлантирди. «Реал» ҳанузгача бу мақомни бой бергани йўқ.

«Мадрид»даги босим

- Кичик ёш тоифалардаги ўйинларда 8:2 ҳисобида ғалаба қозонсак ҳам мураббийдан 2та тўп ўтказиб юборганим учун танбеҳ эшитардим. Ҳатто кантерада ҳам ўзига яраша босим мавжуд эди. Бироқ асосий жамоа дарвозасини қўриқлай бошлаганимда, босимга дош берадиган бўлдим: ҳар 3 кунда юксак масъулият билан майдонга тушишим олдиндан маълум эди, табиийки, юксак савия намойиш этиш доимо осон бўлавермайди. Бироқ шундай босим остида ўйнаш менга ёқарди.

Футболсиз ҳаёт

- Ҳаётда сезиларли ўзгаришлар юз берди: қолоқлик, кундалик урф-одатлар ўтмишда қолди. Шахсий ҳаётим ва профессионал фаолиятим кун тартибини қайтадан кўриб чиқишимга тўғри келди. Хайриятки, фаолиятим ниҳоясига етиб бораётганини 2-3 йил аввалроқ тушуна бошлагандим. Шу боис, бундан 1,5 йил аввал инфарктга йўлиққанимда, мен учун футбол тугаётганини сездим. Мавжуд шарт-шароитлар туфайли у бироз барвақтроқ юз берди. Аммо муаммоларга дуч келмадим, чунки бунга тайёр эдим.

«Мадрид» билан ЕЧЛдаги илк тажриба

- Қизиғи шундаки, ўша куни маш­ғулотда эдим. Болалар билан «Мадрид» ҳақида суҳбатлашдик, унчалик омадли кечмаган ўйинларни эсладик... Кутилмаганда ҳали танаффусга чорловчи қўнғироқ чалинмай туриб, қоровул синфимизга кирди ва ташқарига чиқишим кераклигини айт­ди. Аввалига бунга эътибор бермадим. Аммо 15-20 метрча юргандан кейин қандайдир нохуш хабарни эшитишдан хавотирланиб, асабийлаша бошладим. Шунда у «Реал» мени ЕЧЛга олиб кетиш учун келганлигини айтиб, тинчлантирди. Бироқ унинг гапларини ҳазилга йўйган, таажжуб туфайли кейинги гапларини умуман тушуна олмагандим. Шу зайлда директор хонасига кирдик. У эса клубдан қўнғироқ қилишгани, жамоа билан Норвегияга йўл олишимни тасдиқлади. Буни қарангки, сал аввалроқ болалар билан «Реал»ни танқид қилгандим. Энди ўша жамоа таркибида сафарга йўл оладиган, Зеедорф, Морьентес, Рауль ва Роберто Карлос каби афсоналар билан бирга бўладиган футболчига айландим. Ўз тарихида еттинчи бор ЕЧЛ ғолибига айланган жамоа сафида йўлга чиқиш мен учун Диснейленд сафаридан ҳам тотлироқ эди.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz