Қайднома

Қидирув

Ла лига АҚШни забт этмоқчи

Ла лига АҚШни забт этмоқчи

  14.10.2020 01:27
  0
  288
Ла лига АҚШни забт этмоқчи

Ниҳоят, футбол Европа майдонларига, жумладан, телеэкранларга ҳам қайтди. Майдон аввалгидек ям-яшил, аммо бўм-бўш трибуналар 2020 йилнинг қайғули воқеаларини эслатиб турибди. Кимдир ўриндиқни ўз ҳолича бўш қолдирди, бошқаси уни баннерлар ёки манекенлар билан банд этди. Испанияликлар ўзгача йўлни танладилар - бўш трибуналар ўрнини компьютер билан жиҳозланганлари эгаллади. Ҳаракатланувчи майда нуқталар турли рангларда товланган ҳолда акс-садо бериш орқали стадиондаги сукунатни бузишга уринади. Бу чиндан ҳам камдан-кам учрайдиган муаммонинг ечими - ажойиб экспериментларни ўзи учун одатий эҳтиёж, деб биладиган Ла Лигадан фақат шундай кашфиётни кутгандик.

Испаниялик мухлислар яшил майдондаги қизғин баҳсларни зангори экранлар ёрдамида томоша қилишаётган пайтда лига мутасаддилари бош­қа масала устида бош қотириш билан банд эдилар - америкалик мухлисларни қай йўсинда Ла Лигага жалб этиш мумкин? Ватандошлар борасида муаммо йўқ, улар маҳаллий футбол билан биргаликда улға-йишган, уни ҳеч нарсага алишмайдилар. Бироқ АҚШ - гуркираб ўсаётган ва жозибадор бозор. У анчадан бери сайёрамизнинг етакчи лигалари учун азалий орзу бўлиб қолмоқда.

«Биз учун АҚШ - Испаниядан ке-йинги иккинчи энг муҳим мамлакат. Америкалик мухлис ва томошабинларни Ла Лигага қизиқтириш учун барча мавжуд имкониятларни ишга соламиз», - деди Ла Лига президенти Хавьер Тебас.

Бу қадар кучли қизиқишнинг асосий сабаби - АҚШ аҳолисининг юксак харид қувватига эга эканлиги. У ердаги ТВ ҳамда маркетинг даражаси, мухлислар аудиториясининг кенг­лиги бу юртни Европа футболи, америкаликлар таъбири билан айтганда, «соккер» учун жаннатмакон гўша даражасига кўтариб қўйган. Шунчалик чексиз захирадан фойдаланмаслик кечирилмас хато бўлиши аниқ.

«Бу масалада тинимсиз иш олиб боряпмиз. 1-2 учрашувни АҚШда ўтказиш етарли эмас - яна нималардир қилиш керак. Ҳозирча билганимиз - доимо олға интилиш лозим. Акс ҳолда, ҳалокатга юз тутамиз». Президентнинг мазкур эътирофи футболнинг қанчалик ўзгариб кетганлигини, глобаллашув жараёни унга қандай таъсир ўтказганини эслатиб қўймоқда. Авваллари ҳар бир клуб ўз шаҳри ҳисобига кун кўрган бўлса, энди энг ардоқли мухлислар ўзга қитъаларда бўлишлари ва ўзгача валюталар билан ҳақ тўлашлари мумкин. Ҳар қайси янги йил бошида Осиё ва Америка бозори ўз брендини хорижга экспорт қилиш умидида бўлган клублар учун лаззатли таом бўлиб қолмоқда.

Глобаллашувга ҳеч қайси лига Примерачалик интилмаётган бўлса керак. Испанияликлар бутун дунёни кезиб юрувчи 43 нафар «делегатлар»ни ёллаганлар, испан футболи манфаатларини ҳимоя қиладиган 11та халқаро офислар сайёрамизнинг турли нуқталарида фаолият олиб бормоқда.

Жараён 2017 йилнинг ёзида, «Барселона» ва «Реал» Майами яқинида ўртоқлик учрашувини ўтказишлари билан бошланганди. «Хард Рок Стэдиум»да бўлиб ўтган халқаро Чемпионлар кубогини 66000дан кўпроқ мухлис томоша қилди, ташкилотчиларга 38 млн. даромад келтирди. Рақамларни таҳлил қилган Ла Лига ва Relevent (кубок ташкилотчиси ва промоутери) янада салмоқлироқ ҳамкорлик ҳақида ўйлай бошладилар. Кейин ҳамкорлар бу масалани муҳокама қилишди. «ТВ вакилларида Ла Лигага қизиқиш уйғотиш учун 4 йилда бир марта АҚШга ташриф буюриш етарли, деб ўйласангиз, хато қиласиз. Бренд нуфузини ошириш учун ҳар куни бозор билан ишлаш, нимадир қилиш керак», - деганди Televisa ва Univision бошқаруви собиқ аъзоси Борис Гартнер.

Шу тариқа Ла Лига ва Relevent La Liga North America ташкил этилди. 15 йилга мўлжалланган қўшма корхона испан футболини овоза қилиш ва америкалик ҳамда канадалик ҳомийларни топиш билан шуғулланади. Ҳозиргача Relevent лойиҳага 10 млн. доллар атрофида сармоя киритди. «Истаган футбол директоридан сўрасангиз, АҚШ бозорига чиқиш учун лойиҳаси борлиги ёки уни яратиш ҳаракатида эканлигини айтади. Аммо уларнинг ҳеч қайсиси нимадир қилиш учун захирага эга эмас», - дейди Гарт­нер.

Лекин сармоялар нима учун? Шунчалик югур-югурлар нима учун? Гап шундаки, Ла Лига Европа футболи етакчиси (УЕФА коэффициентига кўра) бўлсада, Тебас учун иккинчи муҳим бозорда долзарб мавзу эмас. АҚШда энг оммавий лига қайси? Мексика чемпионати. Боиси, АҚШ аҳолисининг 40 фоизи мексикаликлар авлодлари. АПЛга бўлган қизиқиш ҳам сўнган эмас - энг нуфузли чемпионат уммон ортидаги ишқибозларни интрига, топ-клублар ва енгил ҳазм бўладиган бренд билан таъминламоқда. Шунингдек, Англия NBC телекомпанияси билан ҳамкорликдан катта даромад олди. АҚШда Бундеслига ўйинларини бемалол томоша қилиш мумкин, ҳар ерда ҳозиру нозир Fox 5 йилдан бери ўз сафига энг кўп америкалик футболчиларни жалб этган чемпионат беллашувларини мунтазам намойиш этмоқда: «Лойиҳа устида иш бошлаганимизга атиги 2 йил бўлди. АПЛ анча аввлроқ келган. Биз уни қувиб етишимиз лозим. Бироқ ўсиш шиддатини оширганимизда ҳам, уларнинг кўрсаткичларидан анча йироқмиз».

Испанияликлардан омад юз ўгирди. Мажбурий танаффусдан кейинги ажиотаж барча чемпионатларда кузатилган бўлсада, инглизлар ва немислар кўпроқ манфаатдор бўлишди. Ла Лиганинг ТВ ҳамкори BelN Sports мураккаб даврни ўтказмоқда. Примера беллашувларини Қатар компанияси 17 мамлакатга узатади. Аммо америкаликлар ҳамкорликни тўхтатишгани оқибатида у ердаги мижозлар сони камайиб кетди. 2017|2018 йиллар мавсумида мухлислар сони 55 млн. атрофида эди, ҳозир 27 млн.га тушиб қолди. Охир-оқибат, 2024 йилгача мўлжалланган янги шартнома имзоланди. «Мухлисларимизнинг камайиб кетишига жим қараб туролмаймиз. Шу сабабли бош­қа стратегиялар устида ишлаяпмиз. Менимча, даромадга интилиш билан медиа таъсири ўртасида мувозанат бўлиши лозим», - дейди Тебас.

Гартнер ҳам ўзини порлоқ келажакка ишонтиришга мажбур бўлмоқда. Ҳозирча, молиявий масалада ҳаммаси жойида: ҳар мавсум учун BelN Ла Лигага АПЛнинг NBCдан оладиган 167 млн. долларни ўтказиб келмоқда. У ердагилар лигани юксак баҳолашади. «Агар телеканалнинг асосий «фишкаси» бўлсанг, сени овоза қилиш учун ижодкорлар бор имкониятларини ишга солишади. Шунингдек, биз рақобатчиларимиз фаолиятига эътиборсиз бўлишга ҳам йўл қўя олмаймиз: «А» серия ҳозир ESPN Plus билан ҳамкорлик қилмоқда, яқингача Fox орқали намойиш этилган Бундеслига ҳам ўша ерда. ЕЧЛ Univision билан келишиш учун ажойиб имкониятга эга бўлганди. Бироқ негадир B|R Live компаниясини танлади ва қашшоқликда фаолият юритмоқда. Биз эса инглиз ва испан тилларида сўзлашувчи мухлислар аудиторияси ва биздан воз кеча олмайдиган телеканал билан мақтана оламиз. Ҳозирда амалга ошираётган режаларимиз клублар талабига мос келади. Биз ўртага шундай саволни қўямиз: чиқимларни қоплаш муҳимроқми ёки даромад? Кимдир чиқимларни қоплаш, дейди. Чунки унинг режаси узоқ муддатга мўлжалланган ва у учун бренднинг машҳурлиги биринчи ўринда. Биз уларнинг талабини инобатга олган ҳолда, даромади 20 фоизга камроқ бўлган вариантни таклиф этамиз. Фақат шундан кейин улар ён беришга мажбур бўладилар», - дейди Гартнер.

Ҳа, уларни тушуниш мумкин. Чунки Ла Лигадагилар ҳар бир тийинни ҳисоблашади. Лига фаолияти асосан 2та энг бадавлат клуб зиммасида. Бу - Примерадаги иккинчи жиддий муаммо. «Барселона» ва «Реал» дунёнинг турли мамлакатларида етарлича мухлисларга эгалар. Тўғри, улар Ла Лига аъзолари, аммо ўзлари лигадан катталар. Уларнинг мислсиз қудрати кўпчиликни чемпионат беллашувларининг асосий қисмида маъно йўқ, деган хулосага келишга мажбур этади. «Эль Класико» - мафтункор қарама-қаршилик, лекин қолган учрашув ва дербилар унинг соясида мутлақо сезилмайди. «Осасуна»лар, «Леванте»лар ва улар мақомидаги жамоаларни уммон орти мухлиси умуман танимайди. Бу икки азалий рақибнинг қудратига ортиқча баҳо беришнинг ҳожати йўқ: охирги 15 чемпионликнинг 14таси «Барса» билан «Реал»га тегишли. Тўғри, ҳозир Бундеслига, «А» серия ва Лига 1 ҳам ягона клуб гегемонлигидан жабр кўраётган бўлсада, тарихий натижалар анча ўзгача: бошқа мамлакатлардаги жамоаларнинг кўпчилиги етарли совринларни қўлга киритиш орқали бутун дунёга танилиб улгурган. Қиёсий натижаларга эътибор беринг: испан клубларидан атиги 5таси 3 ва ундан кўпроқ ғолибликка эришган. Бундай чемпионлар Англияда 14та, Германияда 12та, Италияда 8та, Францияда 14та ва Мексикада 12та.

Испания чемпионатининг қудратига шубҳа йўқ, «Севилья» (5) ва «Атлетико»нинг (3) ЕЛдаги муваффақиятлари буни тасдиқлайди. Бироқ ушбу ёрқин жуфтликнинг 15 йил ичида атиги бир марта икки гранддан чемпионликни тортиб олгани Ла Лиганинг 2-ўриндан пастдаги жамоаларни хуш кўрмаслигидан далолатдир. Тебас, Гартнер ва уларнинг касбдошлари лиганинг жадал тараққий этишини, АҚШдаги мухлислар қолган 18 жамоа номларини ёдлаб олишларини истайдилар. «Реал Сосьедад» қайси шаҳар жамоаси?», «Леганес»нинг энг яхши ўйинчиси ким?», «Вальядолид» қайси рангдаги либосларда ўйнайди?». Шу каби саволларга жавоб қайтариш қанчалик осон бўлса, хорижлик ишқибозларни жалб этиш шунчалик енгиллашади.

«Испан футболи «Реал» ва «Барселона» асосида қад ростлагани ҳақиқат. Бироқ бу омил Ла Лиганинг АПЛ каби нуфузли чемпионат даражасига кўтарилишига халал бера олмади. Биз учун энг муҳими, бошқа жамоаларнинг тезроқ ривожланиши. Биз сунъий интригани истамаймиз, «Атлетико» ва «Севилья»га ўхшаган «чақилмас ёнғоқлар» кўпроқ бўлиши тарафдоримиз. Шундай жамоалар икки гранд ҳукмронлигига барҳам беришлари мумкин», - дейди Тебас. Бу шунчаки қуруқ гаплар эмас: 2015 йилда Тебас ислоҳот ўтказиб, илк марта лигадаги лицензиялаш жараёнини ўз назоратига олганди. Бунгача ҳар қайси клуб ТВ ҳуқуқларини лицензиялаш масаласини мустақил ҳал қилган, камтарин жамоаларга деярли ҳеч вақо қолмасди. Авваллари ТВ намойишидан олинган даромад нисбати 12:1 бўлса, 2018|2019 йиллар мавсумида 3,5:1 кўринишга келди.

Еврокубок мусобақаларидаги иштирок учун олинадиган даромад ҳанузгача барча жамоалар ўртасида тақсимланмаяпти. Шу боис, ҳамон «Реал» ва «Барселона»нинг улушлари кўпроқ, «Атлетико» ва «Валенсия»ники камроқ бўлсада, мўмай даромад соҳиблари бўлиб қолишмоқда. Лекин бу борадаги ижобий ўзгаришлар сезиларли. Айни паллада La Liga North America дуч келган ерга «Реал» ва «Барса» тимсолларини тиқиштириш эмас, чемпионатни овоза қилишга уринмоқда. «Бренд нуфузини ошириш йўлида «Реал» ва «Барса»нинг машҳурлигини инкор этиш ҳақиқий телбалик бўларди. Лекин бош­қа томондан, «Атлетико» ва унчалик таниш бўлмаган бошқа жамоаларни овоза қилишда шу платформадан фойдаланмаслик ҳам калтабинликдан ўзга нарса эмас», - дея таъкидлайди Гартнер.

Лекин асосий мақсад - футбол учрашувлари. Мутасаддилар Ла Лига ўйинларини АҚШда ўтказиш, бундай беллашувлар имкон қадар кўпроқ бўлишини таъминлаш тараддудидалар. Бу - Европанинг ҳеч қайси вакили амалга оширмаган янгилик. Шу боис, қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда. Бу борадаги дастлабки уриниш самарасиз якунланди: 2019 йил январига мўлжалланган «Жирона» - «Барселона» беллашуви ташкилотчиларнинг бир тўхтамга кела олмаганликлари оқибатида ўтказилмади. «Ла Лига расмий учрашувининг АҚШда ўтказилиши - халқаро футбол ва Примера тараққиётидаги муҳим қадам. Америка спорти айнан шу стратегияга асосланган», - дейди Гарт­нер МФЛ, МХЛ, МБА тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда.

Бундай хулосага қўшилмайдиган мутахассислар ҳам йўқ эмас. 2018 йилда ФИФА раҳбари Жанни Инфантино АҚШда Ла Лиганинг эмас, МЛСнинг энг ёрқин беллашуви ташкил этилиши мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлаганди. Испания ва АҚШ футбол федерациялари ҳам қарши овоз беришганди. Янгилик тарафдорлари икки мамлакат федерациялари устидан судга мурожаат қилишди. Бироқ бу самара бермади. Хуллас, тез орада Ла Лига учрашувлари АҚШга «экспорт» қилинишига умид йўқ. Эҳтимол, режа ҳеч қачон амалга ошмас. Ҳечқиси йўқ - манфаатдор томонлар «поезд»га ошиқаётган йўловчилар эмас. Шартнома 15 йилга мўлжалланган. BelN билан имзоланган келишув яна 4 йил ўз кучида қолади. 2026 йилдаги ЖЧ эса америкаликларни футболга жалб этишда навбатдаги восита вазифасини бажаради. Ҳаммаси режадагидек кетмоқда.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz