Қайднома

Қидирув

Хусайн Норчаев: “Ҳужумчи тўпурар бўлишга интилиши шарт ”

Хусайн Норчаев: “Ҳужумчи тўпурар бўлишга интилиши шарт ”

  16.10.2020 02:25
  0
  344
Хусайн Норчаев: “Ҳужумчи тўпурар бўлишга интилиши шарт ”

Мавсум кашфиётларидан бири - «Насаф» ҳужумчиси Ҳусайн Норчаевнинг фикрича, олдинги чизиқ вакили тўрурарликка интилиши керак, лекин жамоавий ғалаба шахсий ютуқлардан афзалроқ, барибир. Қарши клуби жорий мавсум ҳам ўз академияси тарбияланувчиларига таянган ҳолда совринли ўринлар учун курашмоқда. Жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиевнинг иқтидорли ёшлар билан ишлаш тажрибаси таҳсинга лойиқ, албатта. Мана, «Насаф» асосий таркибида шу йил дебют қилган ёш ҳужумчи Ҳусайн Норчаев ҳам ўзини ҳар томонлама кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Темур Кападзе бошқарувидаги ёшлар термасида муҳим «фигура»лардан бирига айланиб улгурган ҳужумчи билан суҳбатда унинг футбол бобида теран фикрлашига ҳам амин бўлдик.


- Ҳусайн, «Насаф» бағридан отилиб чиққан янги иқтидорлардан бирисиз. Келинг, аввало, футболга қандай ошно тутинганингиз ҳақида озгина гаплашсак...

- Биринчи навбатда, менга ишонч билдираётган «Насаф» раҳбарияти ва бош мураббий Рўзиқул Бердиевга алоҳида миннатдорчилик билдиришим керак. Эсимда, клуб академиясига илк марта 2012 йили отам олиб келгандилар. Биринчи мураббийларим - Дадажон Тагаев ва Элдор Мойлиев. Футболда илк сабоқларни шулардан олганман.

- Асосий таркибга қўшилишингиз қандай юз берди? Ҳаяжон ва босимни енгишда қийналмадингизми?

- Ҳаммаси кутилмаганда, жуда тез рўй берди. Маълум муддат ўринбосарлар жамоасида тўп сургач, асосий таркиб машғулотларига қўшилдим. Табиийки, жамоада барча футболчиларни яхши биламан. Шунинг эвазига ҳаяжонни енгиш муаммо туғдирмади. Чунки йигитлар ҳам майдон, ҳам унинг ташқарисида катта ёрдам беришди.

- Ўринбосарлар ва асосий жамоа ўртасида катта фарқ бор, барибир. Асосий таркибга қўшилгач, ўзингизда футболчи сифатида қандай ўзгаришларни сездингиз?

- Ҳа, асосий жамоага ўтгач, бирданига улғайиб қолгандекман. Албатта, тажрибали футболчилардан кўп нарса ўрганишга интиляпман. Энг асосийси, ўз салоҳиятимга ишонч тобора ортмоқда.

- Футболни танлаган ҳар бир болакай кимгадир ҳавас қилиб, унга ўхшашни хоҳлайди. қизиқ, Ҳусайн ўзбекистонлик қайси футболчига ҳавас билан қарайди ва ундан нималарни олишга интилади?

- Элдор Шомуродовга ҳурматим баланд, ўйинини ҳамиша катта қизиқиш билан кузатаман. Элдор ака тўпни яхши ушлаб туради, яна енгил қабул қилади, боши билан яхши ўйнайди. Энг асосийси, голга тортадиган вазиятни олдиндан сезади. Буларнинг барчаси ҳужумчи учун зарур хислатлар.

- «Насаф» охирги мавсумларда совринли ўринлардан четда қолди. Хўш, бу йил жамоа мухлисларга қандайдир совға улаша оладими?

- Худо хоҳласа, жорий мавсум сов­ринли ўринлардан бирини банд этамиз. Агар ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритсак, нур устига аъло нур. Мана, мухлислар стадионларга қайтмоқдалар. Бу яхши, албатта. Бироқ оралиқ масофани сақлаб, эҳтиёткорликни унутмаслик лозим.

- Ўтган йили кичик турнирларда қашқадарё вилояти шарафини муносиб ҳимоя қилдингиз, яъни кўплаб голлар урдингиз. Энди навбатда - «Насаф» ва миллий жамоа. Шундайми?

- Ҳа, мақсадим ҳам шу. Аввало, ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида терма жамоамиз билан қитъа чемпиони ва мусобақа тўпурари бўлишни хоҳлайман. Темур ака Кападзе ишончини оқлаш йўлида бор кучимни сарфлашим аниқ.

- Ҳужумчи учун тўпурар бўлиш қай даражада муҳим? Шахсан сиз учун қай бири салмоқлироқ - тўп­урарлик мақомими ёки жамоавий соврин?

- Албатта, ҳужумчи тўпурарликка интилиши керак. У қанча кўп гол урса, жамоасига шунча ёрдам берган ҳисобланади. Тўпурарлик ёки сов­рин? Футбол жамоавий ўйин. Шундай экан, жамоавий натижа салмоқлироқ, барибир. Лекин такрор айтаман, олдинги чизиқ вакили тўпурарликка ҳам ҳаракат қилиши керак. Иккиси бир-бирига боғлиқ, ахир.

- Рўзиқул Бердиевга 3та сўз билан таъриф бера оласизми?

- Бу осон - кучли, талабчан ва қаттиққўл.

- Футболчининг ўз ўйинидан кўнг­ли тўлиши пасайиш белгисими? Бу борада мураббийлар сизга қандай тавсиялар беришади?

- Ҳа, ким ўз ўйинидан қониқса, ишлашдан тўхтаб қолиши мумкин. Ҳар бир футболчи ўйинини мунтазам таҳлил қилиб, хатолари устида ишлаши керак.

- Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпио­натининг кейинги йилга қолдирилгани фойдами ёки...?

- Қайсидир маънода айтсак, турнирнинг қолдирилгани яхши бўлди. Негаки, ҳозир Суперлигада ҳар 4-5 кунда тур бор. Осиё чемпионати қолдирилгани кўпроқ йиғин ва ўртоқлик ўйинлари ташкил этиш, муносиб тайёргарлик кўриш имконини беради. Футболчилар бир-бирларини қанчалик яхши ўрганишса, ўйин шунчалик чиройли чиқади.

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz