Қайднома

Қидирув

Бибиананинг навбатдаги ютуғи

Бибиананинг навбатдаги ютуғи

  17.10.2020 01:11
  0
  325
Бибиананинг навбатдаги ютуғи

Германия футболидаги биринчи аёл ҳакам яна бир натижага эришди. Вақтида полицияда ишлаган, футболчилар ва Хосеп Гвардиола билан жанжаллашган Бибиана Штайнхаус яқинда Германия суперкубоги учун «Бавария» ва «Боруссия» Д. клублари ўртасида кечган ўйинни бошқариб борди. Хуллас, бу ўйин нафақат «Бавария»нинг навбатдаги ғалабаси ва Томас Мюллернинг соврин ютиш бобида Германия футболи рекордчисига айлангани, балки аёл рефери иши билан ҳам ёдда қолди. Алоҳида айтиш керак, немислар юртида нуфузли соврин тақдирини ҳал қилувчи учрашув илк марта аёл ҳакамга топширилди. Демак, 41 ёшли Бибиана Штайн­хаус мамлакат футболи тарихида яна бир янги саҳифа очди. Унинг ўзи болалигида  футбол билан жиддий шуғулланган, лекин кейинчалик ҳакамлик фаолияти равнақи йўлида севимли машғулотидан воз кечиб қўя қолган. Штайнхаус хонимнинг ҳакамлик фаолияти эса 1999 йили старт олди, ўша вақт у параллель равишда Ганновер полициясида ҳам иш бошлади. Айтиш мукинки, у полиция­чи лавозимида нафақат ҳаёт, балки ҳакамликка ҳам янгича ёндашишни ўрганди.

Штайнхаус полиция ва футболни ўзаро солиштиришни хуш кўради: «Полициячи ҳамиша муайян вазиятга тушган икки томон билан ишлайди. Футбол майдонида ҳам деярли шундай. Ҳакамнинг аёл ёки эркак эканлиги аҳамиятсиз. Ҳамма гап ўз ишининг чин устаси бўлиши ва буни амалда кўрсата олишида». Мана, Штайнхаус хоним олий даражали ўйин - Германия суперкубоги учун кечган учрашув билан самарали ҳакамлик фаолиятига нуқта қўйди. Унинг бу соҳадаги йўли турли натижалар, можаролар ва қизиқарли воқеаларга бой бўлди.

*** Бибиана Штайнхаус аёллар футболининг барча асосий турнирлари ўйинларида иш олиб борди. Жумладан, 2011 йили ЖЧда иштирок этди, кейин Олимпиада-2012 финалини бошқарди. 2017 йили эса жасур Бибианага аёллар ўртасидаги ЧЛ ҳал қилувчи ўйинини ишониб топширишди.

*** Бибиана Штайнхаус Бундеслига тарихида рефери вазифасини бажарган илк аёлдир. У 2017 йили «Герта» ва «Вердер» ўртасидаги ўйин­га тайинланди. Умумий ҳисобда айтсак, Штайнхаус хоним Бундеслига доирасидаги жами 23та учрашувда ҳакамлик қилди. Аёл рефери ҳисобида яна Бундеслига-2нинг 92та ва Германия кубогининг 13та ўйини бор.

*** Эрон телевидениеси бир сафар «Аугсбург» ва «Бавария» ўртасидаги учрашув трансляциясини бекор қилганди. Сабаб - Штайнхаус унда калта шортида ишлаганди. Эронда эса бундай ҳолатни давлат каналларида кўрсатиш қатъиян тақиқланган. Умуман, эронликлар айни шу сабаб туфайли Германия суперкубоги-2020 учун ўйинни ҳам кўришмади, ваҳоланки, мамлакатда олдиндан бу учрашувни трансляция қилиш режалаштириб қўйилганди.

*** «Фортуна» ва «Франкфурт» учрашувида футболчилардан бири - Керим Демирбай аёл реферининг ишидан қониқмаган ва ошкора гапиргани учун балога қолганди. Зеро, у эркаклар футболида аёлларга жой йўқлигини дангал айтган ва бунинг оқибатида 5та ўйинга дисквалификация қилинганди (2таси шартли равишда).

*** Бибиана Штайнхаус ҳамиша ўз иши билан аёлларга илҳом бағишлашни орзу қилган: «Одамлар ҳар қандай ишга қодирлар: мамлакатларни бошқаришади, Ойга учишади ва ҳоказо. Бу борада ҳар икки жинс вакилларида катта имконият бор. Ҳаётни айнан шунинг учун қадрлаш керак. Бу борада, жумладан, аёлларга муносабат масаласида Германиянинг анча олдинда эканлигидан хурсандман».

*** Штайнхаус Бундеслигада Хосеп Гвардиолага ҳам дуч келган. «Бавария»­ни бошқарган испаниялик мутахассис ўйин пайти истеҳзо билан Бибианага қўл узатган ва дўстона бағрини очганди. Штайнхаус эса Гвардиола қўлини туртиб юбориб, бир неча метр нарига кетган. Ўшанда Пепни ҳакамга таъсир ўтказишда айблаб, дисквалификация қилишларига оз қолганди.

*** Штайнхаус хоним одатий ҳаётда собиқ ҳакам Ховард Уэбб билан бирга. Англиялик айнан Бибиана туфайли 2016 йили турмуш ўртоғи билан ажрашган. Германиялик аёл ҳакамлик фаолиятини якунлаш қарорини пандемия давридаги танаффусда чиқарди. Айтишича, бу орада барчасига бошқача кўз билан қарай бошлабди.

*** Германия футбол федерацияси (DFB) президенти Фриц Келлер мамлакат суперкубоги учун кечган ўйиндан сўнг Бибиана Штайнхауснинг немис спорти ривожига қўшган хизматини юқори баҳолади: «Буюк ҳакам, етук инсон ва чин новатор. Бибиана ҳамиша барчамиз учун намуна бўлиб қолади».

*** Штайнхауснинг Германия суперкубоги учун ўйинга тайинланиши  - аёлларнинг эркаклар футболидаги бош натижаларидан биридир. 2019 йили франциялик Стефани Фраппар Европа суперкубоги ўйинида бош ҳакам ролини бажарган эди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz