Қайднома

Қидирув

Даромад мезони ёки ЖАҲОН ФУТБОЛИНИНГ ЭНГ СЕРДАРОМАД ЎЙИНЧИЛАРИ

Даромад мезони ёки ЖАҲОН ФУТБОЛИНИНГ ЭНГ СЕРДАРОМАД ЎЙИНЧИЛАРИ

  20.10.2020 01:44
  0
  375
Даромад мезони  ёки ЖАҲОН ФУТБОЛИНИНГ ЭНГ СЕРДАРОМАД ЎЙИНЧИЛАРИ

Forbes журнали яқинда энг катта даромадга эга футболчиларнинг янги рўйхатини эълон қилди. Нуфузли нашр рейтинг тузишда футболчиларнинг мавсум-2020|2021да қанча топишларини  инобатга олган - маош миқдори, мукофот пули ҳажми ва реклама шартномалари қийматини. Қисқаси,  агар қандайдир форс-мажор ҳолат рўй бериб, кимнингдир маоши сезиларли даражада камайтирилмаса, кучли 10таликка кирган футболчилар мавсум якунида жами 570 миллион доллардан улкан хирмон ясашади. Бу аввалги мавсумда топ-10га кирган сердаромадлар улушидан 11 фоиз кўп демакдир. Яна бир эътиборга олинадиган маълумот - солиқ тўловларидан олдинги суммалар кўрсатилган.

1. Лионель Месси(«Барселона»)

Умумий даромад: 126 миллион доллар

Маош миқдори: 92 миллион доллар

Реклама шартномалари қиймати: 34 миллион доллар

Аввалги мавсум аргентиналик юлдуз учун фаолияти давомидаги энг оғирларидан бири бўлди. Ҳар ҳолда, унинг якунида Месси ва «Барселона» раҳбарияти ўртасида очиқ жанг ҳам кузатилди. Шунга қарамай, Лео ҳеч қаерга кетгани йўқ, демак, навбатдаги йил давомида ҳам шартномасига мувофиқ, 92 миллион доллар миқдорида маош олади. Тўғри, агар 2021 йили томонлар ҳамкорликни тўхтатишса, кейинги рейтингда 1-ўринга бошқа футболчи кўтарилиши ҳам ҳеч гап эмас.

 

2. Криштиану Роналду («Ювентус»)

Умумий даромад: 117 миллион доллар

Маош миқдори: 70 миллион доллар

Реклама шартномалари қиймати: 47 миллион доллар

Роналду 35 ёшни уриб қўйди. Кўплаб ҳужумчилар бу ёшда бутсаларини жимгина михга илиб, четга чиқишади. Португалиялик юлдуз эса, ҳамон гол уриш, рекордлар ўрнатиш ва каттагина пул ишлашда бардавом. Криштиану йирик реклама шартномаларига эга, ижтимоий тармоқлардаги обуначилари сони 460 миллион кишига яқинлашиб қолди. Хуллас, беназир тўпурар иқтидори ва меҳнатига яраша мисли кўрилмаган даражада даромадга эга.

 

3. Неймар («ПСЖ»)

Умумий даромад: 96 миллион доллар

Маош миқдори: 78 миллион доллар

Реклама шартномалари қиймати: 18 миллион доллар

Бразилиялик футболчи 2017 йили «Барселона»дан «ПСЖ»га ўтиб, йиллик маоши миқдорини бирданига 4 баравар ошириб олди. Охирги йилларда эса бу масалада деярли ўзгариш йўқ. Тўғри, ёзда Неймар ва Nike компанияси ўртасидаги шартнома якунланди. Яъни бразилиялик юлдуз Nike билан 13 йиллик ҳамкорликдан кейин Puma қаноти остига кирди.

 

4. Килиан Мбаппе («ПСЖ»)

Умумий даромад: 42 миллион доллар

Маош миқдори: 28 миллион доллар

Реклама шартномалари қиймати: 14 миллион доллар

Неймарнинг клуб бўйича шериги ҳозирча унга нисбатан 2 баравардан ҳам камроқ даромад билан чекланмоқда. Лекин бу вақтинча ҳолат: Мбаппе тобора машҳурлашмоқда, улғаймоқда ва маҳсулдорликни ҳам оширмоқда. Дейлик, франциялик 21 ёшли иқтидор Лига 1нинг якунига етказилмаган ўтган мавсумида яна чемпионатнинг энг яхши тўпурари бўлди (Виссам Бен Йеддер билан), ёзда эса жаҳон кубоги ёнига ЧЛ бош совринини ҳам қўшиб қўйиши мумкин эди. Forbes экспертларининг хулосаларига кўра, Мбаппе яқин орада сердаромад футболчилар рейтингида кучли учликка киради. Зеро, у ҳозирнинг ўзида Nike ва Hublot компаниялари билан манфаатли шартномаларга эга, қолаверса, сурати FIFA 21 ўйин иловаси муқовасига тушди.

5. Муҳаммад Салоҳ(«Ливерпуль»)

Умумий даромад: 37 миллион доллар

Маош миқдори: 24 миллион доллар

Реклама шартномалари қиймати: 13 миллион доллар

Мисрлик ҳужумчи - АПЛда энг кўп маош оладиган футболчи. Бунда ҳеч ажабланадиган томони йўқ: Салоҳ қаторасига 3 мавсумдан буён юқори савияда тўп сурмоқда, «Ливерпул»нинг аввал ЧЛ, кейин АПЛда ғолиб чиқишига катта ҳисса қўшди.

 

6. Поль Погба («Манчестер Юнайтед»)

Умумий даромад: 34 миллион доллар

Маош миқдори: 28 миллион доллар

Реклама шартномалари қиймати: 6 миллион доллар

Погба ва «МЮ» ўртасидаги шартнома келаси ёзда якунланади. Тўғри, манчестерликлар келишув муддатини автоматик равишда узайтириш ҳуқуқидан фойдаланишлари ҳам мумкин. Бироқ «қизил иблислар» мухлислари айни пайт франциялик футболчидан хурсанд эмаслар. Шундай бўлсада, улар август ойида Погба «Верданск» клуби билан шартнома тузганини эшитиб, роса ҳайратланишди. Аслида бу Call of Duty: Warzone видеоўйинлари промо-кампанияси эди...

 

7. Антуан Гризманн  («Барселона»)

Умумий даромад: 33 миллион доллар

Маош миқдори: 28 миллион доллар

Реклама шартномалари қиймати: 5 миллион доллар

Франциялик ҳужумчи видеоўйинлар шайдоси ва ижодкорлар унинг бу муҳаббатидан яхши фойдаланишмоқда. FIFA, Fortnite, CS:GO, Rainbow Six — буларнинг барчаси Гризманнга маълум миқдорда маблағ келтирмоқда. Футбол масаласига келсак, ўтган мавсум Антуаннинг ишлари унча юришгани йўқ. У «Барселона»даги дебют мавсумида шунчаки, ҳафсалани пир қилди ва каталонияликлар ҳаттоки, франция­ликни «ПСЖ»га юбориб, ўрнига Неймарни олишни ўйлашди.

 

8. Гарет Бэйл(«Реал»|«Тоттенхэм»)

Умумий даромад: 29 миллион доллар

Маош миқдори: 23 миллион доллар

Реклама шартномалари қиймати: 6 миллион доллар

Бэйл ва «Реал» муносабатларининг  ёмонлашгани унинг ижара келишуви асосида «Тоттенхэм»га қайтиши билан якунланди. Гарет ўтган кузда Уэльс терма жамоасининг Евро-2020 финал раундига чиққанини алоҳида ёзувли байроқни ҳилпиратиш билан нишонлаганди: «Уэльс. Гольф. Мадрид. Айни шу тартибда». Табиийки, бундай қараш «Мадрид»га ҳам, клуб бош мураббийи Зайниддин Зиданга ҳам ёқмади. Оқибатда Бэйл сайёрамиздаги энг қимматбаҳо захира футболчисига айланди. Карантин даври тугагач эса, британиялик юлдуз «Реал»нинг атиги 2та ўйинида қатнашди ва ЧЛ «заявка»дан четда қолди. Шу тариқа у ёзда «Тоттенхэм»­га қайтди, лекин ҳозирча даромади ўзгармайди. Тўғри, Бэйл яқин орада рейтингнинг кучли 10талигидан чиқиб кетса керак.

9. Роберт Левандовски («Бавария»)

Умумий даромад: 28 миллион доллар

Маош миқдори: 24 миллион доллар

Реклама шартномалари қиймати: 4 миллион доллар

France Football бу йил «Олтин тўп» совринини бермасликка қарор қилди ва буни Роберт Левандовскига нисбатан адолатсизлик сифатида баҳолаш мумкин. Боз устига, поляк голеа­дори «Олтин бутса»ни ҳам олмади, чунки Бундеслигада ўйинлар сони қолган етакчи чемпионатларникидан 4та кам. Лекин умумий хулосани баён қилганда, ҳаммаси аён: Левандовски мавсумни чиндан ҳам, даҳшатли ўтказди. Ҳужумчи яна бошқа томондан ҳам «очилди»: TikTok тармоғининг ҳақиқий юлдузига айланди (2,5 миллион обуначиси бор).

 

10. Давид де Хеа

(«Манчестер Юнайтед»)

Умумий даромад: 27 миллион доллар

Маош миқдори: 24 миллион доллар

Реклама шартномалари қиймати: 3 миллион доллар

Жаҳон футболида энг катта маошга эга голкипер ҳамон «МЮ» дарвозасини қўриқламоқда. Бироқ де Хеани жаҳоннинг энг яхши дарвозабони сифатида таърифлаш қийин, гарчи июль ойида АПЛда қуруқ ўйин­лар сони бўйи­ча рекорд ўрнатган бўлсада. Испаниялик кипер ва «Юнайтед» ўртасидаги шартнома якунланишига ҳали 3 йил бор, шундай экан, у ўз иши учун катта ҳақ олаверади...

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz