Қайднома

Қидирув

"Навбаҳор": Стратегия ўзгаради...

"Навбаҳор": Стратегия ўзгаради...

  24.10.2020 10:20
  0
  331

Ўтган ҳафта Наманган шаҳридаги «Марказий» стадиони фойесида махсус йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкат Абдураззоқов, Наманган шаҳар ҳокими, «Навбаҳор» президенти Олим Исаев ва бошқа мутасаддилар, шунингдек, клуб раҳбарлари, мураббийлари, футболчилар, мухлислар иштирок этишди. Йиғилишни Шавкат Абдураззоқов очиб, бу вилоят ҳокими лавозимига тайинланганидан кейин «Навбаҳор» билан илк, яъни танишув учрашуви эканлигини таъкидлади.

Вилоят раҳбари ўз сўзида жамоанинг ҳозирги ҳолатини танқид остига олди: «Гарчи «Навбаҳор» таркиб бўйича Суперлиганинг унча-бунча жамоасидан қолишмаса-да, 9та ўйиндан буён ғалаба қозонолмаяпти. Ваҳоланки, таркибда тажрибали футболчилар бор. Бунга мураббийлар аксарият футболчиларнинг коронавирусга чалинишганини айтиб, ва ҳоказо баҳоналар келтиришди. Жорий мавсум бошида жамоа олдига ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилганди, бироқ жуда кўп очко йўқотилди. Сўнгги 3 йил давомида, яъни 2017 йилдан жорий йилнинг мартига қадар «Навбаҳор» президенти сифатида фаолият олиб бордим. Ўша пайтдан ёш футболчиларга эътиборни кучайтирганимизда ҳозиргача кўплаб иқтидорларга эга бўлардик. Лекин «Навбаҳор»ни юксалтириш, совриндорлар сафидан жой олиши, ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритиши учун ҳаракат қилдик. Афсуски, бу кутилган самарани бермади. Энди «Навбаҳор»нинг стратегияси ўзгаради ва асосий эътибор маҳоратли ёшларга қаратилади. Келаси йилдан жамоа шарафини фақат маҳаллий ёшлар ҳимоя қилишади. Барча наманганлик ёш футболчиларни қўллаб-қувватлаймиз, инвестицияни маҳаллий иқтидорларни тарбиялашга йўналтирамиз. Шунингдек, Наманганимиз фахри Одил Аҳмедов билан ҳамкорлик қиламиз, маслаҳатлашамиз. Одил билан қўнғироқлашганимда, у футболчилик фаолиятини «Навбаҳор»да якунлаши, жамоага қўлидан келганича ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлади. Намангандаги барча футбол мактаблари ва академиялари энди «Навбаҳор» тасарруфига ўтади, ушбу таълим масканларидаги футболчилар, аввало, «Навбаҳор» билан шартнома тузишади. Шунингдек, мухлисларга айтмоқчиманки, улар регламент ва қоидаларга асосан, жамоанинг ички ишларига умуман аралашмасликлари лозим. Бундан буён мухлислик қоидаларини бузган киши «қора рўйхат»га олинади ва стадионга умуман киритилмайди. Ўзим ҳам ёшлигимда футболга қатнаганман, бу ўйинни жуда яхши тушунаман. Футболчи ҳам инсон, айрим вазиятларда адашади. Шундай ҳолатларда баъзи мухлислар ўйинчини қўллаш ўрнига уни ҳақоратлашади. Бу эса футболчига салбий таъсир кўрсатади. Аксинча, футболчини қўллаб-қувватлаш, «Сен энг яхши ўйинчисан», дея кўнглини кўтариш лозим. Шунда янада руҳланиб, ўйини очилади». 

Вилоят ҳокими шундан сўнг клуб раҳбариятида ўзгариш юз бергани, бундан буён Ойбек Саматов ўрнига акаси Отабек Саматов «Навбаҳор» вице-президенти сифатида фаолият олиб боришини маълум қилди. Йиғилишда Наманган шаҳар ҳокими Олим Исаев сўзга чиқиб, вилоятдаги футбол мактабларини ривожлантириш кераклиги, «Навбаҳор» барча иқтидорли йигитлар учун трамплин вазифасини ўташи лозимлигини айтди. Билдирилган фикрлар юзасидан «Навбаҳор» мураббийи Мустафо Байрамов, жамоа сардори Азим Аҳмедов, футболчилар - Мирзоҳид Ғофуров ва Даврон Ҳошимов, мухлислар сўзга чиқиб, ёшларга эътиборнинг кучайтирилиши келажак учун пухта замин ҳозирлашини қайд этишди.

Клубга оид бошқа хабарларга тўхталсак, россиялик ярим ҳимоячи Павел Голишев «Навбаҳор»дан кетди. Ушбу футболчи Coca Cola Суперлига доирасида «лочинлар» таркибида 9та ўйин ўтказиб, умумий ҳисобда 278 дақиқа тўп сурди. Эслатма, Голишев фаолияти давомида Россиянинг «Москва», «Спартак», «Алания», «Томь», «Тосно», «Крилья Советов», «Балтика», «Луч», «Нижний Новгород» клубларида тўп сурган. У «Навбаҳор»га жорий мавсум бошида таклиф этилганди. Хуллас, Голишев икки томонлама келишув асосида жамоа билан хайрлашди. Россиялик легионерлар Иван Соловьёв ва Руслан Болов, шунингдек, отасининг вафоти муносабати билан «лочинлар»нинг сўнгги машғулотларида иштирок этолмаган Жавлон Иброҳимов жамоа ихтиёрига қайтишди.

P.S.: Маълумот учун, «Навбаҳор» бош мураббийи Андрей Канчельскис клуб билан шартномасини бекор қилди. Таъкидланишича, россиялик мутахассис Наманган жамоаси шартнома бандларини бир неча бор бузгани, 4 ой мобайнида маош тўланмагани туфайли шундай қарорга келган. Канчельскис энди ФИФАга мурожаат этмоқчи. Маълумот учун, Андрей Антанасовичнинг собиқ ёрдамчиси Алексей Беленков ҳам худди шундай вазиятда ФИФАга шикоят ёзган ва ташкилот «Навбаҳор»га нисбатан 520 минг доллар миқдорида товон пули тўлаш жазосини қўллаганди. «Матч ТВ» хабарига кўра, Канчельскис рус клубларида ишлашга тайёрлигини билдирган. Айни пайт мутахассис МФЛ (биринчи дивизион) клублари таклифларини кўриб чиқишга мойил. 51 ёшли мураббий номзоди «Акрон» (Тольятти)га тавсия ҳам этилган.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz