Қайднома

Қидирув

Обид Жўрабоев: «Мақсадимиз – суперлига йўлланмасини қўлга киритиш»

Обид Жўрабоев: «Мақсадимиз – суперлига йўлланмасини қўлга киритиш»

  27.10.2020 02:22
  0
  588
Обид Жўрабоев: «Мақсадимиз – суперлига йўлланмасини қўлга киритиш»

Жорий мавсумни Про-лигада давом эттираётган ва кейинги йилдан яна элитада қатнашишни мақсад қилган Самарқанднинг «Динамо» жамоаси қайд этаётган натижалар аста-секин яхшиланмоқда. Бунга, албатта, таркибда амалга оширилган ўзгаришлар ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Фикримизга исбот сифатида бош мураббийликка Сергей Лушан тайинлангани ва Суперлигада тажриба орттирган бир қатор футболчилар жалб этилганини келтириш мумкин. Улардан бири - кўпчиликка таниш собиқ «навбаҳорчи» Обид Жўрабоев. Биз яқинда маҳоратли ҳимоячи билан суҳбатлашиб, унга турли мавзуларда саволлар бердик.

- Суперлигадаги маълум муддатли фаолиятингиздан сўнг яна Про-лига баҳсларида иштирок этувчи жамоа сафига қўшилдингиз. Айтинг-чи, бу дивизионда савия борасида ўсиш кўзга ташландими?

- Албатта, сезилди. Тўғрисини айт­сам, Про-лига савияси олдингиларига қараганда анча ўсган. Ҳар бир тур қизиқарли ва муросасиз ўйинлар билан ўтмоқда, рақобат жуда юқори. Учрашувларининг нечоғлик принципиал аҳамиятга эга эканлигини ҳис қилиш учун Суперлигага чиқиш ниятидаги жамоаларнинг эгаллаб турган ўрнига эътибор қаратишнинг ўзи кифоя. Кўряпмизки, Суперлигага йўлланма олиш учун бир йўла 4-5 клуб жиддий кураш олиб бормоқда. Айниқса, турнир жадвалининг юқори беш поғонасига жойлашганларнинг ўзаро қарама-қаршиликлари қизиқарли ва кескин курашлар остида кечмоқда. Улар ўртасидаги рақобат ҳамда ўйин савияси Суперлига жамоа­лариникидан кам эмас.

- «Динамо»да футболчиларга яратилган шароитлар ҳақида қандай фикрдасиз?

- Бу масалада нолишга асос йўқ. Мақсад ва вазифамиз - жамоани Суперлигага олиб чиқиш. Шунга яраша шароитлар яратилган. Бундан таш-қари, клуб бош мураббийлигига тажрибали мутахассис Сергей Лушан билан бирга 10-12 нафар янги футболчи олиб келинди, таркиб кучайтирилди. Бир сўз билан айтганда, мақсад ва вазифага яраша шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Худо хоҳласа, олдимизга қўйилган вазифани уддалаймиз.

- Демак, жамоангизда элитага чиқиш учун ҳали ҳам имкон бор, деб ўйлайсизми?

- Бўлмасамчи. Жамоа дастлабки турларда кетма-кет икки марта ютқазган бўлсада, мана, аста-секин натижалар ижобий кўриниш ола бошлади. Масалан, ўтган турда «Оқ-тепа»ни мағлубиятга учратиб, очколаримиз сонини 17тага етказдик ва шу орқали турнир жадвалида кучли тўртликдан жой олдик. Олдимизда яна бир жиддий ўйин - «Истиқлол»га қарши сафарда ўтказилиши керак бўлган баҳс бор. Агарда мана шу учрашувда ҳам ижобий натижа қайд эта олсак, имкониятларимиз ҳам, ишончимиз ҳам ортади. Барчаси ўзимизга боғлиқ. Бизни олдинда «Истиқлол»дан ташқари «Турон» билан сафарда ҳамда «Шўртан»га қарши ўз уйимиздаги учрашувлар кутиб турибди. Мана шу ўйинларда ўзимизни кўрсатиб, кучли тўртликдаги ўрнимизни сақлаб қолишмиз керак. Чунки биласиз, мазкур босқич ўйинлари якунига етгач, кучли тўртликдан жой олган жамоалар Суперлигага йўлланма олиш учун ўзаро баҳс олиб боришади. Бизнинг айни дамдаги устувор вазифамиз - юқоридаги 4 жамоадан бири бўлиш. Ана ундан кейин элитага чиқиш учун астойдил кураш олиб борамиз.

- Суперлигада юқори ўринлар учун кураш олиб боришни мақсад қилган собиқ жамоангиз «Навбаҳор»нинг ишлари у қадар юришмаяпти. Боз устига, клуб келаси йилдан ёшлар ва маҳаллий футболчиларга эътибор қаратишини маълум қилди...

- Очиғини айтсам, клубда бу каби стратегияни йўлга қўйиш бўйича икки йилдан буён гап-сўзлар бўлаётганди. Ниҳоят, шу ишлар энда амалга оширилмоқда. Раҳбарлар тўғри йўлни танлашди, деб ўйлайман. Негаки, ҳар бир клуб маҳаллий, ўз академия­сидан етишиб чиққан футболчилардан таркиб тузгани яхши, барибир. Масалан, «Насаф»ни олайлик, бу жамоани икки-уч йил олдин етакчи футболчилар тарк этганида, кўпчилик шунчаки «кўмиб» қўя қолганди. Мана, клуб ўз академиясида таҳсил олган футболчилар билан Суперлиганинг етакчи жамоалари қаторида юрибди-ку. «Навбаҳор»-чи?.. Гувоҳи бўлганингиздек, жамоага кучли футболчилар олиб келинди, юқори мақсадлар учун курашиш вазифаси қўйилди, шароит ва имкониятлар яратиб берилди, озми-кўпми пул сарфланди, бироқ натижа бўлгани йўқ. Ахийри, раҳбарлар ҳам ҳозирги қарорга келишга мажбур бўлишди. Очиғи, буни эшитиб, клуб учун хурсанд бўлдим.

- «Навбаҳор» бош мураббийи Андрей Канчельскиснинг сизга нисбатан қўллаган жазоси туфайли жамоадан кетгандингиз. Орадан барчасини ўйлаб олиш учун етарли даражада вақт ўтди. Эҳтимол, унинг қарорига бўлган муносабатингиз ўзгаргандир?

- Футбол - жамоавий спорт тури. Уни 11 киши ўйнайди ва кимнингдир камчилигини бошқаси ёпади. Хато ва камчилик барчада бўлади. Шундай экан, Канчельскиснинг менга нисбатан қўллаган жазоси адолатсиз, деб ўйлайман. Эҳтимол, хатоим бўлгандир, буни тан оламан. Ҳатто, ўша пайтда барчасини бўйнимга олиб, Канчельскиснинг хонасига ҳам киргандим. Бироқ унинг менга бўлган муносабати ўзгармади. Мен ёш нуқтаи назаридан, Ёшлар лигасида ўйнайдиган футболчи эмасман. Шунинг учун россиялик мураббийдан вазият шу зайл давом этадиган бўлса, мени қўйиб юборишини сўрадим ва хизматларимга эҳтиёж сезиб, таклиф билан чиққан «Динамо» жамоаси таркибига қўшилдим.

- «Навбаҳор»даги натижалар салбий кўриниш олишига қарамай, негадир жамоа футболчилари Канчельскис ҳақида салбий фикр билдира олишмасди. Нима, бунинг учун ҳам уларга алоҳида жазо белгиланганмиди?

- Очиғи, клубдан кетганимга қарамай, Канчельскиснинг тактикаси ва футболчиларни ўйинга тайёрлашдаги савияси бўйича салбий фикр билдирмоқчи эмасман. Бу инсоннинг менга нисбатан қўллаган жазосидан норозиман, холос. Эҳтимол, унинг футбол назарияси ва тактик схемалари жамоа ўйинига мос келмаганидан натижалар салбий кўриниш олгандир. Катта-катта маблағ сарфланганига қарамай, воқеалар ривожи бу даражада қониқарсиз кўриниш олгани клуб мутасаддиларига ёқмагани аниқ. Уларнинг жамоа стратегиясини ўзгартиришларига Канчельскиснинг салбий натижалари ҳам таъсир ўтказган бўлиши мумкин. Назаримда, таркибда айни дамда жамланган футболчилар билан ўзимизнинг маҳаллий мураббийлар ҳам муносиб натижа қайд этган бўлишарди. Менимча, шу каби мураббийлардан фойдаланиб ҳам мақсадга эришса бўлади.

- «Навбаҳор» сиз учун бегона жамоа эмас. Ҳар ҳолда, бу ерда маълум муддат тўп сурдингиз. Шундан келиб чиқиб сўрайдиган бўлсак, жамоанинг бу даражада ёқимсиз натижалар қайд этишига нималар сабаб бўлиши мумкин? Эҳтимол, бош айбдор Андрей Канчельскисдир?

- У ердан кетаётганимда, жамоа турнир жадвалида тўртинчи ўринда бораётганди. Кейин эса клубда нималар рўй берди, хабарим йўқ. Ички муҳит қай даражада, салбий натижалар сабаби нима? Бу каби саволларга жавоб олиш учун жамоа ичида бўлиш керак. Эҳтимол, айб мураббийда эмасдир, лекин нима бўлган тақдирда ҳам, натижа учун бош мураббий жавоб беради. Раҳбарият унга имкон берди, кутди ва натижа бўлмагач, истеъфога чиқаришга мажбур бўлди. Ахир қачондир шундай бўлиши табиий эди.

- Бу йилги мавсумда «Навбаҳор»­нинг энг кучли чизиғи - ҳимоя эканлигини кўрмоқдамиз. Клуб Суперлиганинг энг кам гол ўтказиб юборган жамоалари сирасига киради...

- Албатта. «Навбаҳор»да юртимизнинг кўзга кўринган ҳимоячилари жамланган. Улар ҳар қандай жамоанинг ҳимоя қўрғонини мустаҳкам қўриқлай олишади. Мирзоҳид Ғофуров ва Игорь Голбан каби тажрибали футболчилар қаторига Тоҳир Шамситдинов, Хуршид Мухторов, Ғиёс Комилов, Даврон Ҳошимов каби кучли ҳимоячилар келиб қўшилгани орқа чизиқнинг ишончли кўриниш олишини таъминлади. Биз - ҳимоячиларнинг вазифамиз ҳам шу, аслида. Ўйин давомида дарвозамиз дахлсизлигини таъминлаш ва нолга ўйнаш. Қолгани кейинчалик ҳал қилса бўладиган ишлар.

- «Навбаҳор» сиз билан ҳисоб-китоб ишларини тўлиқ амалга оширдими ёки қарздорлик мавжудми?

- «Навбаҳор»да фақатгина ойлик иш ҳақим қолган, холос. Бу борада клуб раҳбарлари билан гаплашганимда, барчасини тез орада ҳал қилиб беришларини айтишди. Уларга ишонаман. Ўйлайманки, бу борада ортиқча муаммо бўлмайди.

- Одатда, фаолиятини якунлаш остонасида турган футболчилар икки-уч йил олдин келажак режаларини аниқлаштириб олишади. Сиз ҳам келажак ҳақида бош қотиришни бошлагандирсиз?

- Очиғини айтсам, ўзимни ҳали фахрий футболчи, деб ҳисобламайман. Худо куч-қувват берса, яна уч-тўрт йил футбол ўйнаш ниятим бор. Бунга жисмоний имкониятим етади. Бироқ, сиз айтиб ўтгандек, келажак режаларини тузиб қўйганман. Насиб қилса, футболчилик фаолиятимни якунлаб, ўз вилоятим - Намангандами ёки бошқа жойда мураббийлик билан шуғулланмоқчиман. Ҳозирда мураббийлик фаолиятига рухсат берувчи бошланғич лицензиялар учун ўқиш мақсадида ҳужжат тайёрлашни бошлаганман.

Хуршид ЮСУПОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz