Қайднома

Қидирув

Ризо Паркаш : "Тараққиёт учун тизим керак..."

Ризо Паркаш : "Тараққиёт учун тизим керак..."

  28.10.2020 03:30
  0
  279
Ризо Паркаш :

Хорижда ҳам Ўзбекистон чемпионатида ишлаш ниятида юрган мураббийлар бор, албатта. Бугунги суҳбатдошимиз - Эрон ва Германия фуқаролигига эга мутахассис Ризо Паркаш шундайлардан бири. Интервью давомида унинг миллий чемпионатимиз ҳақида етарли маълумотга эгалиги яққол сезилди. Умуман, жаноб Паркаш Ўзбекистонда ишлаш истаги борлиги ва ўз билимига ишонаётганини яширмади. Маълумот ўрнида айтиш жоиз, бу мураббий аслида Эрондан, лекин асосан Германияда истиқомат қилади, шу мамлакат фуқаролигини ҳам олган. Мураббийлик фаолияти давомида БАА клубларида самарали ишлагани билан танилган. Ҳар ҳолда, Паркашнинг «Эмирейтс», «Ҳатта» ва «Фужайра» клубларидаги фаолияти чакки чиқмаган. Айни пайт эса, Бангладешнинг «Бразерс Юнион» жамоаси бош мураббийи ролини бажармоқда. Хуллас, яқинда ижтимоий тармоқ воситасида Ризо Паркаш билан алоқа ўрнатиб, турли мавзулар юзасидан суҳбатлашдик.


- Жаноб Паркаш, Бангладешга қандай бориб қолдингиз, айни фао­лиятингиз, қўл остингиздаги клуб ҳолати ҳақида нима дея оласиз?

- Табиатан ўзгача чорловлар ва саргузаштларни хуш кўраман. Шу аснода тажриба ошираман, қолаверса, дунё халқлари билан танишаман. Албатта, жамоамни кучайтириш йўлида турли услубларни амалга татбиқ этаман. Бунда тўплаган  билимимга таянаман. «Бразерс Юнион»да машғулотларни жуда яхши бошлагандик. Бунинг самараси ўйинларда кўринди - йигитлар анча тетик футбол кўрсатишга тушдилар. Бироқ коронавирус пандемияси ортидан чемпионатнинг тўхтаб қолгани чакки бўлди.

- Фалсафа ва тактика - бу сиз учун нима? Яъни тактикадан келиб чиқиб футболчи танлайсизми ёки ўйинчилар савияси ва сифатларига қараб, тактика тузасиз?

- Табиийки, ҳар доим аниқ фалсафа ва тактика асосида ишлашга уринаман. Ўйлайманки, футбол бобидаги билимимни ўйинчиларга етказиш салоҳиятидан бебаҳра қолган эмасман. Биринчидан, асосан ўз қарашларим ва фалсафамга мос футболчиларни танлашга ҳаракат қиламан. Албатта, захирамда муқобил тактика ва тизимлар жамланмаси ҳам бор. Масалан, 2008-2009 йиллар оралиғида БАА клубида бир қатор ҳимоячилар жароҳатланиб, сафдан чиқишгач, 1-3-5-2 тактикаси бўйича ўйнаб, 2-ўринни эгаллаган ва юқори лигага чиққан эдик.

- Футболда тартиб ва интизомнинг ўрни катталиги тайин. Бу масалага қай даражада аҳамият берасиз?

- Германиялик мураббий сифатида интизомни биринчи ўринга қўйишга одатланганман. Мен учун футболчиларнинг ўрганишга иштиёқлари, мураббий ғояларига тўлиқ ишонишлари муҳим. Тушунарлики, клубнинг олдинга силжиши учун ҳамма бир ёқадан бош чиқариши шарт. қачонки, жамоа ичида ўзаро ҳурмат шаклланса, ҳамма бир-бирига муносиб муносабатда бўлса, шундагина натижа чиқади. Акс ҳолда, минг уринсангиз ҳам ҳеч нимага эришолмайсиз.

- Билишимизча, Марказий Осиё, хусусан, ўзбек футболига бефарқ эмассиз. Биз учун футболимиз ва миллий биринчилигимиз ҳақидаги умумий  фикрингиз қизиқ...

- Ҳа, Осиёдаги деярли барча лигаларни мунтазам кузатиб бораман. Жумладан, ўзбек футболини ҳам яхши биламан. Сизларда асосий эътибор жисмоний кучга қаратилади, тўп билан муомала қилиш ҳам яхши. Кўплаб футболчилар менда илиқ таассурот қолдиришган, ҳар ҳолда.

- Ўзбекистон чемпионатини кузатиб бораётган мутахассис сифатида айтингчи, қайси жамоалар услуб ва фалсафа бўйича ажралиб турибди?

- «Пахтакор» ва «Бунёдкор»нинг ўйини маъқул. Ҳар ҳолда, шу иккисида аниқ йўл борлиги сезилмоқда. Умуман олганда, Ўзбекистон чем­пио­натининг ўзига хос жозибаси йўқ эмас. 

- Ўзбек футболини олдинга силжитиши мумкин омил нима, сизнингча?

- Аввало, клублар академияларида ишни тўғри йўлга қўйиш лозим. Шунингдек, тизимли машғулотлар дас­турини ишлаб чиқиш муҳим. Ҳаммаси айнан тайёргарлик ва машғулотлар самарасига бевосита боғлиқ.

- Бангладеш футболи даража бўйича Осиё миқёсида ҳам у қадар баландда  эмас. Шунга қарамай, сўнгги йилларда маҳаллий чем­пионатда кўплаб хорижлик мутахассислар фаолият олиб боришмоқда...

- Ҳа, Банладеш клублари ОЧЛда қатнашмайди, ҳозирча ОФК кубоги билан чекланмоқда. Бу ерга футбол даражасини кўтаришга ёрдам бериш мақсадида келдим. Ҳар қандай клубда ташаббускорликни қадрлайман. Бангладешда эса ҳаракат йўқ эмас.

- БААда самарали фаолият юритганингиздан хабаримиз бор. Вақтида бу мамлакатда аниқ дастур йўлга қўйилган, натижада олимпия ва ёшлар терма жамоалари халқаро турнирларда муваффақиятли иштирок этганди. Аниқроқ айтсак, мураббий Маҳди Али даврида сезиларли силжиш кузатилганди. У навбатма-навбат БААнинг турли ёш тоифасидаги терма жамоаларида ишлаб, муносиб натижалар қайд этди. Бироқ ҳозир БААда ўша тизим парчаланиб кетгандек таассурот уйғонмоқда...

- Ҳа, мутлақо ҳақсиз. БААда орттирган тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, мамлакат футболида узоқ муддатга мўлжаллаган принципиал дастур йўқ. Мактаблар ва футбол академияларида ҳам муайян тизим йўлга қўйилмаган. Мутасаддилар асосий жамоа натижаларини ўйлашадию, футболчиларнинг умумий ривожланишига бепарво қарашади. Бу замонавий футбол тараққиётига мутлақо зид. Ҳа, Маҳди Али ҳаракати билан БАА футболида «олтин авлод» юзага чиққанди, аммо...

- Ўзбекистонда шу вақтгача кўплаб хорижлик мураббийлар ишлашди. Хусусан, терма жамоамизда германиялик Юрген Гёде, англиялик Боб Хоугтон, россиялик Владимир Сальков, аргентиналик Эктор Купер фаолият юритишди. Шунга қарамай, ҳамон жаҳон чемпионатидан четда қоляпмиз. Бу борада қандай фикр билдира оласиз?

- Ушбу мураббийлар рўйхатига Фелипе Сколарини ҳам қўшинг, гарчи у терма жамоангизда ишламаган бўлса ҳам. Менимча, Ўзбекистон термасини бошқарган таниқли мутахассислар маҳаллий футболни ривожлантириш эмас, аввало, ўз обрўлари ва шахсий ютуқларини ўйлашган. Ҳа, миллий жамоа устози биринчи нав­батда, натижани ўйлайди ва бу табиий ҳол. Лекин мураббий аввало, тизимли ривожланиш дастурига эга бўлиши керак. Шу маънода айтсак, терма жамоа мураббийи билан 3-4 йилга мўлжалланган шартнома тузиш мақсадга мувофиқ. Бу муддат битта авлоддан кучли таркиб шакллантириш учун етарли, менимча. Демоқчиманки, миллий жамоада қисқа муддатли шартнома натижа бериши қийин. 

- Бу йил Европанинг энг яхши мураббийи мақоми учун бирданига 3 нафар германиялик даъвогарлик қилди. Сизнингча, қай бири муносиброқ эди?

- Мураббийлар ишини соврин билан ўлчаш одатга айланган. «Ливерпуль» ўтган мавсум Юрген Клопп қўл остида жуда яхши ўйин намойиш этди, тактик ва тезлик бобида ўсишга эришди. Лекин фикримча, «Бавария» бош мураббийи Ханс-Дитер Флик 4та сов­рин ютгани эмас, жамоада амалга оширган ўзгаришлари эвазига энг яхши мақомига муносиб бўлди. У қисқа вақт ичида Мюнхен клубига ўша тезкорлик ва динамикани қайтарди, яна ёш футболчиларни ягона ғоя атрофида бирлаштирди.

- Энди суҳбатни Эрон футболи ҳақида давом эттирсак. Карлуш Кейруш 8 йил давомида Эрон терма жамоасини муваффақиятли бош­қарди, 2 марта ЖЧ йўлланмасини таъминлади. Бранко Иванкович эса «Персеполис» билан ОЧЛ финалига чиқди... Бироқ охирги йилларда хорижлик мураббийлар мамлакатда узоқ муддат ишлолмаяптилар...

- Уларнинг эрта кетишларига сабаблар етарли. Футболда доимо катта ўзгаришлар учун янги ва яхшироқ ғояларни ишлаб чиқиш керак. қолаверса, Эронда банк санкциялари билан боғлиқ муаммолар йўқ эмас. Мураббийлар ва футболчиларга маош тўлай олмаслик умумий ҳолатни қи­йинлаштирмоқда. Бу йил Эрон чемпионатига хориждан янги мураббийлар ва футболчиларни киришини тақиқловчи қоида қабул қилинди. Асосий сабаб - маош. 

- Интервьюларингиздан бирида «Андижон»ни бемалол Суперлигада олиб қолишингиз мумкинлигини айтибсиз...

- «Андижон»нинг сўнгги ўйинларини кўрдим. Футболчиларда салоҳият бор. Менимча, жамоанинг ҳимоя ва ҳужумида муаммолар мавжуд. Умуман, билим ва салоҳиятимга тўлиқ ишонаман ва қаерда ишласам, ижобий ўзгаришларни амалга оширганман. Мисол учун, 2008 йили «Рас Ал-Ҳайма» бошқарувини қўлга олганимда, клуб 10та турдан кейин 16та жамоа ичида 13-ўринни эгаллаб турганди. Мавсум якунида эса 2-ўринни эгалладик. 2016 йили Уммоннинг «Ал-Аруба»си билан бронза медали ютдик. Бу йил Бангладешда ўтган мавсум пастга тушиб кетишга яқин турган клубни яхши ҳолатга келтирдик. Журналистлар ва клуб раҳбарлари ўзгаришдан жуда мамнунлар.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz