Қайднома

Қидирув

Арсен Венгер ва «Арсенал» муҳаббати...

Арсен Венгер ва «Арсенал» муҳаббати...

  01.11.2020 11:11
  0
  301
Арсен Венгер ва «Арсенал» муҳаббати...

Яқин ўтмишнинг таниқли мураббийи Арсен Венгер The Guardian нашри томонидан уюштирилган видеоинтервью давомида бутун дунёдаги барчага таниш-нотаниш мухлисларидан тушган турли-туман саволларга бафуржа жавоб берди. «Дунё­га келиб фақат футбол билан шуғулланганимни ўйласам, баъзан қўрқиб кетаман, - дея гап бошлади Цюрихдан туриб видеоалоқага чиққан 70 ёшли Венгер. - Мени Яратган олдига боргач, умрим ҳақида қандай ҳисобот беришим ўйлантиради. Қисқаси, баъзан бутун ҳаётимни шу ўйинга бағишлаганим маъносиздек туюлади».

Венгер 1949 йили Франция шар­қида жойлашган Эльзас қишлоғида таваллуд топган. Унинг ота-онаси кичик ошхона очиб, тирикчилик қилишарди. Арсен ошхонага келган одамларни кузатавериб, ёшлигиданоқ инсон психологияси ҳақида ўзгача тушунча шакллантиради. «Алкоголь, жанжаллар, зўравонлик... Буларнинг барчаси болалигимда мени роса чўчитарди», - деб эслайди у ёшлигини «Қизил ва оқ рангларга бурканган ҳаётим» (My Life in Red and White) номли янги автобиографиясида. Венгер кейинчалик «Страсбур» клубида ўйнаб, ақлли ярим ҳимоячига айланади. Ўша пайтларданоқ Арсен ўйинларни чуқур таҳлил қиларди ва 30 ёшдан ошганида чинакам мураббий сифатида иш бошлайди. Дастлаб «Канн» ва «Нанси», кейин «Монако» ва «Нагоя Грампус» (Япония) клубларини бошқаради. Узун бўйли, катта синф ўқувчисидек кўринишда костюм кийиб юрадиган Венгер 1996 йили «Арсенал» бош мураббийи лавозимига тайинланади (Англия элит дивизиони тарихида хорижлик 4-мутахассис бўлганди. Ундан олдинги хорижликлар айтарли муваффақиятга эришолмаганлар). Бу табиийки, Британия матбуоти диққатини тортади. Венгер шу аснода «тўпчилар»ни 2018 йилгача, яъни нақ 22 мавсум бошқарди. Бу оралиқда 3 марта чемпионлик мақоми ва 7 марта Англия кубоги расмийлаштирилди. Ўша пайт футболчиларни ўйинларга қаттиққўллик билан тайёрлайдиган «МЮ» устози Алекс Фергюсон франциялик мутахассиснинг асосий рақиби ҳисобланарди. Венгер эса «кўринмас» иш услуби билан танилди. У жисмоний томондан мукаммаллик сари интилиш, тўп билан ишлашни юксак даражага олиб чиқишга уриниш баробарида шогирдларининг ҳаёт тарзи ва тўғри овқатланишларига ҳам жиддий эътибор қаратарди. Энг асосийси, Венгернинг айнан ўз услуби билан ғалаба ва яна ғалаба қозониш хоҳиши барчани бирдек ҳайратлантирарди. У ўз биографиясида футбол ва «Арсенал»ни ҳаёт-мамот масаласи сифатида таърифлаган: «Топ-даражада ҳаммаси худди шундай кўринишини айтишим жоиз. Агар жамоанг­га ҳаёт-мамот масаласидек қарамасанг, ўз ишингга жиддий эътибор қаратолмайсан ва бундай ёндашув билан тирик қолишинг амри-маҳол».

Баъзи-баъзида Фергюсон ёки Жозе Моуриньо «Арсенал» йўлбошчисига руҳий томондан зарба беришга уринишарди. Венгер шундай вазиятларда ҳам ўзини тутиб туришни биларди. Дейлик, у Фергюсонни Англия футболининг шубҳасиз, энг обрўли шахси сифатида таърифлаган. Моуриньо ҳақида эса бир оғиз ҳам гапирмаган. Венгер бундан ташқари, инсонлар ҳовуридан тушишганида, яна ўша ҳурмат-эътиборда бўлишларини алоҳида таъкидлаган: «Ҳар бир мураббийнинг бошидан яхши ва ёмон даврлар ўтади. Бизнинг ишимиз сифатини ўлчаш анча мураккаб. Масалан, «Ливерпуль» аввалги мавсум чемпион бўлди ва Юрген Клоппни ҳамма бирдек кўкларга кўтарди. У бунга шубҳасиз, муносиб. Лекин якунда атиги 9-ўриндан жой эгаллаган «Шеффилд Юнайтед» устози ишини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Энди айтинг, кимнинг иши сифатлироқ? Айтолмайсиз». Венгер «Арсенал»дан кетгач, бошқа бирор клубда ишламади. Фақат ўтган йилнинг ноябри ФИФАнинг Футболни ривожлантириш департаменти бошлиғи сифатида фаолият бошлашига имконият туғилди. Тан олинган мураббий 2015 йили турмуш ўртоғи Анна Бростерхоус билан ажрашди. Уларнинг қизи Леа эса Кембриж университетида нейробиология бўйича докторлик ишини ҳимоя қиляпти. Арсен айни пайт Лондон, Париж ва Цюрих шаҳарларида истиқомат қилмоқда. Тўғри, у асосан меҳмонхоналарда туради. Ўзининг айтишича, пандемия даврида аксарият чемпионатлар тўхтатиб қўйилганидан роса қийналибди: «Нима учунлигини билмайман, лекин футбол учрашувлари ҳаётим мазмунига айланиб улгурган ва кейинчалик ҳам бу борада қандайдир ўзгариш кузатилишига ишонмайман. Эҳ, пандемия даврида футболни қанчалик соғинганимни таърифлолмайман».

 

Машҳур шахслар саволлари

- «Арсенал» бошқарувидаги 22 йил давомидаги қайси кашфиётингизни энг асосийси сифатида тилга оласиз? Бугун клубни қайта қабул қилсангиз, ўзингизга қандай маслаҳат берардингиз? (Марк Стронг, актёр)

- Жамоамиз бутун дунёга танилганидан алоҳида ғурурланаман. Биз амалга татбиқ этган нарсалар бутун жаҳон спорти, айниқса, футбол оламида эътироф этилгани ёқимли, албатта. Йўқ, гап фақат ғалабаларда эмас. Зеро, бу ерда «Арсенал» эришган ютуқлардан ҳам кўпроқ нарсалар бор. Одамлар аввало, клуб қадриятларига ҳурмат билан қарашади. Иккинчи савол - ўзимга қандай маслаҳат берардим? Оддий - «Барчасини олдингидан ҳам яхшироқ бажаришга интил».

- Сизга айнан нима кучлироқ мотивация берарди: мағлубиятдан олдинги қўрқувми, ғалаба қувончими ёки ўйин чиройи? (Дайан Эбботт, сиёсатчи)

- Ҳаммаси. Лекин шуни алоҳида таъкидлашим жоиз, олдинга ҳаракатланиш ва ўрганиш масаласида менга аввало, ичимдан чиққан қандайдир мотивация ёрдам берарди.

- Инсон футболда шундай даражада ишлаб туриб, фалсафанинг алоҳида бир шаклига эга бўлиши керакми? (Майкл Розен, ёзувчи)

- Ҳа, юқори даражадаги футболда маълум бир фалсафасиз ишлаш мумкин эмас. Ахир инсон кимнидир олға бошлаётганида, уни қаерга олиб  кетаётганини билиши керак. Хуллас, аниқ ғояга эга бўлишинг муҳим. Оддий айтганда, қўл остингдагиларга улардан нима хоҳлаётганингни тўла англатишинг шарт.

- Кўплаб артистлар худди мен каби жамоа услуби ва майдонда қора танли футболчилар борлиги учун «Арсенал»га мухлислик қила бошлашган. Ўша вақт турли фанатлар базаси ва янги авлодни шакллантираётганингизни билганмисиз? (Nines, рэпер)

- Ҳамиша қанчалик кучли эканлигинг ҳаётда муҳим роль ўйнашини бутун оламга кўрсатиб қўйишга уринганман. Бунда ҳар қандай муаммони енгиб ўтиш шарт. Ўз ишим билан эътиборга тушганимдан хурсандман. Ҳаётда мен учун футболчининг ақли ва хулқи жуда муҳим. Танасининг ранги эса аҳамиятсиз.

- УЕФА ва ФИФА томонидан уюштирган учрашувдан кейинги тушликлар баҳона сиз билан яқинроқ танишиш имконига эга бўлгандим. Шахсий маданиятингиз ва дунёқарашингиз билан ҳар қандай клубда спорт директори ролини маромида бажара олардингиз, менимча. Қачондир «Арсенал»да ушбу лавозимни эгаллашни ўйлаганмисиз ёки ҳамиша майдон четида қолишни афзал билгансиз? (Жозе Моуриньо, мураббий)

- Йўқ, аслида «Арсенал»да маслаҳатчи лавозими вариантини кўриб чиқишга тайёр турганман. Фикримча, топ-клублар ва топ-даражадаги мусобақаларда мутахассисларга билим етишмаслиги сезилади. Сўнгги вақтлар футболда ютуққа эришишнинг кўплаб усуллари мавжудлигини кузатяпмиз. Масалан, «Бавария»да натижага эришиш тажрибаси, клуб қадрияти авлоддан авлодга яхши ўтказилмоқда: Беккенбауэр, Хёнесс, Румменигге... Англияда эса тез келадиган маблағ ва ютуқ модули мавжуд. Ҳар икки вариант ҳам иш беряпти. Шахсан менга биринчи галда, клубнинг муайян йўналишни сақлашга уриниши ва қадриятларни авлоддан авлодга ўтказиши ёқади.

- АПЛда қачондир ҳам эркаклар, ҳам аёллардан ташкил топган жамоани кўрамизми? (Саймон Армитижи, шоир)

- Сўнгги 10 йил давомида бутун жаҳон футболида худди АПЛдаги каби жисмоний ҳолатга катта эътибор қаратилмоқда. Бундай вазиятда аёллардан ҳам юксак жисмоний характерга эга бўлиш талаб этилади. Юқори техник салоҳиятга эга аёл эркаклар жамоасида спринтер ролига мос тушиши мумкин. Шундай экан, нима учун «йўқ» жавобини беришим керак?

- Япониядаги фаолиятингиз спорт ва эстетика томонлама қарашларингизга қандай таъсир ўтказган? (Пол Гилрой, академик)

- Фақат фойдамга ишлади. Чунки дунёқарашим янада кенгайди. Асли Эльзасдан эканлигимни эсдан чиқармаслик керак. Монакода ишлаганман. Бу Эльзас билан солиштирганда, умуман бошқа дунё. Турли тажрибалар инсонни қизиқувчанликка, бошқа одамларни тушунишга ундайди. Японияда аввало, маҳаллий тилни ўрганишга уриндим. Ёнимда япониялик ёрдамчим бўлишини хоҳлагандим. Ҳаттоки, катта жамоадан таклиф олишимдан олдин Европага қайтмасликка қарор қилгандим.

- Лондон ва Япониядаги ҳаёт нимаси билан фарқланади? (Jazzie B, мусиқачи)

- Англияга Япониядан келганимда ўзимни худди уйдагидек ҳис қилганман. Чунки «кунчиқар юрт»да ҳаёт тарзи мутлақо бошқача. Тўғри, кўп жиҳатлар менга ёққан, аммо инглиз маданияти яқинроқ, барибир. Тажрибамдан келиб чиқиб, ўйинчиларга ҳар доим бир гапни уқтирардим: «Агар чет элга борсангиз, маҳаллий ўйинчилардан кўпроқ ҳаракат қилишингларга тўғри келади. Асосий шарт шу». Хориждаги фаолиятим фойдамга ишлади, менимча. Бу аввало, табиий қаттиққўллик ва талабчанлигим ривожланишига ёрдам берди.

Р.S.: машҳур шахслар ва оддий одамлар ҳамда Арсен Венгер ўртасидаги видеомулоқот давомида қандай савол-жавоблар бўлганига қизиқсангиз, газетамизнинг кейинги сешанба сонини кутинг.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz