Қайднома

Қидирув

Роналдунинг илк трансфери ҳақида...

Роналдунинг илк трансфери ҳақида...

  01.11.2020 15:15
  0
  220
Роналдунинг илк трансфери ҳақида...

Криштиану Роналду «Спортинг»да ажойиб ўйин кўрсатиб, Жон О`Шини анча қийнаганидан сўнг «МЮ» вакилларида ёрқин таассурот қолдирганидан кўпчиликнинг хабари бўлса керак. Шундан сўнг Манчестер жамоаси португалиялик футболчининг трансферини амалга оширишга жиддий киришди. Охир-оқибат, Роналду 6 мавсум «қизил иблислар» сафида тўп суриб, жамоа билан 9та сов­ринни қўлга киритди. Яқинда The Athletic наш­ри Кришнинг трансфери бўйича бир нечта фактларни тақдим этди. Ушбу маълумотлар билан танишишни тавсия қиламиз, зеро улар орасида оммага номаълум бўлганлари ҳам бор.

*** «МЮ» Роналдуни олиб кетаётганда, рақобат жиддий бўлишини тушуниб турганди. Дастлаб, айнан «Спортинг»га қарши баҳс арафасида «МЮ»нинг ўша пайтдаги устози Алекс Фергюсон Жорже Мендеш (Криштианунинг агенти) билан учрашиб, келишиб олди: 5 йиллик шартнома, Роналдуни бир йил ижара асосида «Спортинг»га бериш. Аммо ўйин пайти португалиялик ҳужумчи шу қадар яхши таассурот қолдирдики, танаффус пайти Фергюсон «МЮ» бош директори Питер Кеньонга хабар жўнатди: «Бу йигитча биз билан кетиши керак». Натижада вазиятни ҳам тезда ўнглашди: «Келинглар, унинг бошқа ерда ўсишини кузатмай қўя қолайликда, клубимизга олиб кетайлик».

Кеньоннинг айтишича, сэр Алекс камдан-кам ҳолатда қўллайдиган услубига мурожаат этган - ўйин вақти беришни ваъда қилган. Одатда, у «МЮ»дек клубда ўйнаш шараф эканини таъкидларди, Роналдунинг ҳолатида эса бошқача йўл тутди: «Сенга вақт берамиз, асосий таркибда ўйнайсан. Айнан қанча вақт ўйнашинг­ни айтолмайман, барчаси ўзингга боғлиқ, лекин ўйинни четдан туриб кузатмаслигинг аниқ». Мазкур суҳбат ҳал қилувчи аҳамият касб этди.

*** «Спортинг» спорт директори Карлуш Фрейташнинг маълумот беришича, Роналду бўйича биринчи алоқага чиққан жамоа «Арсенал» бўлган. Шунингдек, даъвогарлар рўйхатида «Барселона», «Валенсия» ва «Интер» ҳам бор эди. Қолаверса, Роналду ўшандаёқ «Ювентус» таркибига қўшилиш имкониятига эга бўлганди, бироқ келишув амалга ошмаган: «Спортинг» Марсело Саласни ҳамда қўшимча пул олишни истаган, аммо футболчи «Ривер Плейт»га кетган.

«Валенсия» президентлигига номзод Пако Ройга Роналдунинг (имкон топилса, Куарежманинг ҳам) трансфери бўйича Мендеш билан келишиб олганди, аммо пул муаммоси вужудга келди.

«Парма» 7 миллион фунт таклиф қилди, лекин футболчининг бир йил муддат «Спортинг»да ижарада ўйнашини хоҳлади.

Чики Бегиристайн «Барселона» вакили сифатида Роналдуни кузатгани келди.

«Реал»ни бошқарган Карлуш Кейруш клубига қанча пул сарфлаб бўлсада ушбу футболчини қўлга киритиш кераклигини уқтирган.

*** Бу рўйхатнинг ҳаммаси эмас. Криштианунинг дебют ўйини сабабчиларидан бўлган Ласло Болонининг таъкидлашича, яна учта клуб билан музокаралар ўтказилган: «Менга даст­лаб «Осер»дан Ги Ру қўнғироқ қилди. Унга Роналдунинг ўзгача эканлигини айтдим, Ру эса ёшлар билан ишлашни ёқтирарди. Гап нархга бориб тақалди. Унга: «Бир неча миллион маблағ топишингга тўғри келади», дедим. Ги эса: «Тушунарли, бу таклиф мен учун эмас экан», деди. Шу тариқа суҳбатимиз якунланди».

Болонини ҳаммадан кўра «Лион» вакиллари кўпроқ ҳайрон қолдиришди. «Ўша пайт «Спортинг»да пул йўқ эди, президентимиз шундай деди: «Уларга айт, агар Тони Верелни бизга текинга беришса, ёшларимизни қўлга киритишда имтиёзга эга бўлишади. «Лион»дагилар гап қайси футболчилар ҳақида бораётганига қизиқишди. Биз эса бундай иқтидорлар кўплиги, аммо энг яхшиси Роналду ва Куарежма эканлигини таъкидладик. Бир-икки ҳафта кутдик, харидорлардан садо чиқмади. Трансфер ойнаси ёпилаётганди, ўзим қўнғироқ қилдим. Лионликлар эса бундай футболчилар ҳақида эшитишмагани, шу боис, келишув амалга ошмаслигини билдиришди».

Учинчи клуб - «Арсенал». Болони жамоага ҳужумчи излаётганди ва Арсен Венгер билан гаплашди. Мураббий Роналду бўйича савол берди - Болони унга Ги Руга айтганларини сўзлади. «Ўшанда Венгер Криштиану тўғрисидаги кўплаб маълумотларни тўплади - футболчи ҳақида ҳамма нарсани биларди».

*** «МЮ» португалиялик ҳужумчини мунтазам кузатмаган - буни «Спортинг»га қарши кечган ўйин арафасида аэропортда ўтказилган паспорт назорати ҳам кўрсатиб турарди. Мендеш келаётган скаут тўғрисида маълумот олди, қўнғироқ қилиб, аэропортда машина тайёр эканлигини айтди - унинг ичида бошқа клублар вакиллари ҳам бор эди. Шу тариқа Роналду учун жиддий кураш кетаётганини кўрсатиб қўйишни исташганди.

*** Эҳтимол, Криштианунинг онаси ва Мендеш билан «Арсенал» базасига келгани, Анри билан танишгани, Венгердан «канонирлар» либосини олгани ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Трансфер масаласи деярли ҳал эди - 8 миллион. Бошқа бир талқинга кўра, Мендеш йўқолиб қолиб, кейинроқ пайдо бўлган, Венгерга Фергюсон билан 11 миллионга келишиб олганини айтган.

Тушунарлики, «Арсенал» билан келишувнинг амалга ошмаслигига Мендеш сабабчи бўлган. Факт шуки, Венгер агентни кечирмади, бу воқеани унутмади. Тадбирлардан бирида иковлон учрашиб қолишганда, Венгер Мендешга қандай муносабатда эканлигини яширмади. Жуда совуқ муносабат, қўл сиқишдан бошқасига ярашмади. «Арсенал» франциялик мутахассис қўл остида топ-клублардан бири бўлган, Мендешдан узоқроқ туришга интилганди. Клуб бу агентнинг мижозларини харид қилмади.

*** Жерар Улье мазкур трансфердан хабар топгач, тановул қилаётган таомига тиқилиб қолишига бир баҳя қолди. Унинг «Ливерпул»даги ассистенти Фил Томпсон Роналдунинг «қизиллар» сафига ўтишини Тони Генри билан муҳокама қилган, Генри эса Жорже Мендешнинг топшириғи билан Роналдуга АПЛдан клуб излаётган Пол Стретфорд қўл остида ишларди. Гап 4 миллион фунт ҳақида борарди. Кейинроқ, нонушта пайти Томпсон ва Улье Криштианунинг 12 миллион эвазига «МЮ»га ўтганидан хабар топишди. «Жин урсин, у ерда нима бўлган?!» - дея ўрнидан туриб кетганди Жерар ўшанда.

Томпсон эса қуйидагича фикр билдирганди: «24-48 соат ичида нарх 8 миллионгача ошди. Бизга эса «4 миллион берсангиз, у сизники», дейишганди. Генрига қўнғироқ қилиб, нима бўлаётганини сўрадим. У эса мазкур келишув иштирокчилари сафидан чиқариб юборилганини айтди».

Бошқа бир маълумотда «Ливерпул»нинг Роналдуни сотиб олишга у қадар жиддий интилмагани айтилади - бу пайтга келиб мерсисайдликлар икки ёш футболчини (Ле Таллек ва Синама-Понголь) харид қилишга улгуришганди. Улье эса яна бир қимматбаҳо ёш ўйинчини сотиб олиш маошлар тизими ва жамоадаги кайфиятга салбий таъсир ўтказади, деб ҳисоблаган.

Ж.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz