Қайднома

Қидирув

Тақдир: Ногаҳоний етакчига кутилмаган зарба

Тақдир: Ногаҳоний етакчига кутилмаган зарба

  02.11.2020 05:05
  0
  392
Тақдир: Ногаҳоний етакчига кутилмаган зарба

«Лидс», «Лидс», «Лидс»! Марсело Бьелса жамоаси Бирмингемга, АПЛнинг ногаҳоний етакчиларидан бири - «Астон Вилла»га қарши ўйинга таркибдаги жиддий йўқотишлар билан ташриф буюрди - асосий ярим ҳимоячи Кэлвин Филипс (Чемпионшипда ўйнаган вақтдаёқ Англия терма жамоасига чақирилган футболчи) ва Диего Льоренте жароҳатдан кейин сафга қайтолмадилар. Лекин бу ҳолат дебютант «Лидс»га мавсум ҳисобидан сафардаги энг чиройли ўйинлардан бирини кўрсатишига халақит бергани йўқ. Ваҳоланки, рақиб шу ўйинга қадар 100 фоизли натижа кўрсатиб турган ва агар ғалаба қозонса, турнир жадвали етакчисига айланарди. Ўйиннинг иккинчи бўлимида айниқса, Патрик Бэмфорд майдонда шунчаки, порлади. «Ҳисоб 0:0 бўлиб турган паллада мени алмаштиришади, деб ўйлагандим» - кулди англиялик ҳужумчи учрашувдан кейинги интервью чоғи тўпни қучоқлаган ҳолда. Чунончи, Бэмфорд атиги 19 дақиқа ичида «Астон Вилла»га нақ 3та гол тортиқ этди. 2-3-голлари жуда ажойиб чиқди - футболчи рақиблар қуршовида қолганига қарамай, дарвозанинг «тўққиз»лигини нишонга олди. Диққатни тортадиган фактлар - Бэмфорд вақтида Гарвард университетида ўқишдан бош тортган, у яна скрипка чалишга уста, нақ 4та тилни билади...

*** «Лидс» вакиллари охирги 17 йил бадалига АПЛ ўйинида «хет-трик» қайд этишмаганди. Тўғри, жамоанинг ўзи ҳам Англия элит лигасида деярли шунча вақт кўриниш бергани йўқ. Хуллас, 2003 йили 1та ўйинда 3та гол урган Марк Видука «Лидс»нинг АПЛда «хет-трик»ка эришган охирги футболчиси бўлиб турганди.

*** Патрик Бэмфорд - «Лидс» сафида АПЛнинг сафар ўйинида, бир бўлим давомида «хет-трик» расмийлаштирган биринчи футболчи. Умуман, бу Пэт учун ҳам «Лидс» либосидаги биринчи «хет-трик»дир.

*** «Лидс» охирги 28 йил ичида АПЛнинг дастлабки 6та турида 12та гол урган дастлабки дебютант жамоа бўлди. Умуман, бундай натижа биргина «Мидлсбро»га насиб этган (мавсум-1992|1993да).

*** Патрик Бэмфорд дастлабки 6та турда 6та голга муаллифлик қилди. У бу кетишда АПЛ тўпурарлар пойгасига ўзгача жило бағишлайди.

Патрик Бэмфорд - «Челси» ижара сиёсатининг афсонаси. 2012 йили Лондон клуби сафига қўшилган ҳужумчи 5 мавсум «кўклар» ихтиёрида юрди, бироқ АПЛда айтарли имкониятга эга бўлмади. Аниқроқ айтсак, Бэмфорд бу вақт оралиғида 6 марта ижара сафарига жўнатилди. Ҳужумчи кейинчалик «Мидлсбро»да ўйнади ва якунда «Лидс»дан қўним топди. Жамоа бошқаруви аргентиналик Марсело Бьелсага топширилгач, Бэмфорд бирданига яхши ўйнаб кетди ва Чемпионшип юлдузлари қаторига кирди. «Биламан, Бьелсадан қарздорман. Зеро, мени «9-рақам» позициясида кўрган мураббий айнан у, - деганди Бэмфорд. - Ўртамиздаги муносабат деярли «муҳаббат ва нафрат ораси бир қадам» даражасида. Муҳими, Бьелса бизни яхшироқ ўйнашга ўргатгани аниқ ва янада юқорироқ савияга олиб чиқишни хоҳлаётганини ҳам биламиз».

Бэмфорд ўзгача футболчилар тоифасидан. У бадавлат оилада туғилган, Ноттингемдаги хусусий мактабда ўқиган, скрипка ва фортепиано чалишни қойиллатади («Мидлсбро»да клубдошлари билан Бах концертини қўйиб берган), саксофон ва гитарада ҳам бемалол ўйнаши мумкин. Ўзи таҳсил олган хусусий мактабда футбол жамоаси бўлмагани учун 1-синфга қадар регби клубида ўйнаган. Мактабда яхши баҳоларга ўқиган Патрик давлат имтиҳонларида юқори балл олади. У жумладан, француз тили, тарих, биология ва умумий тадқиқот фанлари имтиҳонида максимал балл йиғади. Патрик шунингдек, испан ва немис тилларини ҳам билади. Вақтида бўлажак ҳужумчига спорт стипендияси олиб, Гарвард университети бизнес йўналишида ўқишни таклиф этишади. Бироқ футболни устун кўрган Бэмфорд бундан бош тортади. Мана, у энди ўз голлари билан АПЛни «ёндирмоқда».

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz