Қайднома

Қидирув

Доменико Тедеско: «Хоҳлаганимда, «Спартак»дан аллақачон кетардим»

Доменико Тедеско: «Хоҳлаганимда, «Спартак»дан аллақачон кетардим»

  04.11.2020 14:14
  0
  425
Доменико Тедеско: «Хоҳлаганимда, «Спартак»дан аллақачон кетардим»

Ҳамюртимиз Остон Ўруновнинг жамоаси - «Спартак»ни чемпионлик сари ундаётган германиялик мутахассис Доменико Тедеско 31 октябрь куни «Откритие Aрена» стадионида «Ростов»га қарши кечган ўйин (РПЛ 13-тури) арафасида «Советский спорт» нашрига интервью берди. «Қизил-оқлар» устози суҳбат бошида ростовликлар билан учрашув хусусида тўхталди, кейин яна қатор қизиқарли саволларга жавоб қайтарди. Фақат шуниси борки, унинг шогирдлари «Ростов»га 0:1 ҳисобида имкониятни бериб қўйишди.

- «Ростов»да катта ўзгаришлар бор. Рақиб ҳақида нима дея оласиз?

- Биламан, жамоа бир қатор етакчи футболчиларидан айрилган, шунинг баробарида савияси яхши ижрочиларни ҳам харид қилди. Бунда аввало, шведларни назарда тутяпман. Иккови ҳам жуда тезкор. Бири Швеция ёшлар термасига жалб этилган. Умуман, «Ростов»нинг ўйин услуби ўзгармади. Жамоа рақибларга юқори босим таклиф қилишда давом этмоқда. Кўпинча 4-3-3 тактик чизмаси бўйича ҳаракатланади.

- Ҳисобингизда сариқ карточкалар кўпайгани туфайли ўйинда жамоани бевосита майдон четида бош­қаролмайсиз. Бу шогирдларингизга таъсир кўрсатмасмикан...

- Менимча, йўқ. Ассистентларим - Aндреас ва Макс бор. Қолаверса, бундан ҳолатга биринчи марта тушмаяпмиз, аввалгиларида ёрдамчиларим барчасини эплашганди.

- «Ростов» етакчиси Роман Ерёменкога кўрсатилган қизил карточканинг бекор қилиниши қанчалик адолатли?

- Тўғриси, ҳайрон қолдим. Бу ҳақда яқинда билдим. Нима ҳам дердим, унинг майдонга тушишини тўғри қабул қилишимиз керак. Ерёменконинг «Спартак»ка қарши ўйнашини ҳамма истаётган экан, шундай бўла қолсин... У савияли ижрочи, «Спартак»нинг собиқ футболчиси. Майдонни яхши кўради, тажрибали, техник салоҳияти ҳам юқори. Биз эса ишлашда давом этамиз, лекин энди сариқ ва қизил карточкаларга ҳам алоҳида эътибор қаратамиз, уларни камайтиришимиз керак. Оддий мисол, кубок турнирида ЦСКАга қарши учрашувда Эзекиэль Понcе «сариқ» олди ва у энди «Зенит» билан бўладиган ярим финал ўйинида бизга ёрдам беролмайди.

- Aлександр Соболевнинг аҳволи қандай?

- У шу ҳафта жамоа машғулотларига қўшилди ва навбатдаги ўйинда бемалол иштирок этиши мумкин.

- «Спартак» футболчилари устоз ва мураббийлар куни муносабати билан махсус видеоролик тайёрлаб, сизни алоҳида табриклашди. Жамоангиз футболини тасвирлаш учун айнан қайси сўздан фойдаланардингиз...

- Барча йигитлар ўйинга ташналар. Уларнинг кўзлари ёниб турибди, ҳамма ўйнашни истайди. Муҳими, жамоа майдонга тушганида, бу яққол сезилмоқда. Яъни футболчиларда ўз салоҳиятларига нисбатан ишонч катта эканлигини ҳис қилиб турибман. Оддий айтганда, жамоа ҳозир бир тану бир жонга айланган.

- «Спартак»дан кетишингиз мумкинлиги ҳақидаги миш-мишларга қандай изоҳ берасиз?

- «Спартак» бош мураббийи сифатида ишлаш - мен учун катта шараф. Бундеслигага қайтишни хоҳлаётганим ҳақидаги гап-сўзлар эса, ўз йўлига. Агар чиндан ҳам, шуни хоҳлаганимда, аллақачон «Спартак» билан 3 марта хайрлашган бўлардим. Биринчи марта «Шальке»дан кетганимдан атиги 2 ҳафта ўтиб, таклиф олдим. «Спартак» бошқарувини қўлга олганимдан кейин эса, яна икки марта имконият туғилди. Учинчи реал чорлов ёзда тушди. Ҳозирги янгиликлар қаердан чиқаётганини эса билмайман. Клуб ичкарисидан тар­қалаётганини айтишди, лекин бунга эътибор қаратмайман. Шартнома билан боғлиқ ҳолатни унутмаслик керак: Леонид Федун билан суҳбатлашганимда, у қишда келишув муддатини узайтириш масаласини муҳокама қилмоқчи эканлигини айтди ва бунга рози бўлдим. Олдинда ҳали ўйинлар кўп, ҳозир аввало, бўлажак учрашувлар ҳақида бош қотириш керак. Қисқаси, ишни жимгина давом эттирганимиз маъқул.

- «Спартак» ўтган турда «Краснодар»ни енггач, рақиб жамоа директори «ғалаба сизларга ҳакам томонидан лаганда тортиқ этилгани» ҳақида гапирди. Бундан ранжимадингизми?

- Одамлар ўйлаганларини айтишлари мумкин, бундан хафа бўлишга ҳожат йўқ. Биз ҳам мағлубиятдан тушкун ҳолга тушамиз, лекин сабабни аввало, ўзимиздан қидирамиз. Ҳа, ўтган йили ҳакамларнинг айрим қарорларига нисбатан эътироз билдирганман, лекин тан оламан, бу менга ярашадиган ҳаракат эмас. «Краснодар» дарвозасига урган биринчи голимиз кўп муҳокама қилинди, аммо айтишим керакки, айнан шу каби қарорлардан «Спартак» ҳам жабр чеккан... Менимча, бу каби фикрлар - равон кетаётган қайи­ғимизни силкитишга уриниш, холос. Муҳими, айни пайт бу энергияни ижобий йўналишга буриш ҳаракатидамиз. «Спартак» аслида барча рақибларни ташвишга солиши керак. Умуман, ҳамманинг олдида виждонимиз  пок. Ҳар доим имконият даражасида ўйнаймиз ва охиригача курашамиз.

- Ҳамюртингиз Сандро Шварц «Динамо» бошқарувини қўлга олгач, сиз билан мулоқотга киришмаслик яхши эканлигини айтди. У билан муносабатингиз қандай?

- Ўша матбуот анжуманини кўрмадим ва у айнан нима деганини билмайман. Балки ҳазил тариқасида гапиргандир. Қолаверса, Шварцни Бундеслигадаги фаолия­тимдан яхши биламан. Бир-биримизга 3 марта қарши ўйнаганмиз: «Шальке» - «Майнц». У ёш, ғайратли мураббий.

- Ўтган мавсум якунида РПЛнинг энг яхши мураббийини аниқлаш сўровида Валерий Карпинга овоз бердингиз. Нима учун?

- Чунки «Ростов»нинг футбол ғояси ва фалсафаси ёқади. Тажовузкор ўйин, юқори мудофаа, вертикал фикрлаш... Футболчилар бу қийин ишни муносиб бажаришади. Жамоа фалсафаси жорий мавсум ҳам ўзгармаган. «Ростов» аслида Европа мусобақаларида иштирок этишга муносиб эди, афсуски, саралашдан ўтолмади.

- Чемпионлар Лигаси доирасидаги «Локомотив» - «Бавария» ўйи­нини бевосита стадионда кузатдингиз. Сизнингча, мюнхенликлар чиндан ҳам, ярим куч билан ҳаракат қилишдими?

- «Бавария» неча фоиз куч ишлатганини аниқ билмайман, аммо ўйин яхши чиқди, менимча. Ҳар ҳолда, «Локомотив» охиригача курашди. Умуман, айниқса, Россия клублари иштирокидаги еврокубок учрашувларини қолдирмасликка уриняпман. Ҳа, катта клубларга қарши туриш осон эмас. Лекин ишончим комил, Россия клубларида «плей-офф» раундларига чиқиш имконияти бор, барибир. Барча жамоаларни чин дилдан қўллаб-қувватлайман...

М.Пўлатов тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz