Қайднома

Қидирув

Абдувоҳид Неъматов: "Дарвозада туриш қийин, ўйнаш осон, ҳарқалай"

Абдувоҳид Неъматов: "Дарвозада туриш қийин, ўйнаш осон, ҳарқалай"

  12.11.2020 02:20
  0
  716
Абдувоҳид Неъматов:

Жорий йил Coca Cola Суперлигадаги иштирокини асосан ўз тарбияланувчиларига тая­ниб бошлаган «Насаф» клуби ҳозир турнир жадвалининг 2-қаторида бормоқда. Кўпчилик мавсумнинг старт босқичида ўз олдига катта мақсад-вазифаларни қўйган баъзи жамоаларнинг шашт-шижоатини кўриб, бу йил «Насаф»га қийин бўлиши ва у ўртамиёналар қаторида юришини тахмин қилганди. Рўзиқул Бердиев шогирдлари бунга терс ўлароқ, турдан турга ўз ўйинларини шакллантириб, ижобий натижаларга эришиш асносида нималарга қодир эканликларини исботлашмоқда. Жамоа муваффақиятига катта ҳисса қўшаётган футболчилардан бири - бу дарвозабон Абдувоҳид Неъматов, шубҳасиз. Алоҳида қайд этиш жоиз, ёш голкипер иштирокидаги охирги 9та ўйинда «Насаф» бирорта гол қўйиб юборгани йўқ.

- Абдувоҳид, суҳбатимизни жа­моангизнинг «Қўқон-1912»га қарши кечган сўнгги ўйини ҳақидаги фикр­ларингиз билан бошласак.

- Ўйин кескин курашлар остида ўтди. Ўз майдонимизда ўйнаганимиздан келиб чиқсак, бизни ғалабадан бошқаси асло қониқтирмасди. Ҳа, рақиб охиригача муносиб қаршилик кўрсатди. Муҳими, майдонда мураббийлар кўрсатмаларини аниқ бажаришга ҳаракат қилиб, муҳим 3 очкони қўлга киритдик.

- Шу билан «Насаф»даги қуруқ ўйинлар сериясини 9тага етказдингиз. Айтингчи, бу борадаги статистикани ҳисоблаб борасизми?

- Йўқ. Серия ҳақида «Насаф»нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўқидим. Очиғи, бундан хур­санд­ман, албатта, қуруқ ўйинлар сонини янада кўпайтиришдан умидворман.

- Қўқон клуби билан ўйинда дарвозангизга пенальти белгилангач, хаёлингиздан нималар ўтди? Зеро, зарбани «нуқта»дан сира хато қилмаётган Мурод Холмуҳаммедов амалга ошириши маълум эди.

- Ўша пенальтини бартараф этмасам, уялиб қолардим. Чунки ҳакамнинг 11 метрли нуқтага ишора қилишига ўзим сабабчи бўлгандим. Қисқаси, хаёлимда фақат бир фикр чарх урди - зарба йўлини топиш, тўпни қайтариш. Бир зумда кўз ўнгимдан жамоадошларимнинг ўйинга тайёргарлик жараёнида қаттиқ ишлашганию, тер тўкишгани ўтди. Шукрки, ўзимга ишонч ва машғулотлардаги меҳнат самараси ўлароқ, номдор пенальтичи Мурод Холмуҳаммедов билан дуэлда устун келдим.

- «Насаф»даги ажойиб ўйинларингиз ортидан миллий жамоадан яна чақирув олдингиз. Хўш, ҳиссиётлар қандай?

- Албатта, ҳар бир футболчи мамлакат миллий жамоаси либосини ки­йишга бош мақсад сифатида қарайди. Бош жамоамиз йиғинига чақирилганим мени янада кўпроқ ишлашга ундайди. Худо хоҳласа, терма жамоага қўлдан келганича ёрдам бериб, юртимиз байроғи халқаро ареналарда юқори кўтарилишига ҳисса қўшмоқчиман.

- Бу сафар миллий жамоа йиғинига «Пахтакор» кипери Элдор Сую­новнинг чақирилмагани кутилмаган ҳол бўлди. Бу борада қандай фикрдасиз?

- Ҳа, Суюновнинг жамоа йиғинидан четда қолгани мени ҳам бироз ажаблантирди. Менимча, Элдор акада қандайдир жароҳат бўлса керак. Ўйлашимча, Суюновга ортиқча таъриф беришнинг ҳожати йўқ - тажрибали, ажойиб кипер. Биласизми, биз «Насаф» академиясида таҳсил олган кезлар Элдор ака баъзи-базида базага келиб, тарбияланувчилар билан маш­ғулот олиб борарди. Кейинчалик профессионал фаолиятим бошланганида ҳам, мени ёнига чақириб, маслаҳат бериш баробарида камчиликларимни кўрсатиб ўтганди.

- Ўз ўрнида футболга кириб келишингиз ва бугунги даражага етиб келишингизда меҳнати сингган инсонлар ҳақида маълумот берсангиз.

- Футболни танлашимда, биринчи навбатда, отамнинг ўрни катта. Болалигимда айнан отам қўлимдан етаклаб, Жиззах футбол мактабига олиб борганди. У ерда мураббийлар -  Ифтихор Ўринов ва Фарҳод Йўлдошевдан сабоқ олдим. Кейинчалик «Насаф» академиясига ўтиб, Озод Бердиев, Азамат Алиқулов ва дарвозабонлар мураббийи Шерзод Каттаев қўл остида шуғулландим. Аввал Биринчи лига, кейинчалик Ёшлар лигасида ўйнаш асносида Рўзиқул ака Бердиев эътиборига тушдим. Худога шукр, энди асосий жамоа аъзосиман. Фурсатдан фойдаланиб, шу даражага чиқишимга катта ҳисса қўшган Рўзиқул Бердиев ва дарвозабонлар мураббийи Денис Иванковга миннатдорчилик билдираман.

- Яхши дарвозабон бўлиб етишишингизни қачон сезгансиз? Ёки бу мураббийлар танловими?

- Тўғриси, бошида дарвозада турмаганман. Ҳаттоки, «Насаф» академиясида ҳам мураббийлар турли позициялар, асосан, ҳимояда синаб кўришган. Адашмасам, Қатарда ташкиллаштирилган турнирда тўпурар ҳам бўлгандим. Мана, тақдир тақозоси билан дарвозабонга айланиб қолдим. Биласизми, кўпчилик майдонда югуришдан кўра, дарвозада  туриш осонроқ эканлигини айтади. Лекин бу фикрга мутлақо қўшилмайман. Чунки турли чизиқларда ўйнаб кўрганман ва биламанки, дарвозага туриш қийин, ўйнаш осонроқ. Аммо дарвозабон бўлганимдан афсусланмайман. Ҳаммаси яхшиликка. Аллоҳдан сўраб, меҳнат қилавериш керак.

- Мавсум бошида жамоангизнинг ҳозирги таркиби билан сов­ринли ўринлар учун курашишига кўпчилик ишонмаганди. Сизчи, бу борада қандай фикрда эдингиз?

- Ҳа, кўпчилик имкониятимизни паст баҳолаганди. Муҳими, бош мураббий бизни ишонтирди, рақобатбардош ва юқори ўринлар учун курашувчи жамоа шакллантирди. Қолаверса, барча йигитлар жамланиб, ҳар қандай ҳолатда чиройли ўйин кўрсатиш ва медаллар учун курашишга келишиб олгандик.

- Миллий жамоадан чақирув олганингиздан кейин ижтимоий тармоқлар орқали бўлажак рақиблар - Сурия ва Ироқ термалари ҳужумчилари ҳақида қандайдир маълумотлар қидириб кўрдингизми?

- Сурия ва Ироқ терма жамоалари ҳужум бобида анча кучли эканлиги кўпчиликка маълум. Тўғриси, ҳужумчилари борасида алоҳида маълумот изламадим. Бу нарса хаёлимга ҳам келмади. Агар ҳужумчилардан чўчиганимда, дарвозабонликни танламасдим.

- «Пахтакор» яқинда «Бунёд­кор»га имкониятни бой берди, лекин «шерлар»нинг чемпионликни тантана қилишлари тайиндек, барибир. «Насаф»ни эса олдинда 4та жиддий рақиб кутиб турибди. Нима деб ўйлайсиз, жамоангиз «Сўғдиёна», «Пахтакор», «Бунёдкор» ҳамда «Локомотив»га қарши ўйинларда ўзи учун керакли натижа қайд этиб, турнир жадвалидаги ўрнини сақлаб қоладими?

- Ҳа, «Пахтакор» турнир жадвалида катта устунликка эга. Бу жамоа охирги 2 йил ичида катта ўсишга эришди. Тошкентликлар ҳозир чемпионликни тантана қилишаётган бўлишлари ҳам мумкин эди. Фақат «Бунёдкор» бунга имкон бермади. «Пахтакор»нинг қачон ва қайси жамоага қарши ўйиндан сўнг чемпионликни расмийлаштириши - вақт ҳукмидаги масала. Тўғри, бизда назарий жиҳатдан чемпионлик учун имконият мавжуд. Кузатамиз, воқеалар қандай ривожланар экан? Саволингизга келсак, Худо хоҳласа, олдимиздаги 4та ўйинни ҳам кўтаринки руҳда ўтказиб, камида кумуш медалга эга чиқамиз.

- «Насаф»нинг тажрибали футболчилари бошқа жамоаларга ўтиб кетишгани ҳам сиз каби ёшларга қўл келди. Натижалар чакки эмас. Бироқ жамоа келаси йили ОЧЛда иштирок этса, ҳозирги таркибнинг тажрибасизлиги панд бермасмикан?

- Фикрингизга қўшиламан, агар келаси йили ОЧЛда  ўйнаш ҳуқуқини олсак, тажрибали ўйинчиларга эҳтиёж сезилар балки. Лекин нокамтарлик туюлса ҳам айтаман, Рўзиқул ака керак бўлса, бу жамоани ОЧЛда ҳам яхши ўйната олади. Бунга тўлиқ ишонаман. Ўйлашимча, ҳозирги таркиб билан бемалол халқаро майдонларда муносиб иштирок этиш мумкин.

Х.ЮСУПОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz