Қайднома

Қидирув

Мавсум кашфиётлари ёки ҚАЙТА ТИРИЛГАН “АСТОН ВИЛЛА” ҳақида

Мавсум кашфиётлари ёки ҚАЙТА ТИРИЛГАН “АСТОН ВИЛЛА” ҳақида

  19.11.2020 12:42
  0
  199
Мавсум кашфиётлари ёки ҚАЙТА ТИРИЛГАН “АСТОН ВИЛЛА” ҳақида

«Астон Вилла» АПЛда қолишни уддалагач, жамоа бош мураббийи Дин Смит қувончини яширолмади. Аммо байрамни нишонлаганидан сўнг уйга қайтмай, «Бодимур Хит»даги офисида қолишни маъқул кўрди. Футболчилар қўшиқлар куйлаб, бутун Бирмингемга татигулик хурсандчилик билан банд бўлишганда, мутахассис кейинги мавсум ҳақида ўй сура бошлади. «17-ўрин ҳеч кимни қониқтирмайди», - деганди Смит ўшанда. «Вилла» ўзгариши керак эди, ушбу жараён ўша тунда бошланди.

***

Карантин Динга кучли таъсир ўтказди. Май ойида отаси Рон коронавирусдан вафот этди. Пандемия бошланишидан аввал эса ишсиз қолиши мумкин эди, бироқ чемпионатнинг сўнгги кунларидаги муваффақиятли иштирок раҳбариятнинг мураббийга бўлган ишончини қайтарди, кўплаб тахминларга қарамай, бирмингемликлар янги мавсумни эски «босс» билан бошлашди.

Иш кўп эди: раҳбарият Динга кўплаб ислоҳотларни амалга ошириш бўйича ваъда берди. Смит Шотландия таътилидан воз кечиб, клуб директори Кристиан Пурслоу билан жамоа келажагини муҳокама қилди. Шунингдек, ўтган мавсумнинг сўнгги кунида Хесус Мария Питарчанинг ўрнини эгаллаган янги спорт директори Йохан Ланге билан учрашув белгиланганди.

Клуб трансфер мақсадларини аниқлаб олишидан аввал раҳбарият билан маслаҳатлашиш керак эди. Гуруҳ бош директор, спорт директори ва бош мураббийдан ташкил топганди. Питарч «Вилла»нинг муаммоларида айбдор эмасди, бироқ испаниялик функционер билан Пурслоунинг орасига ола мушук тушгач, унинг ўрнига бош­қа кишини танлаш эҳтиёжи туғилганди. Танлов ушбу лавозимнинг собиқ эгасига ёрдамчилик вазифасини бажарган Лангеда тўхтади: 40 ёшли мутахассис «Копенгаген»да ўз вазифаларини аъло даражада бажарган, бироқ Дания футболи ихлосмандларини инобатга олмаганда, унинг номи кўпчилик учун нотаниш эди.

Пурслоу таркибни кучайтиришда Динга ёрдамлашади, лекин айнан Ланге рақамлар билан ишлаш, футболчилар нархини пасайтиришда уддабурон. «Вилла» - камбағал клуб эмас, аммо харидларга ортиқча пул тўламайди.

Лангенинг тайинловидан сўнг «Вилла» дарҳол келгуси мавсум стратегияси бўйича бош қотиришни бошлади. Афтидан, англияликлар ниманидир тўғри бажаришган, ҳар ҳолда, ҳозирга келиб жамоанинг АПЛдаги натижалари чаккимас.

Сўнгги йилларда жамоага янги келганлар мухлисларда кўплаб саволлар келиб чиқишига сабабчи бўлишди, бироқ бу галги ёзни ҳеч ким омадсиз деб атамаса керак. Умуман, етакчилар - Жек Грилиш ва Тайрон Мингс билан амалдаги шартноманинг узайтирилишини асосий муваффақият сифатида баҳолаш мумкин.

Жамоа янги дарвозабонга эҳтиёж сезди, Эмилиано Мартинеснинг 20 млн.га сотиб олиниши эса ажойиб келишувдек - ахир клуб айнан дарвоза чизиғидаги «тешик»ни ёпиш учун 5 трансфер ойнасидан буён уринмоқда.

«Брентфорд»дан 28 млн. фунт эвазига Олли Уоткинснинг таклиф этилиши, «Ноттингем»дан Мэтти Кэш ва «Лион»дан Бертран Траоренинг келиши кўпчиликни хурсанд қилди, Росс Барклининг «Челси»дан ижарага олиниши эса қойилмақом юриш бўлди.

***

Аммо режа тузиш - бир томон, уларни майдонда амалга ошириш - бошқа нарса. Яхшики, Смит ғолиблик формуласини топди, унинг ёрдамида кўплаб ажабтовур ғалабаларни қўлга киритди. «Катта олтилик» мудофаа чизиғидаги беқарорлик кўпчиликни ҳайрон қолдираётган бир пайтда, «Вилла» ўз дарвозасини ишончли тарзда қўриқламоқда. «Бизнинг жамоа меҳнатсевар, ҳар бир тўп учун астойдил курашади, - деди қисқа муддатда АПЛга мослашишни уддалаган Кэш. - Шунингдек, бизда бирорта ҳам жиҳатни кўздан қочирмайдиган мураббий ва унинг штаби ҳам бор».

Мавсум бошидаги кетма-кет «қуруқ» ўйинлар, сўнгги турда «Арсенал» майдонида қўлга киритилган ютуқ (3:0) - мураббий меҳнатининг маҳсули. Айнан у катта ўйинлар арафасида биринчи навбатда жамоавий ўйинни талаб қилади. Кўриниб турибдики, уринишлар самара келтирмоқда: ёш футболчи Жейкоб Рэмзини АПЛдаги дебютидан сўнг клубдошлари қандай кутиб олишганини эслаш кифоя. Бу - «Вилла» анъанаси. «Футболчилар ишга юзда табассум ва қалбда фахр туйғуси билан ташриф буюришларини хоҳлайман»,- дейди Дин.

Ҳозир унинг шогирдлари тартиб-интизом ва масъулият нима эканлигини яхши билишади. Дунё футболи танаффусга чиққан пайт­да, улар «уй вазифаси» олишди - нега жамоа кўп гол ўтказиб юборди? Ўйинчилар кичик гуруҳларга бўлинди, ҳар бири рақиблар вазифасини қийинлаштириш бўйича ўз услубини ўйлаб топиши керак эди. Ўтган мавсум бирмингемликлар 67та гол ўтказиб юборишди - «Норвич»дан кейин энг ёмон натижа. Айрим футболчиларнинг ташаббуси бўлмаганда, жорий мавсумдаги ижобий ўзгаришлар ҳам кузатилмасди.

Масалан, бразилиялик Дуглас Луис ҳужумга қўшилишга қанчалик интилмасин, мудофаага ёрдамлашувчи ярим ҳимоячига айланди. Луис инглиз тилини ўрганди, энди у - таркибнинг асосий кучи. Трезеге - «Вилла»нинг ҳали мадҳ этилмаган қаҳрамони. У хонадонида ҳовлиси йўқлар сирасидан бўлгани учун футбол майдонида якка ҳолда шуғулланишига рухсат берилганди. Жамоада мисрлик ҳужумчининг меҳнаткашлиги шубҳадан холи.

«Астон Вилла»нинг АПЛдаги энг яхши тўпурари Габби Агбонлахорнинг ҳикоясига кўра, 2008 ва 2009 йилларда ҳужумчилар ким биринчи бўлиб гол уриш бўйича гаров боғлашган. Ҳозир футболчиларда бундай баҳслашиш кузатилмайди, бироқ жамоанинг ҳужум чизиғи ҳам анча яхшиланди. Грилиш клубдаги шартномасини янгилагач, Барклини «Вилла»га ўтишга кўндириш учун бир неча ҳафта сарфлади. «Ливерпул»га қарши кечган тарихий ғалаба (7:2)да ушбу жуфтлик ўзаро 17 марта пас ўйнади.

«Агар Росс ғалаба қозонишимизда ёрдам берса, аниқ Европа чемпионатида қатнашишини айтгандим», - дейди Жек. Эҳтимол, Барклининг тўлиқ сотиб олиниши Смитни хурсанд қиларди, бироқ бу борада ҳеч қандай гап-сўзлар йўқ. Клуб Россга ҳафтасига 110 минг фунт маош бермоқда.

Ҳужумдаги янги юлдуз - Уоткинс ҳар гал «уй вазифаси» олиб, рақиблардаги камчиликларни ўрганади. У Баркли билан биргаликда ван Дейк ҳамда Гомес ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишди.

Диннинг жамоасида ҳамма дилидагини тўкиб солиш имкониятига эга, махфийликка ўрин йўқ, ўйинлардан сўнг ким қандай фикр­да эканлигини очиқ-ойдин айтади. Ўз вақтида, Пепе Рейнанинг «Арсенал» устидан эришилган ғалабадан кейинги ҳаяжонли нутқи ўзига хос бурилиш нуқтасига айланди, ўшандан буён тортинчоқлар ҳам тортинмай гапиришни ўрганишди. Қизиғи, Диннинг фикрича, трибунада мухлисларнинг йўқлиги ёш футболчиларга ижобий таъсир ўтказмоқда: «Атрофда сукунат ҳукмронлик қилганда, ёшлар майдонда хотиржам гаплаша олишади. Менинг кўрсатмаларим ҳам уларга аниқ-тиниқ етиб боради».

Ҳозир «Вилла» учун энг муҳими - бошланган ишни муносиб тарз­да давом эттириш. «Ҳаммаси яхши кетаётганда, бу жараённинг узоқроқ чўзилишини истайсиз, - дейди Кэш яқинда қайд этилган мағлубиятдан кейин. - Жамоага кучли босим қилмоқчи эмасмиз, бироқ бундай таркиб билан жадвалнинг юқори қисмида юришимиз шарт».

***

Жорий мавсум Смит тажрибали ва кашфиётчи мураббий, «Лес­тер»нинг собиқ устози Крейг Шекспирни ёнига олди. Шунингдек, ассистентлар орасида Ричард О~Келли ҳам бор. Бу икки мутахассис тез-тез тортишиб туришади, аммо бу каби баҳс-мунозаралардан сўнг, одатда, яхши ғоялар вужудга келади. «Жон Терри замонавий кийиниш хонасини тартибга солишда ёрдам берди, Шекспирнинг ташрифи эса «Вилла» таркибида ниҳоят, АПЛ­да ишлаш тажрибасига эга мутахассислар сони ортишига сабаб бўлди», - дейилади манбада.

Терри ишлаган 2 йил мобайнида жамоа мудофаа чизиғи чиндан ҳам анча мустаҳкам бўлди. Жон мунтазам равишда муайян футболчилар билан таҳлил ўтказади, демак, айни пайт унинг ўз услуби бор.

Ушбу лойиҳани бошқараётганлар орасида яна бир инсон - Жереми Оливер ҳам бор. Самарадорлик масалалари бўйича директор лавозимида ишловчи мутахассис худди Лангле сингари, клубга келганидан буён бирор марта интервью бермади. Уни Австралия футболи бўйича таниши, «Вилла» хўжайинларидан бири Уэс Эденс тавсия қилганди.

Оливер мураббийлар штаби билан баҳамжиҳат ишлайди, маш­ғулотлар, логистика, жадвал ва ҳатто маркетинг эффектини эътироф этади. У шунингдек, аёллар жамоаси билан ҳам шуғулланади. Унинг вазифаси - «Вилла Парк»ни қўрғонга айлантириш; функционер стадионларда пиротехника воситаларидан фойдаланиш бўйича рухсат олиш учун жуда кўп иш қилди. Афсуски, фанатлар ҳозирча ўз суюклиларининг ғалабаларини бирга баҳам кўра олишмаяпти, лекин барча мухлислар ёмон кунлар ортда қолганига ишонишаётгани шубҳасиз.

«Астон Вилла» АПЛ доирасидаги дастлабки 3та сафар ўйинида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаган ҳолда ғалаба қозониб, Англияда бундай натижага эришган 3-жамоа бўлди. Opta портали маълумотларига қараганда, «Челси» (мавсум-2005|2006) ва «Манчестер Сити» (мавсум-2015|2016) клублари ҳам АПЛда шундай натижа қайд этганди.

«Астон Вилла»нинг АПЛ-2020|2021даги сафар ўйинлари

«Фулхэм» - «Астон Вилла» - 0:3

 «Лестер» - «Астон Вилла» - 0:1

«Арсенал» - «Астон Вилла» - 0:3

«Арсенал» эса АПЛнинг дастлабки 8та ўйинида 9та гол урди. «Канонирлар» охирги марта мавсум-1998|1999 стартида шундай паст самарадорлик қайд этишганди.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz