Қайднома

Қидирув

Яхшибоев ҳам Европани кўзламоқда!

Яхшибоев ҳам Европани кўзламоқда!

  20.11.2020 14:14
  0
  475
Яхшибоев ҳам Европани кўзламоқда!

Ҳужумкор ярим ҳимоячи Жасур Яхшибоев 23 ёшида ажойиб ижрочи сифатида танилди. Унинг ҳисобида ҳозирданоқ юксак даражали турнирларда ўйнаш тажрибаси ва совринлар бор. «ИнтерФутбол»нинг украиналик мухбири Виктор Хохлюк ҳам шахсий каналида ўзбек футболининг тобора кўтарилаётган юлдузи - Жасур Яхшибоев фаолиятига эътибор қаратди.

Жасур Яхшибоев 2015 йили Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси мақомига даъвогарлар қаторига кириб, шуҳрат қозонди. У яна 3 йилдан кейин  Ўзбекистон ёшлар термаси (U-23) билан Осиё чемпионатида зафар қучди ва Хитойдаги турнирда миллий жамоада дебют қилди. Умуман, истеъдодли йигит 17 ёшидан катталар даражасида ўйнамоқда. Дейлик, Жасур 2018 йили жонажон клуби - «Пахтакор»да асосий футболчи даражасига кўтарилди. Ҳар ҳолда, Ўзбекистон чемпионатида 27 марта майдонга тушиб, 3та гол урди, бироқ асосий таркибга муқим ўрнашолмади. Бунга таркибдаги кучли рақобат ва жамоа мураббийи Шота Aрвеладзе билан тушунмовчилик сабабдир. Шу тариқа ярим ҳимоя­чини тажриба тўплаши учун ижара сафарига юборишди. Футболчининг Беларусь ОAВга берган интервьюсидан: «Жамоа мураббийи Шота Aрвеладзе билан бир-биримизни яхши тушунолмадик. У қайсидир ўйинда мени алмаштирди. Бундан ранжиб, унга қўл узатмадим. Ҳаммаси шундан ке­йин бошланди - захирада қолдим, майдонга тушсам ҳам, атиги 10-15 дақиқа ўйнардим. Бу вақтда нима қилиш мумкин? Шу аснода тўпни ҳис қилиш, ўйин мароми ва спорт формасини йўқотдим. Ҳаттоки, тўпни олгач, нима қилишни билмай қолгандим. Ўйиним сифати ёмонлашиб бораверарди. Чунки ўйиним қовушса ҳам, кейинги баҳсда яна захирада қолишимни билардим. Бу одамни руҳий томондан тубсиз тушкунликка солади...».

Бу йил Ўзбекистон термаси ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида атиги 4-ўринни банд этди. Шунда ҳам Жасур ўзини кўрсата олди, чорак финалда гол ургани билан кўзга ташланди. Эҳтимол, унинг айнан халқаро турнирлардаги иштироки «Энергетик-БГУ» қизиқишини оширгандир. Ҳар ҳолда, ярим ҳимоячининг «Пахтакор»даги ишлари унча юришмаётганди. Пойтахт «талабалари» лагерига қўшилганидан 3 ой кўпроқ вақт ўтиб, ўзбекистонлик йигит юқорилади - Беларусь чемпионати гранд­ларидан бири - «Шахтёр»га таклиф қилинди. Мана, Жасур Солигорскда украиналик мураббий Роман Григорчук (собиқ ҳужумчи) раҳбарлигида маҳоратини сайқаллашда давом этяпти. Ўзбекистонлик вингернинг муваффақиятли ўйинларига энди Беларусь ОAВ ҳам жиддий эътибор қаратмоқда. Дейлик, «Прессбол» нашри яқинда ўзбек йигитига алоҳида тўхталди: «Чемпионатнинг биринчи ярмида «Энергетик»да ўйнаб, ҳақиқий кашфиётга айланган Яхшибоевнинг «талабалар» билан хайрлашишига деярли шубҳа йўқ эди. «Шахтёр»нинг ёш ҳужумчиси ҳозир мутлақ максимал кўрсаткич қайд этмаётган бўлса ҳам, бу келажак учун сармоя. «Шахтёр»­нинг ютуғи шуки, у билан тўғридан-тўғри рақобатлашадиган клубларнинг ҳеч бири Яхшибоевга эга чиқолмади».

Россиялик таниқли агент Темур Гурцкая «Коммент шоу» эфирида  Беларусь чемпионатидан ким Россия Премьер-лигасида ўйнаб кетиши ҳақида гапириб, айнан ўзбек ярим ҳимоячисини кўрсатганди (Яхшибоев ўша пайт «Энергетик» ихтиёрида эди): «Олдин Беларусда «Неман»га мухлислик қилардим, энди «Энергетик-БГУ»га бефарқ қарамаяпман. Жамоада яхшигина салоҳиятга эга ўзбек йигити бор - Яхшибоев. Очиғи, Беларусь чемпионатининг РПЛда ўйнаб кетишга қодир ягона вакили сифатида айнан уни кўряпман». Умуман, Беларусда мураббийлар ва мутахассислар ярим ҳимоячи ўйини, иқтидорини юқори баҳолашяпти. Дейлик, «Энергетик-БГУ» устози Владимир Белявский БAТЭ устидан қозонилган ғалабадан сўнг (Яхшибоев «дубль» қайд этганди) шундай деганди: «Уни узоқ вақт кузатганмиз. Музокара жараёни ҳам анча чўзилди. Яхшибоев бутун Осиёда овоза бўлиб улгурган. Беларусда бундай футболчи бўлмаса ҳам керак».

Яна бир қатор эътирофлар бор:

- Яхшибоев истеъдодли футболчи, терма жамоа мураббийлари унга доимо ишонишган. Жасурнинг катта футболда ўз ўрнини топишига шубҳа йўқ эди. У эришган даражасида тўхтамайдиган футболчилар тоифасидан. Унинг олимпия термасида ўз устида ишлаётганини кўп кўрганман. Менимча, ўз олдига энг юқори мақсадларни қўяди ва охиригача ишлайди. Худо хоҳласа, Беларусь орқали Европанинг катта клубларига боради. Унга ишонамиз ва шундай бўлишидан умидвормиз. Равшан Эрматов (Ўзбекистон Спорт вазири биринчи ўринбосари).

- Менимча, бу йигитнинг келажаги порлоқ. Энг муҳими, тўхтамаса, ишни давом эттирса, майдонга тушиб, ҳаммасини шу тарз­да исботлашда давом этса, бас.  Юрий Вернидуб («Шахтёр»нинг собиқ устози).

- Ижодкор йигит, ҳеч ким кутмаган қарорларни қабул қилади. Бундан ташқари, яхшигина техникага эга. «Пахтакор»да ҳам умид уйғотганди, аммо мураббий унча имкон бермади. Яхшибоев кейин AГМКда ўзини кўрсатди. Мана, энди Беларусда муваффақиятли ўйнамоқда. Ўйлайманки, у ерда ривожланиш учун имконият кенг, аммо кўп нарса мураббийга ҳам боғлиқ. Темур Кападзе (Ўзбекистон ёшлар термаси устози).

Жасур Яхшибоевнинг ўйин услуби: классик ҳужумкор вингер. Тезкор, техник мукаммал, жуда кўп ҳаракатланади, тўпни яхши назорат қилади, икки қанотдан ҳам марказга, зарба йўлига бирдек тез чиқади. Якка тартибдаги футболчи эмас, жамоавий ўйинга яхши қўшилади, майдонни мукаммал кўради. Тўпни ҳимоячилар ёнидан қандай олиб ўтишни билади, яна «девор» услубида фойдали. Стандарт вазиятларда хавфли, чунки аниқ ва кучли зарбага эга. Жасурнинг ўзи асосий мақсади Европанинг кучли клубига ўтиш эканлигини сира яширмайди. ОФК расмий сайтига берган интервьюсидан: «Беларусь чемпионатига ўтишимнинг бош сабаби - энг яхши ўйинимни намойиш қилиб, Европанинг кучли клубларидан бирига йўл очиш. Ҳар бир ўйинда гол уриш ва жамоадошларимга ассистентлик қилишни хоҳлайман. Албатта, Беларусь чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлиш ниятидан».

Қисқа вақтда Жасурнинг трансфер баҳоси икки баравар ошди - Германиянинг transfermarkt веб-сайти маълумотига кўра: 300 минг­дан 600 минг еврога. Бу «Шахтёр» футболчилари орасида иккинчи кўрсаткичдир. Фақат конголик Жуниор Кабананга (800 минг евро) Яхшибоевдан қимматроқ. Ўзбекистон футболчилар орасида эса «Женоа» ҳужумчиси Элдор Шомуродов олдинда -  7,5 миллион евро. Умид қиламизки, Жасур ёрқин ўйин кўрсатишда давом этади, трансфер баҳоси ҳам сезиларли даражада кўтарилади ва тез орада жиддий жамоа­лар эътиборига тушади.

Маълумот учун

 

Жасур Яхшибоев 1997 йилнинг 24 июнь куни Чиноз шаҳрида туғилган. «Пахтакор» клуби тарбияланувчиси. Ҳужумкор ярим ҳимоячи. Профессионал фаолиятини 2015 йили «Пахтакор»нинг иккинчи таркибида бошлаган (Ўзбекистон кубогида 4та ўйин ва 1та гол). 2016-2019 йилларда пойтахт жамоасининг асосий таркибида ўйнади (52та расмий ўйинда 5та гол). 2019 йилги мавсумнинг иккинчи ярмида AГМК шарафини ҳимоя қилди (12та ўйин). 2020 йилги мавсум бошида ижара келишуви асосида «Энергетик-БГУ» сафига қўшилди (14та ўйинда 9та), кейин «Шахтёр»га кўчиб ўтди (12та ўйинда 9та гол).

Терма жамоадаги фаолияти

Ўзбекистон U-19 (2016 йил): 3та ўйин, 1та гол

Ўзбекистон U-23 (2017-2020): 17та ўйин, 4та гол

Ўзбекистон миллий жамоаси (2018-...): 3та ўйин

ЮтуҚлари

***Ёшлар ўртасида Осиё чемпионати ғолиби (2018 йил)

***Ўзбекистон чемпионати кумуш медали соҳиби (2018 йил)

***Ўзбекистон чемпионати бронза медали соҳиби (2017 йил)

***Ўзбекистон кубоги финалчиси (2019 йил)

***Беларусь чемпионатининг энг яхши футболчиси номинация­сида етакчи (2020 йил)

***Беларусь чемпионатининг энг яхши тўпурари унвонига даъвогар (2020 йил)

***Беларусь чемпионатининг энг яхши легионери номинациясида етакчи (2020 йил)

Жасур Яхшибоев ҳаётидан 11та факт

 

1. Шиори - ҳеч қачон таслим бўлмаслик

2. Мақсади - Европанинг кучли клубида ўйнаш

3. Вазифаси - ҳар бир учрашувда гол уриш ёки шерикларига ассистентлик қилиш, жамоаси ғалабасига ҳисса қўшиш

4. Севимли спортчиси - бокс қироли Муҳаммад Aли

5. Севимли футболчиси - Лионель Месси

6. Севимли футбол жамоаси - Испания термаси ва «Барселона» клуби (албатта, Ўзбекистон миллий жамоасидан ташқари)

7. Футболдаги обрўли шахслар - Миржалол Қосимов, Максим Шацких, Жаъфар Ирисметов, Равшан Эрматов

8. Бошқа клублар қизиқиши - шу йил апрелда «Ракув» ФК (Польшанинг weszlo.com портали хабар берди) ва сентябрда Киев «Динамо»си (Украинанинг footballgazeta.com интернет нашри хабари).

9. Севимли байрами - Рамазон ҳайити

10. Кутилмаганда Беларусда пенальти тепа бошлади (16та голидан 4таси - пенальти самараси).

11. Футбол сюрпризи - 5 ноябрь куни ОФК «Шахтёр» футболчисини Осиёда «ҳафта легионери» мақомига номзодлар қаторига қўшди. «Кончилар» легионери «Белшина»га қарши учрашувда 3та гол уриб, яна бирига ассистентлик қилганди.

Виктор ХОХЛЮК


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz