Қайднома

Қидирув

Пандев ва Македония: Муҳаббат, нафрат, зафар

Пандев ва Македония: Муҳаббат, нафрат, зафар

  29.11.2020 02:20
  0
  455
Пандев ва Македония: Муҳаббат, нафрат, зафар

Элдор Шомуродовнинг «Женоа»даги амплуадоши Горан Пандев ажойиб тақдир соҳибидир. У вақтида Македония футболи умиди сифатида бош кўтарди, кейин мамлакатда ўз академиясини очди, фанатлар билан жанжал­лашиб, терма жамоадан кетди ва якунда яна қайтди. Бежизга эмас, энг муҳим голни уриш учун!

Горан Пандевнинг Македония футболидаги ўрнини рақамлар асосида ҳам осонгина ифодалаш мумкин:

1 - Пандев Европа ЧЛда ғалаба нашидасини сурган ягона македонияликдир (тўғри, мамлакатда турнирнинг яна 2 нафар ғолиби бор, фақат улар ЧЛ эмас, ЕЧК даврида зафар қучишган).

114 - Македония миллий жамоа­си тарихида бошқа ҳеч ким 100та ўйин маррасига етмаган, Горан Пандев ҳисобида эса 114та учрашув бор.

36 - Горан миллий жамоа учун ҳаммадан кўп гол урган. 36та голидан энг муҳими, шубҳасиз, Евро-2020 саралашининг «плей-офф» ўйинида Грузия термаси дарвозасига урилгани. Бу македонияликларни қитъа биринчилигига олиб чиқди.

Энди асосийси - Пандев академияси тарбияланувчиларидан тузилган клуб еврокубоклар даражасига етди. Горан 2009 йили ҳукумат мукофотига лойиқ кўрилди - Македония президенти унга «Мамлакат олдидаги хизматлари учун» фахрий медалини топширди. Футболчи кейинги йили ўзи туғилган Струмица шаҳрида шахсий академиясига асос солди ва унинг базасида «Академия Пандев» клуби тузилди. Лойиҳага кўра, македониялик иқтидорли футболчилар Италия клубларида тажриба ошириш имкониятига эга бўлишди. Пандевнинг айтишича, у ҳамкорлар билан бирга академияга ҳар йили 700 минг евро ажратмоқда. 2014 йилга келиб, «Академия Пандев» жамоаси профессионал мақомини олди, яна 3 мавсумдан сўнг Македония чемпио­нати юқори дивизионига кўтарилди. Кейин мамлакат кубогини ютиб, ЕЛга чиқди. Тўғри, халқаро дебюти омадсиз бўлди (Босниянинг «Зриньски Мостар» жамоасига 2 марта 0:3 ҳисобида ютқазди).

Пандев Македония миллий жамоасидаги 100-ўйинини 2019 йили Латвия термаси билан баҳсда нишонлади. Орадан 1 йил ўтиб, ўша учрашувда кийган футболкасини аукционда сотиб, пулни коронавирусга қарши курашиш ҳаракатига ёрдам тариқасида Скопье шифохонасига юборди. Тўғри, Пандев ва мухлислар ўртасидаги муносабат ҳар доим ҳам яхши бўлмаган. 2010 йилнинг кузида Македония термаси арманларга қарши ўйинда мағлубиятдан зўрға қутулиб қолгач (ҳисобни 90}6-дақиқада тенглаштирганди), мухлислар футболчиларни ҳуштакбозлик билан «сийлашди». Пандев бунинг таъсирида жамоадан кетишини айтди, бироқ кейинроқ фикридан қайтиб, бундай баёнот билан футболчиларда жанговарлик ҳиссини уйғотишга уринганини таъкидлади. Бироқ нафақат мухлислар, балки ОАВнинг кескин «ҳамла»сига учради. Ўшанжа македонияликларни олдинда Андорра ва Россия термаларига қарши ўйинлар кутиб турганди. Улар андорраликларни енгишди, аммо русларга кучлари етмади. Шу тариқа босим пасайди ва Пандев термага қайтиб, яна етакчиликни қўлга олди. Македония миллий жамоаси ЖЧ-2014 саралашида омадсизликка йўлиққанидан кейин эса, Горан барча масъулиятни ўз зиммасига олишини айтиш баробарида мамлакат футбол федерациясини ҳам боплаб «тузлади: «Терма жамоамиз ҳар доим энг арзон авиарейс­дан фойдаланади. Ҳаттоки, бир сафар бельгиялик фанатларга дуч келдик. Термада ўйнаб, эвазига фақат танқид олдим, таҳ­қирландим. Демоқчиманки, федерация ҳам ўз ишига бир боқиши керак». Шу тариқа Македония термаси яна 2 йил ўз етакчисиз ўйнади. Яъни 2014-2015 йиллар Пандев жамоага чақирилмади. Мана, амалдаги бош мураббий Игор Ангеловски фахрийни сафга қайтарди ва у Македония футболи тарихидаги асосий гол муаллифига айланди. Муҳаббат ва наф­ратни ўз ичига олган ажойиб тарих ёки тақдир. Хуллас, энди Македония миллий жамоасини Евро-2020га 37 ёшли чин афсона етаклаб борса, ажабмас.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz