Қайднома

Қидирув

Касильясдан Кокегача. Криштиану Роналду билан чиқиша олмаган дунё футболи юлдузлари ҳақида

Касильясдан Кокегача. Криштиану Роналду билан чиқиша олмаган дунё футболи юлдузлари ҳақида

  29.11.2020 22:22
  0
  481
Касильясдан Кокегача. Криштиану Роналду билан чиқиша олмаган дунё футболи юлдузлари ҳақида

Криштиану Роналду, шубҳасиз, футбол оламининг энг машҳур вакилларидан бири бўлиб, унинг кўп сонли мухлисларидан ташқари, ундан нафратланувчилар ҳам талайгина. Демак, қуйида Криштиану Роналду билан муроса қилолмаган ва ундан нафратланувчи футболчилар ҳақида фикр юритамиз.

Икер Касильяс

Ажабланарлиси, Роналду кўп ҳолларда айнан жамоадошлари билан келиша олмаган. Барчага маълумки, португалиялик ўзини жуда яхши кўради ва у ҳар қандай танқидни ўзига қабул қилади. Бироқ бу аксарият футболчиларга ёқмайди. Миш-мишларга кўра, айнан шу сабабли кийиниш хонасида кўплаб келишмовчиликлар содир бўлган, клуб раҳбарияти эса ҳатто «Реал» футболчиларидан агар улар Мессини Роналдудан яхшироқ деб ўйласа, бу ҳақида ОАВга интервью бермасликни сўраган. Аммо «қаймоқранглилар»нинг афсонавий дарвозабони Икер Касильяс бу чекловларга амал қилмайди ва интервьюларидан бирида Мессининг зарбалари дунёдаги ҳар қандай дарвозабон учун муаммо бўлишини айтади.

Бу эса табиийки, Роналдуга тегиб кетади ва ҳаттоки уларнинг жанжаллашишгача боргани айтилади. Аммо можаронинг энг юқори нуқтаси жамоа бошқарувига Моуриньонинг келгани бўлганди. Гап шундаки, Моур Икер билан тил топиша олмади ва уни захирага михлаб қўйди. Шунда Касильяс жамоадошлари, шу жумладан, Роналдудан ҳам ёрдам сўрайди. Аммо португалиялик эски аразларни ёдга олиб, Моуриньонинг тарафини олади. Кейин эса афсона клубдан жуда хунук тарзда қувилди. Айтишларича, улар бугунги кунда ҳам бир-бирини хушламайди.

Фернандо Торрес

Испаниялик ҳужумчини зиддиятли футболчи деб ҳисоблаш қийин. Боиси Торрес доимо ўзининг олийжаноблиги билан ажралиб турган. Аммо Роналду Фернандонинг жаҳлини чиқаришнинг уддасидан чиққан. Улар орасидаги зиддият Чемпионлар Лигасининг ярим финал жавоб ўйинида содир бўлади. Криштиану биринчи учрашувда ҳет-трик қайд этгани учун иккинчи ўйинда ўта хотиржам ҳаракат қилади. Роналдунинг майдондаги хурмача қилиқлари эса Торресга ёқмади ва унга шундай дейди: «Масхарабоз, сен билан нима содир бўлмоқда?» Криш эса бунга жавобан: «Ҳеч нарса, шунчаки сизлар уйга кетяпсиз, аҳмоқ», дейди. Ушбу ўйиндан сўнг Торрес бир неча бор Роналдунинг шаънига қўпол гапларни ёғдиради ва ундан нафратланишини очиқчасига айтади.

Руд ван Нистелрой

Роналдунинг яна бир ундан нафратланувчи жамоадоши, бу Нистелрой эди. Бироқ бу ерда вазият анчайин жиддий эди. Руд «Манчестер Юнайтед»нинг ҳақиқий афсонаси ва кўп йиллик асосий ҳужумчиси эди, аммо Роналду жамоага қўшилиши билан улар орасида келишмовчилик юзага келади. Бунга Криштианунинг доимий равишда финт қилиши, ўйинни ўз қўлига олиши ва вазиятларни ўзи якунлаши сабаб бўлган. Табиийки, Рудга бу ҳолат умуман ёқмайди ва ундан тўпни ўзига оширишни сўрайди, бироқ бу жуда камдан кам ҳолатларда юз берарди. Шу сабаб улар кийиниш хонасида бир-бири билан ёқалашиб кетади. Бу ҳақида Рио Фердинанд ўзининг автобиографик китобида ёзганди.

Симау Саброза

Эҳтимол, ҳозирги ёшлар ушбу футболчининг ким эканлигини билмас. Бироқ у ўз вақтида юлдузли Португалия терма жамоасининг сардори эди ва ҳамма уни ҳурмат қиларди. Афсуски, буларнинг барчаси Роналду келгунига қадар эди. Улар ўртасида сардорлик боғичи учун кураш кечди. Симау жамоа фахрийси бўлса, Роналду ўзини ҳақиқий етакчи деб ҳисобларди. Шу сабабли у очиқчасига ушбу боғични олиш истагини билдирди ва ҳаттоки мамлакат футбол федерациясига ультиматум қўйди. Натижада Симау сардорликдан маҳрум этилди. Шундан сўнг у терма жамоадаги фаолиятини якунлаганини эълон қилади. Шу тарзда Криштиану ўзи учун яна бир душман орттириб олади.

Коке

Бу «Реал» — «Атлетико» учрашувларида содир бўлган энг машҳур воқеалардан бири эди. Ўйин вақтида эҳтирослар шунчалик баланд эдики, футболчилар ўзларини бошқара олмай қолганди. Кўплаб тўқнашув ва ундовлардан сўнг Роналду Кокега зарба беради, шундан сўнг улар бир-бирини қўпол ҳақоратлар билан сийлай бошлайди. Дастлаб, бу катта учрашув учун одатий ҳолат бўлиб туюлади, аммо воқеа жиддий тус олиб кетади. Шунда Коке Роналдуни нотабиий ғоялар асосида ҳаёт кечиришда айблайди. Бунга жавобан, Роналду Кокега ундан бойроқ эканини айтади. Шундан сўнг улар ўртасида ҳақиқий адоват пайдо бўлади.


Манба: daryo.uz, iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz