Қайднома

Қидирув

Нуну Эшпириту Сантунинг ноодатий чизмаси

Нуну Эшпириту Сантунинг ноодатий чизмаси

  30.11.2020 03:30
  0
  365
Нуну Эшпириту Сантунинг ноодатий чизмаси

«Вулверхэмптон» устози Нуну Эшпириту Санту ҳақли равишда АПЛнинг октябрь ойидаги энг яхши мураббийи сифатида тан олинди. Чунончи, «бўрилар» 10-ой ҳисобидан чемпионат доирасидаги 4та ўйинда 10 очко йиғишди. Sky Sports нашри шу баҳона португалиялик мутахассисни суҳбатга чорлади ва у ноодатий схемаси, «Вулвз» ўйинидаги нозик жиҳатлар ва Англия чемпионатидаги энг кучли дриблинг усталари ҳақида гапириб берди. Алоҳида таъкидлаш керак, Нуну Эшпириту «Вулверхэмптон» бош мураббийи ролидаги биринчи мавсумда «бўрилар»ни Чемпионшип ғолиблигига етаклади, кейин жамоани АПЛда 7-ўринга кўтарди. Эътиборли томони, у ҳозирги футбол учун ноодатий саналган 3-4-3 тактик чизмасига таянади.

Коуди орқа томондан ўйнайди

- Конор Коудининг ўйин фазилатлари ва ҳужум кенглиги эвазига устунликка эришишни хоҳлаймиз, шунга ҳаракат қиляпмиз. Коу­дининг узун узатмалари билан ҳужум бошлаш - яхши усул. Ҳужум чизиғида кенгликни таъминлаганимиз - Чемпионшипдан чиққанимиздан кейин жамоа ўйи­нига киритган нақшларимиздан бири.

Мураббий сўзларига «Кристал Пэлас»га қарши ўйин вазияти асос. Ўшанда жамоа дебютанти Райан Aйт-Нури узун узатмадан фойдаланиб, ҳисобни очганди:

- Райаннинг дебют голидан жуда хурсанд бўлдим. Менимча, АПЛдаги биринчи ўйиндаёқ гол уриш ҳар қандай футболчини ўзгача руҳлантиради.

 

Ҳимояда йиғинчоқ ҳаракат

«Вулвз»нинг ҳимоя қўрғони одатда 3 нафар футболчидан ташкил этилади, лекин тўп йўқотилган ва рақиб қарши ҳужумга ўтган вақт орқа чизиқ вакиллари автоматик тарзда 5 нафарга етади. Факт шуки, «бўрилар» элитага кўтарилишганидан буён фақат «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити» ҳимоя­вий ҳаракатларда улардан яхшироқ кўрсаткич қайд этди:

- Ҳужум пайти кенгликка эга бўлиш муҳим, ҳимояланишда эса ихчамлик зарур. Футболчилар бир-бирларига яқинроқ жойлашишса, ҳимоя ҳаракатини тўғри бошлаш имконияти ошади. Асосий ғоям шуки, футболчилар ҳимояланишда йиғинчоқ бўлишлари керак, ҳужум пайти эса кенглик яратиш талаб этилади.

Дриблинг - муҳим сифат

«Вулверхэмптон» AПЛнинг энг яхши дриблингчиларига эга. Масалан, Aдама Траоре. Гап ўтган мавсум бошидан буён турнирда энг кўп зарба берган футболчи ҳақида кетмоқда. Лекин у таркибдаги ягона ажойиб дриблингчи эмас:

- Aдама дриблинг салоҳиятини қандай ишлатишни яхши билади. Бизда ўйиннинг ушбу элементини чуқур ўзлаштирган Нету ҳам бор. Шу иккиси яккама-якка курашда рақибни бемалол алдаб ўтишга қодир. Албатта, бундай устунликдан фойдаланишимиз шарт.

Даниэль Поденсе эса «Манчес­тер Сити»га қарши ўйинда ўз дриблинги билан кимсан Кевин де Брюйнени хато қилишга мажбурлади ва тўпни Рауль Хименесга узатиб, ҳисоб очилишини таъминлади. Бундай футболчилар - муваффақият гарови:

- Бу чиндан ҳам, мувозанатни бузишга имкон берадиган муҳим вазият. Aгар ихтиёрингизда бирма-бир ҳолатда рақибни доғда қолдира оладиган футболчи бўлса, ўзингизни эркин тутасиз. Фақат шуниси борки, ўйин ташкил қилишда бундай футболчиларга дриблинг ишлатишлари учун бўш ҳудуд яратиш керак. Қисқаси, Траоре, Нету ва Поденсега бўш ҳудуд яратиш учун ҳам тўпни кўпроқ назорат қилишимиз зарур.

Қарши ҳужум пайти«учар»ларнинг кўплиги

Нуну Эшпириту тўпга эгалик қилиш муҳимлигини айтаётган бўлса-да, жорий мавсум қарши ҳужумлар «Вулвз»нинг энг яхши қуролидек кўринмоқда. Оддий айтганда, AПЛдаги энг тезкор қанотлар айнан «бўрилар»ники. Дейлик, «Шеффилд Юнайтед»га қарши ўйиннинг 1-дақиқасида Хименес шу туфайли гол урди:

- Замонавий футболда «учар»лар - ўйиннинг муҳим қисми. Чопқирлар рақиб ҳимоясида мувозанатни бузиш баробарида футболчиларни ўзлари билан «судраб» борадилар. Агар диққат билан кузатсангиз, Хименес жарима майдонида керакли позицияни эгаллашдан аввал қанотдаги ҳаракатлар ривожига қарайди. У тўпни қабул қилганидан кейин чопқирлар янада тезлашадилар. Бу рақиб ҳимоячиларига муаммо туғдиради. Оддий айтганда, югурувчилар - ҳужумга нуқта қўювчиларга зарур жой яратадиганлар.

 

Оддий вазиятларданостандарт қарорлар

«Вулвз» ҳужумида баъзан олдинги чизиқ вакилининг ўзи бўш ҳудуд қидиради. Мисол учун, Хименес «Ньюкасл» дарвозасини нишонга олганида, жарима майдони четида ўта ностандарт ҳаракатланган эди:

- Йўқ, «Ньюкасл»га қарши баҳс олдидан Хименесга ўзи позиция қидиришини тайинламагандим. Зеро, «қарғалар» сафида  гавдали футболчилар кўп. Демоқчиманки, Раулнинг ўзига ўзи жой топгани ички туйғусига боғлиқ. Унда вазиятни нозик ҳис қилиш яхши ривожланган. Чиройли гол ургани, ижрони қойиллатгани шу фазилати самарасидир.

 

Тизимга янги истеъдодларни киритиш

Ёш футболчиларнинг АПЛга мослашишлари жуда қийин. Буни Нуну Эшпириту ҳам тан олади:

- Футболчи янги турнирга мослашиш учун ўз устида кўп ишлаши керак. Тушунарлики, ёш йигитча майдонга тушиши билан шунчаки, порлай олмайди. Шуни эътиборга олиб, сабр билан кутамиз. Қолаверса, бизда асосий таркиб аллақачон шаклланган. Aгар кимдир сафдан чиқса, ўрнини босадиган футболчи ундан ёмон ўйнамаслиги керак. Бу худди жумбоқдек гап.

 

Ҳаммаси режага мувофиқ кетса яхши...

Ҳаммаси режага асосан кечса, худди «Фулхэм» билан ўйинда Нету гол урган ҳолатдагидек, ишланмалар зое кетмаётганига ишонч туғилади:

- Аслида «Фулхэм»га қарши баҳсда Нету имкониятдан фойдаланганида, омадимиз чопди. Шунинг баробарида бу вазият машғулотларимиз беҳуда кетмаётганини ҳам кўрсатди. Ҳаммаси тинимсиз ва жадал иш самарасидир. Aгар футболчилар муваффақиятли ҳаракатланишса, ҳаракатлар бежиз эмаслигига ишончимиз ортади. Шу аснода ноёб услуб шаклланади.

 

Ишлар кутилган даражада ривожланмаса...

Aлбатта, «бўрилар»да муваффақиятсиз учрашувлар ҳам бор. Мана, яқинда «Лестер» майдонида 0:1 ҳисобида енгилишди:

- Ҳамма фақат яхши ўйинларни эътироф этади. Биз эса ҳар куни ҳужум ва ҳимояда хатоларни камайтириш йўлида изланамиз. Қолаверса, футболчилар билан кўпроқ яхши ўйинлар эмас, ўхшамаганлари ҳақида гаплашамиз.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz