Қайднома

Қидирув

Тарих: Сўнгги дақиқалар жафоси

Тарих: Сўнгги дақиқалар жафоси

  01.12.2020 08:08
  0
  364
Тарих: Сўнгги дақиқалар жафоси

Ўйиннинг охирги лаҳзаларида қўйиб юборилган голлар бизни, миллий жамоамизни нималардан маҳрум қилгани ҳаммага маълум. «Ўзбеклар негадир 60-дақиқадан ке­йин сустлашиб қоладилар, футбол ўйнамайдилар» - бу хулоса Саудия футболи етакчиларидан бири Сами ал Жаберга тегишли. Ҳа, ҳаммага машҳур ва маълум саудиялик ҳужумчи терма жамоа­мизга нисбатан шундай киноя ишлатганди вақтида. Афсуски, бунинг замирида ҳақиқат бор. Дарҳақиқат, миллий жамоамиз иштирокидаги учрашувларни кузатар эканмиз, кўпинча сўнгги дақиқалар яқинлашган сари беихтиёр юрагимизга ғулғула туради, гол қўйиб юбормаслик ва натижани қўлдан чиқармасликни ўйлаб қоламиз. Чунки неча йилдирки, охирги дақиқалар жафосини тортяпмиз, рақибларнинг сўнгги лаҳзаларга тўғри келадиган голлари кўзланган манзилга етишимизга тўсқинлик қилмоқда. Қаранг, яқинда Ироқ термасига қарши кечган «ўртоқлик»да ҳам шу ҳол такрорланиб, мағлубиятни тан олдик. Ҳа, норасмий ўйинлар ҳақида гапиришга ҳожат йўқ, булар айтарли ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Аммо расмий учрашувларнинг сўнгги лаҳзаларида қўйиб юборилган голлар... Эҳ, булар шу вақтга қадар бизни нималардан қуруқ қолдирди-я... Келинг, охирги 10 йилда кузатилган энг оғриқли ҳолатларни кўриб чиқамиз.

Муҳаммад Ризо Ҳалотбори- (Эрон)нинг голи. Вадим Абрамов бошқарувидаги Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2014 саралаши ҳал қилувчи раундини Тошкентда Эрон термасига қарши ўйин билан бошлади. Эсласангиз, футболчиларимиз ўша учрашувда тўлақонли устунликка эришганлар, Карлуш Кейруш бошқарган рақиб эса жамоамиз дарвозаси олдида айтарли хавфли вазият яратолмаган. Қисқаси, форс­лар асосан ҳимояланиш билан чекланишганди. Бироқ япониялик Юичи Нишимуранинг Одил Аҳмедовнинг тоза голини ҳисобга олмагани ва вазиятлардан самара чиқаролмаслик якунда бизга қаттиқ панд берди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқалар ўтиб бораётган паллада Станислав Анд­реев қанотида тўп йўқотилгач, тезкор ҳужумга ташланган Эрон термаси Муҳаммад Ризо Ҳалотбори голи эвазига ортга 3 очко билан қайтди. Кўп жиҳатдан айни ўша мағлубият Бразилия мундиалидан четда қолишимизга сабаб бўлди, дейиш мумкин. Бос устига, стартдаги салбий натижа Вадим Абрамов истеъфосига олиб келганди.

Сон Хюн Мин (Жанубий Корея)нинг голи. Бугунги «Тоттенхэм»нинг етакчиларидан бири Сон Хюн Мин Ж.Корея футболида бош юлдуз даражасига кўтарилиб улгурди. Бундан 5 йил олдин Австралия мезбонлик қилган Осиё кубоги-2015да терма жамоамиз Миржалол Қосимов устозлигида тетик ўйнаб, чорак финалга чиқди. Гуруҳ босқичида КХДР ва Саудия Арабистони термаларидан устун келган вакилларимиз ярим финал йўлида Ули Штилике бошқарган Жанубий Корея жамоасига дуч келди. 90 дақиқа давомида корейслар билан тенгма-тенг курашган футболчиларимиз қўшимча бўлимларнинг ҳар бири охирида гол қўйиб юборишди. Яъни Сон Хюн Мин 104 ва 119-дақиқаларда гол уриб, «дубль» расмийлаштирди. Агар жамоамиз ўша ўйинда ғалаба қозонганида, финалга чиқиш имконияти ҳам юзага келарди. Чунки ярим финалда Ироқ термаси билан куч синашардик.

Ку Жа Чол (Жанубий Корея)нинг голи.  ЖЧ-2018 саралашининг сўнгги ҳал қилувчи раундида Ўзбекистон миллий жамоаси йўлига яна ўша Жанубий Корея термаси тўғаноқ бўлди. 2016 йилнинг 16 ноябрь куни сафарда корейсларга қарши майдонга тушган ҳамюртларимиз ўйинни жуда яхши бошлашди ва 25-дақиқада Марат Бикмаев голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Бироқ 67-дақиқада Нам Тхэ Хи ҳисобни тенглаштиргач, сафардан 1 очко билан қайтиш ҳақида ўйлай бошладик беихтиёр. Чунончи, квалификацион раундда ҳар бир очконинг қадри жуда баланд ва Ж.Кореядаги дуранг биз учун ютуқдек ҳисобланарди. Бироқ ўйиннинг қолган қисмини асосан ҳимояда ўтказган жамоамиз яна охирги дақиқаларда жазоланди. Ку Жа Чолнинг голи мезбонларга иродали ғалабани тақдим этди, бизни эса қимматли очкодан мосуво қилди.

Омар Ҳарбин (Сурия)нинг голи. Сурия футболи юлдузи саналган Омар Ҳарбин ЖЧ-2018 саралаши охирги босқичида жамоаси билан 3 марта ғалаба нашидасини сурди. Сурияликлар ютуқлардан бирини  Малайзияда Ўзбекистон терма жамоасига қарши кечган ўйинда нишонлашди. Энг аламлиси, Ҳарбин ғалаба голини сўнгги дақиқаларда, боз устига, пенальтидан урди. Оқибатда Сурия термасида йўлланмалар учун курашиш имконияти сақланиб қолди, бизда эса бу имкон анча пасайди.

Гао Лин (Хитой)нинг голи. Сурия термасига ютқазган бўлсакда, Россияга бориш-бормаслик ўз қўлимизда эди. Қисқаси, чипта олиш учун саралашнинг охирги 2та ўйинида керакли натижа қайд этишимиз талаб қилинарди. Самвел Бабаян бошқарган жамоамиз аввалига Хитой термаси меҳмони бўлди ва учрашув давомида керагидан ортиқ даражада вазиятлар яратиб, гол уролмади. Камига сўнгги лаҳзалар қурбонига айланди-қўйди - бу сафар Гао Лин томонидан 90-дақиқада урилган гол оёғимизга болта зарбидек тушди. Шунда ҳам имконият қолди, чунки параллель кечган Жанубий Корея - Эрон ўйинида 0:0 ҳисоби қайд этилди. Шу тариқа охирги турда корейсларни енгсак, Россия мундиали чиптаси қўлимизга тегарди, бироқ вакилларимиз бу учрашувда ҳам гол ура олишмади...

Салим ал Довсарий (Саудия Арабистони)нинг голи. Ҳали ёдимиздан чиқмаган аламли ўйин. Ўтган йили кузда Тошкентда Сау­дия Арабистони термасига қарши кечган учрашувнинг 80-дақиқасида ҳам ҳисобда олдинда бораётгандик. Тушунарлики, «Пахтакор» стадионига йиғилган минглаб мухлислар фақат ғалаба кутишаётганди. Бироқ охирги дақиқаларда Салмон ал Фараж таблодаги 2:1ни 2:2га айлантирди. Буни ҳали ҳазм қилишга улгурмасимиздан Салим ал Довсарий 3-голни уриб, барчамизни карахт аҳволга солиб қўйди.

Ҳа, футболчиларимизнинг эрта хотиржамликка берилишлари ёки сўнгги дақиқаларда ҳаяжонни босолмасликлари шу вақтга қадар бизни кўп нарсалардан қуруқ қолдирди. Унутмаслик керак, ўйин ҳакамнинг финал ҳуштаги янграгунига қадар давом этади.

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz