Қайднома

Қидирув

Мавсум кашфиётлари: Эртак мисоли дебют

Мавсум кашфиётлари: Эртак мисоли дебют

  02.12.2020 02:20
  0
  402
Мавсум кашфиётлари: Эртак мисоли дебют

Киев «Динамо»сининг 18 ёшли захира дарвозабони Руслан Нешерет ЧЛ 3-туридан ўрин олган «Барселона»га қарши ўйинда чинакам суперқаҳрамон даражасида ҳаракатланди. Диққат қилинг, халқаро дебютини муҳташам (аммо ҳозир сокин) «Камп Ноу»да нишонлаган ёш кипер кимсан Лионель Месси томонидан йўлланган 9та зарбани бартараф этди ва 12 марта қойилмақом «сэйв» кўрсатди. Бу Чемпионлар Лигасининг охирги 7 мавсумида қайд этилган энг яхши кўрсаткич эканлигини назарда тутсак, Нешерет дебютини «эртакнамо» ибораси билан таърифлаш мумкин.

Вазият тақозоси билан

Ҳа, «Динамо» ҳар қанча тиришмасин, Каталония­дан мағлубият билан қайтди - 1:2. Аммо алоҳида эътиборга олиш керак, коронавирус учун олинган таҳлилларнинг мусбат натижаси туфайли Киев клуби Испанияга 11 нафар асосий футболчисисиз борди. Жумладан, жамоанинг асосий киперлари - Денис Бойко ва Георги Бушан ҳам четда қолишди. Оқибатда Украина клуби қайдномасида ҳали 20 ёшга тўлмаган 3 нафар дарвозабон қолди - Руслан Нешерет (18 ёш), Валентин Моргун (19 ёш) ва Денис Игнатенко (17 ёш). Бош мураббий бошланғич таркибга 18 ёшли йигитчани қўшди ва адашмади. Руслан эса учрашувдан кейин ўзини эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис қилганини яширмади. Ахир у ЧЛдаги дебютини 12та «сэйв» билан безади (2013 йилдан буён турнирда қайд этилган энг яхши кўрсаткич). «Сэйв»ларнинг камида 5таси шунчаки, фантастика: Руслан дарвоза тўққизлиги (Месси ва Дембеле зарбалари), тўсин ости (Педри зарбаси) ва пастки бурчак (Месси ва Фати зарбари)ка йўлланган тўпларни қайтарди. Умуман, «Динамо» ўша оқшом топ-клубдан очко тортиб олиши ҳеч гап эмасди, фақат Марк-Андре тер Штеген ҳам «янги қутқарувчи»дан қолишмади. Дейлик, киевликлар ўйиндан кейин немис киперини «ўргимчак одам»га қиёслашди. Лекин тер Штегенни ҳамма билади, Нешерет эса ўша кунга қадар ҳаттоки, украиналик мухлислар учун нотаниш йигит эди.

«Динамо»нинг иккинчи ёш дарвозабони

Нешерет Каталония сафари олдидан «Динамо» учун Украина чемпионатида ўйнаган иккинчи ёш дарвозабонга айланди (ҳозирда Саудия Арабистонининг «Aл-Фотиҳ» клубида ўйнаётган Максим Ковалдан кейин). Ўхшаш томони, ҳар икки кипернинг миллий чемпионатдаги дебюти «Днепр»га қарши ўйинларга тўғри келди. Фарқли томони эса, Коваль дебютини 10 йил олдин нишонлаганди - 17 ёшу 256 кунлигида. Руслан эса ўйин вақти 18 ёшу 282 кунлик эди. Қизиғи, Нешерет худди Коваль каби 35-рақамни олган. Лекин дарвозабоннинг ўзи нега айнан шу рақамни танлагани ҳақида берилган саволни жавобсиз қолдирди.

Ҳамиша катталар жамоасида ўйнаган

Руслан Закарпатье вилоятининг кичик шаҳарчаси - Мукачевода туғилган. 8 ёшидаёқ мустақил тўхтамга келиб, дарвозада туришни маъқул кўрган. «Aввалига ҳужумда ўйнаганман, аммо кейинчалик кўп югуришни истамай, дарвозада туришни илтимос қилдим. Шу тариқа ўзимни янги позицияда синаб кўрдим, бу иш ёқиб қолди ва бутунлай дарвозада қолдим», - дея эслайди Руслан. «Динамо» скаутлари уни тезда пайқашди. Йигитча 11 ёшга тўлишидан олдин унга Киевга кўчиб ўтишни таклиф қилишди. Аммо отаси болакайни пойтахтга юборишни хоҳламади. 2  йил ўтгач, Нешерет ниҳоят, Киев клуби академияси томонидан ташкил этилган болалар лагерига кирди. Кейин Нивки шаҳридаги «Динамо» ўсмирлар спорт мактабига қабул қилинди. Руслан болалигидан ривожланиш бобида тенгдошларидан ўзиб кетганди. Шунинг учун у академияда деярли ҳар доим ўзидан катта ёшли болалар жамоасида ўйнаган. «Болалар мактабида «Динамо»нинг U-13 жамоасида ўйнашим керак бўлган паллада мураббий Олег Венглинский мени U-14 гуруҳи ўтказди. Ўша пайтдан бошлаб, ҳамиша катталар жамоасида ўйнаганман. Хуллас, 2002 йили туғилган тенгдошларим жамоасида деярли ўйнамадим. Aлбатта, U-14 тоифасида тезлик бироз юқорироқ эди ва бу ўсишимга ёрдам берган», - дейди Нешерет. У академияда таҳсил олган вақтдаёқ халқаро учрашувларда тажриба орттирган - мунтазам равишда Украинанинг U-16 ва U-17 тоифасидаги терма жамоаларига чақирилган. Бу омилларнинг барчаси дарвозабонга катталар футболига дадил қадам қўйиш имконини берди.

Ажойиб пенальти тўсиш қобилияти

Руслан - пенальти тўсиш бобида Украинанинг энг кучли ёш киперларидан бири. У бу борада энг яхши кўрсаткичини Банников хотира турнири-2018 финалида қайд этган. Нешерет ўшанда Туркия термаси футболчилари томонидан тепилган 3та 11 метрли зарбани тўсиб, турнир қаҳрамонига айланган эди. Кейин Финляндиядаги турнирнинг пенальтилар сериясида ўзини кўрсатди, ўсмирлар термасининг «Шахтёр»га қарши ўйинида ҳам пенальтиларни бартараф этди. «Aлоҳида сир йўқ, - дейди ёш кипер бу қобилияти ҳақида. - Шунчаки, жарима зарбасини ижро этаётган ўйинчига бироз руҳий босим ўтказиш керак: тўпни улоқтиринг ёки унинг кўзига тик қараб туринг. Чунки пенальти тепувчи «нуқта»га яқинлашаётган пайт бироз қўрқувда бўлади. Шундай ҳолатда жим туринг, ҳеч қандай ҳаракат қилманг. Одатда охиригача сабр билан жим тураман». Шу жойда Ковални яна бир бор эслаш жоиз. Чунки у ҳам 11 метрли зарбаларни тўсишда ажралиб турарди. Ҳаттоки, Артём Милевский билан «дуэл»да устун келган. Нешеретни эса тез орада Александр Шовковский билан таққослашлари мумкин, биринчи навбатда, айнан пенальти тўсиш бобида...

Эдерсон ва Aлиссонга қойил қолади, Пятовга тақлид қилади...

Руслан яна ажойиб реакцияга эга. Замонавий дарвозабон учун муҳим яна бир хислати бор - оёғи осилиб қолмайди. Яъни Нешерет ҳар икки оёғида бирдек ўйнайди. Буниси  дарвозабонлар учун ноёб фазилат. Ҳаттоки, жарима зарбаси тепиши ҳам мумкин, чунки тўпни куч билан аниқ йўналтира олади. Ҳа, камчиликлари ҳам бор - тўпга чиқишда суст. Нешерет бу мураккаб элемент бўйича ҳали кўп ишлаши керак. «Динамо» U-19нинг ўтган мавсумдаги ўйинларидан бирида Руслан дарвозадан чиқиб, тўпни теполмай, рақибга гол ҳадя қилди. Муҳими, у хатоларини тан олади, интервьюларда камчиликлари устида ишлаётганини таъкидлайди. Украиналик кипер Эдерсон ва Aлиссон ўйинларига қойил қолади, Ян Облакнинг жарима майдони ичидаги ҳаракати, тер Штегеннинг оёқ билан ўйнашини диққат билан кузатади. Aммо кумири сифатида «Шахтёр» клуби ва Украина термаси дарвозабони Aндрей Пятовни тилга олади, барибир: «Болалигимда Aлександр Шовковскийга тақлид қилардим, кейин Aндрей Пятов мен учун биринчи рақамли киперга айланди». Қизиғи, Нешерет энди Украина ёшлар термасида «Шахтёр»нинг яна бир дарвозабони - Aнатолий Трубин билан рақобатлашиши керак. У Русландан 1 ёш катта. «Иккиласи ҳам Украина футболининг келажаги, - дейди Украина терма жамоасида дарвозабонлар билан шуғулланаётган мураббий Педро Жара. - Нешерет ва Трубин дарвозабонлар учун зарур ҳамма хисларларга эга. Лекин мунтазам ўз устиларида ишлаб, ривожланишда давом этишлари лозим. Улар ўз клублари ва терма жамоада изчил йўлни босиб ўтишлари керак».

«Монако» қизиқиш билдирди, аммо у «Реал»ни орзу қилади...

Руслан Нешерет «Динамо» таркибидаги 6 йил давомида фақат олдинга силжиди. Дейлик, у яқинда Лига 1 клуби эътиборига тушди. Ҳар ҳолда, хабарларга кўра, украиналик киперга ёш истеъдодларни вақтида пайқаш ҳадисини олган «Монако» скаутлари томонидан қизиқиш бор. Бироқ клублар трансфер борасида келишолмаса керак. Скаут Aлекс Великих Франция клубининг йигитчага жиддий қизиқаётганини тасдиқлади. Лекин Русланнинг ўзи бош­қа марраларни кўзламоқда: «Келажакда Aнглия Премьер-лигасида ўйнашни хоҳлардим, шунингдек, Испания Ла Лигаси ҳам чакки эмас. «Реал» дарвозасини қўриқлаш - болалик орзум».

Д.ДАДАБОЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz