Қайднома

Қидирув

Осиё футболи юлдузлари: Яна эронлик афсона ҳақида гаплашамиз...

Осиё футболи юлдузлари: Яна эронлик афсона ҳақида гаплашамиз...

  02.12.2020 04:44
  0
  458
Осиё футболи юлдузлари: Яна эронлик афсона ҳақида гаплашамиз...

Криштиану Роналду Португалия термасида 102-голини урди. Демак, жаҳон рекордини такрорлаш учун унга яна 7та гол етишмаяпти. Ҳозирча бу борадаги энг яхши кўрсаткич эронлик Али Даига тегишли - у миллий жамоаси сафида 109 марта тўп киритган, бунинг учун Эрон термасида 149та ўйин ўтказишига тўғри келган. Роналдунинг Португалия бош жамоасидаги ўйинлари сони эса 168тага тенг. Демак, Криштиану голларнинг ўйинлар сонига нисбатан фарқи бўйича Даидан ўзиб кетолмайди.

2019 йилнинг сентябрида Али Даи ўзига тегишли натижа Роналду томонидан ўзгартирилиши ҳақида гапирганди: «Рекордлар янгиланиши керак. Мен буни уддаладим, энди бошқаларнинг навбати келмоқда. Нега энди бундан хафа бўлишим керак? Роналду - буюк футболчи, кўплаб совринларни қўлга киритган. У ҳозир ажойиб формада».

Роналду учун ҳам бу муҳим кўрсаткич. Португалиялик юлдуз бу ҳақда коронавирусни енгиб, майдонга қайтгач фикр билдирди: «100та голли маррадан ўтганимдан хурсандман. Энди рекорд сари интиламан. Қадамма-қадам ҳаракатланаман. Бор эътиборим шунга қаратилган, деёлмайман, чунки рекордлар табиий ҳолда қайд этилади».

Даи ҳар доим терма жамоаси ҳақида ўйлаган. Клубда эса бундан атиги 3та кўпроқ тўп киритган. Унинг гол билан боғлиқ натижалари:

*** Миллий жамоада 8та «хет-трик».

*** Термада 100та голли кўрсаткични қайд этган биринчи футболчи.

*** 109та тўпдан 96тасини Осиё жамоалари дарвозасига киритган.

*** Иккита жаҳон чемпионатида қатнашган бўлсада, бирорта гол урмаган.

*** Клублар даражасида Даи ҳисобида 287та ўйинда 112та гол бор.

1996 йили Али Даи бир ўйинда 5та гол урган. Бу воқеа Осиё кубоги доирасидаги Эрон - Шри-Ланка (7:0) баҳсида рўй берган. Турли турнирларда тўрт марта «покер» қайд этган. 2000 йили термасида ўтказган ўйинларига нисбатан голлари сони кўпроқ бўлган. Ўшанда у 19та учрашувда рақиблар дарвозасини 20 марта ишғол қилганди. Фаолияти давомида асосий эътибори миллий жамоага қаратилган, клубларида эса тез-тез жароҳатланиб, ўйинларни ўтказиб юборган.

Алининг фикрича, Эроннинг катталар жамоасидаги голлари бундан ҳам кўпроқ. Four Four Two нашрининг ёзишича, халқаро рейтингда унинг 2002 йилги Осиё ўйинларида киритган тўплари инобатга олинмаган. Эрон мазкур мусобақада Афғонистон билан ўйнаганда, Даи «дубль» қайд этган, кейинчалик Ливан билан баҳс­да ҳисобни очувчи голга муаллифлик қилганди. Аммо бу турнирда 23 ёшгача бўлган футболчилар қатнашганди.

2014 йили Гиннеснинг рекорд­лар китобидан жой олди

Клублар ҳақида гап борганда, қаҳрамонимиз хорижда - Германияда, Қатар ва БААда ҳам тўп сурганини таъкидлаш жоиз. Бу борада у ўйнаган энг машҳур жамоа «Бавария» ҳисобланади. Мюнхенликлар сафида Даи Бундеслига чемпионлигини қўлга киритган, Чемпионлар Лигаси финалига чиққан.

ЖЧ-1998 - фаолиятидаги энг муҳим палла

Францияда ўтказилган мундиал саралашининг «плей-офф» босқичида эронликлар Австралия тўсиғидан ўтишган. Дастлабки ўйин Эронда, 100 мингдан зиёд мухлис гувоҳлигида ўтказилиб, унда 1:1 ҳисоби қайд этилганди. Жавоб учрашувига «кенгурулар юрти» мезбонлик қилди. Австралияликлар 2та гол уриб, ушбу фарқни 75-дақиқагача сақлаб туришганди. Аммо кейинчалик Эрон термаси 4 дақиқа ичида иккита тўп киритиб, меҳмонда урилган голлар ҳисобига жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритганди.

Даи гарчи ўша учрашувларда гол урмаган бўлсада, уларни яхши эслайди: «Дастлабки ўйиндан кейин ҳамма Австралияни фаворит сифатида баҳолаётганди. Афтидан, улар адашмагандек эдилар. Мельбурнда кечган жавоб баҳсида мезбонлар 2та гол уришди, аммо биз вазиятни ўнглашга эришдик. Сўнгги 20 йилда илк марта мундиалга чиққандик. Бу воқеаларни эсларканман, ўзимни ўшанда фақат шу ўй билан яшагандек ҳис қиламан».

Эронликларга гуруҳда Германия, Югославия ва АҚШ термалари рақиблик қилишди. Дастлабки икки ўйинда бирорта ҳам гол уролмаган Осиё жамоаси, учинчи учрашувда АҚШни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Айнан шу беллашувни Даи алоҳида қайд этади. Форсларнинг биринчи голига Ҳамид Эстили, иккинчисига эса Меҳди Маҳдавикия муаллифлик қилишганди. Даининг ҳам ушбу ютуқда ҳиссаси бор: ғалаба голига ассистентлик қилганди. Шу тариқа Эрон гуруҳда учинчи ўринни эгаллаганди.

Ўша учрашувни мамлакатлар ўртасидаги сиёсий зиддият билан боғлашганди, бироқ мазкур омилни максимал тарзда футболдан йироқлаштиришга эришишган. Эронлик футболчиларга босим уюштирилди - уларнинг америкаликларга яқинлашишлари, қўл сиқишишлари тақиқланди. Натижада ўйиндан аввал тегишли чора кўрилди: АҚШ ўйинчилари эронлик ҳамкасбларига яқинлашишди, улар эса тинчлик рамзи сифатида оқ атиргуллар совға қилишди. Сўнгра ҳаммалари қучоқлашишди.

Футболчилик фаолиятидан кейинги ҳаёт: термадан истеъфога чиқиш, оғир автоҳалокат ва ўғрилик

Майдонда Эрон афсонасига айланган Али Даи 2008 йили миллий жамоа бош мураббийи бўлди. Ўшанда форслар олдида ЖЧ-2010га чиқиш вазифаси турганди. Даи ҳар қанча уринмасин, муваффақиятсизликка учради. Унинг қўл остида саралаш циклида 5та ўйин ўтказган эронликлар атиги 6 очко билан чекланишди. Жамоа Саудия Арабистонига ютқазгач, Даига чиқиш эшиклари кўрсатилди. Истеъфони мухлислар талаб қилишди.

Ўша термада унга ёрдамчилик қилган Хьюман Афазелининг таъкидлашича, Даи жамоани қайта шакллантиришга киришиб, таркибга ёшларни жалб этган - натижалар масаласидаги муаммо шу сабабли келиб чиққан: «У кўпроқ вақт беришларига лойиқ эди. Афсона бўлгани учун эмас, шунчаки, оғир даврда бор масъулиятни зиммасига олгани учун. Ўшанда терма мураккаб ҳолатда эканини ҳамма биларди».

Track Persia нашрининг ёзишича, Эронда Даи ҳамиша ақлли ва сермулоҳаза шахс сифатида қадр­ланган. Шу боис, келажакда уни маҳаллий футбол раҳбарларидан бири сифатида кўришган. Ушбу масалада Даининг ўз қарашлари бор: «Мен офисда ўтириб ишлайдиганлар тоифасидан эмасман. Футболда ҳар доим ўзимни ё ўйин­чи ёки мураббий сифатида кўрганман. Ўзим ўрганган ва ўзлаштирган нарсаларни бир хонада ўтириб, бошқаларга етказолмайман».

Даи фаолиятининг асосий қисми Эроннинг «Сайпа» клуби билан боғлиқ. Профессионал фаолиятининг сўнгги йиллари шу ерда ўтган. Мураббийликдаги дастлабки жамоаси ҳам «Сайпа» бўлиб, дастлаб ушбу вазифани футболчилик билан уйғунлаштирганди. Клуб бош мураббийни истеъфога чиқаргач, бошқарув Даига ўтди. Унинг қўл остида клуб Эрон чемпионлигига эришди.

Қаҳрамонимиз мамлакат миллий жамоаси бош мураббийлигига ҳам айнан «Сайпа»дан ўтганди. 2017 йили клубга қайтган мутахассис энди омадсизликка учради. Мавсум-2018|2019 охирида раҳбариятни танқид қилгани учун ишдан бўшатилди. Даи футболчилар ёнини олиб, уларга меҳнати учун кам ҳақ тўланаётганини оммага ошкор этганди. Ўз нав­батида, «Сайпа» бош директорини айбдор сифатида кўрсатганди.

«Мен Мустафо Модаббер исм­ли шахсни танимайман. Хотираларимдан келиб чиқсам, уни ҳар доим командир Ғофур сифатида билганман», - деганди Даи. Таниш овозни эшитгани сабабли шундай хулоса чиқарганди. Али Даи бу гапи билан 1989 йили шов-шувли қотилликка алоқадорликда гумон қилинган командир Ғо­фур Даржазини назарда тутганди.

Ушбу тайинловлар орасида Даи қадрдон юртидаги бошқа жамоа­ларга ҳам устозлик қилишга улгурди, аммо унинг номи футболга боғлиқ бўлмаган мавзуларда кўпроқ янгради. 2012 йили Даи укаси билан уйга қайтаётганда, автоҳалокатга учрашди, қаҳрамонимиз бошидаги жиддий жароҳат билан шифохонага жойлаштирилди. Полиция воқеага тезликни ошириш сабаб бўлганини билдирди.

Даи саломатлигини тиклашга эришди. Унинг ҳолатини бутун дунё кузатди, мухлислар эса шифохона ёнида тўпланишди. Ке-йинчалик Даи автомобилдаги хавфсизлик ёстиқчалари ишламагани учун Toyota устидан судга шикоят йўллади. Ишлаб чиқарувчи эса барча эътирозларга жавоб қайтараркан, машинада иккита режим ўрнатилганини билдирди: «ёстиқчалар» атайин ўчириб қўйилган бўлиши мумкин.

Орадан бир йил ўтиб, Даини тунаб кетишларига бир баҳя қолди: «Қизимдаги касаллик сабаб шифохонага кетаётганимда, ортимдан номаълум шахс ташланди. Дарҳол унга қаршилик қилгандим, мотоцикл минган шериги билан қочиб кетди. Улар мени тунашга уринишганди. Жиноятчилар узоқлашишгач, тақинчоғим ечилиб, кўйлагимга осилиб қолганини кўрдим. Хайриятки, ўша пайт рафиқам мен билан эмас, қизимнинг ёнида эди».

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz