Қайднома

Қидирув

Билол Тошмирзаев: «Мухлислар янги тарихга илҳақлар»

Билол Тошмирзаев: «Мухлислар янги тарихга илҳақлар»

  03.12.2020 08:08
  0
  416
Билол Тошмирзаев: «Мухлислар янги тарихга илҳақлар»

Про-лига 19-турида «Нефтчи» ўз майдонида «Динамо»га ютқазиб қўйди ва «Турон» - «Шўртан» ўйини (2:0) натижаси ўлароқ, яйпанликлар элита йўлланмаси учун курашни давом эттириш имкониятига эга бўлишди. Биз эса мазкур ўйиндан сўнг учрашувнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинган мезбон жамоа ярим ҳимоячиси Билол Тошмирзаевни суҳбатга чорладик. Маълумот учун, бугун «Турон» ва «Нефт­чи» ўртасидаги ўйинда Суперлига чиптаси тақдирига ойдинлик киритилади.

- «Турон» охирги турдан олдин Суперлига йўлланмасини ютиш имкониятини сақлаб турибди. «Шўртан»га қарши кечган ўйин қандай таассурот уйғотди?

- Жамомиз учрашувда кўтаринки руҳда ҳаракатланди. Зеро, ғалаба ниҳоятда зарур эди ва барча жамоадошларим майдонда борларини беришди. Албатта, ғалабага мухлислар ҳам катта ҳисса қўшишди. Улар ҳаво совуқлигига қарамай, стадионга келиб, бизни олға ундашди.

- Учрашувнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилдингиз. Демак, «Нефтчи»га қарши кечадиган ҳал қилувчи ўйин олдидан кайфият яхши.

- Албатта, бундай эътирофга эришиш ёқимли. Бу мени ўз устимда янада кўпроқ ишлашга ундайди. Навбатдаги учрашувда бунданда яхшироқ ҳаракатланиб, мухлисларни қувонтиришдан умидворман.

- Энди Фарғонада пешқадам - «Нефтчи»га қарши майдонга тушасизлар. Ўйин олдидан нималарни ҳис қиляпсиз?

- Тушунарлики, бўлажак ўйин финал мақомига эга. Ғолиб жамоанинг Суперлигага чиқиши учрашувга қизиқишни янада ошириб юбориши табиий. Ҳа, «Нефтчи» мусобақа пешқадами ва унда имконият яхшироқ. Лекин барчаси майдонда ҳал қилинади. Насиб бўлса, Фарғонада ғалаба қозониб, Суперлигага чиқамиз. Айни пайт жамоамиз руҳияти аъло даражада. Умид қиламанки, «Нефтчи» билан учрашувдан кейин ҳам шундай бўлади.

- Билол, энди футболга қай тариқа ошно тутинганингизни эсласак...

- Наманган вилоятида туғилганман. Болалигимдаёқ футболга қизиқишим баланд эди. Муҳими, отам футбол билан шуғулланишимга тўсқинлик қилмади ва илк машғулотларни мактабда ўтказганман. 7-синфга кўчганимда эса, тоғамнинг ўғли мени Республика олимпия захиралари коллежига олиб келди. Биринчи мураббийларим - Фахриддин ва Рашид Мамажонов. Рашид ака кейинчалик мени «Пахтакор» академиясига тавсия қилди. Профессионал фаолиятимни эса 2014 йили «Обод» жамоасида бошладим. 2015-2016 йилларда «Пахтакор» ўринбосарлари сафида тўп сурдим. Кейин 2 йил «Навбаҳор» ва 1 мавсум «Оқ-тепа»да ўйнадим. Жорий йилдан «Турон» сафидаман.

- Про-лигадаги сўнгги учрашув 2 кун ортга сурилгани жамоангиз учун фойдали бўлдими? Ҳордиқ чиқариб, бўлажак ўйинга яхши тайёргарлик кўриш учун қўшимча вақт зарар қилмаса керак...

- Бу борада муаммо йўқ. Жамоамизда футболчиларни ўйиндан-ўйинга тайёрлаш бўйича кўникма яхши. Демоқчиманки, бизда футболчиларни тиклаш учун етарли шароит бор, витаминизация ҳам ёмон эмас.

- «Турон» хусусий клуб саналади.  Демак, шароит ва эътиборга яраша, талаб ва вазифалар ҳам катта. Шундайми?

- Очиғи, Про-лига жамоалари орасида энг яхши шароит бизнинг клубда бўлса керак. Табиийки, мақсад ва вазифа ҳам шунга яраша. Мана, «Турон» мухлислари жамоанинг янги тарихи яратилишини кутишмоқда.

- «Навбаҳор» келаси йилдан маҳаллий иқтидорларга эътибор қаратмоқчи. Кейинги мавсум сизни вилоятингиз бош жамоасида кўришимиз ҳам мумкинми?

- Бу ҳақда бир нима дейишим қийин. Кўрамиз, ким қаерда ўйнашини вақт кўрсатади.

- Суперлигада сўнгги ўринларда бораётган жамоалар ўйинларини ҳам кузатиб боряпсизми?

- Тўғриси, бор эътиборим «Турон»нинг кейинги ўйинига қаратилган. Қолаверса, биз ҳеч қандай ўтиш ўйинларисиз, тўғридан-тўғри Суперлигага чиқишни мақсад қилганмиз.

Х.ЮСУПОВ суҳбатлашди
***

«ТУРОН» - ПРО-ЛИГА ҒОЛИБИ!

Жорий ҳафта бошида ўтказилган Про-лига 20-тур баҳслари кейинги мавсумни Суперлигада ўтказадиган омадли жамоа номига ойдинлик киритиб берди. Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида ўтган «Нефтчи» ва «Турон» клублари ўртасидаги баҳс кутилганидек, шиддатли ва муросасиз курашларга бой бўлди.

Мазкур ўйиндан олдин фарғоналиклар 2 очколик фарқ билан яйпанликлардан олдинда боришаётган, шу боис, мезбонларни дуранг ҳам қаноатлантирарди. Аммо шу куни майдонга ғалаба иштиёқида тушган «Турон» футболчилари 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, элита йўлланмасига эга чиқишди. Таъкидлаш жоизки, шу куни Ислом Исмоилов шогирдлари рақибларига нисбатан мазмунлироқ футбол намойиш этишди, кўплаб қулай имкониятларга эга бўлишди, бироқ уларнинг фақат биттасидан унумли фойдаланиб, ҳақли ғалабани нишонлашди. 81-дақиқада Асилбек Қаюмов томонидан урилган гол Яйпан жамоасига 3 очко ва Суперлига чиптасини тақдим этди.

«Нефтчи» - «Турон» учрашуви якунланганидан сўнг ҳакамларга норозилик билдирган мезбон футболчилари ва мухлислари майдонда тартибсизлик келтириб чиқаришди. Оқибатда, «Нефтчи» ўйинчиларидан бири учрашувни бошқарган ҳакам Шавкат Насибуллаевга оёғи билан зарба ҳам берди. Мазкур учрашувда рўй берган ҳолатлар бўйича ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев қуйидагича муносабат билдирди: «Нефтчи» - «Турон» учрашуви ҳакамлари ўйинни эътирозларсиз бошқариб боришди. Улар билан ҳозир ҳаммаси жойида. ЎзПФЛ мураккаб учрашувда ишлаган ҳакамлар бригадасига миннатдорлик билдиради. Шунингдек, ўйинни бошидан охирига қадар стадиондан кузатиб борган, тақдирлаш маросимида иштирок этган Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоровга ташаккур айтади. Учрашув фантас­тик руҳда ўтди ва у узоқ йиллар унутилмайдиган бўлди. Ўйиндан кейин рўй берган ҳолатлар эса ЎФА томонидан алоҳида ўрганилади».

20-тур доирасида «Хоразм» майдонида 0:2 ҳисобида имкониятни бой берган «Зомин» Про-лигани тарк этадиган бўлди. Александр Ежов шогирдлари эса Биринчи лигада 2-поғонани эгаллаган жамоа билан ўтиш ўйинида иштирок этишади.

ЮҚори тўртлик

29 ноябрь (якшанба)

ШЎРТАН - ДИНАМО - 1:2 (0:0)

Ғузор. «Марказий» стадион. 79 томошабин.

Ҳакамлар: Илья Ильин, Жасур Рустамов, Амал Султонов, Артём Калинин.

Голлар: Бекзод Сувонов (84) - Амиржон Сафаров (52), Шоҳруҳ Абдураҳмонов (90).

«Шўртан»: Акмал Раҳимов, Элбек Отақулов, Худоёрхон Саъдуллаев (Ислом Бойсариев, 46), Шокир Йўлдошев (Сардор Саъдуллоев, 46), Элёр Омонжонов, Шербек Эшмуродов, Бекзод Сувонов (Ислом Зоиров, 90Қ2), Ислом Шодмонов (Салоҳиддин Санақулов, 87), Санжар Тўрақулов, Шаҳбоз Жўраев, Фахриддин Алимов (Асадбек Самариддинов, 60).

«Динамо»: Фарҳод Раҳматов, Аваз Агалиев, Элдор Бойматов, Амиржон Сафаров (Акмал Козимов, 90Қ4), Дамир Темиров, Андрей Сидоров (Шарафиддин Шобиров, 79), Обид Жўрабоев, Муҳаммадқодир Ҳамралиев, Комил Шарафутдинов, Шоҳруҳ Абдураҳмонов (Азим Мирзаев, 90Қ4), Ойбек Нурматов (Шаҳбоз Нуриддинов, 68).

Огоҳлантиришлар: Ойбек Нурматов (30), Муҳаммадқодир Ҳамралиев (81), Жасур Ҳамраев (90Қ4, мураббий, Д.).

Назоратчи: Рустам Бобомуродов.

Комиссар: Даврон Аҳмедов.

 

1 декабрь (сешанба)

НЕФТЧИ - ТУРОН - 0:1 (0:1)

Фарғона. «Истиқлол» стадиони. 5210 томошабин.

Ҳакамлар: Шавкат Насибуллаев, Ришат Нугманов, Дониёр Сайлавов, Достон Мирзараимов.

Гол: Асилбек Қаюмов (81).

Фойдаланилмаган пенальти: Жавоҳир Соҳибов (16, Т.).

«Нефтчи»: Шерзод Абдураимов, Миржалол Неъматов, Отабек Зокиров (Анвар Ҳожимирзаев, 66), Ислом Тошпўлатов, Жамшид Қобулов, Достон Тошматов (Жамшид Тўрақулов, 66), Жавоҳир Расулов (Элдор Эргашев, 41), Дилёр Эрматов, Достон Авазбеков (Мансур Саидов, 46), Рустам Абдуҳамидов, Умар Адҳамзода.

«Турон»: Акмал Ортиқов, Абдулазизхон Абдурашидов (Шоҳруҳ Холматов, 89), Суннатилло Эрматов, Ойбек Аҳматов (Умид Қодиров, 63), Жавоҳир Соҳибов (Асилбек Қаюмов, 63), Дониёр Исмоилов, Достон Мелиқўзиев, Аслиддин Тоштемиров, Ғолиб Сарибоев, Исмоил Охунжонов, Билол Тошмирзаев (Хуршид Асқаралиев, 83).

Огоҳлантиришлар: Шерзод Абдураимов (15), Жамшид Қобулов (19) - Жавоҳир Соҳибов (7), Аслиддин Тоштемиров (15).

Назоратчи: Игорь Нехочин.

Комиссар: Саид Шоҳруҳ.

 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz