Қайднома

Қидирув

Иван Ракитич: «Фаолиятим – менга берилган неъмат»

Иван Ракитич: «Фаолиятим – менга берилган неъмат»

  04.12.2020 03:33
  0
  278
Иван Ракитич: «Фаолиятим – менга берилган неъмат»

- Менга берилган барча неъматларни инобатга олиб, ўзимни футболда чексиз имтиёзлардан фойдаланган энг бахтли инсон ўрнида кўраман. Бу «Севилья» ярим ҳимоячиси Иван Ракитичга тегишли гап. Дарҳақиқат, хорватиялик футболчи тақдир инояти туфайли ҳамюрти Лука Модрич билан ярим ҳимоя чизиғида мукаммал жуфтликни ташкил этиб, Лионель Мессининг ўта сермаҳсул фаолиятида катта роль бажарди. Яна вақтида фақат марҳум Диего Марадона мушарраф бўлган эҳтиромга эришди, «Севилья»ни ЕЛ шоҳсупасига олиб чиқди, қолаверса, «Барселона» ғалабаси билан якунланган ЧЛ финалида дастлабки гол муаллифига айланди. Кейин Хорватия термасига ЖЧ финалига чиқишда кўмаклашди. Энг муҳими, ҳаётда ўзига муносиб жуфт топди. Ўзининг айтишича, айнан бўлажак турмуш ўртоғини топиш унинг учун энг қийин юмуш бўлди. FIFA.com сайти яқинда Ракитични махсус суҳбатга тортиб, бирга сермаҳсул фаолиятига бирров назар солди.

- Иван, «Барселона»даги фао­лиятдан кейин яна Севилья шаҳрига қайтдингиз. Хўш, бу танловингизга қайси жиҳатлар таъсир ўтказди?

- Биласизми, Севилья - Испаниянинг энг ашаддий мухлислари шаҳри. Бу ерда фақат футбол билан нафас оладилар. Примерода азалий рақибларга айланган «Севилья» ва «Бетис» клублари шу шаҳар шарафини ҳимоя қилади. Икки жамоанинг стадиони ҳам бир-бирига жуда яқин - ўртада атиги 5 дақиқалик масофа бор. Шаҳар аҳолиси футбол учун ҳаммасидан воз кечишга тайёр. Хуллас, бу ерда ўзгача муҳит ҳукмрон.

- Айниқса, оилавий ҳолатингиз нуқтаи назаридан қараганда...

- Қизиқарли тарих. Севилья заминига қадам қўйганимда, оқшом чўкканди. Эрталаб тиббий кўрикдан ўтишим, яна бир қатор ишларни битиришим лозим эди. Шуларни ўйлаб, бироз асабийлашдим ва акам билан тамадди учун кўчада чиқдик. Барга кириб, у ерда ишлаётган чиройли қизга кўзим тушдию, ҳаловатимни йўқотдим. Қисқаси, дарҳол ўзим излаган қизни ниҳоят, топганимга ишонч ҳосил қилдим. Қарангки, ўша куни Европанинг номдор клубидан акамга қўнғироқ қилиб, мен билан шартнома тузмоқчи эканликлари, олиб кетиш учун Севилья­га махсус самолёт юборишларини айтишган экан. Лекин таклифни рад этдим: «Севилья»га сўз берганман, шу жамоада ўйнайман ва анави қизга уйланаман». Бу гапларни ҳеч иккиланмай айтдим. Чунки у рафиқам бўлишига қаттиқ ишонгандим. Аммо қизни учрашувга кўндириш борасида анча қийналдим. Бинобарин, у таклифимга жимгина рад жавоби беришдан нарига ўтмади. Шу тариқа розилигини олиш учун кўп ҳаракат қилишимга тўғри келди. Майдонда кўп тер тўкиш мен учун одатга айланиб қолган бўлсада, қизни кўндириш борасида роса елиб-югурдим (кулади). Ниҳоят, 7 ойлик саъй-ҳаракатлардан сўнг у бирга тушлик қилишга кўнди. Мана, 9,5 йилдан буён биргамиз, ҳаётимиздан маннун ва бахтиёрмиз.

- Клубга келишингиз билан «Севилья» сардорига айландингиз. Сиздан аввал хорижликлар орасида фақат марҳум Диего Марадона шундай шарафга муносиб кўрилганди. Юксак ҳурмат-эҳтиромни қандай қабул қилдингиз?

- Ҳатто ҳозир ҳам бу мавзу - узоқ вақтдан кейин Марадонадек даҳога кўрсатилган ҳурматга сазовор бўлганимни эслаш мени ўзгача тўлқинлантириб юборади. Баъзан шундай воқеалар рўй берадики, уларни сўз билан ифодалашингиз мумкин эмас. Бу ҳаётимдаги унутилмас лавҳалардан бири, шубҳасиз. Албатта, юксак мақомим билан ҳамиша фахрланаман. Жамоага доимо испаниялик, кўпинча севильялик футболчилар сардорлик қилишган. Ўз ўрнида менга билдирилган ишонч учун клуб мутасаддилари ва мураббийдан бир умр миннатдорман. Умидворманки, улар сардорлик боғичи остидаги ҳаракатимдан қониқишган. Чунки футбол билан тирикман, жамоа учун яшаяпман. ЕЛда ғолиб чиққанимиз ҳам ўзгача шукуҳ бағишлаганди, албатта.

- Энди сардорлик боғичи Хесус Навасда. Лекин улкан тажриба ва юксак натижалар сизга етакчи сифатида қарашни тақозо этади, барибир.

- Ҳа, аммо жамоага энди қайт­ганимни унутмаслик керак - барча янги ўйинчилар қатори фаолия­тимни қайта бошладим. Хесусга ҳурматим жуда баланд. Клубдаги дастлабки 3,5 йил давомида у билан ёнма-ён тўп сургандик. Йўлларимиз яна кесишганидан хурсандман. Жамоага қўлдан келганича ёрдам бермоқчи эканлигимни Хесус ҳам, бошқа йигитлар ҳам яхши биладилар. Сардорликнинг бунга алоқаси йўқ. Мен учун жамоадошларимга тажриба улашиш, уларнинг ишончини қозониш муҳимроқ.

- «Краснодар»га қарши ўйинда 10 киши бўлиб, 0:2 ҳисобини 3:2га айлантирдинглар. Ўша ғалаба ҳақида нима дея оласиз?

- Эсда қоладиган ўта ажойиб ўйин. Уни мухлислар ҳам узоқ вақт унутмасалар керак. Бу ҳар қандай вазиятда сўнгги дақиқаларгача курашиш кераклигига яққол мисолдир. Аслида танаффусга 0:2 ҳисобида йўл олган бўлсакда, рисоладагидек тўп сургандик. Лекин қандайдир сонияларда эътиборсизлик қилиб, 2та гол қўйиб юбордик. Танаффусда мураббий ҳали ўйин бой берилмагани, вазиятни ўнглаш учун имконият борлигини, фақат бунинг учун астойдил ўйнаш кераклигини уқтирди. Биз очко эмас, ғалаба учун майдонга тушгандик. 1 киши кам бўлиб қолган бўлсакда, мақсаддан чекинмадик ва якунда ғалабани тантана қилдик.

- «Севилья» - ЕЛнинг 6 карра ғолиби. Аммо ЧЛда чорак финалдан нарига ўтолмаган. Бу гал жамоа олдига қандай вазифа қўйилган?

- Асосий мақсад - иштирокни имкон қадар чўзиш. Жамоа сўнг­ги 10-15 йилда жиддий тараққиётга эришди. ЕЛда 6 марта зафар қучиш - ажойиб натижа. Бу билан фахрланган ҳолда, навбатдаги муваффақиятни ЧЛда нишонлашни истаймиз. Мана, «плей-офф» йўлланмасини нақд қилиб, клуб тарихидан жой олдик. Энди гуруҳдан етакчи сифатида чиқишга уринамиз.

- 2014 йили Хави, Иньеста, Неймар, Суарес ва Мессидек юлдузлар сафига қўшилиб, қандай ҳолатга тушган эдингиз?

- Барчаси ўйлаганимдан ҳам аълороқ бўлди! Жиддий айтяпман, дунёнинг етакчи клуби сафидан жой олишнинг ўзи - юксак натижа. Ҳамиша ўзимни ўша улкан оиланинг аъзоси сифатида ҳис этаман. Албатта, аввалига озгина ҳаяжон ҳам йўқ эмасди. Лекин кийиниш хонасида янги жамоадошларим билан кўришгач, ҳайратда қолдим. У ердаги муҳит, ўзаро муносабатни асло унутмайман. Умуман, шундай йигитлар билан ёнма-ён тўп сурганим - менга берилган буюк неъмат. Йигитлар билан бир умрлик қадрдон бўлиб қолганмиз. Дейлик, Андрес билан ҳозиргача гаплашиб тураман, жуда яқинмиз.

- ЧЛ-2015нинг Берлинда бўлган финалини унутмаганингиз аниқ. Ўйин тугашига 4 дақиқа қолган паллада гол уришнинг гаштини нимага қиёслаш мумкин?

- Тенги йўқ шов-шувга! Ўша пайт­даги эҳтиросларни таърифлашга тил ожиз - телбалик, телбалик ва яна телбалик. Умуман, «шалпанг­қулоқ»қа етишиш йўлида бир умр меҳнат қиласан, аммо бу улкан соврин ҳаммага ҳам насиб этавермайди.

- «Барселона»даги вақтда «Эль-класико»да мунтазам иштирок этдингиз. Қайси беллашув кучлироқ таассурот қолдирди?

- Гап футбол оламида мавжуд энг улкан қарама-қаршилик ҳақида бормоқда. Ҳа, бу тўқнашувда жуда кўп марта майдонга тушдим, етарлича ғалаба завқини туйдим, голлар урдим. Ҳар қайси учрашувнинг ўзига яраша таровати, фусункорлиги бор. Уларни фахр билан эсга оламан.

- Каталония клубидаги фаолия­тингизни қисқача тавсифлаб бера оласизми?

- 6 йил, 311та ўйин, хорижлик футболчилар орасида Месси, Алвеш ва Маскеранодан кейин 4- кўрсаткич эгаси, 13та соврин. Ўйлайманки, клуб тарихидан муносиб ўрин олдим. 6 йил ичида кўп нарсаларга эришдим, клубни, шаҳар ва унинг фуқароларини унутмайман, кенжа қизим айнан Каталонияда дунёга келди.

- Лионель Мессига футболчи сифатида қандай таъриф берасиз?

- 100 фоизга футбол одами. Ким эканлигингизнинг аҳамияти йўқ, шунчаки, бу йигит ўйинини кузатиб, лаззат олсангиз, бас. У - ўзга олам вакили. Бошқа касбдошларимга ҳурматни сақлаган ҳолда таъкидлайман, Лео билан 311 ўйинда ёнма-ён тўп суришни фақат орзу қилиш мумкин. Ажо­йиб ҳамкорлик учун сенга алоҳида раҳмат, Лео. Менга қанчалик катта ёрдам берганингни ҳаттоки, ўзинг ҳам билмайсан!

- Россия-2018 мундиалидан қолган энг ёрқин таассурот...

- Қайсидир лавҳани алоҳида ажратиш қийин. Боиси, у ердаги ҳар бир кун, ҳар бир учрашувга тайёргарликнинг ўзи - тарих. Жамоа ичидаги муҳит, дўстона муносабат... Ҳаттоки, финалда учралган мағлубият ҳам кайфиятимизни туширгани йўқ. Зеро, ўз тарихимиздаги энг йирик ғалабага эришиб, нафақат Хорватия, бутун дунё муҳаббатини қозондик. Ишончим комил, сайёрамиз аҳолисининг 90 фоизи финалда айнан бизнинг жамоамизга мухлислик қилган. Ҳа, энг улкан сов­ринни бой берганимиз аламли, албатта. Бироқ Хорватия футболида янги саҳифа очганимиз билан фахрланишга ҳақлимиз. Айниқса, Загребдаги кутиб олиш маросими ҳақида ҳар қанча гапирсам, шунча оз. Аэропортга етиб боргач, бизни усти очиқ автобусда шаҳар марказига элтиб қўйишларини айтишди. Аслида аэропорт ва марказ орасидаги масофани 1-1,5 соатда босиб ўтишни мўлжаллашганди. Амалда сайр нақ 7 соатга чўзилди - автобус кўчага тўлиб-тошган оломон орасида аста юриб борди. Ажиб манзара. Халқимизнинг меҳр-муҳаббатини шу сайр давомида тўлиқ ҳис этдим. Буни ҳеч қачон унутмайман!

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz