Қайднома

Қидирув

Сайдулло РАҲМАТОВ: «МЕҲНАТЛАРИМИЗ ЎЗ САМАРАСИНИ БЕРДИ»

Сайдулло РАҲМАТОВ: «МЕҲНАТЛАРИМИЗ ЎЗ САМАРАСИНИ БЕРДИ»

  06.12.2020 11:11
  0
  342
Сайдулло РАҲМАТОВ: «МЕҲНАТЛАРИМИЗ ЎЗ САМАРАСИНИ БЕРДИ»

Жорий мавсум АГМК тарихига ҳозирча энг муваффақиятлиси сифатида кирадиган бўлди. Coca Cola Суперлига-2020 якуни ҳам яқин. Олмалиқликлар ўтган турда Наманганда «Навбаҳор»га қарши учрашувда дуранг (0:0) қайд этиб, чемпионат бронза медалларини қўлга киритишди. Мазкур ўйин ниҳоясига етгач, АГМКнинг маҳоратли ҳимоячиси Сайдулло Раҳматовни суҳбатга тортиб, айрим саволларимизга жавоб олдик.

- Аввало, АГМКни ўз тарихида илк бор бронза медалларига эга чиққанлиги билан табриклаймиз! Жамоа элитадаги дастлабки катта ютуқни қўлга киритганидан сўнг кийиниш хонасидаги муҳит қандай бўлганлиги ҳақида гапириб бера оласизми?

- Табрик учун раҳмат. Албатта, бу натижа ҳаммамиз учун ёқимли бўлди. Жамоа ўзига хос тарих яратди. Бу ютуқ нафақат жамоа, балки бутун Олмалиқ шаҳри ва комбинат ишчилариники, мухлисларникидир. АГМКга бефарқ бўлмаган барчани медаллар билан табриклаб қоламан. Кийиниш хонасидаги хурсандчилик эса, албатта, ўзгача бўлди. Тўғриси, буни сўз билан ифода этиб беролмайман. Бош мураббийимиз ҳаммани табриклаган ҳолда, ҳали олдинда охирги тур ва кубок ўйинлари масъулияти борлигини эслатиб, бўлажак учрашувларга тайёргарлик кўришимиз кераклигини айтди.

- АГМКнинг бронза медалларини қўлга киритишида «Бунёдкор»нинг «Насаф»га мағлуб бўлгани ҳам қўл келди. Бунинг учун собиқ жамоадошларингизга раҳмат айтсангиз арзийди...

- «Насаф» яхши шаклланган жамоа ва ўзига яраша ўринни эгаллади, бу муваффақиятда бош мураббий Рўзиқул Бердиевнинг ҳиссаси катта. Қўлга киритилган ажойиб натижа билан Қарши клуби ва мухлисларини табриклайман. Албатта, ҳозир «Насаф»нинг ўрнида АГМК бўлиши мумкин эди. Бироқ айтишади-ку, ҳар ким ўз насибасига эришади. Очиғи, ўзимизнинг хатолар туфайли иккинчи ўринни эгаллаш имкониятидан маҳрум бўлдик. Биласизми, эътиборимиз фақат ўзимизнинг ўйинга қаратилганди. Бошқа жамоаларнинг очкоси бу уларники, бизни эса ўзимиз қўлга киритишимиз керак бўлган очколар қизиқтирганди.

- Бронза медалларини тақдим этган «Навбаҳор»га қарши баҳс ҳақида қандай фикрдасиз?

- «Навбаҳор» билан кечадиган ўйин қийин бўлишини ҳис қилган ҳолда, қолаверса, бу баҳсда қўлга киритиладиган ижобий натижа совринли ўринлардан бирини қўлга киритишимиз учун муҳимлигини инобатга олиб, жиддий тайёргарлик кўргандик. Кутилганидек қизиқарли ва қийин ўйин бўлди. Якунда дуранг қайд этиб, учинчи ўринни эгалладик.

- АГМКнинг кейинги мақсади кубок эканлиги айтилмоқда. Аммо жамоа биринчи даврадаги бар­қарорликни йўқотиб қўйди. Сизнингча, бу нима билан боғлиқ?

- Албатта, ҳар бир жамоа ўз олдига максимал мақсад ва вазифалар қўяди. АГМК ҳам кубок баҳс­ларида бош совринни ютишни кўзлаган. Бунинг учун боримизни бериб ҳаракат қиламиз. Биринчи даврадаги барқарорликнинг йўқотилганига келадиган бўлсак, футболда шундай ҳолатлар ҳам учраб туради. Бу баҳона эмас, лекин мавсумда пандемия сабабли кўп тўхталишлар юз берди. Мазкур ҳолат барча жамоалар сингари бизга ҳам қайсидир маънода ўз таъсирини ўтказди. Айниқса, бу омил жисмоний ва руҳий тайёргарлигимизга халақит қилди.

- Жамоага эндигина келган пайтингиз клуб мақсадлари билан танишганлигингиз аниқ. Айтинг-чи, жорий мавсум АГМК совриндорлар қаторидан жой олишини кутганмидингиз?

- Ҳа, албатта. Барчамиз сов­рин ютишга ишонган ҳолда ҳаракат қилдик. Биласиз, ўтган мавсум жамоа янгидан шакллантирилди. Шунинг учун бироз қийинчиликлар бўлди. Табиийки, жамоа шаклланишига маълум вақт керак. Тўғри, аввал омадсизлик юзага келди, озгина қийинчиликлар бўлди, аммо бу мавсум жамоа оз бўлсада шаклланиб, ишончли натижалар қайд этди, совринли ўринлардан бирини эгаллади. Қолаверса, ўз олдига юқори мақсадларни қўйган ҳар бир жамоа соврин ютишга ҳаракат қилади. АГМК муваффақият қозониши учун жамоада барча бирдек ҳаракат қилди. Мураббийлар ва жамоанинг меҳнати ўз самарасини берди.

- Пандемия сабабли узоққа чўзилган мавсум энди кубок баҳсларига уланиб кетади. Ҳавонинг кескин совиб кетгани футболчиларга майдонда қўшимча ноқулайлик келтириб чиқармаяптими?

- Пандемия бутун дунёдаги каби, бизнинг футболга ҳам ўзининг салбий таъсирини ўтказмай қолмади. Барчамиз учун биринчи галдаги масала - бу соғлик. Шуни ўйлаган ҳолда, кўрилган чора-тадбирлар туфайли мавсум чўзилиб кетди. Тўғри, совуқ ҳавода футбол ўйнаш ноқулайлик туғдириши табиий, лекин ҳар бир жамоа мавсумни бунга тайёр ҳолда, профессионал тарзда ўтказмоқда. Бу ҳолат қачондир чемпионатимизни куз-баҳор тизимида ўтказиш учун тайёргарлик вазифасини бажарди, деса ҳам бўлади.

- Жорий йил ўзини ҳар томонлама кўрсата олган ҳужумчи сифатида кимни эътироф этасиз?

- Ҳужумчининг вазифаси - албатта, гол уриш. Шуни инобатга олиб айтадиган бўлсам, ортда қолган ўйинларда кўп гол урган ва жамоаси ғалабасига муносиб ҳисса қўшган форвардларнинг барчаси ўзларини кўрсата олишди. Суперлиганинг энг зўр ҳужумчиси ким эканлигини эса тўпурарлар рўйхати кўрсатиб турибди.

- Суперлигада йилдан-йилга кучли жамоалар сони кўпайиб бормоқда. Бундан ташқари, ўзбек футболи яна қайси жабҳаларда ўсишга эришяпти, деб ўйлайсиз?

- Тўғри айтдингиз. Барчамиз бирдек гувоҳи бўлиб турган дунё футболи йилдан-йилга ривожланиб, ўсиб бормоқда. Шу қаторда ўзбек жамоалари ҳам ўсишга эришмоқда. Биз футболчилар юртимизда футболга яратилаётган шароитлардан унумли фойдаланишимиз керак. Клубларимизнинг ўсишидан ташқари, яна айнан қайси жабҳаларда ривожланаётганимиз борасида мутахассислар фикри қизиқ, назаримда.

- «Навбаҳор» ўз майдонида ўтадиган кубок финалига қадар етиб боришни мақсад қилмоқда. Айтинг-чи, наманганликлар кечаги ўйинлари билан буни уддалай олишармикан?

- Турнирда иштирок этаётган барча жамоалар финалда ўйнаш ҳамда бош совринни қўлга киритиш учун курашади, деб ўйлайман. Мақсадга эса кучли ва омадли жамоа эришади. Ўз ўрнида, «Нав­баҳор» ҳам бунга ҳақли жамоа. Бўлажак беллашувларда ҳамма жамоаларга омад тилаб қоламан.

Хуршид Юсупов суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz