Қайднома

Қидирув

Мен айбдор эмасман…

Мен айбдор эмасман…

  07.12.2020 09:09
  0
  407
Мен айбдор эмасман…

«Боруссия» Дортмунднинг ёш ҳужумчиси Юссуфа Мукоко фаолиятининг дастлабки қисмида катта босим остида қолди. У бир сафар мухбирларга берган интервьюсида шундай деганди: «Мақсадим - Дортмундда профессионал футболчига айланиш, «Боруссия» таркибида Чемпионлар Лигасида қатнашиб, «Олтин тўп»ни қўлга киритиш». Ўшанда у 13 ёшда эди. Ким учундир бу баландпарвоз гаплар, нокамтарликдек туюлиши мумкин эди. Аммо қайсидир маънода, Мукоко ўшанда тўғри гапиргандек.

Яқинда 16 ёшга тўлган Мукоко сермаҳсул ўйини билан халқаро миқёсда шов-шув кўтарилишига сабабчи бўлди - 2017 йилдан ҳозиргача «Боруссия» Дортмунднинг ёшлар жамоалари таркибида 88та ўйин ўтказиб, 141та гол урди. Ёзда «қовоғарилар» ёш ҳужумчини майдонга тушириш ҳуқуқини қўлга киритиш учун бироз кутишга тўғри келишини билганлари ҳолда, Мукокони Бундеслига ўйинлари учун қайдномага киритишди. Аввалроқ «Боруссия» Германия футбол иттифоқига мурожаат этиб, олий дивизионда тўп сурадиган футболчиларнинг минимал ёшини 17дан 16га туширишни сўраганди. Дортмундликлар бўладиган ишни пайсалга солмай, ўспирин 16 ёшга тўлганининг эртасигаёқ унга асосий жамоада дебют қилиш имконини беришди.

22 ноябрь куни Бундеслига доирасидаги «Герта»га қарши баҳсда (5:2) майдонга тушган форвард Германияда профессионал даражада тўп сурган энг ёш футболчи сифатида тарихга кирди. Агар 25 ноябрь куни Чемпионлар Лигасидан ўрин олган «Брюгге» билан ўйинда (3:0) майдонга тушганда, худди шундай кўрсаткични еврокубокда ҳам қайд этарди. Натижада имконият «Лацио»га қарши учрашувгача қолдирилди.

Юссуфа Мукоко ким ўзи?

У Камерун пойтахти Яундеда туғилган, бувиси ва бобосининг тарбияси билан улғайган, футболга кучли меҳр қўйган. 10 ёшида узоқ йиллардан буён Германияда яшаётган отасининг ёнига кўчиб, Санкт-Паулидаги болалар футбол секциясига борди. Мукоко дастлабки машғулотига кроссовкаларда борган, аммо бу дастлабки ўйинлардаёқ унинг кўплаб голлар уришига тўсқинлик қилмаган.

«У юксак иқтидор соҳиби, тезкор қарорлар чиқариши кишини ҳайрон қолдиради», - деди Германия термаси U-20 мураббийи Гвидо Штрайхсбир. - Юссуфада футболчиларга хос интеллектуал салоҳият борлигига ишончим комил. Бу йигит тажрибали ҳимоячилар таъқибидан қочиб, бўш ҳудудлар топишга уста. Унинг яккакурашлардан узоқлашиб, фақат муайян ҳудудларда тўп суриши муҳим аҳамиятга эга».

«Боруссия» Дортмунд бош мураббийи Люсьен Фаврнинг эътирофи эса қуйидагича бўлди: «Унинг қайси оёғидан кўпроқ фойдаланишини билмайсиз. Ҳам ўнгда, ҳам чапда бир хилда ўйнайди. Самарадорлиги ҳам юқори».

«Ҳали ёмҒирли кунлар келмади...»

Ўтган йили Nike компанияси Мукоко билан узоқ муддатли шартнома имзолади. Шу тариқа бор эътибор ушбу футболчига қаратилди. Мазкур ҳолатда «Боруссия» Дортмунд ҳам, Германия футбол ассоциацияси ҳам босқичма-босқич ҳаракатланишни маъқул кўрди.

«Юссуфанинг 16 ёшлилар жамоалари таркибидаги дастлабки халқаро ўйинларидан (2017 йили) сўнг шов-шувлар шу қадар урчидики, унга «Боруссия» билан, Германия термаси иштирокисиз навбатдаги қадамларни ташлаш имконини бердик», - деди ўшанда ёшлар жамоаларини бошқарган Мейкель Шонвайц.

Мукоконинг ёнида тажрибали инсонлар бор, хусусан, жароҳатлар сабаб салоҳиятни тўлиқ намоён этолмаслик нима эканлигини тушунадиганлар ҳам. Қаҳрамонимизнинг Дортмунддаги энг яқин маслаҳатчиларидан бири - бош мураббий ёрдамчиси Отто Аддо. Ушбу мутахассисга футболчилик даврида 1990 йиллар охири, 2000 йиллар бошида катта умидлар боғланган, аммо тиззасидаги жароҳатлари кўнгилдагидек тўп суришига тўсқинлик қилганди.

«Боруссия» академияси раҳбари Ларс Риккен 1990 йилларда клуб вундеркиндларидан бири бўлган. 1997 йилги Чемпионлар Лигаси финалида «Ювентус» дарвозасига гол ургач, суперюлдузга айланганди. Аммо жароҳатлар ушбу футболчининг ниятларини пучга чиқарди, фаолияти бир маромда кетишига тўсқинлик қилди. «Юссуфанинг елкасидаги оғир юкка яна юк қўшишимиз керак эмас», - деди Риккен.

«Ҳозирча унинг фаолиятида қуёш чарақлаб турибди. Ҳали ёмғирли кунларни кўрмади, аммо улар келади», - деди «Боруссия» Дортмунд собиқ ярим ҳимоячиси Нури Шаҳин.

«Ишимни давом эттираман...»

Мукоко шу ёшида ҳақоратлар ва танқидларга бир неча бор йўлиқиб улгурди. 12 ёшида «Боруссия»нинг 16 ёшлилар жамоасида ўйнагани ҳолда, ўзидан ёши каттароқ бўлган ҳимоя­чиларга қарши ўйинларда юқори натижалар қайд этарди. Шунда одамлар унинг ёши борасида шубҳаларга боришди. Хусусан, Bild нашри 12 ёшли болакай бошқалардан жисмоний жиҳатдан устунлик қилаётганидан ҳайронлигини ошкора баён этди.

Юссуфанинг отаси Германиянинг Камерундаги элчихонаси тақдим этган туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани кўрсатди, бироқ шубҳалар футболчини таъқиб этаверди. «Бу каби босимни ҳазм қилиш осон кечмади, - деганди Мукоко 2018 йили. - Ишларим яхши кетаётганида менинг айбим йўқ».

«У эрта кунда руҳий муаммога йўлиқди, - деди футболчининг Германия термаси U-16даги собиқ мураббийи Михаэль Файх­тенбайнер. - Атрофдагилар шу қадар ғазабда эдиларки, жамоатчилик тахмини унинг майдондаги ҳақиқий муваффақиятини четга суриб қўйганди».

Кейинчалик «Боруссия» ва «Шальке»нинг 19 ёшлилар жамоа­лари ўртасидаги дербида у яна майдонда ҳукмронлик ўрнатди. Мукоко учинчи голни урганда, трибуналардан мухлисларнинг норози оҳангдаги ҳайқириқлари эшитилди: «Суякларингни синдирамиз!», «Қабрда ётишинг керак!». Қаҳрамонимиз эса муаммони профессионал тарзда ҳал қилди. «Ишимни давом эттираман. Бу менинг иштиёқим. Футбол менга завқ беради», - деб ёзди Юссуфа «Инстаграм»даги саҳифасида. Шунингдек, ҳақоратлаганларга ҳам мурожаат этди: «Мени ёмон кўришингиз, сўкишингиз мумкин, аммо ҳеч қачон мени тўхтатолмайсиз».

Мукоко Холанддан

кучлироҚми?

«Боруссия» Дортмунддаги мураббийлари ва шериклари Мукоконинг профессионаллиги, мақсади сари интилишини алоҳида эътироф этишади. «Унинг эътиборини жамлаганини кўриб турибман, - деди Риккен. - Машғулотлар ва ўйинлар пайти бунчалик кўп тер тўкадиган футболчини кўрмаганман».

Клуб раҳбарияти ҳам Юссуфа нафақат иқтидори, балки машаққатли меҳнати эвазига асосий жамоага қўшилишга лойиқ эканлигини таъкидлади. Мутасаддилар ёзги трансферлар ойнасида Эрлинг Холандга ўринбосар сотиб олишмади, чунки Мукоко келгусида ушбу вазифани бемалол уддалашига ишонишмоқда.

Холанднинг ўзи ҳам истеъдодли шеригига мухлис эканлигини айтганди. «Мукоконинг ёшида бўлганимда, мен ҳам бунчалик яхши ўйнамаганман, - дейди у. - 15 ёшида (интервью пайти Юссуфа айни шу ёшда эди) шундай ажойиб ўйин кўрсатадиган футболчини кўрмаганман».

«Боруссия» Дортмунд нима қилаётганини яхши билади. Агар футболчи Бундеслигада ҳам дарҳол катта ютуқларга эришса, унинг атрофидаги шовқин-сурон янада кучаяди. Бироқ Мукоко босимга қарши кураша олиши, бор эътиборини энг яхши кўрган нарсаси - футбол ва голлар уришга қаратишини исботлаб улгурди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz