Қайднома

Қидирув

80-дақиқадан кейин нима қилдингиз?

80-дақиқадан кейин нима қилдингиз?

  08.12.2020 01:10
  0
  340
80-дақиқадан кейин нима қилдингиз?

Таниқли мутахассис Алишер Никимбаев ўтган ҳафта содир бўлган энг диққатга молик воқеаларга муносабат билдирар экан, ПФЛ ходимлари ишига яна бир бора паст баҳо берди.

* * *

- Фарғонадан бир нечта видеолавҳалар жўнатиб, воқеа бўйи­ча муносабатимни сўрашди. Нима дейиш мумкин, ҳаммаси тушунарли-ку. «Нефтчи» футболчилари ва мухлислари барча қоидалар, ҳаттоки, Жиноят кодексининг айрим моддаларини бузишди. Айбдорлар жазога тортилишлари керак. Мазкур ҳолатда ҳакам хато қилганми-йўқми - бу аҳамиятсиз. Бошқа томондан, «Нефтчи» билан бирга рўй берган воқеа бўйича ПФЛ ва ташкилотнинг мазкур ўйинда қатнашган ходимлари гуруҳи жавоб бериши лозим. Эсласангиз, ушбу учрашув ташкилотчилиги юқори даражада бўлишини таъминлаш мақсадида ўйин санаси 2 кун кейинга кўчирилганди. Даражани кўрдик. Гарчи бу «сюрприз» бўлмаса ҳам, ПФЛда турли жабҳалар бўйича мутахассислар кўп, фақат бир масала мустасно - мусобақалар ташкилотчилиги (3-4та жабҳани санаб ўтиш мумкин, аммо ҳозир гап бу ҳақда эмас). ПФЛ берган баёнотда айтилишича, Фарғонага 8 кишидан иборат ишчи-гуруҳ борган. САККИЗ! Ҳаттоки, ФИФА ва ОФК ҳам мураккаб ўтиши кутилган юқори даражали ўйинларга кўпи билан 4-5 кишини жўнатади. Бу ерда эса 8 нафар ходим.

Ҳақли саволлар туғилади: улар 2 кун нима билан шуғулланишди? Қайсидир бири ўйин пайти жамоат хавфсизлигини таъминлаш масаласида маҳаллий органлар билан гаплашдими? Трибуналарга пандемия шароитида рухсат берилганидан кўпроқ томошабин кирган, мухлислар ижтимоий масофани сақлашмаган экан, ўйинга тайёргарлик нимага асосланган?

Трансляцияни кўрганим йўқ, аммо лавҳалардан кўриш мумкинки, камида 80-дақиқага бориб, мухлисларнинг ҳакамликдан норози эканликлари сезилган. Шу 80-дақиқадан то финал ҳуштаги чалингунча ПФЛнинг САККИЗ нафар ходими нима билан шуғулланди? Зарурат туғилганда, ҳакамларни ҳимоя қилиш бўйича маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органи вакиллари билан гаплашилдими? Нега шу 8 нафар ходим ҳакамларнинг кийиниш хонасига кириб кетишлари учун коридор ташкил этишмади? ПФЛ вакилларидан мазкур саволларга жавоб кутмаяпман. Улар бунинг ўрнига исталган нарсани гапиришни одат қилиб олишган. Энди Ўзбекистонда ПФЛдан изоҳ талаб қиладиганлар бор-йўқлигини аниқлаб олиш қолди, холос. Фақат 2та ОАВ, гарчи унча машҳур бўлмасада, ўйин ташкилотчиларини танқид остига олди. ПФЛнинг ўзида ходимлардан ҳисобот сўрайдиган Ижроқўм ҳам, бошқа орган ҳам йўқ. Бор умид Ўзбекистон футбол ассоциациясиданми?

* * *

- «Рубин» бош директори Рус­тем Сайманов Қозон клубининг «Спартак» ярим ҳимоячиси Остон Ўруновга қизиқаётгани ҳақида гапирди. «Газизовнинг сўзларини тасдиқлайман, «Рубин» Ўрунов масаласида «Спартак» билан алоқага чиқди. Жамоамиз ушбу футболчига қизиқмоқда, «Уфа»дан Москва клубига кўчиб ўтишидан аввал ҳам унга таклиф билан чиққандик. Ўрунов «Спартак»да ўйнамаяпти, барибир. Шу боис, яна таклиф билдирдик, бу шунчаки, эмас. У «Рубин»га керакли ўйинчи. 19 ёшли йигитчага тажриба керак. Унинг жамоамизда ўйнаб кетишига ишоняпмиз. Бизда етарлича ўйин амалиётига эга бўлади. Ўрунов ҳозир ҳам «Рубин»да ўйнаётган бўларди», - деди Сайманов

* * *

- Про-лигада 2-ўринни эгаллаган «Нефтчи» ўтиш ўйинида Суперлига мавсумини 13-поғонада тугатган «Андижон»га қарши ўйнаши керак. Андижонликлар эса Ўзбекистон кубоги билан бандлар. Улар бўшамагунларича «Нефт­чи» билан ўйин ўтказилмайди. Агар «Андижон» финалгача етиб борса-чи? Ўтиш ўйин Boxing dayга қолади! «Нефтчи» эса бунгача кутиб туради...

Алишер НИКИМБАЕВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz