Қайднома

Қидирув

Одил Ҳамробеков: «Йўқ, ўйинлар унча осон кечмади ва...»

Одил Ҳамробеков: «Йўқ, ўйинлар унча осон кечмади ва...»

  08.12.2020 04:40
  0
  531
Одил Ҳамробеков: «Йўқ, ўйинлар унча осон кечмади ва...»

Пандемия туфайли анча чўзилиб кетган Суперлига ниҳоят, финиш маррасига яқинлашди. Мана, 25та тур ортда қолди. Чемпионлик масаласи эса 23-турдан кейин ҳал бўлди - «Пахтакор» муддатидан олдин ўз унвонини ҳимоя қилди. Бугунги суҳбатдошимиз - пойтахт клубининг жорий йилги мувафаққиятига сезиларли ҳисса қўшган футболчилардан бири Одил Ҳамробеков. Ҳа, асли наманганлик йигит майдонда яққол кўзга ташланмаслиги мумкин, лекин мухлислар унинг катта ҳажмда иш бажаришини жуда яхши билишади.

- Одил, ноябрь ойи бошида орттирилган кичик жароҳат туфайли миллий жамоа йиғини ва «Пахтакор»нинг баъзи ўйинларини ўтказиб юбордингиз. Ҳозир аҳволингиз қандай?

- Худога шукр, ҳаммаси жойида. Аста-секин  жароҳатдан фориғ бўлиб, тикланиш жараёнини бошлаб юбордим. Насиб этса, яқин кунларда майдонга қайтаман.

- Драган Черан билан майдонда бир-бирингизни ўзаро тушуниб ҳаракатланишингиз таҳсинга лойиқ. Бизнингча, «Пахтакор»­нинг охирги ўйинларида Черанга айнан сиз етишмадингиз...

- Ҳа, унинг ўзи ҳам шу маънода гапирди. Тўғрироғи, қўқонликларга қарши баҳсдан кейин «Насаф» билан ўйингача майдонга қайтиш-қайтмаслигимга қизиқди.

- «Насаф»нинг 23-турда «Сўғдиёна»га ютқазгани натижасида «Пахтакор» - «Қўқон-1912» ўйини бошланмасидан олдин чемпионликни расмийлаштирдинглар. Бундан жамоадошларингиз бироз хотиржамликка берилишди, шекилли, чемпионлик шарафига «Қўқон-1912»ни енгишда роса қийналишди?

- Аслида ҳар бир ўйин ўзига яраша оғир кечмоқда. Бу миллий чемпионатда рақобат ошаётгани ва Суперлига жамоаларининг йилдан йилга кучаётганидан далолат, менимча. Ҳар ҳолда, охирги йилларда муросасиз учрашувлар сони яққол кўпайди. Демоқчиманки, энди озгина хотиржамлик қимматга тушиши ҳеч гап эмас, ҳар бир ўйинда ғалаба йўлида қаттиқ тер тўкиш керак. Оддий мисол, «Қўқон-1912»га қарши кечган баҳсни олайлик, рақиб чинакамига кураш тақдим этди. Эҳтимол, четдан бошқача кўринар, яъни «Пахтакор» чемпионликка осонгина эришгандек туюлар, аммо амалда бошқача. Қисқаси, олтин медаль ортида катта меҳнат ётибди. Қолаверса, битта ёзилмаган қоида ҳам бор - барча жамоалар амалдаги чемпион ёки мусобақа пешқадамига қарши баҳсда ўзгача куч ва иштиёқ билан тўп суради. Қисқаси, йигитлар ўйинга енгил ёндашишгани хусусидаги фикрга қўшилмайман. Ҳамма гувоҳи бўлганидек, жамоа­дошларим ҳар бир ўйинда мухлислар учун майдонда борларини беришди, охиригача натижа учун курашишди. Шунинг самараси ўлароқ, Суперлигада бош мақсадга эришдик.

- Чемпионликни айнан «Қўқон-1912»га қарши учрашувда расмийлаштириш мақсадида астойдил тайёргарлик кўрга­нинг­лар аниқ. Лекин «Насаф»нинг кутилмаган мағлубияти «Пах­такор»ни ўйин олдиданоқ чемпионга айлантирди-қўйди. Қизиқ, бу қандай таъсир қилди, чемпионлик нақд бўлиб улгургач, жумладан, бош мураббий Шота Арвеладзе сизларга нима деди?

- Тўғриси, ўйиндан олдин кийи­ниш хонасида қандай гап-сўзлар бўлганидан хабарим йўқ. Чунки у ерда эмасдим. Фақат футболчилар майдонга тушаётганларида, олдиларига бориб, уларга омад тиладим.

- Жамоангиз қаторасига иккинчи марта Суперлига чемпионлигини нақд қилди. Айтингчи, «Пахтакор» сафига қўшилишдан аввал чемпионликдан бошқа яна нималар ҳақида ўйлагандингиз?

- Яширмайман, «Пахтакор»га айнан Ўзбекистон чемпионати ва кубогида зафар қучиш илинжида ўтганман. Қолаверса, ОЧЛда ҳам чиройли ўйинлар кўрсатишни хоҳлаганим ўз-ўзидан тушунарли.

- Мураккаблик ҳақида гапирдингиз, аммо моҳиятан олганда, чемпионлик йўлида «Пахтакор»га ҳеч қайси рақиб муносиб рақобат кўрсатолмади. На таркиб ва на ўйин савияси жиҳатидан. Шундай экан, ҳамма клуб чемпионликни осонлик билан қўлга киритганини таъкидлайверади, барибир...

- Шундай, лекин ўйинлар енгил ўтмаганини ўзимиз биламиз. Ҳар ҳолда, «Пахтакор»нинг жорий йилги деярли ҳар бир ўйинида муросасизлик уфуриб турди. Бунисини мухлислар ҳам тан олишса керак.

- Собиқ жамоангиз «Насаф» мавжуд қийинчиликларга қарамай, Суперлигада чакки иштирок этмади. Дейлик, 24-турда «Пахтакор»ни ҳам чиройли тарзда мағлубиятга учратди. Тўғрисини айтинг, Қарши клубининг натижаларидан хурсанд бўлсангиз керак...

- Албатта, «Насаф»нинг ҳеч бир ўйинига бефарқ эмасман. Ахир Қаршида 7-8 йил шуғулландим, ўйнадим, футболчи сифатида шакл­ландим. Жамоада кузатилаётган молиявий қийинчиликларга қарамай, унинг ажойиб ўйин намойиш этаётгани мураббийларнинг тўғри иш олиб бораётганликларидан дарак бериб турибди. Қолаверса, «Насаф» футболчиларнинг касбга ҳурмати ва профессионал ёндашуви ортидан шундай юқори натижаларга эришяпти, менимча.

- Охирги 2 йилни олсак, «Насаф» чамаси 10 нафар асосий футболчиси билан хайрлашди. Боз устига, клуб молиявий муаммолар гирдобига тушиб қолди. Шунга қарамай, ўз имиджи ва мавқеини ушлаб турибди. Бу чиндан ҳам мақтовга лойиқ, тўғрими?

- Албатта. Тўғри айтдингиз, гарчи клуб кўплаб асосий футболчиларидан айрилган бўлсада, ҳамон рақобатбардош ва юқори марраларни кўзлашда давом этмоқда. Юқорида айтдим, Қаршида тўғри йўлга қўйилган тизим бор, ўзгармас ва мукаммал ўйин услуби шакл­ланган. Менимча, Рўзиқул Бердиев жамоасига айни шу жиҳатлар қўл келмоқда.

- Вилоятингиз бош жамоаси - «Навбаҳор»га ҳам бефарқ қарамаслигингиз тайин. Айтингчи, «Навбаҳор» учун қаттиқ қайғурган ва сиқилган вақтингиз ҳам бўладими?

- Очиғи, ҳеч бир футболчи ўзи туғилиб-улғайган ҳудуд жамоаси натижаларига бефарқ қарамайди. Табиийки, Намангандаги дўстларим ва клубнинг ўзим танийдиган мухлислари билан «Навбаҳор» ҳақида гаплашиб тураман. Лекин унинг натижалари юзасидан қандайдир фикр билдиришим жоиз эмас. Фақат «Навбаҳор» ҳам яқин йилларда юқори натижаларга эришиб, кўп сонли мухлисларини қувонтиришидан умидворман.

- Қизиқ савол: яқинларингиз орасида «Пахтакор»ни ёқтирмайдиганлари ҳам борми?

- Футболга қизиқадиган аксарият наманганлик танишларим «Нав­баҳор»нинг ашаддий мухлислари ҳисобланишади. Шулар қатори отам ҳам «лочинлар»га мухлислик қиладилар. Умуман, танишларим «Пахтакор»ни ёқтирмасликларини очиқ-ойдин айтишмаса-да, гап-сўзларидан шуни англаб олса бўлади.

- Айрим ижтимоий тармоқларда Шота Арвеладзенинг клубдан кетиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Наҳотки, у «Пахтакор»да 3 йил давомида амалга оширган ишлари самараси кўринадиган вақт­да клубни ташлаб кетса... Ёки Арвеладзенинг жамоадаги миссияси ниҳоясига етдими?

- У - ҳар доим юқорига интиладиган ва изланишдан чарчамайдиган, ўз устида тинимсиз ишлайдиган мураббий. Жамоадан кетиши мумкинлиги хақидаги хабарлар ўз йўлига. Бу ҳақда нимадир дейишим қийин, барчасини вақт кўрсатади.

- Сўнгги пайтлар терма жамоа­га номзод дарвозабонлар масаласида танқидлар кўпайди. Жумладан, клубдошингиз Элдор Суюнов борасида ҳам...

- Айнан Элдор ака Суюнов тимсолида жавоб берсам, ҳар бир футболчининг ўйинида ўзига яраша ўсиш ва пасайиш даври бўлади. Эҳтимол, унда ҳозир шундай жараён кечаётгандир. Бироқ биламанки, Элдор ўз камчиликларига бефарқ қарайдиган футболчи эмас. Ҳамиша ўзига талабчан, атрофида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни чуқур таҳлил қилади. Ёдингиздадир, Игорь Сергеев ҳам орада танқидлар остида қолганди, мана, ҳозир унинг ишлари жойида. Ишонаманки, Суюнов ҳам танқидларга муносиб жавоб бера олади.

- Мухлисларни қизиқтираётган савол: Одил Ҳамробеков учун легионерга айланадиган вақт келмадими?

- Албатта, ҳар бир футболчи фаолияти давомида кучли жамоаларда ўйнашни хоҳлайди. Жумладан, менда ҳам хорижга чиқиш нияти йўқ эмас. Бу ҳақда мавсум тугагач, ўйлаб кўрамиз. Лекин «Пахтакор» билан 2021 йилгача тузилган шартномам бор.

Хуршид ЮСУПОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz