Қайднома

Қидирув

Жонкуяр таниқли мураббий Маҳмуд Раҳимов таваллудининг 65 йиллигига...

Жонкуяр таниқли мураббий Маҳмуд Раҳимов таваллудининг 65 йиллигига...

  08.12.2020 07:07
  0
  355
Жонкуяр таниқли мураббий Маҳмуд Раҳимов таваллудининг 65 йиллигига...

2000 йили Байрут шаҳрида ОФК Конгресси ўтказилди. Ўзбекистон делегацияси ўша маросимга ОФК Ижроий қўмитаси ва ФИФА Апелляция қўмитаси аъзоси, ЎФФ бош котиби Зокиржон Қурбонов бошчилигида борди. Тадбирнинг расмий қисмида номинациялар бўйича Осиё футболининг 1999 йилги лауреатлари аниқланди. Жумладан, ОФК Осиё кубоги-2000  саралашидаги муваффақият ортидан Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ устози Маҳмуд Раҳимовни 1999 йилнинг энг яхши мураббийи сифатида тан олди. Конгресс иштирокчилари фожиали вафот этган Маҳмуд Раҳимов хотирасини бир дақиқалик сукут билан ёд этдилар. Кейин ОФК бош котиби Петер Велаппан нуфузли мукофотни Маҳмуд Раҳимов оиласига етказиши учун Зокиржон Қурбоновга топширди. Мамлакатимизнинг яна бир вакили, Ўзбекистон миллий жамоаси аъзоси Павел Бугало эса қитъанинг энг яхши дарвозабони, деб топилди, қолаверса, у Осиё рамзий терма жамоасига ҳам киритилди.

Катта футболга илк Қадамлар

Маҳмуд Раҳимов 1955 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Маҳмуд ёшлигидан футболга меҳр беради. Отаси Неъматжон ака буни тўғри тушуниб, уни Титов номидаги спорт мактаб-интернатига жойлаштиради. Маҳмуднинг биринчи устози - Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий Исҳоқ Тошмуҳаммедов. У Владимир Фёдоров, Олим Аширов, Рустам Мирсодиқов каби кейинчалик машҳурликка эришган йигитлар билан бирга ўқийди. Маҳмуднинг ўзи вақтида Ўзбекистон ёшлар термасида ўйнаган, жамоа­га сардорлик қилган. Ёшлар ўртасидаги Тошкент халқаро турнирига собиқ иттифоқда энг нуфузли мусобақалардан бири сифатида қараларди. Бутуниттифоқ миқёсидаги бундай мусобақалар ҳар йили янги истеъдодларни кашф этарди. Айнан ўсмирлар ва ёшлар мусобақалари туфайли «Пахтакор»да ўзбек футболининг келажак юлдузлари пайдо бўлишади: Тўлаган Исоқов, Вячеслав Бектошев, Сергей Доценко, Михаил Ан, Владимир Фёдоров, Олим Аширов, Константин Баканов, Геннадий Денисов, Миржалол Қосимов... Ўтган асрнинг 70-йиллари бошида бутуниттифоқ мусобақаларида қатнашган Маҳмуд Раҳимов кумуш медални қўлга киритади. Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт институтидаги талабалик йиллари Маҳмудни СКИФ (жисмоний тарбия институти спорт клуби)га қабул қилишади. СКИФ бутуниттифоқ «Буревестник» талабалар спорт жамияти чемпионатида 3 марта чемпион бўлганини айтиш жоиз. Маҳмуд ҳам 1972 йили ушбу нуфузли чемпионат ғолибига айланади. Шу тариқа 17 ёшида «Пахтакор» бош мураббийи Вячеслав Соловьёв эътиборига тушади ва ўринбосарлар жамоасига қабул қилинади. Унинг футболдаги ҳаёти равон давом этарди. Бироқ шу орада жиддий жароҳатга йўлиқади. Афсуски, Маҳмуд айни кучга тўлаётган даврида тўсатдан орттирган шу жароҳат туфайли футболчилик билан хайрлашишга мажбур бўлади...

Мураббийликка қизиқиш

Профессионал футболчи сифатида ном қозонолмаслигини тушунган Маҳмуд мураббий бўлишга қарор қилади. Чунки кўп йиллар давомида мураббийлик сирларини ўрганганди: катта ёшли дўстлари, тажрибали устозлар қўл остида ўқиган, футбол илми назариясига қизиққан, ўз устида тинимсиз ишлаган. Жумладан, ўзбек футболи мэтрлари - Евгений Валицкий, Яков Капров, Геннадий Ермаков, Геннадий Красницкий, Эркин Абдураимов, Тўлаган Исоқов ва бошқалар билан кўп суҳбатлашади, улардан ўрганади. 1996 йили эса Маҳмуд Германияга бориб, жаҳон футболи юлдузлари - Герд Мюллер ва Зепп Майер билан учрашади, немис мутахассисларининг маш­ғулотларини кузатади. Дарвоқе, Маҳмуд италиялик футболчи, мураббий ва менежер Винченцо Беарзотга ўз кумири сифатида қараган. Кейинчалик Беарзотнинг фаолияти ва ҳаёти ҳақидаги мақолаларни катта қизиқиш билан ўрганади. Эслатма, Беарзот Италия термани ЖЧ-82 шоҳсупасига етаклагани билан танилган.

 

Мураббийлик фаолияти

1990 йили Маҳмуд Раҳимов «Пахтакор» вице-президенти лавозимига тайинланади. У бу ролда жамоанинг муваффақиятига катта ҳисса қўшади. Дейлик, «Пахтакор» 1990 йили собиқ иттифоқ олий лигасига қайтади. Мамлакатимиз мустақилликка эришган йиллар Раҳимов зиммасига янада масъулиятли вазифалар юкланади. Дейлик, у 1991-1998 йиллар оралиғида «Дўстлик» клуби раҳбари ва бош мураббийи сифатида ишлайди. Дастлабки жиддий машғулотлардан сўнг «Дўстлик» футболчилари ўзларини ҳақиқий профессионалдек ҳис қилишади. Раҳимовнинг қаттиққўллиги ва талабчанлиги самараси ўлароқ, «Дўстлик» ўйинида техник жиҳатдан ранг-баранглик ошиб, натижа ҳам сезиларли даражада яхшиланади. Саъй-ҳаракатлар беҳуда кетмайди - «Дўстлик» 1993 йили Ўзбекистон чемпионати олий лигасига қайтади ва дарҳол турнир жадвалида кучли 10таликдан жой олади. 1995 йили эса кучли бешликка киради. Айнан ўша йиллар Раҳимов жамоанинг келажакдаги улкан ютуқларига асос солганди. Бошқача айтганда, «Дўстлик»нинг 1999 ва 2000 йиллар Ўзбекистон чемпионати олтин медалига эга чиққанида Маҳмуд Раҳимовнинг ҳам хизмати каттадир. Зеро, у «Дўстлик»нинг шаклланишида муҳим роль ўйнаганди, бор кучи, тажрибаси ва маҳоратини жамоа муваффақиятига йўналтирганди.

Маҳмуд Раҳимов 1998 йилнинг охирида Самарқанд «Динамо»си бошқарувини қўлга олади. Самарқандликлар 1999 йилги мавсумда ўз тарихларида илк марта олдинга жиддий силжийдилар - миллий чемпионатда 5-ўрин. Умуман, Раҳимовнинг Самарқанд футболига доир режалари катта эди, лекин уларни амалга татбиқ этишга улгурмади...

 

Ўзбeкистон миллий жамоаси бошқарувида

1998 йилнинг охирида ЎФФ Ўзбекистон миллий жамоаси бошқарувини Маҳмуд Раҳимовга ишониб топширади. Мураббий бунда ҳам ақли ва маҳоратини намойиш этади. Ўзбекистон миллий жамоасининг Самарқандда Малайзия (3:0) ва Озарбайжон (5:1) термалари билан ўртоқлик учрашуви ўтказиши ғоясини айнан у илгари сурганди. Жумладан, Максим Шацких айнан Озарбайжон термаси билан ўйинда бош жамоамиздаги дебютини нишонлаб, «хет-трик»ка эришганди. Мураббийнинг машғулот ғоялари охир-оқибат, терма жамоага муваффақият келтиради. Умуман, Ўзбекистон миллий жамоаси Раҳимов бошчилигида 7та ўйинда майдонга тушади: 6та ғалаба, 1та дуранг. Эътиборли томони, 7та ўйиндан 5таси расмий мақомга эга бўлганди. Қолаверса, ОК саралашидаги асосий рақиб - БАА термаси устидан қозонилган ишончли ғалаба ҳаммага умид бағишлайди. Маҳмуд Раҳимов қадамба-қадам мақсад сари юради... Афсуски, у тақдирини, саралашдаги муваффақият ҳаётидаги сўнгги қувончи эканлигини билмасди...

 

Аянчли автоҳалокат

Янги аср бўсағасида ўзбек футболи яна бир йўқотишга учради - Самарқанддан пойтахтга қайтаётган Ўзбекистон миллий жамоаси ва «Самарқанд-Динамо» клуби бош мураббийи Маҳмуд Раҳимов автоҳалокатда вафот этди. У мамлакат бош жамоасида атиги 6 ой ишлаганди. Муҳими, миллий жамоамиз Раҳимов раҳбарлигида бирор учрашувда мағлубиятга учрамай, ФИФА рейтингида 79-ўриндан 55-қаторга кўтарилади. Миллионлаб мухлислар уни ҳалол ва фидойи мураббий сифатида яхши кўришарди. Маҳмуд ўзбек футболи ривожига кўп иш қилиши керак эди, аммо... Шуни таъкидлаш керак, Раҳимов принципиаллиги, талабчанлиги ва тартибни хуш кўриши билан ажралиб турган.

Мураббий ҳар доим фақат олдинга интилар, янгилик киритишни ёқтирарди. Шунингдек, истиқболи ёш футболчиларни қўллаб-қувватларди, уларга ишонарди. Бир сўз билан айтганда, Раҳимов ўзбек футболининг ҳақиқий жонкуяри эди. Унинг суюкли рафиқаси, 3 нафар фарзанди, юзлаб шогирдлари ва миллионлаб мухлислари армияси қолди. Демакки, номи ўзбек футболи тарихига абадий муҳрланди. Унинг ёрқин хотираси қалбимизда абадий сақланади.

 

Маҳмуд Раҳимов оиласи

Маҳмуд Раҳимов ва Рушана Султонова 1989 йили турмуш қуришган. Таниқли раққоса сифатида танилган Рушана кейинчалик Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлди. Оилада 3 нафар фарзанд бор - Нигина, Зарина ва Зулфиқор. Учаласи ҳам таэквондо билан шуғулланган. Зарина ўз ёш тоифасида Ўзбекистон чемпионати олтин медалини қўлга киритган. Ғурур билан айтиш мумкинки, футболимизнинг етакчи мутахассисларидан бири саналган Маҳмуд Раҳимов бошлаган хайрли ишни унинг оиласи давом эттирмоқда. Хусусан, укаси Мухтор Раҳимов гимнастика ва футбол бўйича Ўзбекистон ногиронлар терма жамоаларига ҳомийлик қилади. У ва Тошкент вилояти футбол федерацияси вице-президенти Шамиль Яфаров ташаббуси билан Маҳмуд Раҳимов хотирасига бағишланган турнирлар доимий равишда ўтказиб келинмоқда.

Мавлон ШУКУРЗОДА


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz