Қайднома

Қидирув

Левагол Мюнхенда қандай яшамоқда?

Левагол Мюнхенда қандай яшамоқда?

  08.12.2020 09:19
  0
  421
Левагол Мюнхенда қандай яшамоқда?

«Бавария» клуби ва Польша миллий жамоаси ҳужумчиси Роберт Левандовски World Football Summit ва AS нашрлари талқинига кўра, 2020 йилнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинди. Катта эҳтимолки, ФИФА ҳам айнан Леваголни эътироф этса керак. The Best соврини тақдири яқин орада маълум бўлади. Келинг, ҳозирча шошилмаймиз ва яхшиси, бош даъвогар Левандовскининг дабдабали ҳаётига бир назар соламиз.

Қаерда яшайди?

Ҳужумчининг Германияда кўчмас мулки йўқ, Польшада эса 2та каттакон уйи бор. Оддий айтганда, Роберт Мюнхенда «Бавария» томонидан ажратилган хонадонда яшайди. Польшадаги турар-жойларига келсак, бири Варшавада, «Злото 44» минорасида жойлашган. Ушбу элит-квартира қиймати 7 миллион фунт стерлингга тенг (бинонинг энг қимматбаҳо хонадони). «Злото 44»да барча шароитлар бор - спорт-кўнгилочар маркази, кинотеатр, спорт заллари, гольф майдони, бар, бассейн... Леваголга тегишли иккинчи уй - Польша шимоли-шарқидаги Мазур кўли соҳилида савлат тўкиб турган қаср. Икки қаватли турар-жой фақат ёғочдан қурилган. Роберт бу ерда экстремал сув скутерларида сайрга чиқишни хуш кўради. Польша ОАВ маълумотига қараганда, ҳужумчи ушбу қаср учун 8 миллион евро тўлаган.

 

Қандай автомобилларга эга?

Бундеслиганинг энг яхши ҳужумчиси улкан автопарк соҳибидир. Унинг биринчи автомобили - Ferrari F12 Berlinetta. Бу «учар тойчоқ» илк марта 2012 йили Женева автосалонида намойиш этилган. Баҳоси - 280 минг евро. Автосаройдаги иккинчи машина - Porsche Cayenne GTS, учинчиси - 40 минг еврога тушган Mercedes CL 63. 300 минг еврога харид қилинган Lamborghini Gallardo модели бор-йўғи 3,2 сонияда суръатни 100 км.|соатга ошириши мумкин. Роберт ихтиёридаги яна бир «ўйинчоқ» тўқ кўк рангли Maserati Granturismo бўлиб, у бунисига 116 минг доллар тўлаган.

Турмуш ўртоҒи

Роберт Левандовскининг рафиқаси ҳам ижтимоий ҳаётда жуда фаол. Роберт ва Aнна Стахурска 2007 йили Варшава таълим-спорт мактаби талабалари учун ўтказилган семинарда учрашишган. Улар 2013 йилнинг 22 июнь куни Польшанинг мўъжазгина Сероцк шаҳарчасида катта тўй маросимини ўтказдилар. 3 минг меҳмон таклиф қилинган тантана вертолётда суратга олинди. Aнна - каратэ бўйича қора белбоғ соҳибаси. У жаҳон ва Европа чемпио­натларида нақ 35та медаль ютган. Пани Стахурска спорт фаолиятини тугатмай туриб, 2012 йили овқатланиш рациони мавзусида диссертацияси ёқлади. Тўрт йиллик турмушдан сўнг Левандовскилар оиласи қизалоқ - Клара ҳисобига бойиди. Бутун Польша Aнна ва Робертга идеал жуфтлик, чинакам намуна сифатида қарайди. Кўпинча уларни Дэвид Бекхэм ва Виктория Адамс оиласига таққослашади.

 

Дўстлари давраси

Роберт бўш вақтини кўпроқ турмуш ўртоғи ва қизига ажратишга одатланган, лекин қадрдон дўст­лари ҳам кўп, албатта. Левандовскилар оиласининг энг яқин дўстлари - Томек ва Ева Завислак. Айнан шу эр-хотин Роберт ва унинг рафиқаси билан тез-тез кўриниш беришади. Улар таътилни кўпинча бирга ўтказишади. Футболчилар орасида эса, Робертга энг яқини - Марко Ройс. Улар ўртасидаги дўстлик «Боруссия»да бошланган. Левандовски «Бавария»га кўчиб ўтганидан кейин ҳам қадрдонлар алоқани узишмади. Ҳалигача тез-тез қўнғироқлашиб, учрашиб туришади.

 

Футболдан ташқари қизиқиши

Левандовски футболдан ташқари, баскетболни ҳам яхши кўради. Бежиз баскетбол формасидаги суратлари кўп эмас. Муҳими, у баскетбол бобида ҳам яхшигина салоҳиятга эга. Бу борада «Бавария» вакиллари орасида энг яхшиси бўлса керак. Клуб машғулотларида тез-тез баскетбол ўйини ўтказилади ва Роберт бунда ҳаммага дарс бериши мумкин. Левагол яна сув транспортлари,  масалан, скутерда сайр қилишни ўрнига қўяди. Миллионерларнинг ҳақиқий эрмаги - гольф ҳам Роберт учун бегона эмас. Баъзида футболчи ўзини бокс машғулотлари билан қийнайди, лекин аҳён-аҳёнда. Левандовски баъзан қўлига микрофон олиб, қўшиқ куйлашни ҳам ўйлайди, аммо бундай кадрни фақат «Бавария»нинг чемпионлик байрамида кўриш мумкин.

 

Қанча топади?

Катта эҳтимолки, польшалик футболчилар орасида энг бойи -  айнан Роберт. Аммо «Бавария»да бу борада у билан рақобатлашадиган ўйинчи топилади. Левагол 2014 йилнинг 1 июлидан буён Мюнхен клубида ўйнамоқда. Амалдаги шартномаси 2023 йилнинг 30 июнигача мўлжаллаган. Ҳозирги йиллик маоши 15 миллион еврога тенг. Роберт Польшадаги Huawei бренди «юз»и ва изотоник спорт ичимликлари бўйича Польша бозори етакчиси - Oshee компанияси элчисидир. Унинг энг катта ҳамкори эса - Nike. Қисқа қилиб айтганда, «Левагол» футболдан ташқари фаолияти ортидан йилига чамаси 5 миллион евро топади. Роберт шунингдек, 2017 йили Stor9 агентлигини очди, унинг асосий вазифаси асосчи имиджини кўтариш, ҳомийлар билан ҳамкорлик ва польшалик спортчиларни тарғиб этиш ҳисобланади.

Айни пайт Левандовскининг трансфери 65 миллион еврога баҳоланмоқда. Энг юқори баҳо 2018 йилнинг 4 апрелида қайд этилган - 90 миллион евро. «Бавария» тарихида фақат 4 нафар футболчи трансфер нархи бўйича Робертдан юқорида: Коутиньо, Тьяго Алькантара, Жошуа Киммих ва Лукас Эрнандес. Поляклар орасида эса Левандовски мутлақ етакчи.

Д.ДАДАБОЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz