Қайднома

Қидирув

Айрилиқ: Футбол сени унутмагай, дон Диего!

Айрилиқ: Футбол сени унутмагай, дон Диего!

  09.12.2020 08:08
  0
  235
Айрилиқ: Футбол сени унутмагай, дон Диего!

ДУНЁ ДИЕГО АРМАНДО МАРАДОНА БИЛАН ХАЙР­ЛАШДИ... «Наполи» раҳбарияти клуб стадиони кўринишини аргентиналик даҳо шарафига мутлақо ўзгартирди, ҳаттоки, инглизлар «Яратганнинг қўли» иборасини унутиб, афсонанинг буюклигини тан олдилар... Аргентина футболи фахри Диего Марадона 25 ноябрь куни ҳаётдан кўз юмди. 60 ёшли афсона юрак хуружи туфайли орамиздан кетди.

Дафн маросими

Кутилганидек, унинг дафн этиш маросими тинч ўтмади. Тинч ўтмасди ҳам, чунки бу Марадона, бутун дунё биладиган Марадона! Хабарларга қараганда, тартибсизликлар туфайли Буэнос-Айрес маъмурияти Диего Марадона жасади солинган тобутни хайрлашув залидан олиб кетишга қарор қилган. Чунки хайрлашиш маросими учун танланган жой - Аргентина президенти саройига киришни истаган мухлислар тўсиқлар устига чиқиб олишган, полиция билан тўқнашув юзага келган. Натижада оломонни тарқатиш учун сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газдан ҳам фойдаланган. Марадона жасади билан бирга унинг оила аъзолари ҳам эвакуация қилинган.

Умуман, одамларнинг катта оқими туфайли маросим 3 соатга чўзилди. Видолашув тадбири тугагач, афсона тобути мотоцикллар кортежи кузатувида Аргентина пойтахтининг чекка қисмидаги «Белья Виста» қабристонига олиб борилди. Йўлда мухлислар тиқилинчни юзага келтиришди ва автокарвон ҳаракати анча секинлашди. Қабристон ичига Марадонанинг фақат 25 нафар қариндоши ва дўстлари қўйилди, холос. Аргентинада ҳукумат 3 кунлик мотам эълон қилди, ЕЧЛ ва ЕЛ гуруҳ босқичи 4-туридан ўрин олган барча учрашувлар бир дақиқалик сукут сақлаш билан бошланди.

 

Афсона вафотигамуносабат

Ҳа, бутун дунё дон Диего билан оғриқли хайрлашмоқда... 

***Аргентина футбол федерацияси Марадона бутун мамлакат афсонаси эканлигини яна бир бора эслатди: «Афсонамиз Диего Армандо Марадона вафотидан чуқур қайғудамиз. Сен ҳамиша қалбимизда бўласан».

***Лионель Мессидан чиройли чиқиш: «Барча аргентиналиклар ва бутун футбол учун жуда оғриқли кун. У бизни тарк этди, лекин кетмайди, чунки Диего абадийдир. У билан бирга ўтказган ажойиб дақиқаларни абадул-абад хотирамда сақлайман ва оила аъзолари ҳамда дўстларига чуқур ҳамдард­лик билдираман».

***Криштиану Роналду эса Марадонанинг буюклигини тан олди: «Бугун чин дўстим билан хайрлашаман, дунё эса абадий даҳо билан. Ажойиб сеҳргар. У жуда эрта кетди, лекин чексиз мерос ва ҳеч ким тўлдиролмайдиган бўшлиқни қолдирди. Ором ол, буюк инсон! Сен ҳеч қачон унутилмайсан!»

***Пеле ўлим ҳақидаги хабарга ачинарли ибора воситасида муносабат билдирди: «Азиз дўстимни йўқотдим, дунё эса афсонани».

***Ромарио хайрлашуви: «Дўс­тим кетди. Марадона - афсона! Дунёни нафақат оёқлари остидаги тўп, балки қувонч билан забт этган аргентиналик афсона. Неча бор айтганман ва яна такрорлайман: у майдонда кўрганларим орасида энг зўри».

***«Спартак»нинг собиқ устози Олег Романцевдан эътироф: «У мен учун ҳамиша энг яхши футболчи бўлган. Футболчи ва мураббий сифатида Диегога қарши чиққанман ва у ҳар сафар қойил қолдирган».

***1978 йилги жаҳон чемпиони Освальдо Ардилес: «Дўстлик учун, буюк ва беқиёс футбол учун раҳмат, азиз Диегито! Шунчаки, футбол тарихида энг яхшисисан. Ором ол, азиз дўстим».

***Аргентина президенти Альберто Фернандес: «Сиз бизни дунё чўққисига кўтардингиз. Буюклар буюги эдингиз. Раҳмат, Диего! Бутун умр сизни соғинамиз».

***Карлос Тевес: «Сен ўлмадинг ва ҳеч қачон ўлмайсан, ҳамиша барҳаётсан! Сени жуда яхши кўраман, қироллар қироли».

***Инглизлар «Яратганнинг қўли» туфайли Марадонага нисбатан уйғонган абадий нафратни унутиб, унинг буюклигини тан олишди. Англия термаси расмий аккаунти: «Унутилмас. Хайр, Диего. Футболимиз афсонаси».

***Гари Линекер: «Ўз авлодининг энг яхши ўйинчиси ва шубҳасиз, барча замонларнинг энг зўри. Умид қиламанки, у бахтли, лекин нотинч ҳаётдан сўнг ниҳоят, Яратган олдида тасалли топади».

***Питер Рид (ЖЧ-86 чорак финалида аргентиналикни тўхтатишга роса уринган англиялик собиқ футболчи): «Агар Аргентинада хоҳлаган кишидан энг кучли футболчи ҳақида сўрасангиз, у Диего Марадонани айтади. Лионель Месси ҳам аргентиналик эканлигини ҳисобга олсак, унинг нақадар буюклиги ойдинлашади».

***Питер Шилтон - «Яратганнинг қўли» воқеаси асосий гувоҳи: «Ҳаётим азалдан Диего Марадонаники билан боғлиқ бўлиб келган, аммо ўзим хоҳлаган тарзда эмас. Унинг оламдан ўтгани ҳақидаги хабардан хафаман, албатта. Марадона шубҳасиз, мен дуч келган энг буюк футболчи ва ҳозир ўй-хаёлим унинг оиласида. Диегонинг яқинлари иккимизни учратишга роса ҳаракат қилишди, аммо кечирим сўрамагунича, у билан кўришишни истамаслигимни айтдим. Диего эса ҳеч нарса бўлмагандек «Яратганнинг қўли» ҳақидаги фикрига содиқ қолди. Бу нотўғри эди. Энди умид қиламанки, бу (қўл билан урилган гол) Марадона меросига путур етказмайди. У чиндан ҳам, ажойиб футболчи эди, Пеле даражасида. Шундай алоҳида истеъдод эгасининг 60 ёшида вафот этганига ишониш қийин».

***Рио Фердинанднинг айтишича, агар Диего ўйинини кўрмаганида, у футболни танламасди: «Мен учун футболдаги биринчи қаҳрамон. У каби неча-неча авлодга катта таъсир кўрсатганлар саноқли. Энг буюк, энг зўр, етакчи, ЧЕМПИОН! У ҳовлига чиқиб, тўп тепишимнинг асосий сабабчиларидан бири! Ҳа-ҳа, айнан Диегога ўхшашни хоҳлаганман».

***Питер Шмейхель: «Футбол олами учун қайғули кун. Марадона - мен кўрган энг яхши футболчи».

***Златан Ибрагимович: «Марадона ўлмади, у ўлмас. Яратган томонидан дунёга юборилган тарихдаги энг иқтидорли футболчи абадий яшайди».

***Асиф Кападиа (Марадона ҳақидаги ҳужжатли фильм муаллифи): «Диего бизни ташлаб кетганига ишонолмаяпман. Бу хабарни ҳазм қилиш қийин. У ҳамиша йиқилмасдек туюларди. Бу инсон билан 10 соат бирга ишладим, унинг буюк чап оёғига тегиндим. Дунёга унинг афсона, чинакам жангчи эканлигини кўрсатиш учун қўлдан келганича ҳаракат қилдик».

***Италияда бошқача оғриқ. Мамлакатнинг бош инсайдери Жанлука ди Марцио нохуш хабарни студияда эшитгани ҳамоно йиғлаб юборди: «Марадона мен ва оилам учун абадий дўст бўлиб қолаверади».

***Италия вице-президенти Иньяцио Ла Русса ҳаттоки, сенат йиғилишини тўхтатди: «Минг афсус, Италияда футболга нисбатан иштиёққа катта таъсир кўрсатган афсона Диего Марадона вафот этганини эълон қилишга мажбурман. Уни севган оиласи ва мухлисларига ҳамдардлик билдираман».

***«Ювентус» бош мураббийи Андреа Пирло: «Биз футбол илоҳидан айрилдик. Барчаси учун ташаккур, Диего!»

***Андрий Шевченко: «Сен шахсан менга доимо ҳиссиётлар ва табассум бағишладинг. Футболни севадиганлар учун қилган ишинг­ни ҳеч нарса ўзгартиролмайди. Ором ол, буюк афсона!»

***Сўз тополмаган фақат «Наполи». Оғриқ қора рангга бўялган клуб логотипида ифода этилди: «Ҳамма нима дейишимизни кутмоқда. Аммо кучли оғриқни қандай сўзлар билан билдиришимиз мумкин? Ҳозир кўз ёш тўкиш вақти. Сўзга ҳам вақт келади. Диего    ».

Неаполда аллақачон «Сан-Паоло» стадиони номини ўзгартиришга ҳаракат бошланди - аренада тун бўйи чироқлар ёниб турди.

***Бошқа спорт турлари вакиллари ҳам жим туришмади. Ҳабиб Нурмагомедов: «Барча замонларнинг энг зўр спортчиларидан бири. Марадона туфайли миллионлаб одамлар футболни яхши кўришади».

 

Марадона ҳаётининг сўнгги ойлари

Аргентиналик буюк афсона яқинда ўз юбилейини нишонлаганди. Энди бутун Аргентина йиғламоқда. Неаполь ҳам кўз ёшлари билан тўлди. Умуман, футбол олами аргентиналиклар ва неаполликлар билан бирга ғамга чўмган. Тақдир экан, «Олтин бола» 60 ёшида барчасини ташлаб кетди. Марадона ҳаётининг охирги йилини асосан Ла-Плата шаҳрида ўтказди. Аниқроғи, Аргентина чемпионатининг энг кучсиз жамоаси бўлиб турган «Химнасия ва Эсгрима»ни бош­қарувини қўлга олди. Факт - афсонавий аргентиналик бош мураббий лавозимига тайинлангач, атиги 2 кун ичида клубнинг расман рўйхатдан ўтган мухлислари сони бир неча минг кишига кўпайди. Диего жамоани сўнгги 24-ўриндан 19-поғонага кўтарди, аммо федерация коронавирус пандемияси туфайли чемпионатни муддатидан олдин тўхтатмагани ва клубларни пастки лигага туширмаслик ҳақида қарор чиқармаганида, «Химна­сия»­ни қутқаролмасди, барибир. Айтиш жоиз, жамоа футболчилари Марадона билан асло зерикишмади. Дейлик, ўтган йили октябрь ойида «Годой Крус»га қарши кечган ўйин­да қозонилган биринчи ғалаба (4:2)дан сўнг янги мураббий кийиниш хонасида оташин рақс ижро этди. Ҳа, Диего жамоада муҳитни созлаш учун ҳаттоки, бошқалар кўз ўнгида кулгили кўринишдан ҳам уялмади. Бироқ ўшандаёқ футбол тарихидаги энг ёрқин ўйинчилардан бирининг соғлиғи ёмонлашаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқалган эди. Жумладан, афсонанинг қизи Жаннина Марадона ижтимоий тармоқда кўпчиликни ларзага солган маълумот қолдирди: «Отам ўлмаяпти, чунки танаси хоҳламаяпти. Нимадир уни ичидан кемиряпти, аммо буни сезмаяпти. Одатийлик ҳолатига ишонмаяпман, чунки барчаси унга мос келадиган даражадан анча узоқда. Отам учун ибодат қилинг, илтимос! Раҳмат!»

Марадона «Химнасия ва Эс­грима»да 2,5 ой ишлагач, жамоадан кетишни хоҳлади. Айтишларича, мураббий Габриэль Пеллегрино клуб президенти лавозимидан четлатилгач, шундай кутилмаган қарорга келган экан. Диего сўнгги машғулот вақти футболчилар билан хайрлашар экан, ҳаттоки, йиғлаб юборди. Шунга қарамай, мухлислар ва янги раҳбарлар Марадонани қолишга кўндиришди ва у яна 2 кундан кейин Ла-Плата клубида ишини давом эттиришини маълум қилди. Диего «Химнасия ва Эсгрима» билан қаерга бормасин, уни махсус учрашувлар кутиб турарди. Масалан, «Ньюэллс Олд Бойз»га қарши сафар ўйинидан олдин меҳмонлар жойлашган меҳмонхонага кўплаб мухлислар ташриф буюришди: улар кумир шарафига қўшиқ куйлашди. Марадона эса бунга жавобан хонаси балконига чиқиб, рақсга тушди ва ўз имзоси туширилган футболкаларни пастга ирғитди. Ўйинда ўтириши учун эса, унга махсус тахт тайёрлаб қўйишди.

Январь ойида Марадона Венесуэла терма жамоасини бошқаришдан бош тортганди, кейинроқ «Химнасия ва Эсгрима» билан шартномаси муддатини 2021 йилнинг 31 декабригача узайтирди. Ўша пайт яна Диегонинг гиёҳванд моддалар ва алкоголга тобелиги ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Февраль ойида ушбу мавзуда видео ҳам пайдо бўлди: Аргентина чемпионати доирасидаги ўйинлардан бири вақти ёрдамчи мураббий унга номаълум модда олиб келади, шундан сўнг штаб аъзолари Марадонани камералар нигоҳидан ёпишади. Бундан ташқари, баҳорда Дие­го коронавирус юқтирган бўлиши мумкинлиги, шунинг учун жамоа футболчиларидан ажратиб қўйилгани айтилди. Ёзда Диегонинг шифокори Леопольдо Луке маҳаллий оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида мижози ҳолати ҳақида ёқимсиз гапларни айтди: «У анчадан буён рецепт бўйича анксиолитиклар қабул қилмоқда. Бу муолажани давом эттирамиз, чунки баъзи дориларни танадан шунчаки, чиқариш иложи йўқ. Организмда фалажлик ривожланади ва бунга бирданига барҳам бериш бошқа муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Энг ёмони, Диего ҳамон спирт­ли ичимликлар истеъмол қилади, албатта, бунинг устида ишлаяпмиз. Яхшиямки, мижозим кокаин таъсиридан бутунлай холи, аммо баъзида спиртли ичимликларни меъёридан кўп ичади. Ҳозирги карантин шароити ва оилавий муаммолар унинг учун даҳшат».

Октябрь ойи охирида Марадонанинг 60 йиллигига бағишланган кўргазмали ўйин ташкиллаштирилди. Учрашув бошланишидан олдин Диегога эсдалик плакати топширилди, аммо юбиляр ўзини нохуш сезаётганини айтиб, ўйинда қолгани йўқ. Яна 3 кундан сўнг «Химнасия ва Эсгрима» мураббийининг Ла-Плата шифохонасига ётқизилгани маълум бўлди. Марадонанинг шифокори кўп ўтмай, мижози ҳаётига ҳеч нарса таҳдид солмаётгани, саломатлиги тезда яхшиланиши ва исталган вақтда шифохонадан чиқишини таъкидлади. Аммо 3 ноябрь куни Марадона миясига қон қуйилиши туфайли шошилинч операцияга эҳтиёж сезилди. Жарроҳлик амалиётидан кейин тикланиш яхши кетаётгандек туюлди, аммо бир ҳафта ўтгач, мураббий ишдан бўшади ва алкоголга қарамликдан даволаниш учун бошқа клиникага юборилди. Марадона организмида «синиш» бошлангани ёзилди. Кейин унинг юраги уришдан тўхтади...

Диего вақтида «Яратганнинг қўли»ни ихтиро қилганди. Энди унинг ўйини якунланди. Дунё сени унутмайди, даҳо!

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz