Қайднома

Қидирув

Ўзбекистон кубоги: “Локо” ва “Бунёдкор” турнирдан четда (тўлиқ шарҳ)

Ўзбекистон кубоги: “Локо” ва “Бунёдкор” турнирдан четда (тўлиқ шарҳ)

  09.12.2020 14:14
  0
  302
Ўзбекистон кубоги: “Локо” ва “Бунёдкор” турнирдан четда (тўлиқ шарҳ)

7-8 декабрь кунлари Coca Cola Ўзбекистон кубогида нимчорак финал баҳслари ўтказилиб, унинг якунларига кўра, 8та омадли жамоа сараланди ва охирги ўйиндан сўнг навбатдаги босқичга қуръа ҳам ташланди.

1-КУН: УЧТА ЎЙИНДА МЕҲМОНЛАР  ҒОЛИБ

«Андижон» ўз майдонида «Насаф»ни қабул қилиб, рақибига муносиб қаршилик кўрсатди. Асосий вақтда ҳисоб очилмагач, «экстра-тайм»ларга мурожаат этилди. 114-дақиқада қаршиликлар ҳимоячиси Ғолиб Ғайбуллаев мезбонлар жарима майдончасида юзага келган пала-партишликдан унумли фойдаланиб, тўпни тўрга жойлади. Мазкур гол учрашув охиригача ягоналигини сақлаб қолди. Мавсумни омадсиз тарзда ўтказиб, қуйи лигага равона бўлган «Бухоро» кубок беллашувларини ҳам ушбу босқичда якунлайдиган бўлди. Ўз майдонида «Металлург»ни қабул қилган кўҳна шаҳарликлар 0:2 ҳисобида имкониятни бой беришди. Худди шундай ҳисоб «Оқ-тепа» - «Навбаҳор» учрашувида ҳам қайд этилиб, унда рақибидан ҳар тарафлама устун саналган наманганликлар ғолиб бўлишди. Яна бир қизиқарли учрашув Навоийдаги «Ёшлар» спорт мажмуасида ўтказилиб, унда «Қизилқум» «Бунёдкор»ни 3:1 кўринишида таслим этди. Шу тариқа «қалдирғочлар» Ўзбекистон кубоги баҳсларини анча олдин тарк этадиган бўлишди.

2-КУН: ОЛАМ-ОЛАМ ГОЛ...

Дарҳақиқат, 8 декабрга белгиланган учрашувларнинг учтасида йирик ҳисоблар қайд этилди. Водийда «Сурхон»ни меҳмон қилган «Қўқон-1912» футболчилари рақибларини 4та гол билан «сийлашди». Термизликлар эса бунга бирорта ҳам жавоб қайтаролмадилар. «Локомотив» ўз уйида АГМКга қарши тўп суриб, 0:3 ҳисобида енгилди. Мазкур учрашувда Миржалол Қосимов шогирдлари ҳар жабҳада «темирйўлчилар»дан устун эканликларини кўрсатиб, ҳақли ғалабага эришдилар. Қашқадарёда бўлиб ўтган «Машъал» ва «Шўртан» клублари иштирокидаги дерби ҳам қизиқарли воқеалар билан мухлислар эътиборини ўзига қаратди. Қизиғи, ўйинда ҳисобни «Шўртан» футболчилари очишганди. Табиийки, воқеаларнинг бундай ривожи ўз майдонида ўйнаётган муборакликларни қониқтирмасди. Улар бир амаллаб мувозанатни тиклашди. Асосий вақтда 1:1 ҳисоби сақланиб қолгач, учрашув ҳаками 15 дақиқалик қўшимча бўлимларга мурожаат этди ва унда «Машъал» аъзолари яна 2та гол уриб, кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритишди. Ўзбекистон кубогининг ушбу раундидаги энг йирик ҳисоб Тошкентда кузатилиб, «Пахтакор» «Сўғдиёна» дарвозасини нақ 8 марта ишғол қилди. Жиззахликлар эса бунга ягона гол билан жавоб беришди, холос.

Шу куннинг ўзида чорак финал баҳсларига қуръа ташлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Унга кўра, «Пахтакор» бу сафар «Қизилқум»ни синовдан ўтказадиган бўлди. «Машъал» ҳам яна мезбонлик мақомида ва муборакликларнинг навбатдаги рақиби - «Қўқон-1912». «Навбаҳор» ўз майдонида «Насаф» билан ўйнаса, Тошкент вилояти дербиси доирасида АГМК - «Металлург» қарама-қаршилигига гувоҳ бўламиз. Чорак финал учрашувлари 12 декабрь санасига белгиланган.

АНДИЖОН - НАСАФ - 0:1 (0:0, 0:0)

7 декабрь. Андижон. «Соғлом авлод» стадиони.

835 томошабин.

Ҳакамлар: Иброҳим Исмоилов, Расулжон Фозилов, Максим Нехочин, Акмал Раҳимов.

Гол: Ғолиб Ғайбуллаев (114).

«Андижон»: Элдор Адҳамов, Азамат Исроилов, Фарҳод Мираҳматов, Хушнуд Авилов, Бахтиёр Қосимов, Сирож Мелиев (Шаҳбоз Жумабоев, 69), Абдуллоҳ Олимов (Усмонали Исмоналиев, 117), Асилбек Азизов, Қаҳрамон Баҳодиров (Муҳаммад Йўлдошев, 76), Муҳаммадкарим Тоиров, Фарҳод Соҳибжонов (Дониёр Абдуманнопов, 58).

«Насаф»: Машҳур Муҳаммаджонов, Ҳусниддин Алиқулов, Ғолиб Ғайбуллаев, Дилшод Раҳматуллаев, Бобур Абдухолиқов (Файсал Кафонон Траоре, 120), Шароф Муҳитдинов, Жўрабек Маннонов (Ойбек Бозоров, 61), Ислом Кенжабоев (Шоҳмалик Комилов, 84), Акмал Мозговой, Муҳриддин Зоиров (Ҳусаин Норчаев, 61), Умар Эшмуродов.

Огоҳлантиришлар: Қаҳрамон Баҳодиров (17), Абдуллоҳ Олимов (77), Усмонали Исмоналиев (117, А.).

Назоратчи: Бахтиёр Намозов.

Комиссар: Бекзод Арипов.

ЎЙИНДАН КЕЙИНГИ ФИКРЛАР:

Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи): - Ўйин оғир кечди. «Андижон»нинг катта иштиёқ билан ўйнаганини кўрдик. Мақсадимиз навбатдаги босқичга йўлланма олиш эди. Ғалаба осонликча қўлга киритилмади. Майдонда ҳақиқий кураш кечди. Узун паслар билан ҳаракат қилганимизга сабаб сифатида майдон ҳолатининг оғирлигини кўрсатган бўлардим. Вазиятлар кўп бўлмади, битта гол ўйин тақдирини ҳал қилди. Турнир жадвалининг қуйидаги жамоалар билан негадир қийналмоқдамиз. Суперлига баҳсларида ҳам «Бухоро», «Андижон» каби жамоалар билан оғир ўйин ўтказгандик. Бугун ўтган ўйиндан яхши ўйнадик. Биз ҳеч қачон «Пахтакор» учун ишламаганмиз. Бу футболчиларнинг танлови. Ҳозирги шароитда раҳбариятдан жамоанинг ўзагини сақлаб қолишни сўрамоқдамиз. Чунки «Насаф» ҳар йили юқори ўринлар учун курашади. Балки кейинги мавсум халқаро майдонда ҳам иштирок этишимиз мумкин. Жамоа­даги ўйинчиларни алмаштириш мураббийларнинг режасида йўқ. Чемпионлик учун курашмоқчи, халқаро ўйинларда муносиб иштирок этмоқчи бўлсак, таркибни кучайтиришимиз керак.

Отабек Ғуломхўжаев («Андижон» бош мураббийи): - Курашларга бой ўйин бўлди. Йигитлар максимал даражада ҳаракат қилишди, характер кўрсата олишди. 120 дақиқа ҳимояланиш қийин. Охирги дақиқаларда диққатни йўқотдик. Доимгидек стандарт вазиятдан гол ўтказиб юбордик, демак ишлашимиз керак. «Насаф» у қадар хавфли вазият яратгани йўқ. «Нефтчи» билан ўйин ҳал қилувчи ҳисобланади. Йигитларни охирги жангга чиққандек тайёрламоқчимиз. Бугунги ўйин тарихда қолди. Бор эътиборимизни охирги баҳсга қаратамиз. Ҳужумларимизда якун йўқ. Жамоани қабул қилиб олганимизда, нафақат якун, балки жуда кўп нарса йўқ эди. Максимал даражада ҳаракат қилмоқдамиз. Агар захирамиз кенг ва вақтимиз кўп бўлганида, пала-партишликлар кузатилмасди. Ўзим истаётган ўйинни йўлга қўйиб олиш пайидаман. 14 футболчимиздан 4 нафари жароҳат олган. Икки кишини таркибга мажбуран қўйишга мажбур бўл­япмиз. Ҳозир олдимдаги вазифа - жамоани элитада олиб қолиш. «Нефтчи» билан ўйиндан сўнг қолган масалалар кўриб чиқилади.

БУХОРО - МЕТАЛЛУРГ - 0:2 (0:1)

7 декабрь. Олмалиқ. ОКМК спорт мажмуаси.

123 томошабин.

Ҳакамлар: Аҳрол Рисқуллаев, Ришат Нугманов, Дониёр Сайлавов, Абдурашид Худойберганов.

Голлар: Шаҳзод Убайдуллаев (9), Маҳмуд

Қудратиллаев (58).

«Бухоро»: Зафар Сафоев, Анвар Жўраев (Файзулло Жуманқўзиев, 64), Жасур Ҳасанов, Аббос Жумақулов, Нуржаҳон Музаффаров, Эргаш Исмоилов (Беҳруз Садиллоев, 46), Шаҳзод Бешимов (Жасур Ҳакимов, 46), Жавоҳир Шодмонов, Илҳом Алижонов, Абдуғани Камолов, Муҳаммад Ғиёсов (Азиз Ибрагимов, 46).

«Металлург»: Александр Лобанов, Одил Абдумажидов, Дониёр Нарзуллаев (Зоҳид Абдуллаев, 90}2), Саламат Қутибоев, Маҳмуд Қудратиллаев (Даврон Анваров, 74), Шаҳзод Убайдуллаев (Абдураҳмон Абдулҳақов, 90}2), Аброр Тошқўзиев (Тўлқин Эргашев, 74), Ихтиёр Тошпўлатов, Станислав Андреев, Муҳаммад Исаев (Аббос Отахонов, 57), Евгений Чумак.

Огоҳлантиришлар: Зафар Сафоев (29) - Муҳаммад Исаев (37), Шаҳзод Убайдуллаев (42), Аббос Отахонов (67), Евгений Чумак (83), Ихтиёр Тошпўлатов (87).

Назоратчи: Марат Исмоилов.

Комиссар: Алишер Файзиев.

------------------------------------------------------------------

ОҚ-ТЕПА - НАВБАҲОР - 0:2 (0:1)

7 декабрь. Тошкент. ТТЙМИ стадиони. 550 томошабин.

Ҳакамлар: Элёр Турсунов, Зуфар Элибоев, Фарҳод Усмонов, Даврон Акмалов.

Голлар: Азим Аҳмедов (33), Азиз Турғунбоев (59).

«Оқ-тепа»: Равшан Ягудин, Фаррух Содиқов, Жавоҳир Бахтиёров, Суннатилла Мамадалиев (Зафар Тўраев, 46), Опекс Самуэль, Сардор Жаҳонов (Диёр Жалолиддинов, 62), Ислом Исмоилов (Мардон Абдуллаев, 78), Жаъфар Исмоилов, Самандар Очилов, Достон Баҳромов (Идрис Бикмайкин, 46), Талгат Нигматуллин.

«Навбаҳор»: Ўткир Юсупов, Эҳсони Паншанбе, Азим Аҳмедов, Жавлон Иброҳимов (Сардор Теляков, 46), Иван Соловьёв, Азиз Турғунбоев, Мирзоҳид Ғофуров (Ғиёс Комилов, 75), Даврон Ҳошимов (Тоҳир Шамситдинов, 68), Игорь Голбан, Руслан Болов (Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев, 62), Забиҳилло Ўринбоев (Хуршид Мухторов, 68).

Огоҳлантиришлар: Самандар Очилов (2), Зафар Тўраев (65) - Эҳсони Паншанбе (48), Мирзоҳид

Ғофуров (71), Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев (83).

Назоратчи: Бахтиёр Тоғаев.

Комиссар: Сардор Қудратуллаев.

ЎЙИНДАН КЕЙИНГИ ФИКРЛАР:

Алишер Шоғуломов («Оқ-тепа» раҳбари): - Ажойиб муҳитда ўйин бўлиб ўтди. Кўплаб ёшларимизни синовдан ўтказдик, улар ёмон таассурот қолдиришмади. Бир қатор вазиятлардан фойдалана олмадик. Барибир, «Навбаҳор» маҳорат бобида устун эканлиги кўриниб турди. Таркибида Азиз Турғунбоев, Игорь Голбан каби футболчилари бор. Рақибни ғалаба билан табриклаймиз. Услубимиз ҳимоядан ҳужумга паслар билан чиқишга асосланади. Испаниялик мураббий келмасидан аввал ҳам шундай футбол ўйнаётгандик, у ҳам ҳиссасини қўшмоқда. Кейинги йил жамоани тўлиқ ёшартирамиз, айрим ўйинчиларни жалб қилдик. Аргентинадан футболчи таклиф қилганмиз. Унинг масаласи 60 фоиз ҳал бўлган.

Нўъмон Ҳасанов («Навбаҳор» бош мураббийи в.б.): - Узоқ масофа босиб келган мухлисларга раҳмат. Бугунги ғалаба уларники. «Оқ-тепа»нинг ўйини ёқди, қўрқмасдан бир-бирларига пас ошириб ўйнашди. Биз ҳам шундай тўп суришни яхши кўрамиз. Йигитларга раҳмат. Рақибдан устун келдик. Кўп вазиятлардан фойдалана олмадик. Шу бизнинг камчилигимиз бўлиб қолмоқда. «Оқ-тепа»га ҳам ташкилотчилик ва ажойиб майдон танлашгани учун миннатдорлик билдираман. Кейинги ишларига муваффақиятлар тилайман. Бугунги рақибимизнинг «Хоразм» ва «Турон» билан ўйинларини кўриб, ўрганиб чиққандик. Улар яхши ўйнашмоқда. Прессинг қўллаб, рақибга имконият бермадик.

ҚИЗИЛҚУМ - БУНЁДКОР - 3:1 (1:0)

7 декабрь. Навоий. «Ёшлар» спорт мажмуаси.

356 томошабин.

Ҳакамлар: Вадим Агишев, Фаррух Йўлдошев, Отабек Қосимов, Зокир Қодиров.

Голлар: Миржалол Қосимов (43), Жасур Азимов (52), Олег Толмасов (70) - Миржаҳон Мираҳмадов (77).

«Қизилқум»: Игнатий Нестеров, Миржалол Қосимов, Эркин Бойдуллаев, Ойбек Қиличев (Воҳид Шодиев, 71), Қадамбой Нурметов (Иброҳим Гбадамоси, 46), Файзулла Қамбаров, Салим Мустафоев, Жасур Азимов, Муҳсин Убайдуллаев (Суннатилла Абдуллажонов, 71), Шерали Жўраев, Олег Толмасов.

«Бунёдкор»: Абдумавлон Абдужалилов (Сарвар Каримов, 55), Ислом Қобилов, Иброҳимҳалил Йўлдошев, Хуршид Ғиёсов, Расул Йўлдошев (Муҳаммадодил Қаҳрамонов, 73), Лутфулло Тўраев, Санжар Қодирқулов, Улуғбек Абдуллаев, Абдулла Абдуллаев, Суҳроб Иззатов (Фаррух Икромов, 55), Шаҳбоз Эркинов (Миржаҳон Мираҳмадов, 55).

Огоҳлантиришлар: Эркин Бойдуллаев (90}3) - Суҳроб Иззатов (16), Лутфулла Тўраев (42), Миржаҳон Мираҳмадов (84).

Назоратчи: Андрей Тамбовцев.

Комиссар: Жаҳонгир Раҳматуллаев.

ЎЙИНДАН КЕЙИНГИ ФИКРЛАР:

Вадим Абрамов («Бунёдкор» бош мураббийи): - Ўйинимиз қандайдир тушунарсиз бўлди, ўхшамади. Рақиб учта зарба берди ва шунча гол урди. Тўғри ўйнамаганимиз ҳисобига мағлубиятга учрадик. Кубокни қайси босқичда тарк этиш аламли бўлса-бўлмаса, майдонга чиқиб, ўйнашимиз керак эди. Мавсум шуни тақозо этди. Хурсанд қиладиган томони, мавсумни ниҳоясига етказиб олдик. Клубда ярим йилдан бери бош директор йўқ. Унинг кимлигини билмаймиз, кўрмаганмиз. Шундай бўлсада, биз ўйнадик. Жамоада ким раҳбарлигини ҳам билмаймиз. Нималар бўлаётганини тушунмаяпман. Ҳеч ким йўқ, кўрмаяпмиз ҳам. У ким? Айтадиган бошқа гапим йўқ.

Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош мураббийи): - Аввало, мухлисларимизни ғалаба билан табриклайман. Керакли ва муҳим ғалабани қўлга киритдик. Бугун ҳақиқатан ҳам яхши ўйин кўрсатдик ва зарур натижага эришдик. Ҳамма яхши ўйнади. Алоҳида бирор футболчини кўрсатолмайман. Кейинги босқичда уйда ёки сафарда ўйнашимизнинг фарқи йўқ. Ўзбекистондан чиқиб кетмаймиз. Кубокда ҳам мақсадимиз бор. Суперлигани юқорироқда якунлашимиз мумкин эди. Иккинчи даврада жамоамизда ўзгаришлар бўлгани сабабли вақт етмай қолди. Очколар йўқотдик, пандемия ҳам таъсир қилди. Футболчилар ўйинларга тайёрлана олишмади. Эндиликда ҳаммаси яхши бўлади, деган умиддаман. Охиригача курашамиз. Ҳакамлар ҳам инсон, улар ҳам адашади. Мен баҳо беролмайман. Бир нечта ўйинларимиздан келиб чиққан ҳолда фикримни айтганман.

ҚЎҚОН-1912 - СУРХОН - 4:0 (0:0)

8 декабрь. Қўқон. «Марказий» стадиони.

579 томошабин.

Ҳакамлар: Ғайрат Жўраев, Руслан Серазитдинов, Ойбек Каллахўжаев, Достон Мирзараимов.

Голлар: Сардор Азимов (57), Шоҳназар Норбеков (63), Собит Синдаров (68), Бобур Акбаров (87).

«Қўқон-1912»: Ботирали Эргашев, Собит Синдаров, Жасур Ёқубов, Қувондиқ Рўзиев (Ойбек Рустамов, 46), Сардор Азимов, Аваз Маматхўжаев, Иқбол Маликжонов (Бобур Акбаров, 82), Муҳаммаданас Ҳасанов, Александр Мерзляков (Муҳсин Норматов, 71), Мурод Холмуҳаммедов (Сардор Етовқўзиев, 71), Бек Абдуллаев (Шоҳназар Норбеков, 46).

«Сурхон»: Даврон Мерганов, Раҳматулло Бердимуродов (Отабек Мустафоқулов, 73), Низом Норов, Дилшод Рашидов, Фарҳод Маматқулов, Беҳруз Қулматов (Санжар Аҳмедов, 46), Нурмуҳаммад Намозов, Ўрал Чориев, Иброҳим Йўлдошев, Шаҳзод Таиров, Асадбек Ҳамзаев.

Назоратчи: Темур Абдуллаев.

Комиссар: Зоҳид Акрамов.

ЎЙИНДАН КЕЙИНГИ ФИКРЛАР:

Владимир Андреев («Сурхон» бош мураббийи): - Бугун таркибимизда катта ўзгаришлар бўлди. Ёшларни синаб кўрдик. Улар учун ҳам бу катта мактаб бўлди. «Қўқон-1912»ни кейинги босқичга чиққани билан табриклайман. Бугун кучимиз етганча ўйнадик. Гол ўтказиб юборгунча ҳаммаси яхши бўлаётганди. Ёш футболчиларимизга тажриба етишмади. Айни дамда жамоамиз сафида майдонга тушганларнинг келажакда яхши ўйинчи бўлиб етишишига ишонаман. Сурхондарё ҳар доим иқтидорларни етиштириб берган. Қўқонга нима сабабдан асосий таркибимиз келмади? Айримлар кетиш учун чипта олиб қўйишганди, баъзи футболчиларда кичик жароҳат бор эди. Шунга ўхшаш муаммолар туғилди.

Бахтиёр Ашурматов («Қўқон-1912»): - «Сурхон» бугун иккинчи таркиб футболчилари билан майдонга тушди. Уларда иштиёқ кучли эди. Биринчи бўлим давомида бу нарса яққол кўринди, бизга етарлича қаршилик кўрсатишди, қарши ҳужумларда яхши ҳаракат қилишди. Танаффусда йигитларга тезроқ ҳаракат қилмасак, бундай ўйин билан гол уролмаслигимизни тушунтирдим. Улар кўрсатмаларимни иккинчи бўлимда тўлиқ бажаришди. Вазиятлар яратиш, иштиёқ борасида ҳаракатларимиз анча ўзгарди. Иккинчи бўлимда ўйинимиз кучайди ва керакли ғалабага эришдик. Мавсум охирига келиб ёшларни майдонга туширишга мажбур бўлдик. Айни дамда таркибимизда муаммолар бор. Кейинги босқичда қайси рақиб тушишининг фарқи йўқ. Сабаби, қуръа исталган рақибни бизга тўғрилаб қўйиши мумкин. Айни пайт «Пахтакор» ва «Насаф» барчадан ўйин бўйича кучли, деб ҳисоблайман. Лекин кубок баҳслари бир ўйиндан иборат эканлигини инобатга олсак, ҳар қандай рақиб билан бемалол ўйнаш мумкин.

ЛОКОМОТИВ - АГМК - 0:3 (0:1)

8 декабрь. Тошкент. «Локомотив» стадиони.

271 томошабин.

Ҳакамлар: Акобирхўжа Шукуруллаев, Сардор Нишонбоев, Аваз Абдуллаев, Аҳмаджон Эргашев.

Голлар: Мате Ватсадзе (22), Жалолиддин Жумабоев (59), Баҳром Абдураҳимов (64).

«Локомотив»: Жавоҳир Илёсов, Кахи Махарадзе, Вадим Афонин (Дилшод Комилов, 62), Марат Бикмаев (Кирилл Погребняк, 62), Азиз Омонов (Аваз Ўлмасалиев, 74), Ғуломҳайдар Ғуломов, Шуҳрат Муҳаммадиев, Шерзод Файзиев (Жаҳонгир Абдумўминов, 74), Жалолиддин Жумабоев, Диёр Туропов, Фаррух Иброҳимов.

АГМК: Валижон Раҳимов, Акмал Шораҳмедов, Сардор Раҳмонов, Элгужа Григалашвили, Мурод Тошматов, Санжар Турсунов (Миржамол Қосимов, 74), Баҳром Абдураҳимов (Дилшод Жўраев, 87), Мате Ватсадзе (Зафар Полвонов, 74), Йован Жокич, Бобур Йўлдошев (Жасур Умаров, 82), Ҳусниддин Ғофуров.

Огоҳлантиришлар: Жавоҳир Илёсов (30),

Ғуломҳайдар Ғуломов (72) - Бобур Йўлдошев (78).

Назоратчи: Олег Дачев.

Комиссар: Лазиз Қўчқоров.

ЎЙИНДАН КЕЙИНГИ ФИКРЛАР:

Миржалол Қосимов (АГМК бош мураббийи): - Кубок ўйини барибир чемпионат ўйинидан ажралиб туради, унда ютқазган мусобақани тарк этади. Рақиблар бир-бирига мос эди. Икки жамоа ҳам ғалаба учун очиқ футбол намойиш қилди. Ўйиннинг темпи ҳам, тезлиги ҳам юқори бўлди. Стадионга келган мухлислар вазиятлар кўплигидан совиб қолишмади, деб ўйлайман. Биз ўйинда ғалаба учун майдонга тушгандик. Ғалаба билан йигитларни табриклайман. Улар майдонда бор куч-маҳоратларини кўрсатишди. Муддатидан олдин бронза медалларга эга чиқдик. «Бухоро» билан ўйиндан олдин барчаси маълум бўлиб улгурганди. Шунга қарамай, жанговар тарзда курашиб, бўшашмасдан, чемпионатни муносиб тарзда якунладик. Ҳеч кимга эътироз йўқ. Бу ерда ҳам футболчилар аламини олиш учун ўйнамади. Бу ҳам янги чемпионат. Ундаги ҳар бир баҳсда ғалабага эришиш керак. Санжар Турсунов бироз оғриқ ҳис қилди. У ке-йинги учрашувга тайёр бўлса керак. Шундан ҳам маълумки, ўйин темпи юқори бўлган. Бобур Йўлдошев ҳам жароҳат олди. Бу - футбол, барчаси ёнма-ён юради.

Андрей Микляев («Локомотив» бош мураббийи): - Ўйинга яхши тайёргарлик кўргандик. Кубок баҳслари шундай: гол ўтказиб юборасан ва тикланиш қийин кечади. Голларни ўзимиз совға қилдик. Ҳақиқий кубок ўйини. Агар биринчи бўлиб тўп киритганимизда, барчаси бошқача бўлиши мумкин эди. АГМКни навбатдаги босқичга чиққани билан табриклайман. Бугун омадсиз кунимиз экан. Темур Кападзенинг қолиш-қолмаслиги ҳақидаги савол раҳбарларга берилиши керак. Келаси йил борасида ҳали гаплашмадик. Пандемия сабабли тақвим жуда оғирлашиб кетди. Янги мавсум қачон бошланишини кимдир айта оладими? Мен ҳам сизлар каби ҳеч нимани билмайман ва ҳеч нима деёлмайман.

МАШЪАЛ - ШЎРТАН - 3:1 (0:1, 1:1, 2:1)

8 декабрь. Муборак. «Баҳром Вафоев» номидаги стадион. 200 томошабин.

Ҳакамлар: Фирдавс Норсафаров, Маҳмуд Турдиев, Феруз Достонов, Найим Қосимов.

Голлар: Асадбек Жўрақулов (78), Шерзод

Темиров (103, 106) - Шокир Йўлдошев (42).

«Машъал»: Шоҳруҳ Эшбўтаев, Мўмин Мелиев (Аббос Шодмонов, 46), Муҳаммадали Алиқулов, Жамолиддин Убайдуллаев, Сардор Абдураимов, Сирожиддин Қўзиев, Самандар Шукуриллаев, Сардор Эминов, Ҳусниддин Маҳмудов (Асадбек Жўрақулов, 61; Зойир Турсунов, 90}4), Муҳриддин Расулов (Ҳумоюн Муртазоев, 46), Абдумалик Норқобилов (Шерзод Темиров, 42).

«Шўртан»: Акмал Раҳимов, Шокир Йўлдошев (Ислом Зоиров, 84), Элёр Омонжонов, Шербек Эшмуродов, Бекзод Сувонов (Жаҳонгир Қурбонбоев, 46), Ислом Шодмонов (Ислом Зоиров, 84), Санжар Тўрақулов, Шаҳбоз Жўраев, Шаҳобиддин Самадов (Ислом Бойсариев, 61), Салоҳиддин Санақулов (Элбек Отақулов, 61), Асадбек Самариддинов.

Огоҳлантиришлар: Аббос Шодмонов (51), Сирожиддин Қўзиев (63) - Ислом Зоиров (90}2).

Назоратчи: Александр Попов.

Комиссар: Жамшид Имамов.

ЎЙИНДАН КЕЙИНГИ ФИКРЛАР:

Асрор Алиқулов («Шўртан» бош мураббийи): - Бу ўйинга тайёргарлик кўриш жараёнида футболчиларга эркин ўйнашларини, босимсиз ҳаракат қилишларини, шу билан бирга, секин ўйнасак, бизга қийин бўлишини уқтиргандик. Савиядаги фарқ сезиларли даражада эди. Айрим футболчиларимиз бугун дебют қилишди. Умуман олганда, майдонга тушган ўйинчиларимизнинг ҳаракатидан қониқиш ҳосил қилдим. Хатолар бўлди, лекин курашувчанлик томондан жамоа ўзини яхши кўрсатди, деб ўйлайман. Шокир Йўлдошевда чарчоқ аломатлари сезилгани учун алмаштирдим, у ҳимояга ёрдамга қайтишда ҳам қийинчиликка учради ва бир нечта хатоларга йўл қўйди. Эндиликда жамоамиз таътилга йўл олади. Қачон йиғилишимиз, олдимизга қўйиладиган мақсад ҳали маълум эмас. Жамоада қоламанми? Шартномам йил сўнгигача мўлжалланган, таътилдан қайтганимиздан кейин уёғи ҳал бўлади. Менга Суперлига клубидан таклиф бор, қайси жамоа эканлигини ҳозирча айтолмайман.

Дилявер Ваниев («Машъал» бош мураббийи): - Кубок баҳси бунчалик қийин кечишини кутмагандим. Дербида 120 дақиқа ўйнадик ва кўп куч сарф­ладик. Бундан ташқари, ёшларни ҳам синовдан ўтказиб олдик. Кейинги босқичга йўл олдик. Кубок ўйинларига ҳам жиддий қараймиз. Қуръа - ўз номи билан қуръа ва унда ким рақиб бўлиши муҳим эмас.

ПАХТАКОР - СЎҒДИЁНА - 8:1 (4:0)

8 декабрь. Тошкент. «Пахтакор» стадиони.

271 томошабин.

Ҳакамлар: Шавкат Насибуллаев, Темур Галеев, Александр Сидоров, Фаррух Янсупов.

Голлар: Игорь Сергеев (2, 32), Aброр Исмоилов (19), Драган Черан (28), Достон Ҳамдамов (53), Эрен Дердийок (57, 66), Жавоҳир Сиддиқов (72-пен.) - Жамшид Болтабоев (63).

«Пахтакор»: Санжар Қувватов, Ҳожиакбар Алижонов, Жалолиддин Машарипов, Драган Черан, Игорь Сергеев (Эрен Дердийок, 46), Егор Кримец, Достон Ҳамдамов (Акрам Комилов, 59), Аброр Исмоилов (Одил Ҳамробеков, 46), Шерзод Аъзамов, Сардор Собирхўжаев (Ҳожимат Эркинов, 70), Фаррух Сайфиев (Жавоҳир Сиддиқов, 59).

«Сўғдиёна»: Ширинбой Абдуллаев, Сардор Қулматов, Искандар Шайқулов, Элёр Орифов, Аюбхон Нўъмонов, Санжар Рашидов (Жасур Ҳасанов, 46), Жамшид Болтабоев, Шоҳруз Норхонов, Санъат Шихов (Нодир Қўйбоқов, 57), Жавоҳир Қаҳрамонов, Шаҳбоз Жўрабеков.

Огоҳлантиришлар: Егор Кримец (17) - Сардор Қулматов (49).

Назоратчи: Маъмур Саидқосимов.

Комиссар: Александр Давиденко.

ЎЙИНДАН КЕЙИНГИ ФИКРЛАР:

Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи): - Кубок сюрпризларга бой мусобақа эканлигини ҳамма билади. Бир ўйинда кўп нарса содир бўлиши мумкин. Бу блиц-турнир бўлиб, финалгача 3 ўйин ва финал... Кеча ҳам кўрдикки, ҳеч ким билан ҳазиллашиш мумкин эмас. Кубок баҳсларида фаворит бўлмайди. Ўйлайманки, ҳам жисмонан, ҳам руҳан яхши тайёргарликка эга эдик. Кейинги ўйинларга ҳам яхши тайёрланамиз ва финалга қадар етиб борамиз, деган умиддаман. Янги турнир - янги эмоциялар. Кўп марта айтганимдек, қийин йилни ўтказдик ва кўп куч сарфладик. Эътиборни бир ерга жамлаш, руҳий ва жисмоний тайёргарлик устида тинмай ишлашда давом этишимиз зарур. Хато  қимматга тушади, охиригача курашиш лозим. Қуръада тушиши мумкин бўлган энг ноқулай рақиб? Қайси бири тушса ҳам, бизга ноқулай ва муносиб рақиб бўлади.

Чорак Финал

12 декабрь (шанба)

13:00    «Пахтакор» - «ҚизилҚум»

13:00    «Машъал» - «ҚўҚон-1912»

16:00    «Навбаҳор» - «Насаф»

16:00    АГМК - «Металлург»

ПФЛ ва клубларнинг расмий сайтларидаги маълумотлардан ҳам фойдаланилди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz