Қайднома

Қидирув

Шуъласи йўқ ёруғлик...

Шуъласи йўқ ёруғлик...

  12.12.2020 02:33
  0
  399
Шуъласи йўқ ёруғлик...

Шонли тарихга эга, юртимиз футболида алоҳида ўрин тутадиган «Навбаҳор»нинг жорий йил миллий чемпионатда қайд этган натижаси ҳеч кимни қаноатлантиргани йўқ. Наманганлик фидоий ва жонкуяр мухлисларни қўя турайлик, жамоага бефарқ кишилар ҳам «лочинлар»нинг ўйинларидан мутлақо қониқишмади. Ҳар ҳолда, бинойидек шароит ҳамда яхшигина таркибга эга клубнинг турнир жадвали ўрталаридан жой олгани кўпчиликни ҳайратга солгани тайин. Бинобарин, мавсум стартидан олдин «Навбаҳор»нинг чемпионлик учун курашиши, камида ОЧЛ йўлланмасига чанг солиши айтилганди. Амалда... Очиғи, ҳавас қилса арзийдиган клуб мақомида юриши мумкин бўлган «Навбаҳор»нинг бу қадар паст натижа қайд этгани кишини мулоҳаза юритишга ундайди, албатта...

Мустақиллик шарофати билан миллий чемпионатимизга асос солингач, «Навбаҳор» илк даврда етакчи клублардан бири сифатида гавдаланди, ҳамиша юқори ўринлар учун курашди. Наманганликлар ўша йиллари деярли ҳар мавсум камида битта совринни ўзлариники қилиб келишарди. Аммо етакчилар қаторида эътироф этиладиган жамоа вақт ўтгани сайин ўз мавқесини йўқота бошлади ва 2016 йилда иш ҳаттоки, элитада қолиш учун қуйи лига вакили билан «пулька» ўйинида беллашишгача келди. Шундан ке­йингина вазиятни тўғри баҳолаган вилоятнинг ўша вақтдаги ҳокими Хайрулла Ҳайитбоевич Бозоров клубга эътиборни кескин оширди ва бунинг самараси ўлароқ, 2017 йили Суперлигада аранг «жон» сақлаб қолган «Навбаҳор» кейинги мавсум якунида совринсизлик сериясига барҳам берди - бронза медали Наманганга йўл олди. Ушбу мувафаққият табиий равишда «Нав­баҳор»нинг кўп минг сонли мухлисларини беҳад қувонтирди ва уларда клубнинг ривожи, ёрқин келажагига ишончни мустаҳкамлади. Оддий айтганда, Наманган жамоа мухлислари шунинг таъсирида чемпионлик ҳақида ўйлай бошлашди. Албатта, бунга «лочинлар» раҳбариятида рўй берган ижобий ўзгаришлар, жамоада олиб борилаётган изчил ислоҳотлар асос эди. 2019 йилги мавсумда жамоанинг аввалги мевқесини тиклаш мақсадида амалга оширилган ишлар ҳам клубга бефарқ қарамайдиган ҳар бир инсоннни қувонтирмай қолмади. «Навбаҳор»нинг яна қаддини ростлаб, катта натижалар қайд этишини кўришни истаган вилоят ҳокимлиги ҳамда клуб раҳбарияти бош мураббийлик лавозимига вақтида «Манчестер Юнайтед»дек клуб шарафини муносиб ҳимоя қилган россиялик Андрей Канчельскисни таклиф қилди. Шунинг баробарида ушбу мутахассис талабидан келиб чиқиб, таркиб имкон қадар кучайтирилди, селекция ишларига катта эътибор қаратилди. Шу аснода «Нав­баҳор» сафига юртимизда кўзга кўринган бир қатор футболчилар қўшилишди.

Очиғи, нафақат наманганлик мухлисларнинг катта армияси, балки ўзбек футбол жамоатчилиги ҳам кенг миқёсдаги ўзгаришларга юз тутган «Навбаҳор»дан юқори натижалар кута бошлади. Ислоҳотларга яраша раҳбарият томонидан жамоа олдига аниқ вазифалар қўйилди, бироқ... Яқин ўтмишнинг ёрқин юлдузларидан бири сифатида ном қозонган Андрей Канчельскиснинг «Навбаҳор» ўйинига Англия футболи ҳавосини олиб кириши хусусидаги умидлар кўп ўтмай, чиппакка чиқди. Назаримизда, унинг мураббий сифатида тажрибаси камлиги панд берди. Ҳар ҳолда, Канчельскис Наманганга келишига қадар бирор-бир клуб билан қандайдир ютуқларга эришган эмасди. Демакки, унинг Наманганга катта мақсадлар билан олиб келингани - клуб мутасаддилари томонидан йўл қўйилган хатолик. Ҳарқалай, Канчелськис иш бошлаганидан сўнг «Ниҳоят, кўксимизга шамол тегадиган бўлди», дея бонг урган маҳаллий мухлислар «Нав­баҳор» ижросида тотал футбол кўришни ва клубнинг янги марралар сари олға қадам ташлашини кутишганди. Улар зулматдан чиқиб, ёруғлик томон юз бургандек бўлишди, гўё. Афсуски, россиялик юлдузнинг «шуъла»си амалда ўзининг бўй-бастинигина ёрита олди, холос. Унга ишониб «қоронғуликдан чиқиш йўлини ахтарганлар» эса аросатда қолишди. Зеро, мухлисларга собиқ юлдузнинг на «шуъла»си етди, на тафти. Тасаввур қилинг, қўлингизга қуввати узоқ масофани бемалол босиб ўтишга етадиган ёритгич тутқазишди. Ваъдаларга ишониб йўлга чиқдингиз, аммо манзилнинг ярмига ҳам етмай туриб, ёритгич нури сусая бошлади. Яна маълум муддат юрганингиздан кейин ёритгичдан таралаётган нур фақат ўз атрофини ёритадиган даражада хиралашди. Энди бу ёритгич билан йўлни ёритиш ва юришда давом этишнинг имкони йўқ. Манзил эса ҳали йироқ.  Шу дамда беихтиёр уни алқаб-алқаб қўлингизга тутқазган инсонлар ваъдаси ёдингизга тушади... Алам қилади, тўғрими? Энди савол: айтингчи, бу йўловчи қисмати 3 йилдан буён ҳар мавсум аввалида Суперлига клублари орасида энг катта шов-шув кўтараётган «Навбаҳор»га ишонаётган жонкуяр мухлислар ҳолатини эслатмайдими?

Эслатади-а? Демак, мавсум аввалида катта мақсадлар билан йўлга чиққан «Навбаҳор» «қўл»и­даги маёқ манзилга яқинлашган сайин хиралашиб қолаётган экан, нимадир қилиш керак. Ҳа, «Олдинда финал ўйини Наманганга берилган кубок турнири борку», демоқчимисиз? Балки бош мураббий вазифасини бажараётган Нўъмон Ҳасановга ишонаётгандирсиз? Аммо унутманг, гарчи «Навбаҳор» бу мураббий қўл остида ўзига кела бошлаган бўлсада, 23-24-турларда турнир аутсайдерларига қарши учрашувларда 1та гол урган ҳолда, 1тадан ғалаба ва мағлубият қайд этди. Кечирасизу, бундай натижани «Навбаҳор»нинг ҳозирги таркиби мураббийсиз ҳам уддалай олади. Бундан келиб чиқмоқдаки, агар клуб мутасаддилари олис ва шарафли манзилни Ҳасанов билан бирга босиб ўтишга аҳд қиладиган бўлишса, олдин унинг қандай имкониятга эгалигини яхшилаб ўйлаб кўришсин, барчасини чамалаб, кейин хулоса чиқаришсин. Акс ҳолда, ҳар галги ҳолат такрорланмаслигига кафолат йўқ... Тўғри, Нўъмон Ҳасановнинг мураббийлик салоҳиятига паст баҳо бермоқчи эмасмиз асло. Дейлик, унинг Қўқонда анча самарали ишлаганини ҳали унутмадик. Аммо ҳар нарсага тайёр туришга ўрганган «Навбаҳор» мухлисларининг қўлларидаги маёққа ортиқча ишониб, аро йўлда қолиб кетмасликлари кераклигини эслатиб қўймоқчимиз, холос. Умид қилайлик, «Навбаҳор»нинг босиб ўтажак ҳар қандай йўли нурли, фаровон ва албатта, омадли бўлсин!

Хуршид ЮСУПОВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz